muslim.uz

muslim.uz

الأحد, 14 كانون2/يناير 2018 00:00

Ватан тақдирига дахлдормиз

Бугунги кунда ер юзида умумий сони бир неча юзтадан иборат бўлган миллатлардан тортиб умумий миқдори бир неча юз миллионни ташкил этадиган 1600 дан ортиқ этник гуруҳлар яшайди.

«Дунёнинг ҳақиқий бойлиги, – деб таъкидлаган эди Ислом Каримов, қадриятларни ўзаро айирбошлаш, бир-бирини бойитиш имконияти ана шу хилма-хилликдадир. Аммо ҳозирги замоннинг ҳал қилиш мушкул бўлган муаммоларидан бири айнан шу масалага бориб тақалади. Жаҳонда яшаётган этносларнинг кўпчилиги ўз миллий давлатчилигига эга эмас. Дунё сиёсий харитасида атиги икки юзга яқин давлат борлиги ҳам бунинг далилидир".

Этник гуруҳларнинг давлат тузилмалари сонидан кўплиги аксарият мамлакатларга кўп миллатлилик хослигини кўрсатади Бу миллатлараро муносабатлар масалаларига алоҳида эътибор беришни талаб қилмоқда. Зеро, этник мансублик инсон ҳаётининг доимий йўлдоши, унинг ўзлигини англашга хизмат қилувчи ва кучли таъсир қувватига эга омиллардан бири ҳисобланади

Кўп миллатли Республикамиз учун бу ниҳоятда муҳим. Чунки, тенглик ва ўзаро ҳамкорлик ҳаётий-амалий сифат касб этган тақдирдагина фуқароларда, миллий мансублигидан катъи назар, Ватан тақдирига дахлдорлик, унинг бугуни ва эртаси порлоқ бўлиши йўлида ҳамжиҳат ҳаракат қилиш туйғуси камол топади. Бугун мамлакатимизда ана шундай сифатий ҳолат юзага келган экан, бу энг аввало, кишиларимиз онгу шуурида миллатлараро тотувлик ғояси устувор ва мустаҳкам мавқега эгалигининг натижасидир.

Миллатлараро тотувлик ғояси "Бир жамиятда яшаб, ягона мақсад йўлида меҳнат килаётган турли миллат ва элатларга мансуб кишилар ўртасидаги ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг маънавий асосидир.Бу ғоя - ҳар бир миллат вакилининг истеъдоди ва салоҳиятини тўла рўёбга чиқариш учун шароит яратади ва уни Ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги каби эзгу мақсадлар сари сафарбар этади".

Шу нуқтаи назардан қараганда, миллатлараро тотувлик масаласи бир ижтимоий-иқтисодий муносабатлар тизимидан иккинчисига ўтиш жараёнида айниқса муҳим аҳамият касб этади. Зеро, бундай пайтда сиёсатда тенглик ва адолат ғоясининг устуворлиги ҳамда амалда ўз ифодасини топиши, кўзланган мақсадларга эришишга замин яратади, белгиланган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-маърифий мўлжаллар барча учун қадриятга айланади. Буни бозор муносабатларига асосланган, шахс салоҳияти, фуқаро ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш учун барча имкониятларни яратадиган фуқаролик жамияти қураётган Ўзбекистонда миллатлараро муносабатларга ана шундай ёндашилгани мисолида яққол кўриш мумкин. Натижада мустақиллик арафасида атайлаб юзага келтирилган этник кескинликлар бартараф қилиниб, ижтимоий ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликка мустаҳкам асос яратилди

Миллатлараро ҳамкорлик қарор топгани учун ҳам республикамиз жамият ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олган кенг қамровли ислоҳотлар ўтказиш йўлидан дадил одимлаб бормоқда.

