muslim.uz
Имом-домлалар иштирокида илк видео-анжуман
Аввал имом-домлалар учун видео-конференция шаклида семинар бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик. Тадбирда муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари сўзга чиқиб, муҳтарам Президентимизнинг бевосита ташаббуслари билан Ислом дини таълимотини кенг ёйишда улкан ишлар қилинаётгани, ўтган вақт давомида берилган қулай шарт-шароитлар ҳаммани беҳад қувонтирганини алоҳида таъкидладилар.
Давлатимиз Раҳбарининг шу йил 17-18 март кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи якунларида, Самарқанд вилояти имом-хатибларининг билим савиясини янада ошириш мақсадида, ўқув курслари ташкил этиш, Самарқанд вилоятидаги имом-хатиблар учун ўқув семинар ўтказиш вазифаси топширилгани, бугунги видео-анжуман ҳам мазкур ишларнинг узвий давоми эканини муфтий ҳазратлари баён қилдилар.
Бугун маънавий-маърифий тарғибот ишларининг таъсирчанлигини ошириш, ҳаётимизда содир бўлаётган дин соҳасидаги ислоҳотларни кенг жамоатчиликка етказиш, “жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш”да ҳар бир диний ходимга муносиб вазифаларни топширдилар.
Ислом академияси ректори Неъматулло Иброҳимов Юртбошимизнинг “Ўзбекистон Ислом академиясини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш бўйича амалий ишлар бажарилгани, Ислом академияси ҳузурида икки йиллик магистратура, уч йиллик таянч докторантура ва уч йиллик докторантура фаолияти ҳамда “Қуръоншунослик”, “Фиқҳ илми”, “Ҳадисшунослик” ва “Калом илми” мутахассисликлари бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, 85 та номзоддан 16 таси докторантурага қабул қилинганини билдирдилар.
Йиғилишда Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Минаваров нутқ қилиб, диний таълим соҳасини ривожлантириш, Ислом дини маърифатини ёйиш борасида жуда катта ишлар қилинаётгани, шунингдек, нодир асарлар ва тарихий қимматга эга бўлган меросни ўрганиш борасида Ўзбекистон ва Туркия мамлакатлари ўртасида ҳамкорлик алоқалари тараққий этаётганини таъкидлади.
Ислом академияси профессори Умарали Норматов ўзбек адабиётида, хусусан, “Ўтган кунлар”, “Меҳробдан чаён” ва “Обид кетмон” каби асарларда мусулмончилик ва диний қадриятлар қандай ифода этилганига урғу қаратди.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик Ислом маърифатини тарқатиш ва жаҳолатга қарши кураш борасида бадиий адабиёт, улуғлар ҳикмати, сўфийлар ўгитидан кенг фойдаланиш зарурлигини таъкидлади. Диний атама, тушунча ва ибораларни тўғри ва бир хил қўллаш борасида тизимли ишларни ташкил этиш таклифини билдирди.
Ислом академияси кафедраси мудири Хуршид Дўстмуҳаммад Диний идора тасарруфида нашр этилаётган нашрлар, хусусан, “Ислом нури” газетаси, “Ҳидоят” журналида диний-маърифий мавзуларни ёритишга жуда ҳам катта ҳисса қўшаётганини алоҳида қайд этди. Ислом академиясининг янги ташкил этилаётган “Ислом тафаккури” журнали ўзига хос йўналиш ҳосил қилишини билдирди.
Ҳудудлардаги студиялардан сўзга чиққан Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов диний идора тарихида илк маротаба ўтказилаётган видео-конференция жуда ҳам фойдали бўлгани, 3000 мингдан зиёд диний ходимлар битта мажлисда жам бўлиб, иштирок этаётганлари ажойиб муҳит ҳосил қилганини таъкидлади. Шунингдек, вилоятдаги имом-хатиблар ҳафта кунларини маълум бир вазифаларга ажратган ҳолда фаолият олиб бораётгани, Калом ва Ҳадис мактаблари фаолияти, тингловчилар “Фиқҳул Акбар” китоби матни ва шарҳини ўқиб тугатишганини айтди.
