Рамазон

Рамазонда ўзаро мусобақа қилайлик!

Аллоҳ таоло Рамазон ойида мусобақалашиш учун аввало иймонни шарт қилиб қўйган ва мукофотга тақвони ваъда қилган. Зотан, ушбу шариф ой  ортидан буюк мукофотлар ваъда қилингандир. Раббимиз шундай марҳамат қилади:

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ  

Эй, иймон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз(Бақара сураси, 183 оят).

Эътибор берадиган бўлсак, ояти карима “Эй инсонлар” деб эмас, балки “Эй иймон келтирганлар” хитоби билан бошланмоқда. Демак, рамазон ойидаги мусобақалашувчиларда иймон бўлиши шарт экан. Шундай экан, бу ибодатнинг мукофотига эришиш учун мусобақа қилишимиз лозим бўлади.

Ибодатларда ким ўзарга беллашиш шариатимизда тарғиб қилинган амаллардандир. Аллоҳ таоло:

... وَفِي ذَلِكَ فَلْيَتَنَافَسِ الْمُتَنَافِسُونَ 

“... Бас, мусобақачилар шу (неъматлар) йўлида мусобақа қилсинлар! –дея лутф қилади (Мутоффифун сураси, 26 оят).

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Рамазон ойи кириб келганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алйҳи васаллам шундай дедилар: “Барака ойи бўлмиш Рамазон кириб келди. Ушбу ойда Аллоҳ сизларни яхшиликларга буркайди-ки, У Зотнинг раҳмати ёғилади, хатолар ўчирилади, дуолар мустажоб бўлади. Аллоҳ сизларнинг ўзаро мусобақа қилишингизга қарайди ва фаришталарига сизларни кўрсатиб мақтанади. Шундай экан, Аллоҳга фақат яхшиликларингизни кўрсатинг. Зотан, бу ойда Аллоҳнинг марҳаматидан маҳрум бўлганлар ҳақиқий бахти қаролардир”.

Амаллар – Аллоҳ таолонинг назаргоҳидадир. У Зот марҳамат қилиб шундай дейди:

 وَقُلِ اعْمَلُوا فَسَيَرَى اللَّهُ عَمَلَكُمْ وَرَسُولُهُ وَالْمُؤْمِنُونَ وَسَتُرَدُّونَ إِلَى عَالِمِ الْغَيْبِ وَالشَّهَادَةِ فَيُنَبِّئُكُمْ بِمَا كُنْتُمْ تَعْمَلُونَ 

“Айтинг: “Амал қилинглар! Албатта, Аллоҳ, Расули ва мўминлар ишларингизни кўражаклар. Шунингдек, албатта, ғойиб ва ошкора (ишлар)ни билувчи (зот) ҳузурига қайтарилурсиз. Бас, (ўшанда) сизларга қилган ишларингиз хабарини берур” (Тавба сураси, 105 оят).

Охирги икки оятни мулоҳаза қиладиган бўлсак, Аллоҳ таоло  “мусобақа қилсинлар”, “амал қилинглар” деб кўплик шаклида айтди. Демак, мусобақа қилиш ва амал қилиш маълум кишиларга эмас, ҳаммага тегишли экан.

Ноз-неъматлари мангу бўлмиш жаннатга эришиш учун солиҳ амалларни  қилишга   шошилиш,   яхши ишларда мусобақа қилиш борасида Қуръони каримда қуйидагича ояти карима бор:

 سَابِقُوا إِلَى مَغْفِرَةٍ مِنْ رَبِّكُمْ وَجَنَّةٍ عَرْضُهَا كَعَرْضِ السَّمَاءِ وَالْأَرْضِ أُعِدَّتْ لِلَّذِينَ آَمَنُوا بِاللَّهِ وَرُسُلِهِ ذَلِكَ فَضْلُ اللَّهِ يُؤْتِيهِ مَنْ يَشَاءُ وَاللَّهُ ذُو الْفَضْلِ الْعَظِيمِ 

(Эй, инсонлар!) Раббингиз томонидан бўладиган мағфиратга ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирган зотлар учун тайёрлаб қўйилган, кенглиги осмон ва Ернинг кенглиги каби бўлган жаннатга шошилингиз! Бу Аллоҳнинг фазли бўлиб, уни Ўзи хоҳлаган кишиларга ато этур. Аллоҳ улуғ фазл соҳибидир (Ҳадид сураси, 21 оят).

