muslim.uz
Фиқҳ – фойда-зарарни ўргатувчи фан
Яқинда «Жўйбори Калон» аёл-қизлар ислом билим юртида «Фиқҳ нима зарарли ва нима фойдали эканини билмоқ ва ўрганмоқдир» мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди. Фиқҳ фани мударрисаси Ҳуснигул Ҳалимова ташкиллаштирган давра суҳбатида 3-а ва 1-курс талабалари иштирок этди.
Давра суҳбатининг дастлабки босқичида иштирокчи талабалар фиқҳ илмининг тарихи, ривожи ва аҳамиятига доир масалаларни ёритиб беришди, фиқҳий мазҳабларга таърифлар бериб Ҳанафий мазҳаби, унинг йўлбошчиси Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳ ҳазратларининг ҳаёти ва илмий фаолиятига алоҳида тўхталишди.
Бир неча жумбоқли фиқҳий масалалар тезкор савол-жавоб ва саҳна кўриниши тарзида намойиш этилди.
Билим юрти мудираси Шоира Шодиева давра суҳбатидан маънавий озиқ олганини, ҳар бир инсон фиқҳ илмини ўрганиб ҳаётга татбиқ этмоғи зарурлигини изҳор этди. Бошқа устозлар ҳам, шундай илмий мажлислар кўпроқ бўлса, нафақат талабалар балки устозларнинг ҳам илмий салоҳияти ошишини мамнуният билан эътироф этишди.
Бинобарин, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Динингизнинг энг хайрлиси осон ва қулай бўлгани, ибодатнинг хайрлиси эса фиқҳдир. Аллоҳга қилинган ибодатларнинг энг улуғи – динда фақиҳ бўлмоқ. Битта фақиҳ олим Шайтонни мингта обиддан кўпроқ даҳшатга солади”.
Фиқҳ илми – машаққат-у қийинчиликлардан нажот берувчи бир қўрғон!
Фиқҳ илми – яхшиликка етакловчи, тақвога бошловчи бебаҳо омилдир, дея давра суҳбати якунланди.
Мунира ХЎЖАЕВА,
«Жўйбори Калон» аёл-қизлар ислом билим юрти ўқитувчиси
“Йил имоми – 2017” кўрик танлови ўтказилди
Ислом дини қадриятларини асраб-авайлаш, унинг эзгу таълимотларини халқимизга тўғри ҳолда етказиш бугунги кундаги энг долзарб вазифалардан ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида “Биз бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз”, деб олий минбардан туриб баралла таъкидлашлари фикримизнинг ёрқин исботидир.
Мамлакатимиз тараққиётнинг янги даврида муҳтарам Президентимиз томонларидан диний соҳада олиб бораётган ислоҳотлар айниқса диққатга сазовордир. Ушбу ислоҳотларнинг ҳаётга татбиқ этилишида диний соҳа ходимлари ҳам муносиб иштирок этишларини таъминлаш Ўзбекистон мусулмонлари идораси олдида турган энг олий вазифалардан биридир.
2017 йил 8 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган “Йил имоми – 2017” кўрик-танловининг республика босқичи бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар босқичида биринчи ўринни эгаллаган 14 нафар имом-хатиб беллашди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита вакиллари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходимлари, диний таълим муассасалари раҳбарлари, уламолар, имом-хатиблар ва оммавий ахборот воситаси ходимлари иштирок этди.
“Йил имоми – 2017” кўрик-танловини ўтказишдан мақсад, бугунги кун имом-хатиби ҳам диний ҳам дунёвий билимлар пухта эгаллаши, Қуръони карим оятлари тафсирини мукаммал билиши, дунёда юз бераётган воқеликдан хабардор бўлиб, халқни эзгулик ва бирдамликка чақириши, ёшларга ҳақ билан ботилни етказа билиши каби фаолиятларни янада жадаллаштиришдан иборат. Шунингдек, ҳозирги пайтда дунёда кечаётган мураккаб сиёсий жараёнларда Ислом дини ниқоби остида рўй бераётган уруш ва тўқнашувлар, фитна-фасодлар, бузғунчи ғоялар таҳдидидан аҳолини огоҳ этиб, уларга тўғри исломий таълимотни етказиш каби вазифаларни қай даражада уддасидан чиқаётганларини билиш ҳам мақсад қилиб қўйилган.