Аҳолининг эҳтиёжманд қатламига жорий йилда 30 миллион сўмга яқин моддий ёрдамлар кўрсатилгани, Нарпай тумани имом-хатиблари ташаббуси билан ногиронлиги бор бўлган фуқарога тақдим этилган намунавий уйнинг дастлабки тўловини тўлаб берилгани, Самарқанд тумани “Имоми Аъзам” жоме масжиди имом хатиби ташаббуси билан ҳомийларни жалб қилган ҳолда Самарқанд туманида яшовчи, уч нафар фарзанди билан бева қолган аёлга намунавий уй-жой олиб берилганини маълум қилди.
Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайрулло Турматов барча имом-хатиблар иштирокида ўтказилаётган мана шундай машварат ва унда кўрилаётган долзарб мавзуларни имом-домлалар диққат билан ўзларига қайд қилиб олаётганларини таъкидлади. Шунингдек, барча имом-хатибларни дин хизмати йўлида астойдил хизмат қилишга, бундай илоҳий вазифани сидқидилдан адо этишга даъват этди.
Андижон вилояти бош имом-хатиби Нуриддин Холиқназаров ушбу республика имом-хатибларининг видео-мулоқот шаклидаги илмий-ўқув семинари тарихий воқеа бўлганини таъкидлаб, 2017 йил 15 июнь куни муҳтарам Президентимиз уламолар ва имом-хатибларни пойтахтимизда жамул-жам қилиб, қалбларининг тўридаги самимий гапларини айтиб, дин пешволари олдида турган энг муҳим вазифаларни баён қилганларини айтиб, ўз навбатида уламолар ва имом-хатиблар давлатимиз Раҳбарига берган ваъдаларининг уддасидан чиқишга чақирди.
Йиғилиш якунида, берилган топшириқларни адо этишда имом-домлаларнинг иш тажрибаси, билими ва салоҳияти етишига ишонч билдирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Диний соҳа ходимлари учун илмий-ўқув семинар ўтказилди
Бугун, 5 апрель куни Республикада фаолият олиб бораётган диний соҳа ходимлари, имом-хатиблар ва диний таълим муассасалари ўқитувчилари учун “Ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш ва Ислом дини маърифатини тарқатишда диний соҳа ходимларининг ўрни” номли илмий-ўқув семинари илк маротаба видео-конференция кўринишида ўтказилди.
Тадбир Одилхон қори Исмоиловнинг Қуръони карим тиловати ҳамда Муфтий ҳазратларининг дуолари билан бошланди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, Ўзбекистон Ислом академияси ректори, академик Неъматулло Иброҳимов, Ўзбекистонда ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Минаваров, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Тоҳир Малик, Ўзбекистон Ислом академияси профессори Умарали Норматов, Ўзбекистон Ислом академияси кафедра мудири Хуршид Дўстмуҳаммадлар сўзга чиқдилар.
Тадбир ҳақида батафсил маълумотларни сайтимизда кузатиб боринг.
ЎМИ Матбуот хизмати
“Зиёрат” туризми доирасида лондонлик сайёҳлар Ўзбекистонга келишди
Кеча, 4 апрель куни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК зиёрат туризми доирасида HY202 рейси билан бир гуруҳ сайёҳларни Лондондан Тошкентга олиб келди. Бу ҳақда МАК матбуот хизмати хабар берди.
Келиб чиқиши бангладешлик бўлган сайёҳларни Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортида МАК вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари кутиб олишди.
Меҳмонлар қисқа экскурсия сафари давомида Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларининг тарихий диққатга молик жойларини, шунингдек, Ўзбекистондаги Ислом динининг муқаддас қадамжоларини зиёрат қилишди.
- Ажойиб мамлакатингизда ўзгача руҳ билан сақланиб келинаётган меъморий ёдгорликлар, қадимий анаъналар ва урф-одатларингиз ҳақда кўп эшитганмиз ва, айниқса, ўзбек халқининг меҳмондўстлиги ҳақда, - деди журналистлар билан суҳбатда саёҳат ташаббусчиси, гуруҳ етакчиси, Манчестер университети ўқитувчиси Маҳсуд Афзал. – Биз азалдан ўлкангизга келиш ва у билан танишишни истар эдик. Бугун ана шундай имконият туғилиб турганидан бағоят хурсандмиз.