Республикамизда турли динларга мансуб қадриятларни асраб-авайлашга, барча фуқароларга ўз эътиқодини амалга ошириш учун зарур шароитларни яратиб беришга, динлар ва миллатлараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга, улар ўртасида қадимий муштарак анъаналарни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, Юрт тинчлиги ва тараққиётига, умуминсоний маданият ва маънавият ривожига хизмат қилади.  Республикамизда ислом билан бир қаторда 16 диний конфессия эмин-эркин фаолият кўрсатмоқда.

Қуръони каримдаги Мумтаҳана сурасининг 8-оятида Аллоҳ таоло шундай дейди:“Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар”.

Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: “Имоннинг афзали сабр ва бағрикенгликдир”. Чиндан ҳам, динимиз таълимотига кўра, бағрикенг бўлиш имон белгисидир.

Абдулла Авлоний бағрикенглик бўлмаса, қандай оқибатлар келиб чиқиши ҳақида гапирар экан, жумладан шундай дейди: “Қайси бир миллатнинг орасида бирлик кўтарилуб, нифоқ ва адоват ҳукм сурган бўлса ул қавмнинг инқироз дунёсига юзланганлиги тарих саҳифаларидан маълумдир”.

Демак, юқоридагилардан маълум бўладики, жамиятнинг ривожланиши, тинч ва осойишта бўлиши, тотувлик ва ҳамжиҳатлик қарор топиши учун инсонлар ўзаро меҳр-оқибатли бўлиши, катталарни ҳурмат, кичикларни иззат қилиш, қариндошчилик ва қўшничилик ҳақларига риоя этиш, ўзга дин вакилларига бағрикенг бўлиш каби инсоний фазилатларда намоён бўлади.

Зеро, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик фуқаролик жамияти ривожланишининг асосий мезонларидан бири бўлиб, ушбу тамойиллар юртимиз тараққиёти ва тинчлигининг гаровидир.

 

Шерзод ЖУМАНАЗАРОВ

Имом Фахриддин ар-Розий мадрасаси талабаси

ЎМИ Матбуот хизмати

الأحد, 14 كانون2/يناير 2018 00:00

Ватанпарварлик – улуғ фазилат

Табиийки, киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳамма нарсадан ҳам қимматли даргоҳдир. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб кетаётганларида туғилиб ўсган ватани Маккаи мукаррамага юзланиб туриб: “Агар қавмим мени чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳеч ҳам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлур эдим”, деганлари сийрати набавия китобларида баён этилган. 

Демак, Ватанни севиш, ватанпарвар бўлиш, ундаги бор нарсаларни ардоқлаб, соғиниб яшаш инсоният табиатида мавжуд бўлган нозик ҳис-туйғудир.

Буюк аллома Алишер Навоий ҳазратларининг қуйидаги сўзида она-Ватанини севувчи садоқатли ҳар бир кишининг қалбида ғайрат ва шижоат уйғотади:

Ватан таркини бир нафас айлама,

Ани ранжи – ғурбат, ҳавас айлама.

Донолар айтадилар: “Кишининг вафодорлиги ва садоқати унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, дўстларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ачиниб, ўкиниб яшашидан билинади”. Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидоийлиги она Ватанни ҳимоя қилиши, тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имкон даражада ҳисса қўшиши билан ўлчанади.

Ватан ҳимояси барчамизнинг муқаддас бурчимиз! Диний-маънавий қадриятларимиз қайтадан халқимизга қайтарилди. Имон-эътиқодимиз ва эртанги кунга бўлган ишончимиз мустаҳкамланди. Шаҳару қишлоқларимиз кўркам ва обод бўлди. Ҳаётимизга беқиёс маъно ва мазмун олиб кирган бу бебаҳо илоҳий неъматларнинг қадрига етиш, уларга шукр қилиш, уни асраб-авайлаш барчамизнинг бурч ва вазифамиздир.

1992 йил 14 январь куни мустақил давлатимиз тарихида муҳим воқеа юз берди. Республикамиз Қуролли Кучлари ташкил топди. 1993 йилдан эътиборан 14 январь юртимизда “Ватан ҳимоячилари куни,  деб эълон қилинди.

