muslim.uz
Наврўз байрамида Имом Бухорий мажмуасига 24 минг нафар сайёҳ ташриф буюрди
Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармасидан олинган маълумотга кўра:
Самарқанд шаҳрига Наврўз байрами арафасида кўп сайёҳ ташриф буюриши инобатга олиниб, 87 та меҳмонхонада 3200 та жой банд қилинди, сайёҳлар учун 40 дан ортиқ ошхона, ресторан ва кафелар шай ҳолатга келтирилди.
Самарқанд шаҳридаги 79 та меҳмонхонага 2 минг 93 нафар хорижий, 5 минг 211 нафар маҳаллий меҳмонлар жойлаштирилди. 174 нафар Қозоғистон, 1 минг 832 нафар Тожикистон фуқаролари ўз қариндош-уруғлари хонадонида меҳмон бўлишди.
Регистон майдонида 5 кунда сайёҳлар сони 36 минг нафарни (2 минг нафари хорижий), Имом Бухорий мажмуасида 24 минг нафарни ташкил этди.
“Зарафшон” нашри билдиришича, экскурсиялар билан боғлиқ ташкилий тадбирларда туристик фирмалар томонидан йўл, транспорт, овқатланиш ва гид-таржимонларни бириктиришда имтиёз ва чегирмалар асосида хизматлар кўрсатилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Буюк таълим
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан фарз намозлардан кейин доим айтиб юришлари учун бирор дуо ўргатишларини сўраганларида, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам "Аллоҳумма инний золамту нафсий зулман касийрон ва лаа яғфируз зунууба илла анта. Фағфирлий мағфиротан мин индика варҳамний. Иннака антал Ғофурур Роҳийм" деган дуони ўргатган эканлар.
Дуонинг маъноси: "Эй Аллоҳ! Албатта, мен ўз нафсимга кўп зулм қилдим. Гуноҳларни фақатгина Сен мағфират қиласан. Бас, ҳузурингдан бўлган мағфират ила мени мағфират этгин ва менга раҳм қилгин! Албатта, Сен Ғофур, Роҳийм Зотсан".
Пайғамбарлар алайҳимус саломдан кейин инсонларнинг афзали, сиддиқлардан бўлган, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғордаги соҳиблари, Мадинага кўчишдаги ҳамроҳлари, ўзи ҳам, отаси ҳам, ўғли ҳам, набираси ҳам саҳоба бўлиш бахтига эришган, моли билан Ислом динига кўп хизмат қилган, жуда кўп инсонларнинг қулликдан озод бўлишларига катта ҳисса қўшган, бир қанча кишиларнинг ислом динига киришларига сабабчи бўлган, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ўз қизларини бериб, у зот алайҳиссаломнинг қайноталари бўлиш шарафига эришган, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудек зот яхшилик қилишда етолмай, ҳавас қилган Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудек инсонга ушбу дуо ўргатилган экан, демак, бизлар ҳушёрроқ бўлишимиз, кўзимизни каттароқ очишимиз, тилимиздан ҳам, дилимиздан ҳам истиғфорни қўймаслигимиз, гуноҳлардан узоқ юришимиз керак бўлади.
Аллоҳ таоло бизни ихлос билан кўп истиғфор айтиб, Ўзининг мағфиратига эришадиган бандаларидан қилсин, омин!
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
ЎМИ матбуот хизмати
Сақланиш лозим бўлган “ҳазл”лар
Уламолар ҳазил-мутойиба қилишнинг иккита шартини баён қилганлар:
- Рост гап билан бўлиши;
- Меъёрдан ошмаслиги.
Ҳазиллашиш аслида рост нарсалар билан бўлгандагина ҳақиқий кўнгил ёзилишига, ундан кўзланган мақсадлар ҳосил бўлишига сабаб бўлади.