ЎМИ Матбуот хизмати
Исломнинг инсоният учун фазли
Ўзининг ўзгармас қонуни бўлган қуръони каримда бандаларига ҳақиқий тарбия йўлини баён қилиб берган оламларнинг тарбиячиси Аллоҳ таолага чексиз ҳамду санолар бўлсин. Олий хулқлар билан хулқланган, мақталинган хулқларни батамом қилиш учун юборилинган Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга беадад дуруду саловатлар бўлсин. Аллоҳ уларни ўз пайғамбарига суҳбатдош қилиб, динини улар билан қоим қилишни ихтиёр қилган, Муҳаммадийя дорилфунунининг талабалари бўлган энг саодатли авлод бўлмиш саҳобалардан Аллоҳ рози бўлсин.
Ислом шариати инсониятнинг шахсини тарбиялаш, келажак авлодни етиштириш, салоҳиятли уммат барпо қилиш, дунёда ҳам, охиратда ҳам саодатманд бўлишни кафолатини берган ягона диндир. Бу шариат инсониятнинг барча мушкулларини, барча замонларда, барча маконларда уларнинг хилма хиллигига қарамай еча оладиган, муолажа қиладиган ягона диндир. Бу шариат ўзидан олдин келган бирон бир низом, бирон
бир тузум ёки қонун-қоидалар жамламаган хусусиятларга эгадир. Чунки бу дин, бу тузум, бу қонун раббонийдир, илоҳийдир!. Бу шариатнинг қонунлари, ҳукмлари, асослари қосирлик, ожизлик, маданият, ҳолат, замон ва макон, меҳр-шафқат, ҳавои-нафс, кайфият ва тараққиётга қараб таъсирланишга маҳкум бўлган инсон тарафидан эмас, балки барча коинотни барпо қилган, шу жумладан инсонни ҳам яратган, уларнинг Роббиси бўлган, уларга нима фойда-ю, нима уларнинг даражасини кўтаради, уларга нима рухсату, нима уларни ислоҳ қилади, уларга нима зарару, нима уларнинг даражасини туширишини ўта яхши билган Роббилари тарафидан асос солингандир. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай марҳамат қилиб айтади;
“Яратган зот ўзи билмайдими?, ваҳоланки у дақиқларгача билгувчи ва хабардор зотдир”.(мулк сураси 14-оят)
Оддий ожиз инсон бирон нарса ихтиро қилса, унинг қандай ишлаши, нимага аҳамият қилса соз туриши, нима сабабидан, қачон, қандай бузилишини билади-ю , бутун борлиқни йўқдан пайдо қилган Зот ўз бандаларининг ҳолини билмайдими?. Бу шариатнинг аввалги ва асосий мақсади инсонларни Роббиси билан боғлашдир. Токи инсонлар ўз Роббисини ҳақиқий таниш билан танисин, Унга ҳақиқий тақво қилиш билан тақво қилсин, ҳақиқий ибодат қилиш билан ибодат қилсинлар. Чунки улар шунинг учун яралгандирлар. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай дейилган:
“Жин ва инсонни фақат менга ибодат қилишлари учунгина яратдим” Зориёт-56 оят.
Бу ибодат фақат якка шахсларгагина хос бўлиб қолмасдан, балки шариатнинг бошқа ҳукмларини ҳам ўз ичига олади. У ҳукмлар хоҳ оилавий бўлсин, хоҳ маданий, хоҳ жиноий, хоҳ халқаро бўлсин. Бу шариатдан мақсад, инсонлар роҳат-фароғатда яшашлари, ўзаро бўган келишмовчиликларда, хусуматда, ҳатто энг оз бўлган манфаъатли нарсаларда ҳам ҳур ва тенглиги кафолатланади. Кучли билан кучсизга бир хил муомала қилинади. Бу шариат раббоний бўлганлиги учун бунинг ҳукмларини қабул қилишликда мусулмонман деган киши учун ихтиёр бўлмайди. Чунки бу -иймон тақозосидир. Чунки бу -ислом шартномасидир. Бу борада Қуръони каримда шундай дейилган:
“Ёки китобнинг баъзисига иймон келтириб баъзисига куфр келтирасизларми?! Сизлардан ана шундай қилганларнинг жазоси бу дунёда фақат хор бўлишларидир, охиратда эса, шиддатли азобга қайтарилурлар”. Бақара-85
Ушбу оят гарчи яҳудийлар ҳақида нозил бўлган бўлса ҳам, биз мусулмонлар учун ибратдир. Бундай қабиҳ сифатлар ҳозирги кунда мусулмонликни даъво қилгувчилар орасида тарқалмоқда. Ислом бир-бирини тўлдирувчи турли амаллардан иборатдир. Намоз ўқиб закот бермаса, эътиқод исломий бўлса-ю, яшаш христианча бўлса, бўлмайди. Тўлиқлигича исломий бўлиши керак. Ислом шариати Раббоний бўлганлиги учун мусулмонлар қалбида унга нисбатан ҳурмат, эгилиш, итоатни топамиз. Инсонлар тарафидан ўрнатилган қоидаларда эса, бу қадар ҳурмат топилмайди.