Ана ушбу шонли сананинг 26 йиллигини нишонлаш арафасида турибмиз.

Ушбу қутлуғ сана билан юрагида Ватан ва халқ севгиси маҳкам жой олган шижоатли ўғлонлар, юрт сарҳадларини сергаклик билан қўриқлаётган ака-укаламиз қатори, юрт тинчлиги ва осойишталиги йўлида турли соҳаларда хизмат қилаётган барча ватандошларимизни муборакбод этамиз.    

Абдуғулом МЕЛИБОЕВ,

 “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти мудирининг маънавият-марифат ишлари бўйича ўринбосари

ЎМИ Матбуот хизмати

Юртимизда Ватан ҳимоячилари байрами 10 январь куни, давлатимиз раҳбари  Чирчиқ шаҳрига ташриф буюрган куниёқ бошланиб кетган эди. Ўша кундан бошлаб юртимизнинг ҳар гўшасида байрамона руҳ ҳукмрон бўлди. Жойларда, ҳарбий қисмларда байрам тадбирлари кўтаринки руҳда ўтказилмоқда. Айниқса, президентимизнинг муносиб хизмат қилган ҳарбийларни уй-жой, автомашина билан таъминлаш бўйича топшириқ бергани ҳарбий хизматчиларнинг руҳини янада кўтариб юборди.

Ана шундай шодиёналарнинг давоми ўлароқ кеча Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги пойтахтнинг “Наврўз” истироҳат боғида “Армия ва ёшлар” деб номланган ҳарбий-ватанпарварлик фестивали ўтказди.

Фестивалда ҳарбий техника ва қурол-аслаҳа намойиши, ҳарбий хизматчилар ва жанговар техникаларнинг тантанали марш билан ўтиши, ҳарбий оркестрлар ва Қуролли Кучлар Марказий ҳамда Ички ишлар ва МХХ Чегара қўшинлари ашула ҳамда рақс ансамбллари хонандаларининг концерт дастури, ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишлари, дала ошхонаси фаолияти ўрин олди.

Шу билан бирга, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида узоқ масофага югуриш акцияси бўлиб ўтди.

Тадбирда 80 дан зиёд техника қатнашди. Ҳарбий-техника кўргазмасида эса 50 дан ортиқ техника, 200 дан кўпроқ қурол-аслаҳа намуналари намойиш этилди, 600дан ортиқ ҳарбий хизматчилар ҳамда Қуролли Кучлар фахрийлари иштирок этди.

Шунингдек, Тошкент шаҳри узра 6 та ҳарбий вертолёт учиб ўтди. Шаҳар аҳолисининг таклифига биноан мазкур фестиваль бугун, 13 январь куни ўша жойда такроран бўлиб ўтди.

Ватан ҳимоячиларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг табрик йўллагани уларнинг кўнглини тоғдек кўтарди.

Қадрли дўстлар!

Амалга ошираётган саъй-ҳаракатларимиз, армия ва халқнинг фаол ҳамкорлиги натижасида Қуролли Кучларимиз том маънода жамиятнинг ажралмас қисмига, мамлакатимиз барқарорлиги ва тараққиётининг ишончли кафолатига, ёшлар ва ҳарбий хизматчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг муҳим институтига айланиб бормоқда”, дейилади президент табригида.

