muslim.uz
Тақво ва раҳмат ойи яқин
«Эй имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз» (Бақара, 183).
* * *
“Ислом бу беш асосга: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлиги ва Муҳаммад унинг элчиси эканига иқрор бўлишга, намоз ўқишга, закот беришга, рамазон рўзасини тутишга, ҳаж қилишга қурилган” (Муттафақун алайҳ).
* * *
“Рамазондан бир ёки икки кун олдин рўза тутманглар. Бироқ (ҳар ойнинг маълум кунларида) рўза тут(иб юр)адиганлар бундан мустасно” (Имом Муслим ривояти).
* * *
«Бирортангиз рўзадор бўлса, ёмон сўзларни гапирмасин ва овозини баланд қилмасин. Кимдир у билан уришиб ёки сўкишиб қолса: “Мен рўзадорман, мен рўзадорман”, десин» (Муттафақун алайҳ).
* * *
“Ким рамазон рўзасини фарзлигига ишониб ва савоб умидида тутса, аввалги гуноҳлари кечирилади” (Имом Бухорий ривояти).
* * *
“Рамазон ойи киргач, жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади” (Муттафақун алайҳ).
* * *
“Қадр кечасини рамазон ойининг сўнгги ўн кунидан қидиринг” (Имом Муслим ривояти).
* * *
“Рўзадор учун икки қувонч бор: оғзини очган пайтдаги ва Рабби ҳузуридаги қувонч” (Имом Бухорий ривояти).
Покиза аёлга туҳмат қилиш – оғир гуноҳ
Гуноҳи кабиралар (улкан гуноҳлар) даражасига кўра бир неча хил бўлади:
- Эътиқодга тегишли улкан гуноҳлар.
- Нафс ва амалга оид улкан гуноҳлар.
- Мол-мулкка доир улкан гуноҳлар.
- Ибодат борасидаги улкан гуноҳлар.
- Оила ва насабга тааллуқли улкан гуноҳлар.
Оила ва насабга тааллуқли улкан гуноҳлардан бўлмиш покиза, мўмина аёлларга туҳмат қилиш ҳақида динимиз нима дейди?
Ҳозирги кунда одамлар орасида инсонларни ва мўмин-мусулмонларни бир-бирларига нисбатан гина-адоват ва нафрат пайдо бўлишига сабаб бўлаётган иллатлардан бири – покиза аёлларга туҳмат қилиш. Бунинг сабабидан оилаларни тинчлигига рахна солиб, ҳатто бузилиб кетишига сабаб бўлмоқда. Бундай номаъқул ишларни қилган, яьни ҳаромдан сақланган, покиза, ҳур аёлга кимда-ким «зинокор» ёки «фоҳиша» деб туҳмат қилса, унга дунёда хорлик ва охиратда улкан азоб бўлади.
Аллоҳ таоло айтади:
إِنَّ الَّذِينَ يَرْمُونَ الْمُحْصَنَاتِ الْغَافِلَاتِ الْمُؤْمِنَاتِ لُعِنُوا فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ وَلَهُمْ عَذَابٌ عَظِيمٌ
يَوْمَ تَشْهَدُ عَلَيْهِمْ أَلْسِنَتُهُمْ وَأَيْدِيهِمْ وَأَرْجُلُهُمْ بِمَا كَانُوا يَعْمَلُون
«Албатта, (бузуқ ниятлардан) бехабар, покиза, мўмина аёлларни бадном қиладиган кимсалар дунёда ҳам, охиратда ҳам лаънатга дучор бўладилар. Улар учун улуғ азоб бордир. У Кун (қиёмат)да қилиб ўтган (бўҳтонлари) сабабли уларнинг тиллари ҳам, қўлу оёқлари ҳам ўзларининг зиёнларига гувоҳлик берур» (Нур сураси, 23–24-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Еттита ҳалок қилувчи ишдан сақланинглар», деб улар орасида: «(Бузуқ ниятлардан) ғофил, покиза, мўмина аёлларга туҳмат қилиш»ни ҳам санаб ўтганлар (Муттафақун алайҳ).
