muslim.uz

muslim.uz

الثلاثاء, 28 تموز/يوليو 2020 00:00

Қурбонлик қилишнинг шартлари

Зиёуддин МИРСОДИҚОВ,
Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги
“Бўта бува” жоме масжиди имом хатиби

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Нуриддин Холиқназаров

Ҳозир юртимизда карантин давом этаётгани ва айни қурбонлик кунларида транспорт ҳаракати чеклангани сабабли қурбонлик қилишда баъзи қийинчиликлар бўлиши табиий.

Қурбонлик вожиб бўлган юртдошларимиз имкон қадар қўй сотиб олиб, қурбонлик қиладилар. Бунинг иложи бўлмаса, қўй топа оладиган бирор кишини топиб, уни сотиб олиш ва қурбонлик қилишга вакил қиладилар. Чунки Қурбонлик қилишда ўзидан бошқасини вакил ва ўринбосар қилиш жоиз. Агар бир киши бошқа одамни қурбонликка вакил қилса, жониворни сотиб олиш ва сўйиш вақтида вакил қурбонликни ният қилиши кифоя қилади. Сотиб олишда нархи келишилса кифоя, пулини насия ҳам қилиш мумкин. Телефон ёки бирор восита орқали бирор кишини “мени номимдан қурбонлик қилгин” деб вакил қилса, вакилнинг қурбонлиги унинг номидан ўтади.

Ҳанафий мазҳабига кўра, бой (яъни, нисоб миқдорига эга) кишиларнинг қурбонлик қилиши вожиб. Бунинг устига қурбонлик ибодати қон оқизишга боғланган бўлиб, қийматни садақа қилиш билан адо бўлмайди. Бу ҳақда аллома Алоуддин Косоний раҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар:

لَوْ تَصَدَّقَ بِعَيْنِ الشَّاةِ أَوْ قِيمَتِهَا فِي الْوَقْتِ لَا يَجْزِيهِ عَنْ الْأُضْحِيَّةَ ؛ لِأَنَّ الْوُجُوبَ تَعَلَّقَ بِالْإِرَاقَةِ وَالْأَصْلُ أَنَّ الْوُجُوبَ إذَا تَعَلَّقَ بِفِعْلٍ مُعَيَّنٍ أَنَّهُ لَا يَقُومُ غَيْرُهُ مَقَامَهُ

яъни: “Бир киши қурбонлик кунларида қўйнинг ўзини ёки қийматини садақа қилса, қурбонлик ўрнига ўтмайди. Чунки қурбонликнинг вожиблиги қон оқизишга боғлиқдир. Асл қоида шуки, агар вожиблик айни бир ишга боғлиқ бўлса, унинг ўрнига бошқаси ўтмайди...” (“Бадоеъус саноеъ”).

Қурбонлик қилиши вожиб бўлган, бой киши қурбонлик кунларида жонлиқ сўя олмаса-ю, қурбонлик кунлари ўтиб кетса, қазоси учун ўртача қўйни қийматини садақа қилиши вожиб бўлади. Аммо фақир киши қурбонлик учун жонлиқ сотиб олиб, уни қурбонлик кунларида сўя олмаган бўлса, қазоси учун жонлиқни тирик ҳолида садақа қилади. Лекин, бундай садақа қилиш билан ўз вақтида сўйилган қурбонликка ваъда қилинган савобга эришилмайди.

Қурбонлик гўштини тақсимлаш ва тарқатишга келсак, ушбу амал шариатимизда мустаҳаб амал ҳисобланади. Бугунги эпидемиологик талаблар қатъий белгиланган бир пайтда вазиятдан келиб чиқиб, гўштни тарқатиш айнан ҳайит кунларида бўлиши шарт эмас. Балки, кейинчалик ҳам тарқатилиши мумкин. Вакил орқали узоқроқ жойда қурбонлик қилдирганлар, хоҳласалар ўша жойда тарқатишлари ҳам жоиз. Валлоҳу аълам. 

 

Ийд намози ўқилмаса, қурбонликни сўйиш қайси вақтдан бошланади?

 

Маълум сабабларга кўра, Қурбон ҳайити умуман ўқилмайдиган шаҳарлар гўё қишлоқ ва саҳролар ҳукмида бўлиб, бундай жойларда ҳайит куни тонг отгандан кейин қурбонлик қилиш жоиз. Лекин қуёш чиққандан кейин қурбонлик қилиш мустаҳабдир.