Аммо шариатда ҳаром қилинган нарсаларни ҳазилга восита қилиш мумкин эмас. Одатда, кўп тарқалган қуйидаги “ҳазил”лар мусулмон киши сақланиши лозим бўлган ножойиз ишлар ҳисобланади:
- Ҳазиллашиб қўрқитиш. Ҳазиллашиб қўрқитишнинг оммалашган бир қанча кўринишлари бор:
– юзига турли ниқоблар тақиб бировни қўрқитиб “ҳазиллашиш”;
– яшириниб туриб, бирдан бақириб чўчитиб “ҳазиллашиш”;
– бирор нарсасини яшириб қўйиб “ҳазиллашиш”.
Бундай “ҳазил”ларнинг ҳалол эмаслигига уламолар қуйидаги ҳадисни далил қилиб келтирганлар:
عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ أَبِى لَيْلَى قَالَ: حَدَّثَنَا أَصْحَابُ مُحَمَّدٍ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، أَنَّهُمْ كَانُوا يَسِيرُونَ مَعَ النَّبِىِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَنَامَ رَجُلٌ مِنْهُمْ فَانْطَلَقَ بَعْضُهُمْ إِلَى حَبْلٍ مَعَهُ فَأَخَذَهُ فَفَزِعَ فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: لَا يَحِلُّ لِمُسْلِمٍ أَنْ يُرَوِّعَ مُسْلِمًا
رَوَاهُ اَبُو دَاوُدَ
Абдурраҳмон ибн Абу Лайлодан ривоят қилинади: “Бизга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари гапириб бердилар. Улар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга йўлга чиққанларида улардан бир киши ухлаб қолди. Шу пайт улардан бири бориб ундаги арқонни олиб қўйганди. У (уйғонгач,) қўрқиб кетди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон киши учун бирор мусулмонни қўрқитиш ҳалол бўлмайди”, дедилар”. Абу Довуд ривоят қилган.
- Ҳазиллашиб ёлғон гапириш. Ҳазиллашиш, аслида, рост нарсалар билан бўлгандагина ҳақиқий кўнгил ёзилишига сабаб бўлади. Ҳазиллашиш даъвоси билан ёлғон гапириш бирор ҳолатда ҳам мумкин эмас. Бу ҳақда ҳадиси шарифда бундай дейилган:
عَنْ أَبِي أُمَامَةَ الْبَاهِلِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أنَا زَعِيْمٌ بِبَيْتٍ فِي رَبَضِ الْجَنَّةِ لِمَنْ تَرَكَ الْمِرَاءَ وَإنْ كَانَ مُحِقّاً وَبِبَيْتٍ فِي وَسَطِ الْجَنَّةِ لِمَنْ تَرَكَ الْكَذِبَ وَإنْ كَانَ مَازِحاً وَبِبَيْتٍ فِي أَعْلَى الْجَنَّةِ لِمَنْ حَسُنَ خُلُقُهُ
رَوَاهُ أَبُو داوُدَ
Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен ҳақ бўлса ҳам, тортишувни тарк қилган кишига жаннат атрофида бир уй бўлишига кафолат бераман. Ҳазиллашувчи бўлса ҳам, ёлғонни тарк қилган кишига жаннатнинг ўртасида бир уй бўлишига кафолат бераман. Хулқи чиройли бўлган кишига жаннатнинг энг олий жойида бир уй бўлишига кафолат бераман”, дедилар. Абу Довуд ривоят қилган.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
» إِنِّى لَأَمْزَحُ وَلَا أَقُولُ إِلَّا حَقًّا«. رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ فِي الْكَبِيرِ.
“Албатта, мен ҳам ҳазиллашман, аммо фақат ҳақни гапираман”. Табароний “Кабир”да ривоят қилган.
