muslimuz

muslimuz

الأربعاء, 06 آذار/مارس 2024 00:00

Вафодор дўст

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Дўсту биродарларингиз билан яқин алоқалар ўрнатингиз, зеро, вафодор дўст нур сочувчи чироқ кабидир. Унинг нурини дунё сизга тамоман қоронғу бўлгандагина ҳис қиласиз”.

Бир ҳаким зотдан сўрашган экан: “Ҳаётингизда кўрган энг чиройли киши, энг яхши киши ким?”.

У киши: “Ҳамма айбларимни кўра туриб, мени яхши кўришда давом этган одамдан-да чиройлисини кўрмаганман”, дебдилар.

Адашсангиз сизни тўғри йўлга бошлайдиган, билмасангиз ўргатадиган, ғойиб бўлсангиз сизни қидириб қоладиган, ғафлатда қолсангиз сизга Аллоҳни эслатадиган, ҳаёт сизга зулматли бўлганда Аллоҳ таолодан кейин суянадиган дўст қидиринг!

Ҳакимлардан бири айтади: “Саккиз тоифа одамлар билан бирга юрган одамга Аллоҳ саккиз нарса беради:

Кимки бойлар билан бирга юрса, Аллоҳ унинг дунёга муҳаббатини, қизиқишини зиёда қилади;

Кимки камбағаллар билан бирга юрса, Аллоҳ ўзининг тақсимотига, берган ризқига розилигини зиёда қилади;

Кимки ҳокимлар, подшоҳлар билан бирга юрса Аллоҳ унинг кибрини, қалби қаттиқлигини зиёда қилади;

Кимки аёлларга аралашиб юрса Аллоҳ унинг нодонлигини ва шаҳватини зиёда қилади;

Ким ёш болалар билан юрса Аллоҳ унинг бекорчилигини, ҳазил-ҳузулини кўпайтиради;

Ким фосиқлар билан юрса, Аллоҳ унинг гуноҳ-маъсиятларга журъатини ҳамда тавбани кечиктиришини зиёда қилади;

Кимки солиҳлар даврасида ўтирса, Аллоҳ тоат-ибодатларга рағбатини оширади;

Кимки уламолар билан бирга юрса, Аллоҳ илмини ва тақвосини зиёда этади”.

Солиҳ зотлардан биридан сўрашган экан: “Биз билан Раҳмон ўртасида нима бор?”.

У киши дебди: “Биродаринг ҳаққига дуои хайр қилмоқ бор”.

Яъни, биродаринг ҳаққига дуои хайр қилишинг сени Аллоҳга яқинлаштиради.

Умму Дардо розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: Абу Дардо бундай деди: “Мусулмон банданинг ухлаб ётганда ҳам гуноҳи кечирилади”. Мен ҳайрон бўлиб сўрадим: “Эй Абу Дардо, қандай қилиб у ухлаб ётса-ю гуноҳи кечирилади?”.

У: “Биродари таҳажжудга туриб Аллоҳга дуо қилади ва Аллоҳ дуосини ижобат қилади. Биродарининг ҳаққига ҳам дуо қилади, Аллоҳ уни ҳам ижобат қилади”, деб жавоб берди.

Миллионлаб одамлар мана шундай дуоларга муҳтож эмасми?! Шундай экан таҳажжудга турганингизда биродарларингиз ҳаққига дуо қилинг!

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

 

Гоҳида фарзандларимизни бирор айби учун танбеҳ бермоқчи бўлсак, ғазаб отига миниб оламиз. Уларга оғир-босиқлик билан насиҳат қилиш ўрнига ичимиздаги бор ёмон гапларни, сўкишу ҳақоратларни ёғдирамиз.

Айримлар ўз жигарпорасини бирор онгсиз ҳайвонга ўхшатса, яна айримлар бошқа турдаги фаҳш гаплар билан болаларини сўкадилар. Яна ҳам энг ёмони фарзандининг бебошлик қилиб содир этган айби учун уларни қарғайдиганлардир.