“Ишончи комил қавмлар учун Аллоҳдан ҳукми яхшироқ ким бор?” (Моида-50).
Аллоҳнинг ҳукми билан банданинг ҳукми орасида Аллоҳ билан бандачалик фарқ бор. Шуунинг учун шариатни фақатгина диний ишларда эмас , балки дунёвий ишларга ҳам татбиқ қилмоқ лозим. Агар фақат диний ишларгагина татбиқ қилиб, дунёвий ишлардан ажратилса буддиц ёки насронийлардан фарқ қолмайди. Ислом ундай эмас. У ҳаёт учун мукаммал дастур. Унда ақида ҳам, ибодат ҳам, муомалат ҳам мавжуд. У инсоннинг ҳаётида ва жамиатида интизомни ўргатадиган кўрсатмадир. Ақида ва фиқҳ китоблари сўзимизнинг далилидир. Буни маҳкам тутган кишигина саодатли ҳаёт кечиради. Қуръони каримда шундай дейилган:
Яъни, “Батаҳқиқ, сизларга Аллоҳдан нур ва ойдин китоб келди. У билан Аллоҳ ўз розилигини истаганларни салом йўлларига бошлар ва уларни Ўз изни ила зулматлардан нурга чиқарар. Ҳамда сироти мустақимга ҳидоят қилар”. Моида 15-16.
Усбу оятдаги “нур”дан мурод Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Ислом динидир. “Китоб”дан мурод эса, Қуръони каримдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: Яъни, “сизларга икки ишни қолдирдим, маҳкам тутсангиз ҳеч адашмайсиз. Аллоҳни нг китоби ва расулининг суннатидир”. Дарҳақиқат бу икки нарса инсониятни зулматлардан нурга олиб чиқадиган, унга икки дунё саодати кафолатини берадиган ягона кўрсатмадир. Бунинг учинчиси йўқ. Қолган қонун-қоидалар ҳам мазкур икки нарса асосида ва шу икки нарсанинг мақсадини кўзлаган ҳолда тузилсагина инсониятнинг манфаъатига хизмат қилади. Шариатнинг хилофида ҳаёт кечириб фожиали офатларга учраган, ҳаром-ҳаришни билмай турли дардлар орттирган, кучли кучсизга зулм қилган, оилалар бузилиб фарзандлар етим қолган, одоб-ахлоқ нималигини билмай тарбия топиб отасига қўл кўтарган, етти ухлаб тушга кирмайдиган жиноятлар содир бўлганини кўрганда Исломнинг нақадар катта неъмат эканлиги билинади. Шунинг учун бошқа ишларимиз қатори фарзанд тарбиясида ҳам шариати Исломияни асосий дастур қилиб олсак кутилган натижага аниқ, тез ва осон эришамиз. Чунки бу услуб тажрибадан кўп ўтган самарали услубдир. Ушбу услуб билан Расулуллоҳ энг пешво уммат саҳобалар авлодини тарбияладилар. Расулуллоҳ саҳобаларга иймон, ислом ва амални тенг олиб боришни ўргатдилар. У зот ўнлаб, юзлаб, минглаб Қуръонлар чоп қилдилар. Уларни саҳифаларга сиёҳ билан чоп қилмади, балки саҳобаларнинг қалбларига нур билан битиб қўйдилар. Саҳобалар ерда юрадиган, таом ейдиган тирик Қуръонлар бўлиб етишдилар. Инсонлар уларни кўрганларида Исломни кўргандек бўлар эдилар. Тарихга мурожаъат қилинса тасдиғи топилади. Буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд саҳобаларнинг фазли ҳақида шундай деганлар:
“Ким иқтидо қилмоқчи бўлса Расулуллоҳнинг саҳобаларини танласин, чунки улар бу умматнинг энг қалблари пок, илмлари чуқур, такаллуфлари оз, ҳидоятлари тўғри ва ҳолатлари гўзал кишиларидир. Аллоҳ уларни Расулига суҳбатдош қилди, улар билан динини қоим қилди. Уларнинг фазлини билингиз, изларидан эргашингиз, чунки улар тўғри йўлда бўлганлар”.
