muslim.uz

muslim.uz

الأربعاء, 10 كانون2/يناير 2018 00:00

Буюк фақиҳ бобомизни биламизми?

Абу Ҳасан Али ибн Абу Бакр ибн Абдулжалил Алфарғоний Алмарғиноний. Бу зот Халифа Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг зурриётларидан. Имом 511 ҳижрий санада 8 ражаб ойининг душанба куни аср намозидан кейин туғилган. Имом раҳматуллоҳи алайҳ илмли оилада туғилиб вояга етган, отаси ва бобоси (она тарафдан), Умар ибн Ҳабибдан ёшлигидан фиқҳ, ихтилофли масалаларни ўргана бошлайди. Ҳадис илмини Саид ибн Асъад Марғинонийдан таълим олиб сўнгра илм талабида Марв, Бухоро, Насаф каби шаҳарларга сафарга чиққанлар. Имом кўп ибодат қилувчи, аллома, фақиҳ, усулий (усулул фиқҳ фанини мукаммал билувчи), сиқа (аҳли ҳадис наздида ишончли олим), эди.

Уламонинг имом ҳақида айтган сўзлари

Зар қадрини заргар билади деганидек, ўз даврининг етук, кўзга кўринган уламолари “Фақиҳ”, “Қозихон” номи билан машҳур Ҳасан ибн Мансур, “Итобий” деб танилган Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Умар “Муҳийт”, “Заҳира” китобларининг муаллифи Маҳмуд ибн Аҳмад ибн Абдулазизлар имом ҳақида жуда илиқ фикрларни билдиришган. Улардан аллома Анваршоҳ Кашмирий “Имомнинг фиқҳдаги мартабасига мингта фақиҳ етолмайди”, деган.

Ислом оламига “Сияр аълам ан нубалаъ” асари билан танилган машҳур тарихчи имом Заҳабий айтади: “Аллома, Мовароуннаҳр олими, Бурҳониддин Абулҳасан Али ибн Абу Бакр илмнинг ўчоғи эди, Аллоҳ уни раҳмат қилсин. Имом ҳанафий мазҳабида масалаларни истинбот қилишда, далиллар келтиришда устозларидан ўзиб кетганди, айниқса, ҳидоя асарини ёзганидан кейин”.

Устозлари
Имом илм олишга жуда ташна эди, ўзлари ҳақида шундай дейди: “Мен илмни тўхтатмасдан, узлуксиз талаб қилганим учун шерикларимдан ўзиб кетдим”. Устозлари ҳақида “Машойихатул фуқаҳо” асарини ёзган, ҳанафий мазҳабидаги ўттизга яқин олимларни санаб ўтган эди. Улардан баъзиларини зикр қиламиз:

Отаси Абу Бакр ибн Абдужалил:

Бобоси Умар ибн Ҳабиб Абу Ҳафс қози имом (бу киши Имом Сарахсийнинг шогирди);
Аҳмад ибн Абдуррашид ибн Ҳусайн Қавомиддин Бухорий;

Аҳмад ибн Абдулазиз ибн Моза ас-Садр ас-Саййид (ундан фиқҳни ўрганган);
Аҳмад ибн Муҳаммад Абу Лайс Насафий ас-Самарқандий;
Ҳасан ибн Али ибн Абдулазиз Марғиноний (Сунани Термизийни таълим олган);
Зиёд ибн Илёс Абумаъалии Зоҳириддин (бу киши Фарғонадаги энг катта шайхлардан бўлган).

Шогирдлари
Имом жуда ҳам кўп шогирдлар қолдирган, шогирдлари ҳам ўз даврида ҳанафий мазҳабининг катта уламолари бўлиб етишган, улардан баъзиларини зикр қиламиз:

Ўғли Имодиддин Али ибн Аби Бакр ал Марғиноний, бу киши “ал Фусул ал Имадийя” деган китобни таълиф қилган;

ўғли Умар Абу Ҳафс Низомиддин. “Жавоҳир ал фиқҳ” китоби муаллифи;
ўғли Муҳаммад Жалолиддин Абул Фатҳ.