Тадбир Қуръон карим тиловати билан бошланди. Шундан сўнг ҳакамлар ҳайъати ва иштирокчилар таништирилди. Мазкур танлов 70 баллик тизимда олиб борилди. Иштирокчилар бирма-бир чиқиб, Қуръони каримдан тиловат қилиш, тафсир қилиш, маънавият ва маърифат, бузғунчи оқимлар, фиқҳ, Ислом тарихи, “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” китоби ва ОАВдаги чиқишлари юзасидан берилган саволларга жавоб беришди. Имом хатибларнинг чиқишлари ҳакамлар томонидан баҳолаб борилди.
Йиғилган баллар бўйича ғолиблар аниқланди. Унга кўра, Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани «Оқилон» жоме масжиди имом-хатиби Исомиддин Аҳроров биринчи ўринни қўлга киритди, унга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг биринчи даражали дипломи ва ноутбук компьютери топширилди.
Тошкент вилояти Қибрай тумани «Саъдулла ота» жоме масжиди имом-хатиби Обиджон Мирҳамидов иккинчи ўринни қўлга киритди, унга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг иккинчи даражали дипломи ва LCD телевизор тақдим этилди.
Навоий вилояти Нурота тумани «Чил Устун» жоме масжиди имом-хатиби Жамолиддин Мубинов учинчи ўринни қўлга киритди, унга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг учинчи даражали дипломи ва кичик иситгич печ берилди.
Шунингдек, ғолиблар ва танловнинг бошқа иштирокчиларига кўрик танлов ҳомийлари бўлган Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамғармаси, “Мовароуннаҳр” нашриёти ва Тошкент шаҳридаги “Қўйлиқ ота” жоме масжиди томонидан қимматбаҳо совғалар топширилди.
Анъанавий тарзда ҳар йили ўтказиб келинаётган ушбу танлов республикамиздаги жоме масжидларда хизмат қилиб келаётган имом-хатибларимизнинг касб маҳоратларини ошириш ва илмий савияларини ошириш билан бирга, мамлакатимизда диний бағрикенгликни таъминлаш, тинч-тотув ҳаётни асраб авлайлаш, аҳолини, айниқса ёшларни ҳар хил нотўғри ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш каби эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Аллоҳ таолонинг Қуръони каримдаги 8 ваъдаси!
Саудия Арабистонида 500 млрд. долларга шаҳар қурилади ва у ерда роботлар хизмат қилади
Саудия Арабистонида чўл бағридан келажак шаҳри барпо этилади. Шаҳар қурилишига 500 миллиард доллар сарфланиши кўзда тутилган. Муҳташам шаҳар режасини кеча валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон маълум қилди. Шаҳар Қизил денгиз бўйида бўлади ва Неом деб аталади. У дунёнинг энг кўз-кўз қилинаётган лойиҳаси деб аталмоқда.
Лойиҳа Қизил денгиз устидан ўтказилиб Саудия Арабистони ва Мисрни боғлайдиган кўприкни ҳам ўз ичига олади. Неомга юксак малакали кадрлар жалб этилади. Жисмоний ишларни эса роботлар бажаради. Уларнинг сони шаҳар аҳолиси сонига боғлиқ бўлади. Неом иқтисодиётининг устувор соҳалари рақамли технология, янги энергетика, биотехнология ва медиа соҳалари бўлади.
Экспертларнинг фикрича, янги лойиҳа валиаҳд шаҳзоданинг катта ислоҳотлар ўтказаётгани ва нефть заҳираси тугаганидан кейин ҳам халқининг тўкин ҳаёт кечиришига эришишга ҳаракат қилаётганини кўрсатади.
Ўз оёғингиз билан келинг!..
Баҳорнинг илк ойлари эди, Чилонзор томонга йўлимиз тушиб, жума намозини “Олтинхон тўра” масжидида ўқийдиган бўлиб қолдик. Ихчамгина, шинамгина масжид экан. Маъруза қилаётган имом-хатиб бир ибратли воқеани ҳикоя қилиб бердики, каминага ғоят жиддий таъсир қилиб кўзимга уч қатрагина ёш ҳам келди. Таъсирчанлик табиатимда борлиги учун шундай бўлдимикан деган хаёлда ёнимдагиларга қарасам, атрофдагилар ҳам жуда мутаассир бўлиб ўтирибди.
Ҳамманинг кўнглигини юмшатган, хаёлимга маҳкам ўрнашиб қолган ушбу воқеани Сиз, азизларга ҳам илинишни ният қилиб, қоралашга журъат қилдим.
Кунларнинг бирида икки курсдош учрашиб қолди. Улар талабалик йиллари қалин дўст эди, ётоқхонада ҳам бир хонада яшаганди, талабаликнинг ғариб қозонини бирга осган, ушбу фараҳбахш даврнинг аччиқ-чучугини бирга тотган эди.
