Ўзбекистон янгиликлари

Хушхабар: “Масжид одоблари” китоби нашр этилди

Айни кунларда халқимиз эътиборига Аллоҳ таолонинг Ер юзидаги уйлари бўлган масжидларда мўмин-мусулмон киши ўзини қандай тутишига оид кўплаб фойдали маълумотларни ўз ичига олган “Масжид одоблари” номли китоб тақдим этилди.

Мазкур мўъжазгина китобда Ер юзидаги илк масжид, зиёрат учун бориладиган уч масжид, Масжидул Ҳаром ва Масжидун Набавий фазилатларига доир қизиқарли маълумотларнинг ҳам берилиши унинг ўқишлилигини янада оширади.

Шу билан бирга, унда масжидга оид бугунги кунда муҳим бўлган саволларга соҳа мутахассисларини мухтасар ва аниқ жавоблари билан ҳам танишишингиз мумкин.

Ушбу китобда мавзуга доирасидаги ҳикматлар ҳам берилган. Унда Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳудан келтирилган ҳикматда бундай дейилади: “Агарда менга масжид ва жаннат икковидан бирини танлаш ихтиёри берилса, масжидни танлаган бўлардим. Чунки масжид Аллоҳнинг ҳаққидир, жаннат эса нафснинг насибасидир”.

Музаффар домла Камолов қаламига мансуб рисолага Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари сўз боши ёзиб хайрли дуо берганлар.

Аллоҳ таоло ушбу китобни халқимизга муборак ва манфаатли қилсин, холис Ўзининг розилиги учун қилинган амаллар қаторида қабул этсин. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

758 марта ўқилди

Янгиликлар

Top