Пошшахон ЭШОНХОН ҚИЗИ
«Хадичаи Кубро» аёл-қизлар
билим юрти мударрисаси
ЎМИ Матбуот хизмати
Телефонда сўзлашиш одобига риоя қилайлик
Янги аср бўсағасида илмий-техника тараққиёти оқибатида ҳаётимизда мисли кўрилмаган қулайликлар юзага келмоқда. Шунингдек, янги ижтимоий муаммолар пайдо бўлиб, одамлар ўртасидаги муносабатлар шакл- шамойили ўзгариб бораётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Хусусан, бунда алоқа воситаларидан бири телефоннинг ҳозирги такомил даражаси ва ундан келиб чиққан муаммоларга бир назар ташлайлик. Ҳозирги тезкор замонимизда телефоннинг янгидан-янги турли русумлари пайдо бўлиб, улардан яхшилик ва ёмонлик йўлида фойдаланиш мумкин. Шу маънода телефоннинг ўзига яраша одоблари ва уни ишлатишда амал қилиш керак бўлган тавсияларни ҳукмингизга ҳавола қиламиз:
- Сўзлашувда иқтисод. Сабабсиз кўп гаплашмаслик ва бунга одатланмаслик керак. Айримлар уйқудан турганда ҳам гўдак она кўкрагини излагандек телефонини қидириб қолади. Бу ҳозирги кунда кенг тарқаган касаллик бўлиб, соғликка зарари билан бирга исроф ҳамдир. Ҳаммага маълумки шариатимиз исрофнинг барча кўринишларидан қайтаради.
- Суҳбатдошни қийнамаслик. Масалан, телефон қилиб: “Мани танидингизми?”, демаслик, танимаса маломат қилмаслик лозим. Бундай қилиш ислом ахлоқига зиддир. “Саҳиҳайн”да Жобир ибн Абдуллоҳ (р.а.)дан ривоят қилинади: “Пайғамбар (с.а.в.)нинг ҳузурларига бориб чақирдим. “Ким у?”, дедилар. “Мен” – жавоб қилдим. Ул зот (с.а.в.) гўё норози бўлгандек: “Мен, мен!”, деб чиқиб келдилар”.
- Суҳбатдош ҳолатини риоя этиш, унинг узрини тўғри қабул қилиш.Чунки у касал ёки бемалол сўзлашиш имкони йўқ масжид, қабристонда каби ёхуд суҳбатни бузиш ноқулай жойларда бўлиши мумкин.
- Масжидга кирганда телефонни ёки овозини ўчириш. Бу намоздаги хушуъ ва намозхонларнинг ҳаёлини ўғирламаслик учун керакдир. Аммо ўчирилмаган телефон эгасини ҳам айби учун ноқулай аҳволга солмаслик лозим. Имом Бухорий Абу Ҳурайра (р.а.)дан қилган ривоятларида шундай дейилади: “Бир аъробий туриб масжидга бавл қилди. Одамлар уни уришиб беришди. Шунда Пайғамбар (с.а.в.) уларга: “Уни қўйинглар, бавлига бир челак сув қуйворинглар. Сизлар эса осон қилишга юборилгансиз, қийин қилишга юборилмагансиз”, дедилар”.
- Телефонга турли мусиқий оҳангларни ўрнатмаслик. Бу хусусан масжид ва мажлисларда фойдадан кўра одамларга кўпроқ ташвиш ва озор келтиради.
- Илм мажлислари ва мўътабар инсонлар ҳузурида телефонни умуман ишлатмаслик. Шундай қилиш мажлис ҳайбатини сақлашга, таълим фойдаси мукаммал бўлишига ва обрўли инсонлар ҳурматини жойига қўйишга хизмат этади. Агар сўзлашувга қаттиқ зарурат бўлса, узр сўраб мажлисдан чиқиб, сўзлашиш керак.