Ёлғон ҳазиллар, одатда, кўпроқ одамларни кулдириш учун ишлатилади. Ким одамларни кулдириш учун ёлғон гапирар экан, бу иши билан ўзига ҳадисда хабар берилган “вайл”ни сотиб олаётган бўлади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда бундай дейилган:
عَنْ بَهْزِ بْنِ حَكِيمٍ، قَالَ: حَدَّثَنِى أَبِى، عَنْ أَبِيهِ، قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: وَيْلٌ لِلَّذِى يُحَدِّثُ فَيَكْذِبُ لِيُضْحِكَ بِهِ الْقَوْمَ وَيْلٌ لَهُ وَيْلٌ لَهُ
رَوَاهُ اَبُو دَاوُدَ
Баҳз ибн Ҳакимдан ривоят қилинади: “Менга отам ўз отасидан ҳадис айтди: “Мен: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Одамларни кулдириш учун ёлғон гапирадиган кимсага вайл бўлсин, унга вайл бўлсин, унга вайл бўлсин”, деяётганларини эшитдим”. Абу Довуд ривоят қилган.
Ҳадиси шарифда келган “Вайл бўлсин” сўзи “ҳолига вой бўлсин” ёки “вайл дўзахи бўлсин” маъносида бўлиб, бу сўз Қуръони каримда одамларни алдаб савдо қиладиганларга ҳамда ғийбатчи ва одамларни масхара қиладиганларга нисбатан қўлланган. Одамларни кулдириш учун ёлғон гапирадиган кимсанинг ҳам ҳолига вой бўлиши ёки вайл дўзахига кириши ушбу ҳадисда баён қилинган.
- Ҳазиллашиб бировларни таҳқирлаш. Ҳазиллашиш даъвоси билан инсонларни таҳқирлаш мумкин эмас. Масалан, қишлоқликларни ё шаҳарликларни, ёки муаян касб эгаларини таҳқирлаб, “ҳазиллашиш” мумкин эмас. Чунки Қуръонда бундай “ҳазил” қилишдан қайтарилган:
“Эй мўминлар! (Сизлардан) бирор қавм (бошқа) бир қавмни масхара қилмасин! Эҳтимолки, (масхара қилинган қавм) улардан яхшироқ бўлса. Яна (сизлардан) аёллар ҳам бошқа аёлларни (масхара қилмасин)! Эҳтимолки, (масхара қилинган аёллар) улардан яхшироқ бўлса. Ўзларингизни (бир-бирларингизни) мазах қилмангиз ва бир-бирларингизни лақаблар билан атамангиз” (Ҳужурот сураси, 11-оят).
Ушбу ояти каримада динимизнинг гўзал ахлоқлари баён қилинган:
- Инсонларни масхара қилиш мумкин эмас;
- сўз билан ҳам, бирор имо-ишора билан ҳам бировнинг устидан кулиш мумкин эмас;
- бировларга ёмон лақаб қўйиш мумкин эмас.
- Ҳазиллашиб бировларни ҳақорат қилиш ва туҳмат гапларни айтиш. Баъзи кимсалар ўртоқларини сўкиб, ҳақорат қилиб ёки унга нисбатан бўҳтон гапларни айтиб гўёки “ҳазил” қилишади. Аслида бундай гаплар ҳазил эмас, балки мусулмон киши учун мутлақо ножойиз бўлган одобсизликдир.
Шунингдек мусулмон киши иймон-эътиқодга тааллуқли сўзларни ҳазил қилиб гапиришдан сақланиш лозим. Чунки битта сўзни ишонч билан талаффуз қилиш кишининг мўмин бўлишига сабаб бўлганидек, иймондан чиқиб қолишига ҳам сабаб бўлиши мумкин.
Абдулқодир Абдур Раҳим
ЎМИ Матбуот хизмати
Янги масжиддан янгича яхшилик
Яқинда Сирдарё вилоятида «Аҳмад ибн Малик» номли янги масжид очилганлиги ҳақида хабар қилинган эди. Мазкур масжид ходимлари саховатпеша инсонлар билан ҳамкорликда10 нафар ногиронлиги бор кишиларга ногиронлар аравачасини манзилли равишда тарқатишди. Бу хайрли ишдан Сирдарё тумани «Интилиш», «Оқ йўл», «Наврўз», ва «Илғор» маҳалласида истиқомат қилувчи ногиронлиги бор кишиларнинг қалблари қувончга тўлди, оғирлари енгил бўлди.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: “Ким мусулмон биродарининг ҳожатини раво қилса, умрини Аллоҳ ибодатига бағишлаганлардек савоб олади”. Алишер Навоий айтганларидек, «Бир кўнгил иморати — Минг Макка зиёрати».