Кўп инсонлар беҳаё сўзларни айтишга одатланиб қолишган. Ҳолбуки, улар мана шу сўзлари билан дунёда гуноҳкор, охиратда азобга гирифтор бўладилар.
Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Банда ўйламасдан бир сўзни айтади-да, у сабабли машриқ билан мағриб орасидаги масофадан узунроқ масофага дўзахга қулайди» (Муттафақун алайҳ).
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мўмин таъна қилувчи, лаънат айтувчи, ахлоқсиз ва беҳаё сўзловчи бўлмайди» (Термизий ривояти).
Бундай иллатлар, яьни бир покиза аёлни ёки эркакни ноҳақ зинода айблаш, жамиятимиз учун жуда катта зиён келтиради. Туҳмат қилинаётган эркакни ва аёлни орқасида турган қавм-қариндошларини шаъни ва орияти топталади. Оқибатда, мусулмонлар яшаётган жамиятда биринчи навбатда мусулмонларга ишончсизлик пайдо бўлади.
Бошқа бир ҳадиси шарифда: «Кимки Аллоҳ ва охират кунига ишонар экан, унда яхши гап гапирсин ёки сукут сақласин», дейилган (Муттафақун алайҳ).
Аллоҳ таоло лутф-марҳамати ила барчамизни тилларимиз ёмонлигидан сақласин. Албатта, у саховатли, марҳаматли зотдир.
Зайнилобиддинхон ҚУДРАТОВ
Пискент тумани бош имом-хатиби
Шукрона келтириш – чин мўминлик сифати
Бугун, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасурбек Акрамов бошчиликларида бир гуруҳ мутасаддилар жойлардаги аҳоли билан бирма-бир суҳбат қилиш, намозхонлар билан самимий мулоқот ўтказиш мақсадида Наманган вилоятига хизмат сафарларини бошлашди.
Учқўрғон туманидаги “Соҳил” номли мўъжаз кошонада уламолар, имом-хатиблар, маҳалла фаоллари, нуронийлар ҳамда аввал турли руйхатларда бўлган фуқаролар билан дилдан суҳбат ўтказилиб, қалбларидаги илиқ сўзларни айтиб, йиғилганларнинг кўнглини шод этишди. Мулоқотда бугунги кунда давлатимиз Раҳбари томонидан олиб борилаётган дин соҳасидаги улкан ўзгаришлар, Яратган Парвардигорнинг бундай берган неъматларига шукрона қилиш, тўғри йўлга қайтган кишиларнинг ҳаётини яхшилаш ва муаммоларини бартараф этиш ҳақида сўз борди.
Учрашувда Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасурбек Акрамов муҳтарам Президентимизнинг шу йил 2-3 май кунлари Наманган вилоятига ташрифи чоғида бир қатор муҳим масалалар билан бир қаторда диний-маърифий соҳада ҳам жуда катта ўзгаришлар белгилангани, айниқса, “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти фаолиятини кенгайтириш, ҳудуддаги мўмин-мусулмонларнинг диний-маърифий билимларини ошириш борасида долзарб вазифалар топширилганини алоҳида қайд этди. Қўмита раиси шу йил 16 апрель куни давлатимиз Раҳбарининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифалар, хусусан, “жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш” ғояси диний-маърифий соҳада олиб борилаётган барча ислоҳотларнинг бош ғоясига айлангани, ёшларнинг таълим-тарбиясини яхшилаш, уларни бузғунчи кучлар таъсирига тушиб қолишдан асрашда дастуриламал бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари мазкур мулоқотда муҳтарам Президентимиз томонларидан мўмин-мусулмонларнинг дарду ташвишларини енгиллатиш, диний-маърифий саводхонлигини ошириш, имон-эътиқодини мустаҳкамлаш, Ислом динининг эзгу таълимотларини кенг тарғиб этиш ва динимизни ҳимоя қилиш йўлидаги тарихий ишларни теран англаб, бунинг учун эртаю кеч, туну кун Ҳақ таолога шукрона келтириш ва бундай кунларнинг қадрига етиш зарурлигини жонли мисоллар билан изоҳлаб бердилар. Шунингдек, Қуръони карим, ҳадиси шариф ва улуғлар ҳикмати билан мазкур фикр-мулоҳазаларини қувватладилар.