Дарҳақиқат, армия ва халқ ўртасида ўрнатилган фаол ҳамкорлик мамлакатимиз хавфсизлигини таъминлашда устувор аҳамиятга эгадир. Чунки қалқиб турган бугунги замонда ташқи душманлар ўзини ошкор қилмайди, қайсидир давлат қўшини сифатида ҳам намоён бўлмайди. Аксинча, халқаро терроризм ва экстремизм, рангли инқилоблар инқилобчилари қиёфасида пайдо бўлади. Ҳозир бутун дунё ана шундан азият чекмоқда. Ғаразли мақсадларга хизмат қилувчи бундай стратегиялар зумда  қуролли тўқнашувларга айланиб кетади ва узоқ вақт давом этиб халқларни ҳолдан тойдиради, гуллаб-яшнаётган мамлакатларни вайронага айлантиради.  Аёнки, ана шундай манфур кучлар Ўзбекистоннинг барқарор ривожланишига ҳам таҳдид солмасдан қолмайди, Шонли армиямиз уларга муносиб зарба беришга доимо тайёр бўлгани боис тунлари мириқиб ҳордиқ чиқаряпмиз, оиламиз бағрида шодуман ҳаёт кечиряпмиз, боғларимиз болажонларнинг шодон кулгусидан жаранглайди, ишларимиз унумли.

Ана шундай фараҳли кунларимизни эъзозлаб, тинчлик неъматини асраб-авайлаш учун “Қуролли Кучларни янада ривожлантириш, унинг жанговар тайёргарлиги ва қобилиятини ошириш доимо эътиборимиз марказида бўлади ва давлатнинг энг муҳим вазифаларидан бири бўлиб қолади”, деди давлатимиз раҳбари ўз табригида.

“Байрам халқнинг руҳида акс этиши керак”, деган эди атоқли олим Нажмиддин Комилов домла. Ўзбекистон Қуролли Кучлари ўтган 26 йил ичида юртимизга гард қўндирмасдан ҳимоя қилди. Шу туфайли  ўтган йиллар ичида Қуролли Кучларимизнинг обрўйи ва нуфузи ошди. Бундан севинчга тўлиб, ушбу санани ҳақли равишда тантана қилаётган юртдошларимизга, Қуролли Кучларимиз раҳбарлари ва ҳарбий хизматчиларимизга байрам муборак бўлсин. Ватан ҳимоясидек шарафли бурчини бажариш йўлида омад ёр бўлсин. Зотан, уларнинг омади, Ўзбекистон халқининг бахти, муваффақиятидир

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Жорий йилнинг 13 январь куни диний идорада “Ўзбекистон қуръон мусобақаси-2018” ташкилий ишлари борасида мажлис бўлиб ўтди. Унда Қуръон мусобақасини ўтказиш бўйича ташкилий қўмита раиси Абдулҳаким қори Матқулов, қўмита раиси ўринбосари Ҳасанхон қори Абдулмажидов, қўмита аъзолари ва Қуръон мусобақаси ҳакамлар ҳайъати иштирок этишди.

Мажлисни ташкилий қўмита раиси А.Матқулов кириш сўзи билан очиб, вилоятлардаги тайёргарлик жараёнларни янада жадаллаштириш, ҳар бир ҳудудга бириктирилган ташкилий қўмита аъзолари ва ҳакамларни жойларга ўз вақтида етиб боришлари ва ишларига талабчанлик билан ёндошишларини таъкидлади.

Сўнгра қўмита раиси ўринбосари Ҳ. Абдулмажидов қўмита аъзолари ва ҳакамларни белгиланган ҳудудларга тақсимотини эълон қилди.

Ҳакамларга иштирокчиларнинг балларини ҳисоблаб бориш учун алоҳида ходимлар бириктирилди. Қуръон мусобақасининг туман-шаҳар босқичи очилиш маросими Жиззах вилояти Зомин туманидаги “Маърифатли” жомеъ масжидида ўтказилиши, ундаги тадбир жараёни ҳақида маълумот берилди ва очилиш маросимида қатнашиш учун “зийнат” қорилар танлаб олинди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Али розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам агар менга бирор қийинчилик ёки хафачилик етса, қуйидаги калималарни айтишни буюрдилар: “Ла илаҳа иллаллоҳу каримул азийм. Субҳанаҳу табарокаллоҳу Роббул аршил азийм.
Алҳамдулиллаҳи Роббил аламийн”
(Имом Насоий, Имом Ибн Сунний ривояти).

ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар

Top