Атрофимизда шундай инсонларнинг бўлишида Аллоҳнинг ҳикмати бор. Улар биз учун ҳам ибрат ҳам синовдир.
Ибрат эканлиги шундаки, уларни кўриб фикр юритиш Яратганга шукр қилиш кераклигини ва соғ-саломат ҳар бир тана аъзоларимизнинг ҳақини адо қилишимиз зарурлигини эслатади. Айниқса, кўзи ожиз қориларнинг махсус Қуръон китобларини ўқиб, Аллоҳнинг каломини ёдлаётганликлари ҳамда оёқ-қўли йўқ, бир жойга михланиб қолганларнинг намоз ўқиб, рўза тутиб ихлос билан ибодат қилишлари биз соғлом инсонларнинг ибрат кўзларимиз очилишига туртки бўлади.
Синов эканлиги эса, улар бизнинг ёрдамимизга, айниқса меҳримизга муҳтож. Уларни зиёрат қилиб, қўлдан келган ёрдам ва меҳримизни бериб турсак инсонийлик бурчимизни адо қилган ва улкан ажру-савобларга эга бўламиз, иншаоллоҳ!
Пайғамбаримиз Мухаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи вассаллам айтадилар: «Аллоҳ таоло Қиёмат кунида бандасини ҳисоб китоб қилар экан айтади: Эй одам боласи, оч қолган эдим, Менга таом бермадинг. Банда сўрайди: Сенга қандай таом бераман, ахир Сен бутун оламларнинг Парвардигори бўлсанг? Оллоҳ айтади: Эсингдан чиқдими, фалон бандам оч-наҳор қолган эди, агар уни таомлантирганингда, бунинг савобини бугун Менинг ҳузуримда олар эдинг. Эй одам боласи, чанқаган эдим, сув бермадинг. Банда айтади: Бундай қила олмас эдим, ахир Сен бутун оламлар Парвардигори бўлсанг. Аллоҳ таоло айтади: Ёдингдан чиқдими, фалон бандам чанқаган эди, агар унга сув берганингда, бунинг савобини бугун Менинг ҳузуримда олар эдинг. Эй одам боласи, касал эдим, йўқламадинг. Банда айтади: Қандай йўқлайин, ваҳоланки Сен бутун оламларнинг Парвардигори бўлсанг. Эсингдами, фалон бандам бетоб эди, ундан ҳол-аҳвол сўраб бормадинг, агар шундай қилганингда Мени унинг ҳузурида топар эдинг».
Аллоҳ таоло барчамизни шундай эзгу-савобли ишларда бардавом бўлишимизни насиб айласин.
Қобилов Улуғбек
Сирдарё тумани «Ахмад ибн Малик»
жоме масжиди имом хатиби
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг она соғинчлари
Ҳар бир пайғамбар ўз онасидан ҳам устун бўлади. Шунга қарамай пайғамбарлар ҳам оналарига ҳурмат кўрсатиб, хизматларини қилганлар.
Одоб китобларимизда кофир бўлган ота-онага хизмат қилиш, нафақаларини бериш, зиёрат этиш керак. Куфрга сабаб бўладиган нарсаларни қилдиришидан қўрқса, зиёрат қилишга борилмайди, дейилган. (Баззозия)
Ривоятларда келишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам оналарини эсга олганларида кўзларига ёш тўларди. Бир куни ёнларидаги асҳобларига онадек азиз ва мўътабар зотнинг қадр-қимматини тушунтириб: “Қани энди менинг ҳам онам ёки отам ҳаёт бўлиб, намоз ўқиб турган вақтимда менга “Муҳаммад ўғлим!” деб овоз берсалар-у, мен эса “Лаббай онажон!”, “Лаббай отажон!” деб жавоб берсам” деган эканлар.