Аслида қурбонликнинг вақти ҳайит куни тонг отиши билан бошланади. Фақат шаҳар (яъни, Қурбон ҳайити намози адо қилинадиган жойлар) аҳли қурбонликларини ҳайит намозидан кейин қилишлари шарт. Бунинг далили қуйидаги ҳадиси шарифдир, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

من ذبح قبل الصلاة ، فليعد ، ومن ذبح بعد الصلاة ، فقد تم نسكه ، وأصاب سنة المسلمين (أخرجه البخاري عن أنس رضي الله عنه)

яъни: “Ким намоздан олдин сўйса, қайта қурбонлик қилсин, ким намоздан кейин сўйса, унинг ибодати тўлиқ бўлибди ва мусулмонларнинг суннатини топибди” (Имом Бухорий ривоятлари)

Агар Қурбон ҳайити намозини ўқиш умиди бўлиб, имом узр билан ёки узрсиз намозни (заволгача) кечиктирса, шаҳар аҳли заволдан кейин сўйишлари жоиз. Заволгача кутишларининг сабаби унгача намоз ўқилиши эҳтимоли борлигидир. Бу ҳақда шундай дейилади:

في «الواقعات»: إذا أخر الإمام يوم العيد الصلاة ينبغي للناس أن يؤخروا التضحية إلى وقت الزوال؛ لأن قبل ذلك الصلاة مرجوة

яъни: “Воқеот китобида: “Имом ҳайит куни намозни кечиктирса, одамлар ҳам қурбонликни завол вақтигача кечиктиришлари лозим бўлади. Чунки бу вақтгача намознинг ўқилишидан умид бор” – дейилган” (“Ал-Муҳитул Бурҳоний” китоби, 11-жуз).

Бизнинг ҳолатимиз бундан бироз фарқли, яъни, карантин пайтида ҳайит намози ўқилмаслиги ҳақида фатво берилган ва ҳукумат ҳам уч кишидан ортиқ жамоат бир жойда йиғилишини ман қилиб турган бир пайтда, умуман ҳайит намози ўқилишидан умид йўқ. Бундай ҳолатда шаҳарлар ҳам ҳайит ўқилмайдиган (қишлоқ ва саҳро) жойлар ҳукмида бўлади. “Раддул муҳтор” китобида шундай дейилади:

وَفِي الْبَزَّازِيَّةِ : بَلْدَةٌ فِيهَا فِتْنَةٌ فَلَمْ يُصَلُّوا وَضَحَّوْا بَعْدَ طُلُوعِ الْفَجْرِ جَازَ فِي الْمُخْتَار

яъни: “Ал-Баззозия китобида: “Бир шаҳарда фитна чиқиб, одамлар ҳайит намозини ўқимасалар ва тонг отгандан кейин қурбонлик қилсалар, қилган қурбонликлари жоиз бўлади. Уламолар ушбу фатвони ихтиёр қилишган”, – дейилган”.

 “Ал-Фатовол ҳиндия” китобида шундай дейилади:

وَفِي الْوَاقِعَاتِ لَوْ أَنَّ بَلْدَةً وَقَعَتْ فِيهَا فَتْرَةٌ وَلَمْ يَبْقَ فِيهَا وَالٍ لِيُصَلِّيَ بِهِمْ صَلَاةَ الْعِيدِ فَضَحَّوْا بَعْدَ طُلُوعِ الْفَجْرِ جَازَ وَهُوَ الْمُخْتَارُ؛ لِأَنَّ الْبَلْدَةَ صَارَتْ فِي حَقِّ هَذَا الْحُكْمِ كَالسَّوَادِ، كَذَا فِي الْفَتَاوَى الْكُبْرَى وَعَلَيْهِ الْفَتْوَى، كَذَا فِي السِّرَاجِيَّةِ.

яъни: “Воқеот китобида: “Бир шаҳарда узилиш содир бўлса, у ерда Қурбон ҳайитини ўқиб берувчи волий (масъул) қолмаса ва одамлар тонг отгандан кейин қурбонлик қилсалар, жоиз бўлади. Мана шу ихтиёр қилинган сўздир. Чунки шаҳар мана бу ҳукм (яъни, қурбонликнинг вақти) борасида саҳро (қишлоқ)га айланди. “Ал-Фатовол кубро” китобида шундай келган. “Ас-Сирожия” китобида: “Фатво ҳам шунга берилган”, – дейилган”.

Мазкур “Раддул муҳтор” ва “Ал-Фатовол ҳиндия” китобларида келтирилган масаланинг бизнинг ҳолатимизга ўхшашлиги ҳайит намозининг ўқилишидан умид йўқлигидир.

Хулоса қиладиган бўлсак, бизнинг ҳолатда қурбонликни тонг отгандан кейин қилиш жоиз. Лекин имкон борича бомдоддан кейин қуёш чиққунча зикру тасбеҳга машғул бўлсак ва қуёш бироз кўтарилгач (қуёш чиққанидан 15-20 дақиқадан сўнг), зуҳо намозини адо қилиб, кейин қурбонликларимизни сўйсак, бир нечта суннат ва мустаҳабларни адо қилган бўламиз. Валлоҳу аълам.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво ҳайъати

الإثنين, 27 تموز/يوليو 2020 00:00

Ҳидоят сари | Кибру ҳаво офатлари

"Oydin hayot Live" 

Жалолиддин домла Ҳамроқулов

Тошкент шаҳар Новза жоме масжиди имом хатиби 

 

Видеолавҳалар

Top