- Сўзлашувни суҳбатдошга билдирмай ёзмаслик ёки бошқалар олдида телефоннинг овоз кучайтиргичини ёқиб қўймаслик. Бундай қилиш оқил кишига хос иш эмас, хусусан суҳбат хос ва махфий бўлса. Чунки бу ҳам омонатга хиёнат ёки чақимчиликдан бир навдир.
- Телефонни умумий жойларга ташлаб қўймаслик. Акси бўлса телефонида ўзи хоҳламаган сўзлашувлар амалга оширилишига ёки биров кўриши мумкин бўлмаган мактубларнинг ўқилишига, айниқса суратлар тарқаб кетишига сабаб бўлади. Бунинг орқасидан эса бугунги кунимизда ўткир муаммо бўлиб турган ноҳуш ҳолатлар юзага келади.
- Телефонда тасвирга олишда эҳтиёт бўлиш. Оммавий муносабатларда, тўй-зиёфатларда ўзига аҳамиятсиз сурат ва видеоларни тасвирга тушириш обрў тўкилиши, оилалар бузилиши ва бошқа кўпгина ҳунук ҳолатлар ва фитналарга боис бўлади.
- Бошқаларнинг телефонини текширмаслик, мактубларини ўқимаслик, суратларига назар солмаслик. Бундай қилиш бировнинг айбини очиш, хиёнат ва ёмон гумон каби оғир гуноҳларга сабаб бўлади. Шу сабаб телефон соҳиби ҳам ўзини ноқулай аҳволга соладиган маълумот, мактуб ва суратларни телефонидан ўчириб ташлаши лозим. Чунки телефони йўқолиб қолса, унутса ёки бировнинг қўлига тушиб қолса қийин вазиятга тушиб қолади.
- Одамлар орасида телефонининг мусиқа ва қўнғироқларни ёқиб ўйнайвермаслик. Хусусан, аҳли илм ва фазл олдида бу одобдан эмас.
- Ўзини кўз-кўз қилмаслик. Масалан телефонда сўзлашаётганда атрофдагиларга ўзини ақлли ёки ўта муҳим инсон қилиб кўрсатмаслик керак. Пайғамбар (с.а.в.) айтадилар: “Унга берилмаган нарса билан ўзини тўйган қилиб кўрсатган киши, ёлғон икки кийимни кийиб олгандекдир”. Яъни ўзи улардан бўлмасада зуҳд аҳли, олим ёки бойникидек кийимлар кийиб олган кишидекдир. Имом Бухорий ривоятлари.
- Телефондан турли фитна ва шантажлар учун фойдаланмаслик. Чунки телефон инсонга кўп қулайликлар келтириш билан бирга ёмон ниятли кишиларга бировларни лақиллатиш, обрўсини тўкиш ва қабиҳ ниятларини амалга ошириш йўлларини осонлаштириб қўйди. Киши доим мард бўлиши керак, ҳақиқий саодат бундай фитналар орқали эмас, балки ростлик ва очиқ муносабатлар билан қўлга киритилишини англаши керак.
- Рақамни аниқ терганига ишонч ҳосил қилиш. Бундай қилинмаса ҳохланмаган кишига мактуб жўнатиб, ноқулай аҳволга тушиб қолиниши, танимаган одамга кутмаган мавзусида гапириб, тушунмовчилик юзага келиши, оқибатда бир бирига озор бериб қўйилиши мумкин. Бировга озор бериш эса динимизда доим қораланган.
- Сўзлашув ва ёзишувлар ўзига маҳрам кишилар билан бўлиши ва номаҳрамлар билан эса фақат зарурат юзасидангина мулоқот қилиниши керак. Бунга амал қилмаслик ёмон гумонларга, ноҳуш ҳолатларга, ҳатто фожеаларга ва Аллоҳ ҳузурида эса гуноҳкорликка сабаб бўлишини унутмаслик керак.
“Гўзал хулқларни мукаммал қилишга юборилдим”, дейдилар севимли пайғамбаримиз. Ул зотга муносиб уммат бўлиш истагидаги ҳар биримизга бундай одобларга амал қилиш, ҳар бир ҳаракату сукунатимизда ислом таълимотларига мувофиқ яшаш лозим. Зеро Пайғамбар (с.а.в.): “Мўминларнинг иймони комиллари хулқи чиройли бўлганларидир”, деганлар.
ЎМИ Матбуот хизмати