Учалови ҳам отасидек олим бўлган.

Муҳаммад ибн Абдусаттор ибн Муҳаммад ал Иъмодий;

Бурҳонул ислом Зарнужий. “Таълим мутаъллим” китоби  муаллифи;

Ҳасан ибн Али ибн ал Ҳажжож. Булардан ҳам бошқа кўп шогирдлари бўлган.

Китоблари

  • Имом ислом оламига жуда ҳам кўп фойдали асарларни қолдирган. Улардан:
  • Бидоятул Мубтадиъ;
  •  Кифоятул Мунтаҳи. Бу биринчи китобнинг шарҳи ҳисобланади, 80 жилддан иборат бўлган, аммо бизгача етиб келмаган;
  •  Ҳидоя;
  • Уъддатун Насики фи Иъддатил манасик;
  •  Китаб аз Зиядаат;
  • Ат танжис вал Мазийд;
  • Мунтақо;
  • Мухтороттун Навазил;
  • Мазид фил фуруъ ал ҳанафийя;
  • Машойихатул фуқаҳо. Бу китобда устозлари ҳақида ёзган.


Имом Бурҳонуддин Марғиноний раҳматуллоҳи алайҳига “Шайхул ислом” деган унвон берилган. У зот 544 йили ҳаж зиёратига борган ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг қабрларни зиёрат қилишга муваффақ бўлган. 593 йил Самарқандда вафот этган.

 

Тоир РЎЗИЕВ,

Навоий вилояти бош имом-хатиби.

 

الأربعاء, 10 كانون2/يناير 2018 00:00

Абдуллоҳ ибн Масъуднинг “қарғиши”

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бозор-ўчар қилгани чиққан эди, пулини ўғирлатиб қўйди. Буни эшитган одамлар ўғрини қарғай бошлашди. Шунда ибн Масъуд уларни бу ишдан қайтарди ва дуо қилди:

– Эй Аллоҳ! Агар пулимни ўғирлаган одам муҳтожликдан олган бўлса, олганига барака бергин. Агар муҳтож бўлмай туриб олган бўлса, шу ўғирликни ҳаётидаги энг охиргиси қилгин!

“Қабасотун мин ҳаётир-Расул” китобидан

 Шаҳобиддин ПАРПИЕВ

 таржимаси

الأربعاء, 10 كانون2/يناير 2018 00:00

Масжидга бориш одоблари

Масжидлар ер юзидаги энг покиза жойдир. У ерда Аллоҳ зикр этилади, намоз ўқилади, илм-маърифат олинади, яхши амаллар қилинади. Масжидга бориш, у ерда ўзини тутишнинг ҳам тартиб-қоидалари, одоблари бор. Жамоат билан намоз ўқиш учун масжидга кетаётганда мана шу одобларга амал қилган киши сергак тортади, хаёли бир ерга жамланади, дилида ихлос пайдо бўлади.

Масжидга йўл олганда мана бу дуо ўқилади: “Аллоҳуммажъал фий қолбий нувро, ва фий басорий нувро, ва фий самъий нувро, ва ай ямийний нувро, ва ав ясаарий нувро, ва фавқий нувро, ва таҳтий нувро, ва амаамий нувро, ва холфий нувро, важъал лий нувро”. Маъноси: “Ё Аллоҳ, менинг қалбимда нур қил, кўзимда нур қил, қулоғимда нур қил, ўнг томонимдан нур қил, чап тарафимдан нур қил, тепамда нур қил, тагимда нур қил, олдимда нур қил, ортимда нур қил, мен учун нур қил” (Муттафақун алайҳ).

Киши масжидга кетаётганда номаъқул ишлардан тийилади. Жумладан, бармоқларини бир-бирининг ичига киргизмайди. Чунки яхшилаб таҳорат қилиб намозни кутаётган одам намоз ўқиётган ҳисобланади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Агар биронтангиз чиройли таҳорат қилиб масжид(да намоз ўқиш)ни мақсад қилиб чиқса, бармоқларини бир-бирига киргизмасин. Чунки у намоздадир” (Термизий ривояти).