 Қарофий: “Яхши ишларга мусобақа қилиш таъқиқланмаган. Аксинча, баъзи ишларда мусобақа қилиш даражаси вожиб бўлса, бошқаларида мандуб, ёки мубоҳ бўлади. Намоз, закот ва рўзага ўхшаш ибодатларда мусобақа қилиш вожибдир. Чунки, мусобақа дегани - орқада қолмай деганидир. Намозга ўхшаш ибодатларда эса ортда қолишга рози бўлиш гуноҳга рози бўлиш ҳисобланади. Гуноҳга рози бўлиш эса ҳаромдир. Никоҳ каби мубоҳ ишларда мусобақа қилишни эса зарари йўқ”, - деб айтган.

Яхши ишларга шошилиш ҳақида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

 وَسَارِعُوا إِلَى مَغْفِرَةٍ مِنْ رَبِّكُمْ وَجَنَّةٍ عَرْضُهَا السَّمَوَاتُ وَالْأَرْضُ أُعِدَّتْ لِلْمُتَّقِينَ 

“Раббингиздан (бўлувчи) мағфиратга ва кенглиги осмонлару Ерга тенг, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннат сари (солиҳ амаллар қилиш билан) шошилингиз!” (Оли Имрон сураси, 133 оят).

“Раббингиздан бўладиган мағфиратга шошилинг” дегани мағфиратга сабаб бўладиган ишларга шошилинг, деган маънодадир. Чунки, мағфират қилиш Аллоҳга тегишли ғайбий нарсалардан бўлиб, уни қўлга киритиш банданинг имкониятида йўқ ва унга шошилинмайди.

Яхши ишларда мусобақа қилиш билан уларга шошилиш ўртасида фарқ бор. Яхши ишга шошилиш мусобақа қилишдан яхшироқдир. Чунки, шошиш – бор имкониятини ишга солиш демакдир. Мусобақа қилиш эса бор имкониятини ишга солмасада, шунчаки ҳеч кимдан ортда қолмаслик деганидир. Айнан шунинг учун ҳам, Аллоҳ таолонинг мусобақа қилувчилар билан яхшиликка шошувчиларга берадиган мукофотига қарасак, уларнинг ўртасида фарқ бор. Яхши ишларда мусобақа қилгувчиларга бериладиган жаннатнинг сифатини Аллоҳ таоло “кенглиги ОСМОН-У ерча” деб сифатлаган бўлса, яхшиликларга шошилувчиларга бериладиган жаннатнинг сифатини “кенглиги ОСМОНЛАР-У ерча” дея келтирди. Осмон билан осмонларнинг ўртасида фарқ борлиги эса ҳеч кимга сир эмас. Бундан ташқари, Аллоҳ таоло мусобақа қилувчиларга жаннатни ваъда қилган бўлса, яхши ишларга шошилувчиларга жаннатларни ваъда қилган.