Баъзилар эса насиҳат қилиш керак экан деб соатлаб маъруза ўқиб, гапларининг таъсирини ўзлари камайтириб қўйишади. Аслида-чи? Аслида тарбия жараёнидаги танбеҳ қандай қилинса тўғри бўлади?

Оталардан бири айтади: “Аёлимнинг айтишига қараганда, мен болаларни уришиб бераётган пайтимда уларга жуда қўпол гапирар эканман. Лекин ўзим нима деётганимга эътибор бермас эканман. Аёлимнинг гапидан кейин ўзимнинг нима дейишимга, қандай гаплар билан фарзандларимга танеҳ беришимга аҳамият бердим. Аёлим ҳақ экан, ҳақиқатда мен жуда ёмон гапларни ишлатар эканман. Ўшандан кейин уларга танбеҳ бермоқчи бўлсам, фақат яхши сўзлардан фойдаланишни қасд қилдим. Масалан: “Астағфируллоҳ”, “Аъузу биллааҳи минаш шайтонир рожийм”, “Лаа ҳавла валаа қуввата иллаа биллааҳ” деган зикрларни айтиб жазолайдиган бўлдим. Алҳамдулиллаҳ, шундан кейин ғазабим келса ҳам ўзимни босиб тура оладиган бўлдим. Гапларим ҳам олдингидан кўра фарзандларимга яхшироқ таъсир қиладиган бўлди”.

Оналарнинг бири айтади: “Фарзандларимни жазолаб таъзирини бераётган пайтим “Аллоҳ ҳидоят қилгур” дейман. Менга бу гапни айтиш одат бўлиб қолган. Қачон болаларим жаҳлимни чиқаришса, қулоқсизлик қилишса, ҳатто уларни савалашга тўғри келиб қолса ҳам ўша пайтда оғзимдан беихтиёр “Аллоҳ ҳидоят қилгур” деган гап чиқиб кетади. Мен бу сўзларни онамдан ўрганган бўлсам керак. Онам ҳам бизнинг бирор ишимиздан аччиқлари чиқса, шундай деб танбеҳ берардилар”.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг Саҳиҳларида келтиришларича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида маст қилувчи ичимлик ичишга ўрганган бир киши бўлган экан. Набий аалайҳиссалом унга қайтарилган ишни қилгани учун таъзир белгиладилар. Ҳалиги одам таъзирини олгандан бир муддат ўтиб, яна шу айби билан қўлга тушди.

Набий алайҳиссаломнинг такрор буйруқлари билан яна қамчи урилди. Бу ҳолатни кузатиб турган саҳобаи киромларнинг бири ҳадеб бир ишни қилаверадиган кишининг ҳолатидан аччиқланиб “Аллоҳнинг лаънатига учрагур” деб юборди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уни лаънатлашдан қайтариб, умматга ҳар қандай вазиятда ҳам тилни тийиш кераклигини ўргатдилар.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

الأربعاء, 06 آذار/مارس 2024 00:00

Цементга олдиндан пул бериш

Cавол: Бизда уй қурмоқчи бўлганлар цемент, шифер, ғишт сотувчилар билан келишиб аввалдан пул бериб қўйишади. Масалан, цементнинг килоси 1000 сўм бўлса, олдиндан пул берилаётгани учун 900 сўмдан берилади. Оладиган вақт келганда нарх 1200 сўм бўлиши мумкин. Шундай келишиш мумкинми?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Сиз айтган келишув “Салам” савдоси дейилади ва бу дуруст савдо ҳисобланади.

Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида одамлар мевалар учун бир йил ёки икки йилга пул олардилар. У зот алайҳиссалом: “Ким хурмо учун қарз олса, маълум кайл (ўлчов идиши)га, маълум оғирликка ва маълум вақтга олсин”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Салам савдосида риоя қилиниши керак бўлган бир нечта шартлари бор. Бу савдода сотилаётган маҳсулот цемент сингари килолаб, сув, сут сингари литрлаб, мато сингари метрлаб сотиладиган ёки ғишт, тухум каби деярли бир-биридан фарқ қилмайдиган маҳсулот бўлиши керак. Сиз айтган учала маҳсулот ҳам бу шартга тўғри келади.