Бармоқларни бир-бирининг ичига киргизиш ахлоқсизлик, беҳуда иш саналади. Шунинг учун Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундан қайтарганлар. Зеро, мусулмон одам бемаъни ишлардан йироқ юради. Жумладан, жамоат билан намоз ўқийман деган ниятда мукаммал таҳорат қилиб йўлга чиққан киши муҳим ишга отланган, дин асосларидан бўлмиш намозни адо этиш сари одимлаган бўлади. Бундай киши фойдасиз нарсалардан сақланади, тили, қалби ила Аллоҳни ёд этади. Шунда номаи аъмолига намоз ўқиш савоби тўхтовсиз ёзилиб туради.

Масжид Аллоҳга ибодат қилинадиган, гуноҳлар учун истиғфор айтиладиган, дуою илтижолар этиладиган, инсон қалби таскин топадиган муборак жойдир. Шунинг учун мусулмон киши масжидга боришдан олдин ўзидаги ёмон ҳидларни кетказади, тишини тозалайди, энг чиройли, покиза либосларини кияди, хушбўйлик сепади, оёқ кийимига алоҳида эътибор беради. Агар нопок нарсалар илашган бўлса, масжидга киришдан олдин пойабзалини яхшилаб тозалайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Агар биронтангиз масжидга келса, қарасин, мабодо пойабзалида нопок ёки азият берадиган нарса бўлса, (тупроққа) ишқалаб, унда намоз ўқийверсин!” (Абу Довуд ривояти).

Авваллари масжидларда жойнамозлар бўлмаган, ерда намоз ўқилган. Шунинг учун кимнинг оёқ кийими тоза бўлса, унда намоз ўқийверган. Ҳозир ҳолат бошқача: масжидларга гиламлар, жойнамозлар тўшаб қўйилади, у ерга оёқ кийимда кирилмайди. Шундай бўлса-да, намозхон одам Аллоҳнинг уйига келишдан олдин пойабзалини тозалайди, уст-бошига бир қараб қўяди, ёнидагиларга, фаришталарга азият етказадиган нарсалардан сақланади. Бу мўминнинг гўзал одобларидандир.

Шунингдек, намозхонларни ранжитадиган, малоикаларга озор берадиган сигарет, нос, пиёз, саримсоқ кабиларни истеъмол қилиб масжидга бориш дуруст эмас.

Киши масжидга оҳиста юриб боради, йўл-йўлакай маъсур (яъни, Қуръони каримда, ҳадиси шарифларда келган) дуоларни ўқиб кетади, ибодатга – Аллоҳ билан юзма-юз туришга руҳан тайёрланади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга ҳовлиқмасдан, секин-аста юриб боришни тавсия этганлар: “Агар намозга иқомат айтилса, ҳеч бирингиз унга шошилмасин, балки хотиржам ҳолда, виқор билан келсин. Етган жойингни ўқи, ўтиб кетганини қазо қил” (Муслим ривояти). Ташқи омиллар ҳам хушуга монеълик қилади. Зеро, намозга ҳаллослаб, терлаб-пишиб келган кишининг хотиржамлиги йўқолади.

Хоҳ жума намозига, хоҳ бошқа намозларга бўлсин, киши масжидга виқор билан, оҳиста юриб келади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир тавсияларида ҳикмат бор. Агар уларга амал қилсак, икки дунёда бахтли бўламиз.

ЎМИ Матбуот хизмати

الأربعاء, 10 كانون2/يناير 2018 00:00

Яқин ўтмишимизнинг буюк мутафаккири

Мовароуннаҳрда асрлар давомида шаклланган давлатчилик ХIХ аср охирида таназзулга юз тутди. Халқ Чор имериясининг мустамлакачилик сиёсатига дучор бўлди. Мана шу даврдан бошлаб юксак ва қадимий маданиятимиз, қадриятларимиз топтала бошлади. Шундай бўлса-да, халқ имкон қадар ўз дину диёнатини сақлаб қолишга ҳаракат қилди. Аммо тарих саҳнасига большевик деб ном олган қизил империя келгандан сўнг, аҳвол янада оғирлашди. Улар ўзлари бошқараётган ҳудудларни атеистик (худосиз) жамият, деб эълон қилдилар. Нафақат ислом, балки бошқа дин вакиллари ҳам сиқувга олинди. Уйидан араб алифбосидаги бирор китоб чиққан одам, бу давлатга қарши хоин, деб аталиб, отиб ташланган. Бундай зўравонлик кайфиятида Қуръон ҳақида тадқиқот у ёқда турсин, уни ўқиш жиноят даражасига кўтарилди.

