Ўзбекистон янгиликлари

Шукрона келтириш – чин мўминлик сифати

Бугун, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасурбек Акрамов бошчиликларида бир гуруҳ мутасаддилар жойлардаги аҳоли билан бирма-бир суҳбат қилиш, намозхонлар билан самимий мулоқот ўтказиш мақсадида Наманган вилоятига хизмат сафарларини бошлашди.
Учқўрғон туманидаги “Соҳил” номли мўъжаз кошонада уламолар, имом-хатиблар, маҳалла фаоллари, нуронийлар ҳамда аввал турли руйхатларда бўлган фуқаролар билан дилдан суҳбат ўтказилиб, қалбларидаги илиқ сўзларни айтиб, йиғилганларнинг кўнглини шод этишди. Мулоқотда бугунги кунда давлатимиз Раҳбари томонидан олиб борилаётган дин соҳасидаги улкан ўзгаришлар, Яратган Парвардигорнинг бундай берган неъматларига шукрона қилиш, тўғри йўлга қайтган кишиларнинг ҳаётини яхшилаш ва муаммоларини бартараф этиш ҳақида сўз борди.
Учрашувда Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасурбек Акрамов муҳтарам Президентимизнинг шу йил 2-3 май кунлари Наманган вилоятига ташрифи чоғида бир қатор муҳим масалалар билан бир қаторда диний-маърифий соҳада ҳам жуда катта ўзгаришлар белгилангани, айниқса, “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти фаолиятини кенгайтириш, ҳудуддаги мўмин-мусулмонларнинг диний-маърифий билимларини ошириш борасида долзарб вазифалар топширилганини алоҳида қайд этди. Қўмита раиси шу йил 16 апрель куни давлатимиз Раҳбарининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифалар, хусусан, “жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш” ғояси диний-маърифий соҳада олиб борилаётган барча ислоҳотларнинг бош ғоясига айлангани, ёшларнинг таълим-тарбиясини яхшилаш, уларни бузғунчи кучлар таъсирига тушиб қолишдан асрашда дастуриламал бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари мазкур мулоқотда муҳтарам Президентимиз томонларидан мўмин-мусулмонларнинг дарду ташвишларини енгиллатиш, диний-маърифий саводхонлигини ошириш, имон-эътиқодини мустаҳкамлаш, Ислом динининг эзгу таълимотларини кенг тарғиб этиш ва динимизни ҳимоя қилиш йўлидаги тарихий ишларни теран англаб, бунинг учун эртаю кеч, туну кун Ҳақ таолога шукрона келтириш ва бундай кунларнинг қадрига етиш зарурлигини жонли мисоллар билан изоҳлаб бердилар. Шунингдек, Қуръони карим, ҳадиси шариф ва улуғлар ҳикмати билан мазкур фикр-мулоҳазаларини қувватладилар.
Наманган вилояти бош имом-хатиби Абдулҳай Турсунов ҳамжиҳатликда ҳикмат кўп эканини билдириб, диёримиздаги барча мўмин-мусулмонлар бир мазҳабга эргашиб, жипс бўлиб яшашлари Яратган Парвардигор буйруқларига итоат ва мана шундай неъматларга муносиб шукроналик бўлишини эканини айтиб ўтди.
Ҳақиқатан ҳаётда бирон-бир муаммога дуч келган одам аввало дардини ким биландир бўлишгиси келади. Шундай лаҳзада уни кимдир диққат билан эшитса, бир оғиз ширин сўз билан таскин берса, тўғри йўлга бошласа, мушкули осонлашади. Одамга берилган йўл-йўриқ туфайли кишида ҳаётда ўз ўрнини топишда ишонч пайдо бўлади. Эшитиш ва таскин бериш билан чекланмай, амалий ёрдамга қўл чўзилганда эса одам ўзини чин маънода бахтли ҳисоблайди.
Давра суҳбатида ҳам турли рўйхатлардан чиқарилган кишиларнинг дил сўзида мана шундай фикрлар ўз исботини топди. Жумладан, Қўчқаров Раҳматилло, Турсунов Ҳабибулло, Ғозиев Баҳром, Мавлонов Нўъмон, Маликов Анвар, Солибаева Адиба кабилар сўз олиб, чин юракдан кўрсатилаётган эътибор учун миннатдорлик билдириб, муҳтарам Президентимизнинг юксак ташаббуслари натижасида мана шундай ёруғ, кенгчилик кунларда ҳаёт кечиришаётганини билдиришди. Айниқса, иш топиш, ўқишга кириш ва ўз тадбиркорлигини юритишдаги берилган имкониятлар уларни чексиз мамнун этганини изҳор қилишди.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 4120 times

Янгиликлар

Top