Сотилаётган маҳсулот юқоридаги шартга тўғри келгач, унда салам битимини тузиш учун қуйидаги жиҳатлари маълум бўлиши керак:

  1. Маҳсулотнинг жинси (масалан, цемент),
  2. Нави (масалан, “фалон заводники” ёки “Фалон маркадаги”),
  3. Сифати (масалан, “олий”, “ўрта”, “паст”),
  4. Миқдори (кило, метр, дона ёки ҳажми),
  5. Вақти (саламнинг энг кам муддати 1 ой). Бу муддатдан камига салам савдосини қилиб бўлмайди.
  6. Тўланадиган пулнинг миқдори (битим ўз кучида қолиши учун маҳсулот сотмоқчи бўлган одам пулни олдиндан олиши керак),
  7. Маҳсулотни ташиш харажатли бўлса, маҳсулотни етказиб бериш жойи маълум бўлиши лозим. (“Фатҳи бобил иноя”, “Ал-Мухторкитоблари).

Шунингдек, маҳсулот икки томон келишган вақтдан бошлаб, топшириладиган кунгача одамларда ёки бозорларда мавжуд бўлиши лозим. Чунки тўлаш муддати келганда сотувчи уни топиб бера олиши керак.

“Салам савдоси Муслам фиҳ(сотиб олинаётган маҳсулот) келишув вақтидан бошлаб, топшириш муддатигача мавжуд бўлсагина жоиз бўлади”. (“Жавҳаратун наййира”).

Сиз айтган ҳолатда икки томон мазкур шартларга риоя қилиб, келишувга эришсалар, қилган савдолари шаръан тўғри бўлган ҳисобланади. Бу ҳолатда келишилган нарх ўз кучида қолади. Нархнинг тушиб кетиши ёки ошиб кетиши бу келишувга таъсир қилмайди. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

Шу йил 4 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилояти бош имом хатиби Мусохон домла Аббoсиддинов мутасаддилар бирга Учқўрғон туманидаги жоме масжидларда Рамазон ойига тайёргарлик жараёни билан танишди. 

Ташриф давомида масжидларда мўмин-мусулмонлар ибодат қилиши учун етарли шарт-шароитларни ҳозирлашга алоҳида эътибор қаратилиб, бинолардаги техник ҳолатни яхшилаш, хавфсизлик қоидалари ва санитария-гигиена талабларига жавоб беришини таъминлаш бўйича тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилди. 

Шунингдек, тумандаги масжид ходимларининг меъёрий ҳужжатлар билан ишлаши ва молия-хўжалик фаолиятини ўрганиш ишлари олиб борилди. Ўрганиш мобайнида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан зарур кўрсатмалар берилди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати

Бухоро вилояти Ромитан туманидаги “Мулло Нарзи” масжиди янги биносининг қурилиши ниҳоясига етди. Шу муносабат билан жорий йил 3 март куни мазкур масжид янги биносининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда вилоят бош имом-хатиби Жобир домла Элов, имом-хатиблар, нуроний отахонлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Жобир домла йиғилганларни кириб келаётган Рамазони шариф ва янги масжид билан табриклаб, унинг қурилишига ҳисса қўшган барча азиз инсонлар ҳаққига дуои хайр қилдилар.

Мажмуада янги хонақоҳга икки томон ён айвон билан қўшиб ҳисоблаганда 1000 ўринли намозгоҳ қуриб битказилди. Шунингдек, кутубхона, маъмурият, омборхона, 20 кишилик янги таҳоратхонанинг қурилиши лойиҳа асосида амалга оширилмоқда.

Маърифат маскани бўлган масжидларни обод қилаётган азизларга Яратганнинг розилиги насиб қилсин, юртимиз тинч, осойишта ва фаровонлиги бардавом бўлсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати

Мақолалар

Top