Шундай аёвсиз замонда ҳам халқ орасидан фидоий ислом олимлари етишиб чиқди ва улар мавжуд хавф-хатарни писанд этмай, Қуръон тафсири ва таржималари борасида диққатга сазовор ишлар амалга оширдилар. Бундай забардаст олимлардан бири Олтинзон тўра Тарозий эди.

Саййид Маҳмуд ибн Саййид Назир Тарозий Олтинхон тўра 1896 йилда Фарғонанинг Чимён қишлоғида таваллуд топган. Отаси Саййид Назир Қуръони карим ҳофизи ва ҳадис илмининг билимдонларидан бўлиб, халқ ичида Эшонхон домла номи билан машҳур эди. Олтинхон тўра ёшлик даврида оиласи билан Қозоғистоннинг Жамбул – ҳозирги Тароз шаҳрига кўчиб ўтган. Шу сабабдан, баъзи тадқиқотчилар Олтинхон тўрани Қозоғистоннинг Жамбул шаҳрида туғилган деб, таъкидлайдилар. Жумладан, адабиётшунос олим Ҳамидулла Кароматов шундай ёзади: “Чет элларда Туркистон ўлкасининг кўзга кўринган уламоларидан бири сифатида тан олинган ўзбек таржимони Авлиё Ота деб номланган Тароз шаҳрида туғилган”.

Дастлабки таълимни отасидан, сўнгра Шайх ибн Камол Носирхон Тўра Косоний, даврининг бошқа етук олимларидан олди. Араб, форс, турк тилларининг барча лаҳжаларини мукаммал эгаллаб, мударрис бўлиб етишди. Шу тариқа халқ орасида Олтинхон тўра нисбати билан шуҳрат топди.

Қатағон сиёсати уни ҳам четлаб ўтмади. 1930 йил у она ватанидан бош олиб чиқиб кетишга мажбур бўлади. Шундан кейин у Афғонистон, Покистон, сўнг Ҳиндистоннинг Бомбай шаҳридаги масжидда имом-хатиб бўлиб ишлади. Иккинчи жаҳон уруши бошлангандан кейин, Саудия Арабистонига кўчиб ўтади. Умрининг охиригача Макка ва Мадина шаҳарларида яшаб ижод қилиб, Каъбатуллоҳ жойлашган ҳарами шарифда, Мадинадаги Масжидун-Набавийда мударрислик қилиб, Қуръон ва ҳадисдан сабоқ берган.

Олтинхон тўра тафсир, ҳадис, фиқҳ, адабиёт ва илмнинг бошқа соҳаларига оид асарлар муаллифи ва таржимон бўлибгина қолмасдан, у Қуръони каримни замонавий ўзбек тилига илк бор таржима қилиб, тафсир ёзганлардан ҳисобланади. Бу китоб Ҳиндистон, Покистон ва Саудия Арабистонида бир неча бор нашр этилган. Бундан ташқари, Имом Нававийнинг Пайғамбар ҳадисларига бағишланган “Риёзус-солиҳийн” номли 4 жилдли асарини, Имоми Аъзамнинг “Фиқҳул-акбар”, “Нурул-басар”, “Ақоид исломия”, “Ҳизбул-Аъзам”, Термизий қаламига мансуб “Китоб аш-шамоил ун-Набавия” каби китобларини, айнан у киши ўзбек тилига таржима қилган.