Наманган вилояти бош имом-хатиби Абдулҳай Турсунов ҳамжиҳатликда ҳикмат кўп эканини билдириб, диёримиздаги барча мўмин-мусулмонлар бир мазҳабга эргашиб, жипс бўлиб яшашлари Яратган Парвардигор буйруқларига итоат ва мана шундай неъматларга муносиб шукроналик бўлишини эканини айтиб ўтди.
Ҳақиқатан ҳаётда бирон-бир муаммога дуч келган одам аввало дардини ким биландир бўлишгиси келади. Шундай лаҳзада уни кимдир диққат билан эшитса, бир оғиз ширин сўз билан таскин берса, тўғри йўлга бошласа, мушкули осонлашади. Одамга берилган йўл-йўриқ туфайли кишида ҳаётда ўз ўрнини топишда ишонч пайдо бўлади. Эшитиш ва таскин бериш билан чекланмай, амалий ёрдамга қўл чўзилганда эса одам ўзини чин маънода бахтли ҳисоблайди.
Давра суҳбатида ҳам турли рўйхатлардан чиқарилган кишиларнинг дил сўзида мана шундай фикрлар ўз исботини топди. Жумладан, Қўчқаров Раҳматилло, Турсунов Ҳабибулло, Ғозиев Баҳром, Мавлонов Нўъмон, Маликов Анвар, Солибаева Адиба кабилар сўз олиб, чин юракдан кўрсатилаётган эътибор учун миннатдорлик билдириб, муҳтарам Президентимизнинг юксак ташаббуслари натижасида мана шундай ёруғ, кенгчилик кунларда ҳаёт кечиришаётганини билдиришди. Айниқса, иш топиш, ўқишга кириш ва ўз тадбиркорлигини юритишдаги берилган имкониятлар уларни чексиз мамнун этганини изҳор қилишди.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Масжидда нафл намози
Cавол: Жума намозига келган одам таҳиятул масжид намозини қай маҳал ўқийди?
Жавоб: Бизнинг мазҳабимизда масжидга кирганида ўтирмасдан олдин икки ракат таҳиятул масжид намозини ўқиш нафл ибодатдир. Аммо масжидда фарз намозини ўқиган киши айни пайтда таҳиятул масжидни ҳам адо этган ҳисобланади. Жума куни масжидга келган одам таҳиятул масжидни ўқимоқчи бўлса, имом хутба ўқиш учун минбарга чиқишидан олдин ўқиб олиши керак. Хутба бошланганидан сўнг нафл намози ўқиш макруҳ (“Фатовойи Ҳиндия”).
“Ҳидоят” журналидан
Австриядаги ислом марказида Муҳаммад с.а.в.га бағишланган кўргазма
Австрия пойтахти Венада жойлашган Абу Ханифа номидаги Ислом маркази ташкил этган “Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида билмоқчимисиз?” рукни остидаги кўргазамани мамлакат аҳолиси катта қизиқиш билан қарши олди. Бу ҳақда “islamosfera.ru” нашри хабар берди.
Аввалроқ олти мамлакат, 23 шаҳарда бўлган мазкур кўргазамага 50 мингдан ортиқ одам ташриф буюрган. Ушбу кўргазмада ташриф буюрувчилар Набий алайҳиссаломга тегишли бўлган турли буюмлар, ўша даврга мансуб бўлган тангалар ва намойиш этилаётган бошқа қизиқарли экспонатлардан баҳраманд бўлишган.
Абу Ханифа Ислом маркази раҳбари Фуад Ферхатбегович айтишича, ушбу тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад европаликлар орасидаги Ислом борасидаги хурофотларга қарши курашишан иборатдир.
ЎМИ Матбуот хизмати