Улардан бирининг талабалик йиллари ўзига хос кийиниш услуби, ҳозирги ифодада айтганда, имижи бор эди: ҳар доим оқ куйлак, кўк шим кияр эди. Ҳозир ҳам ўша имижи ўзгармасдан оқ куйлак, қора шимда юрган эди.
Иккаласи ҳол-аҳвол сўрашгач, ҳашаматли ресторанга кирди. еб-ичиб чақчақлашиб ўтирди. Бир маҳал улардан бири:
– Энди бундай қиламиз, дўстим, пешин вақти ҳам яқинлашиб қолди, ҳозир масжидга кириб пешинни ўқиб оламиз-да, кейин бизнинг уйга бориб гурунгни давом эттирамиз, – деди.
Буни эшитган дўстининг мийиғида истеҳзоли кулгу пайдо бўлди, қимматбаҳо соатининг устига кўрсаткич бармоғини уриб-уриб:
– Дўстим, менинг ҳар бир дақиқам пул. Масжидларга юришга вақтим йўқ менинг. Бу ерда азбаройи сенинг ҳурматинг учун шунча вақтимни бой бериб ўтирдим. Менга телефон рақамингни бер, Ора-сира вақтим бўлиб қолса, хабарлашамиз, – деди.
Ундан бундай муомалани кутмаган дўсти довдираб қолгандек бўлди. Лекин телефон рақамини айтди. Рақамни ёзиб олган дўсти унга:
– Телефонимда сенинг адашларинг жуда ҳам кўп. Шунинг учун сени “қиёматли дўстим” деб қайд этиб қўяман. Шунда сен қўнғироқ қилсанг, дарров таниб оламан, – деди.
Шу билан улар ресторандан чиқиб хайрлашиб ўз йўлларида кетишди. Орадан уч-тўрт кун ўтиб, улардан бирига қўнғироқ бўлди. Қараса, дўстининг рақами. Телефонни очиб:
– Дўстим!.. – деган эди ҳамки, у ёқдан:
– Дўстингиз сизни пешинда фалон масжидда кутади, – деган овоз бўлди.
– Хўп, – деди-ю, нега бировга телефон қилдиради, ғалати одатлари бор-да унинг деб ўйланиб қўйди. Кейин пешиндан чиқиб уйга келармиз балки, деган хаёлда болаларига озгина тайёргарлик кўриб, ихчамгина дастурхон тузаб қўйишни тайинлаб масжидга жўнади.
Масжидга яқинлашганда жаноза ўқишга олиб келинган бир тобутга кўзи тушди. Негадир тобутга кўк тасма боғлаб қўйилган эди. Юраги шув этиб кетди, “Аллоҳ асрасин!” дея кўксига туфлаб қўйди.
Ичкарига кирди, кўз қири билан дўстини қидирди. топа олмади. Намоз ўқилгандан сўнг имом-хатиб “салоти жаноза” деди. Одамлар саф торта бошлади. У тобутнинг тўғрисида турган эди. Юраги ҳаприқиб, бесаранжом бўлди. Тобутга боғланган кўк тасма унга мусибатдан хабар бергандек бўлиб, даҳшатга солаётган эди. Масжид ичида одобсизлик бўлса ҳам дўстига қўнғироқ қилди. Телефонни биров олди. У:
– Дўстим, қаердасан? – деб сўради.
У ёқдан:
– Дўстингиз қаршингизда, тобутда, – деган жавоб бўлди. Бу овоз унга ҳам телефондан, ҳам ташқаридан келаётгандек туйилди. Чап тарафига ўгирилиб қараса, ёнидаги одам жавоб бераётган экан. Ўша киши телефонни дарҳол ўчириб чўнтагига солди-да,
– Марҳумнинг телефонига “қиёматли дўстим” деб ёзилган экан. Шунинг учун биринчи бўлиб сизга хабар қилдим, – деб шивирлади.
Азиз юртдош! Вақтимиз борми, йўқми; истайми, истамаймизми, Аллоҳнинг уйига барибир келамиз. Аммо ушбу даргоҳга одамлар кўтариб келмасидан ўз оёғимиз билан келайлик. Вақтнинг Эгасидан уни баракали, фойдали, мазмунли қилиб беришини сўраб дуолар қилайлик, истиғфорлар айтайлик, гуноҳларимизни кечиришини сўраб илтижолар қилайлик! Шоядки, меҳрибон Парвардигоримиз гуноҳларимизни мағфират айласа!..
Дамин ЖУМАҚУЛ