Кўп йиллар узоқда ижод қилиб яшаган бўлса-да, у ватанини кўп қўмсар эди. Олим ватанпарварлик руҳида турли ўлкаларда бир қанча журналларда чиқишлар қилади. Жумладан, Германияда “Миллий Туркистон”, Мисрда “Совтут-Туркистон” ва “Озод Туркистон” (араб ва турк тилида), Покистонда “Таржимони афкор” ва Истанбулда “Туркистон” журналларида Олтинхон тўранинг Ватан мадҳига бағишланган мақолалари ва ғазаллари доимий равишда босилиб турган. Уларда муаллиф Ватан озодлиги, истиқлоли учун барча ватандошларни бирдамликка чақиради, она-юрт ишқида куйиб ёнади, унинг гўзалликларини куйлайди. Домла Тарозий бир мақоласида шундай деб ёзади: “… Русия ила Чин ўртасида мустақил Туркистон давлати шартдир… Иншооллоҳ, бир кун келажак, Туркистонимиз миллий мустақиллигини олажак”. Бу гаплар 1975 йили ёзилган. Бизнинг кунларда унинг ушбу гаплари худди башоратга ўхшайди.

Ватандошларнинг эътироф этишларича, Олтинхон тўра Саудия Арабистонида яшовчи туркистонликларнинг маънавий рахбари эди. Бу ёруғ кунларга етиб келгунча Олтинхон тўрага ўхшаш не-не мунаввар ватандошларимиз, юртдан ташқарида бўлса ҳам Ватан озодлиги йулида захмат чекдилар, она юрт фироқида куйиб ёндилар. Олтинхон тўра бир гурух ҳаммаслаклари билан биргаликда Туркистондаги оғир мехнат шароити, пахта яккаҳокимлиги туфайли унга сепилган захарли моддалардан турли касалликлар тарқалаётгани хақида, умуман юртимизнинг умумжахон тараққиётидан орқада колаётгани хақида Саудия Арабистони ва бошқа чет эл матбуотида, турли радио тўлқинларда чиқишлар қилиб турган.

“Улуғ Октябрь инқилоби” деб аталган 1917 йилдаги давлат тўнтаришининг 40 йиллиги муносабати билан 1956 йилдан СССРда бошланган кенг тарғибот-ташвиқот ишларига жавобан, бу найрангларни фош қилувчи чиқишларга Олтинхон тўра бошчилик қилган. “Таржимони афкор” журналининг муҳаррири Аъзам Ҳошимий: “Бу зот мухожирларимиз таржимонлиги соҳасида ўз вазифасини бажарган бир миллатпарвар ва ватанпарвардир”,  деб ёзган эди.

Олтинхон тўра Тарозий 1991 йил 23 июнда 98 ёшда Мадина шаҳрида вафот этди. Тошкент шаҳрида унинг қизи ва Янгийўл туманида бир ўғли истиқомат қилиб келмоқда. Қолган фарзандлари эса, Мадина шаҳрида қўниб топган.

Олимнинг энг машҳур асари “Ал-Қуръон ал-карим маънолари таржимаси ва шарҳлар” 1375/1956 йил 15 апрелда Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрида ёзиб тугатилган. Таржимани араб алифбосидан ўзбек алифбосига ўгирган ва нашрга тайёрловчи Ҳожи Исматуллоҳ Абдуллоҳ ҳисобланади. Асарга Шайх Абдулазиз Мансур тақриз ёзган. Китоб 681 саҳифадан иборат бўлиб, унда рим рақамлари билан белгиланган саҳифаларда, оятлар кўрсаткичи мавжудлиги ўқувчига бирор мавзудаги оятни қайси сурадан топиш мумкинлиги ҳақида маълумотлар тақдим этилган.

Асарнинг турли ўлкаларда нашрдан чиқарилган. Бу ҳақида Ҳамидулла Кароматов қизиқ маълумотни келтиради: “Бу таржима-тафсир 1955 йили Бомбей, 1975 йили Покистон, 1980 йили Доҳа, 1981 йили Жидда, 1990 йили Истанбулда нашр этилган”. Иккинчи нашр эса, юртимизда 2002 йилда амалга оширилган.