Ислом олими Ибн Саъднинг “Табақот-ул Кубро” китобида ёзилишича, ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир сафар Ҳудайбия Умрасини амалга ошириш учун Маккага кетишларида оналарининг қабрини зиёрат қилган эканлар. Зиёрат чоғида қабрни қўллари билан силаб, тозалаб, кўзларига ёш оладилар. Бунинг сабабини сўраганларида: “Онамнинг менга бўлган шафқат ва марҳаматларини эсладим” деган эканлар.
Сут оналари Сувайба
Ислом тарихнависи Ибну Асирнинг “Ал-Комил фит-Тарих” китобида ёзилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни Ҳалима хотунга бериб юборилишларидан олдин, оналари Оминадан кейин биринчи бўлиб, маълум вақт эмизган аёл Сувайба хотин бўлади. Сувайба Абу Лаҳабнинг жорияси бўлган. У шунингдек, ўғли Масруҳ билан бирга ҳазрати Ҳамза ва Абу Салама розияллоҳу анҳумоларни ҳам эмизгани китобларда баён қилинган. Шунинг учун ҳам булар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сут биродар ҳисобланадилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларидан кейин бироз ўтиб Абу Лаҳаб Сувайбани озод қилади.
Адабиётларда ёзилишча, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умрлари давомида Сувайба хотинни ҳеч қачон унутмаганлар. Маккада бўлган вақтларида унга доимо ҳадиялар, нарсалар бериб турганлар. Мадинага ҳижрат қилганларида ҳам ҳар доим ҳолларидан хабар олиб турганлар, танҳо қолдирмаган эканлар. Ҳайбар урушидан қайтишда Сувайбанинг ва унинг ўғли Масруҳнинг вафот этганини эшитиб, кўзлари ёшланади. “Яқинларидан ким қолган?” деб сўраганларида, “Ҳеч ким қолмаган”, деб айтадилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни бор йўғи бир неча кун эмизган бир аёлга умрлари бўйи вафо кўрсатишлари... Йиллар давомида хизматини қилган ўз онасига, ҳатто, бир марталик меҳрли табассумини ҳадия қилмаганлар ҳақида нима ҳам дейиш мумкин?
Сут оналари Ҳалимаи Саъдия (р.а.)
Ҳалима бинти Абу Зуайб (р.а) Саъд қабиласига мансуб бўлган. Ҳалима хотун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ўғли Абдуллоҳ билан бирга эмизган ва тўрт ёшларигача унинг ёнида қолганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларида қайд этилган ҳайратомуз воқеалар, жумладан, чораваларда сутларининг кўпайиши, ҳар турлик бараканинг ёғилиши, самодаги соябон булут, “қалбни ёриш” ҳодисалари ҳам айнан мана шу муборак хотин оиласида яшаганларида рўй берган.
Ибни Саъднинг “Табақот”ида ёзилишича, бир куни Ҳалима хотун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадича онамизга уйланиб Маккада яшаб турганларида ёнларига келиб: “Қаҳатчилик туфайли ҳаёт кечириш жуда ҳам қийинлашиб кетди, қурғоқчиликдан ҳайвонлар қирилиб кетмоқда”, деб айтадилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадича онамиз билан маслаҳатлашиб қирқта қўй, миниб юкларини ташиб кетиш учун битта туя берадилар.
Ҳатто бир куни Ҳалима она ёнларига келганида ўринларидан туриб: “Онажон!, онажон!” деб ҳурмат ва муҳаббат кўрсатганлари, ридоларини ерга солиб унга ўтказганлари ҳам нақл қилинган. Ҳалима хотун (р.а) Мадинадаги Бақия қабристонига дафн қилинган.
Энагалари Умму Айман (р.а.)
Баракот номини олган бу муборак аёл ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга оналик қилганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оналари ҳазрати Омина онамиз Мадинадан қайтишда йўлда вафот этадилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни соғ-саломат боболари Абдулмутталибга олиб келиб топширган ҳам айнан мана шу аёл бўлади. Шунда Пағамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олти ёшларида бўлганлар.