Демак, мўмин одам бу муборак ойни шарофатидан умид қилиб, кўпроқ яхши солиҳ амалларни қилишга ошиқмоқлиги зарур бўлади. Яхши ният ва мукаммал ижроси ила қандай амални бажарса, уни савобига эга бўлаверади.  Шу ўринда яхшиликка шошилувчи ва мусобақа қилувчилар учун  баъзи фойдали зикрларни келтириб ўтамиз:

  1. لا إله إلا الله وحده لا شريك له، له الملك و له الحمد و هو على كل شيء قدير

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ким бир кунда юз маротаба “Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамд ва ҳува ала кулли шайъинг қодийр” деса, ўнта қулни озод қилганчалик савобга эга бўлади, унга юзта яхшилик ёзилади, юзта гуноҳи ўчирилади, ўша куни кеч киргунга қадар зикрлари унга шайтондан паноҳ бўлади, ўша куни ундан афзал бирорта инсон бўлмайди, илло шу зикрни ундан кўп айтган кишигина ундан афзал бўлиши мумкин” (Имом Бухорий ривояти).

  1. سبحان الله و الحمد لله و لا إله إلا الله و الله أكبر

Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алйҳи васаллам: “Аллоҳга ёқадиган энг яхши гаплар тўрттадир, улар: “субҳаналлоҳ, валҳамду лиллаҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар” бўлиб қайси биридан бошласанг ҳам зарари йўқ”, - дедилар. (Имом Муслим ривояти).

  1. لا حول و لا قوة إلا بالله

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келганларида инсонлар бир водийга тўпланиб овозларининг борича такбир ва таҳлил айта бошлашди. Шунда У зот: “Бақир-чақир қилманглар, сизлар кар ёки йўқ зотга илтижо қилаётганингиз йўқ ахир, аксинча ҳамма нарсани эшитувчи, сизларга яқин ва доимо сизлар билан бирга бўладиган Зотга ёлборяпсиз” – дедилар. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минган уловнинг орқасида кетаётганимда менинг “ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ” деётганимни эшитдилар ва менга: “Эй Абдуллоҳ ибн Қайс”, - дедилар. Менлаббай, ё Расулаллоҳдедим. У зот: “Сенга жаннатнинг хазиналаридан бўлган калималарни айтайми?” – дедилар. Мен “Ота-онам сизга фидо бўлсин, албатта ё Расулаллоҳ” дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ”, - дедилар  (Имом Бухорий ривояти).

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат айтиш.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

إِنَّ اللَّهَ وَمَلَائِكَتَهُ يُصَلُّونَ عَلَى النَّبِيِّ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا صَلُّوا عَلَيْهِ وَسَلِّمُوا تَسْلِيمًا

Албатта Аллоҳ ва фаришталари Набийга саловат айтур. Эй иймон келтирганлар! Унга саловат ва салом айтинглар”. (Аҳзоб сураси, 56 оят).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:”Ким менга бир марта саловат айтса, Аллоҳ унга ўн марта саловат айтади ва унинг даражасини ўн марта кўтаради ҳамда ўнта хатосини ўчиради”, деб марҳамат қилганлар (Бухорий ривояти).

  1. سبحان الله العظيم، سبحان الله و بحمده

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий алайҳис салом: “Икки калима бор. Улар тилга енгил, тарозу палласини босадиган оғир, Раҳмонга суюклидир. Улар: Субҳаналлоҳил азим, субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи”, - дедилар (Имом Бухорий ривояти).

  1. يا ذا الجلال و الإكرام

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Я залжалали вал икром”ни айтиб юринглар (Имом Термизий ривояти).

  1. رب اغفر لي، و تب علي، إنك أنت التواب الرحيم

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир ўтиришда юз мартагача “Раббиғфир лий, ва туб алайя, иннака антат Таввабур Роҳийм” деб истиғфор айтганларини эшитганмиз  (Абу Довуд ривоят қилган).

Буларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг жуда катта марҳаматидир. Мана шу ваъдалардан умидвор бўлиб, бу кунларни ғанимат билиб, кўпроқ ва хўброқ савоб ишларга шошилсак, ким ўзарга мусобақа қилсак, шояд тақводор бандалари сафидан жой олсамиз.

Жалолиддин Ҳамроқулов,

Тошкент ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири,

Тошкент шаҳар “Новза” жоме масжиди имом хатиби

Read 82631 times
Tagged under

Видеолавҳалар

Top