Таржима-тафсирда эски ўзбек (туркий) лаҳжаси сақланиб қолган. Ҳар бир сура таржимасига киришишдан один у қаерда нозил бўлгани ва у ҳақда умумий маълумот берилади. Сўнг суранинг арабча номини ўзбек алифбосида ёзиб унинг таржимсини қавс ичида бериб кетлган. Бундан ташқари, агар суранинг бошқа номи бўлса, у ҳам бериб кетилган. Масалан, “Лаҳаб ёки Масад (Хурмо постлоғи) сураси”. Таржима араб тилида гап тузулиши қандай бўлса шундайлигича сақлаб қолишга ҳаракат қилинган. Оятнинг аввалидаги сўз ўзбек тилида қандай маъно англатса, таржима шу сўз билан бошланади. Таржима изоҳга ҳожат сезса, таржимадан сўнг изоҳлар берилиб кетилган. Изоҳ беришда бошқалардан фарқли равишда саҳифанинг остига эмас, балки таржиманинг ўзидан кейингина келтирилган. Бу албатта китобхонга қулайлик туғдириши билан бирга, уни хаёлини чалғитишга ҳам олиб келиши мумкин.

Олимнинг илмий-маънавий меросини тадқиқ қилиб, халқимизга етказиш юксак марраларга етаклайди.

Нуруллохон МУКАРАМХОНОВ,
Исломшунослик илмий тадқиқот 
маркази илмий ходими

الأربعاء, 10 كانون2/يناير 2018 00:00

Бой бўлишни истайсизми?

Ҳаётда ҳар бир инсон бой бўлишни истайди ва бу йўлда тинмай ҳаракат қилади. Агар бу ҳаракат Аллоҳ кўрсатган ҳалол тарзда бўлса динимизда унга бой бўлишга ҳеч қандай тақиқ йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Эй Амр, солиҳ бойлик солиҳ кишининг қўлида бўлса, қандоқ ҳам яхши! деганлар (Имом Бухорий Имом, Имом Табароний ривоят қилган).

Бироқ бугун баъзи одамларнинг ҳамма нарсани бойлик билан ўлчайдиган, фойда йўлида имон, эътиқод, барча муқаддас туйғулар ва инсонийликдан ҳам воз кечаётганларини гувоҳи бўлмоқдамиз. Улар бой бўлиш йўлида ҳатто ўзининг жигарларини ҳам чув туширишдан тап тортмаяптилар. Умрларида бирор бадиий ёки илмий китоб ўқишга одатланмаган бўлсалар-да, китоб дўконларидаги “Бой бўлиш сирлари”, “Фолбинлар башоратлари” мазмунидаги китобларни топиб ўқишади. Ҳар гал янги чиққан фолбиннинг “энг яқин мижоз”ига айланиб улгурадилар. Энг ачинарлиси, мўмай даромад топиш илинжида хорижга кетаётган аёлларнинг одам савдоси бозорининг маҳсулотига айланиб қолаётганидир.

«Биз хориж давлатларидан бирига борганимиздан сўнг, алданганимизни билдик. Даромадли иш топиб берамиз, деганлар бизга ёлғон гапирганини, аслида эса фоҳишалик билан шуғулланишимиз учун сотилганимизни айтишди. Бизни бу жирканч ишга мажбурлашар, айтганларига кўнмасак, уч-тўрт эркак овозимиз чиқмай қолгунча тепкилашар, хўрлашарди...» афсуски бу гаплар ҳам айнан бойлик ортидан қувган бир ўзбек аёлига тегишли.

Маълумотларга кўра, одам савдосидан жабрланганлар сони йилига ўртача 2,7 миллион кишини ташкил этмоқда. Одам савдоси бозори наркотик ва қурол савдосидан кейинги учинчи ўринни эгаллаб келмоқда. Жаҳон бозорида одам савдосидан кўрилаётган йиллик даромад 7 миллиард доллар миқдорида баҳоланмоқда.