Асл исми Баракот бўлган, бироқ Айман исмли фарзанди туғилганидан сўнг “Айманнинг онаси” лақаби билан аталган, шу билан асл номи унутилиб, ушбу тахаллуси билан машҳур бўлиб кетган. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилаларида оталаридан мерос сифатида қолган эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алаҳи васаллам бу зот ҳақида: “Сиз, онамдан кейин онамсиз!” деб марҳамат қилганлар. Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадича онамиз (р.а) билан турмуш қурганларидан сўнг, уни озод қилганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам энагалари Умму Айманни оналаридек севганлар, оналаридек ўзларига яқин олганлар. Бу ҳолат ўша давр учун жуда ҳам муҳим ҳодиса бўлган. Зеро Умму Айманнинг бутун умр жория мақомида бўлгани ҳолда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг унга “Онам” деб мурожаат қилишлари масаланинг нақадар муҳимлигига ойдинлик киритади. Чунки жоҳилия даврида арабларда жориялар ҳамма инсоний ҳақ ва ҳуқуқлардан маҳрум қилинган эдилар. Ана шундай сиёсий-ижтимоий тузум ҳукмрон бўлган даврда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жория бўлган Умму Айман (р.а)га она сифатида ҳурмат ва эҳтиром кўрсатишлари унинг мақомини юксалтирган эди.
Фотима хотун (р.а.)
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ёш бўлганларида улар учун жуда ҳам катта хизмати синган яна бир аёл бу Абу Толибнинг турмуш ўртоғи Фотима хотун ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатилган юксак ҳурмат ва марҳамати туфайли ҳам тез-тез ҳол-аҳволини сўраб турганлар. Саккиз ёшларидан эътиборан шу аёлнинг қарамоғида, унинг болалари билан бир қаторда ётиб-туриб, бирга ҳаёт кечирдилар. Ҳатто Фотима хотун вафот этганларида: “Онам вафот этдилар!” деган иборани ишлатганлар ва кўйлакларини кафанликка бериб, қабрга ҳам ўзлари қўйганлар.
Аҳмад бин Яқуб бин Жаъфарнинг “Тарихи Яқубий” китобида шундай ифода этилади: Фотима хотуннинг вафоти билан боғлиқ ҳодисаларни кўрганлар бунинг сабабини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраганларида:
“Абу Толибдан кейин менга бу хотинчалик яхшилик қилган одам бўлмади. Охиратда жаннат кийимларини кийишлиги учун кўйлагимни бердим. Қабрга кўникиши, ўрнашиб олиши учун у ерга бирга кирдим”, деб айтганлар. Ушбу сўзлари эса янада таъсирлидир:
“У менинг онамдир. Ўзининг болалари оч туриб, юзлари буришиб турсалар-да, олдин менинг қорнимни тўйдирарди, сочларимни тараб қўярди, у менинг онамдир!”
Ушбу тарихий ҳақиқатлар назардан ўтказилар экан, бутун оламларга раҳмат қилиб юборилган ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламда оналарга бўлган муҳаббатнинг жуда ҳам кучли бўлганини кўриш мумкин бўлади.
Оналари Оминанинг қабрларини зиёрат қилиб, таъсирланиб йиғлашлари; бир неча вақт бўлса-да сут берган Сувайба хотунга катта илтифотларда бўлганликлари; сут оналари Ҳалима хотунга “Онажоним!, Онажоним!” деб ҳурмат кўрсатиб, ҳар турлик ёрдамларини аямаганликлари; оналари йўқлигини ҳис эттирмасдан қўлидан келган хизматини қилган Умму Айманга “Сиз менинг иккинчи онамсиз!” деб раҳмат билдиришлари; шунингдек, узоқ вақт болалари билан бирга битта дастурхон атрофида ўтирган Фотима хотунни “У менинг онам эди!” деб ҳурмат билан ёд этишлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламда оналарга бўлган ҳурматнинг нақадар юксак эканлигининг жонли далиллари ҳисобланади.
Улуғбек Султоновнинг
"Ота-онага хизмат қилиш
одоблари" китобидан олинди
ЎМИ Матбуот хизмати