Нега бугун миллатдошларимиз ўз аждодлари минг йиллардан буён тарихнинг энг оғир кунларида ҳам амал қилишган дин кўрсатмаларини қўйиб, сафсаталарга ишонишмоқда. Маҳалла, турли тадбир ва жамоат жойларида уларнинг қилмишларидан эҳтиёт бўлишга қанчалик тарғиб этилмасин, уларнинг қармоғига илинганларнинг сони камаймаяпти? Бу савол жавоби сабрсизликдир.Улар сабрни бир четга суриб қўйиб, ҳамма нарсага осонгина эришмоқчи бўлмоқдалар. Қадимда ота-боболаримиз не-не қонли синовларни бошидан ўтказмаган, бир бурда нонга муҳтож бўлган бўлсаларда, лекин ҳеч қачон сабрсизлик қилмаганлар.

Фараз қилинг, бир хонадонда турли сабаблар билан бирор тангчилик бўлди. Оила аъзолари бошқа хонадонга чиқиб кетмайди-ку. Фарзандлар бошқа ота-онани ўзининг ота-онаси деб билмайди-ку.

Аксарият одамлар бойлик ортидан қанчалик югурса-да, ер юзини кезиб чиқсаларда бойликларида ҳам, умрларида ҳам барака, ҳаловатнинг йўқлигидан шикоят қиладилар. Бунга Аллоҳнинг каломи Қуръонда кўрсатиб қўйилган ҳалол йўл билан ризқ излашни унутиб қўйганлари бош сабабдир. Аслида бой бўлишнинг, бойлик, мол-дунё орттиришнинг ягона йўли тақво билан, ҳалол йўл билан бойлик топишдир. Тақводорлик ризқнинг калити ҳисобланади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Кимки Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур. Кимки Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) ўзи унга кифоя қилар. Албатта, Аллоҳ ўзи (хоҳлаган) ишига етувчидир. Аллоҳ барча нарса учун миқдор (меъёр ва муддатни тайин) қилиб қўйгандир» (Талоқ сураси, 2-3-оят).

Аллоҳ таоло ҳар бир жон учун ризқ тайин қилиб қўйган. Банда хоҳ ўз юртида бўлсин хоҳ хорижда бўлсин белгилаб қўйилган ризқгагина эгалик қилади. Ундан ортиғига ҳам камига ҳам эришиб бўлмайди. Айни шу ҳақиқатни ҳар биримиз яхши тушуниб олишимиз даркор. Чунки юртдошларимизнинг хорижга кетишларига ҳам айнан шу ақидага амал қилмасликлари сабаб бўлмоқда. Ота-она дуосини олиб, қалб тинч бўлиб бир бурда бўлсада нонни ўз оила аъзолари атрофида ейишга нима етсин. Аллоҳ бундай марҳамат қилади: «Агар улар Аллоҳ ва Расули уларга ато этган нарсага рози бўлиб: “Бизга Аллоҳ кифоя. Бизга, албатта, Аллоҳ ўз фазлидан ато этур ва Расули ҳам. Биз Аллоҳ (розилиги)гагина рағбат қилувчилармиз, – десалар эди (ўзларига яхши бўлур эди)» (Тавба сураси, 59-оят).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Бойлик мол-мулкнинг кўплигида эмас. Балки   бойлик кўнгил тўқлигидир (Имом Муслим, Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти).

Аллоҳнинг берган неъматига шукр қилиш неъматнинг зиёда бўлишига сабаб бўлади. Ва аксинча, неъматга шукр қилмаслик, неъматнинг завол топишига олиб келади. Аллоҳ бундай марҳамат қилади: «Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир» (Иброҳим сураси,7-оят).

Чиндан ҳам, бугун юртимиз тинч, турмушимиз фаровон. Бироқ бу неъматларнинг қадрига етмай, янада кўпроқ даромад топиш мақсадида фарзандлар, яқинларни ҳам унутиб хорижга кетаётган миллатдошларимиз яхши тушуниб олишлари лозимки аслида ота-она, фарзандлар билан бирга борига шукр, йўғига сабр қилиб, чиройли тарзда умргузаронлик қилиш, фарзандларини ўз юрти, халқи тараққиёти йўлида хизмат қиладиган авлод қилиб тарбиялаш ҳақиқий бойликдир.

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

Видеолавҳалар

Top