muslim.uz

muslim.uz

الأحد, 03 تموز/يوليو 2016 00:00

Бутпарастларнинг совғаси

Бангладешнинг бутпарастлар ибодатхоналарининг роҳиблари Мьянмардаги биродарларидан фарқли ўлароқ Ислом динига эътиқод қилувчиларга нисбатан нафрат эмас дўстлик туйғусини билдирдилар.

Рамазон ойининг ҳар куни бутпарастлар ибодатхонаси олдида мусулмонларга ифторлик тарқатилди.

Ушбу ташаббус Осиё мамлакатларидаги мусулмонлар ва бутпарастлар ўртасидаги ноёб  инсонийлик муносабатлари намунасидир.

                                                                       

Чўққини забт этан шайх

Қатарнинг подшоҳлик оиласи вакили Шайх Муҳаммад ат-Тани 7 та турли қитъада жойлашган 7 та чўққини забт этди.

Ат-Тани аввалига баландлиги 5895 метр бўлган Килиманжаро тоғини 2010 йили забт этган. У шунингдек, Эверест тоғи, Анддаги Аконкагуани, Аляскадаги Деналини, Антарктидадаги Эльбрус, Массив Винсонни ва Австралия Алп тизмаларидаги Косцюшко тоғ чўққиларига чиққан.

Халқаро алоқалар бўлими

 

 

Кенг далада ёлғиз ўтирган бир киши ўзига-ўзи шивирлаб, “Ё, Робб менга жавоб бер”, деди. Ўтзордаги майсалардан оҳанг тарар эди. Бироқ уни эшитмасди. “Ё, Робб мен билан гаплаш”, деди. Осмонда момақалдироқ гумбурлади. Бироқ уни эшитмасди. Атрофга назар солди-да “Ё, Робб менга сени кўришликни насиб эт”, деди. Юлдузлар эса ярқираб турарди. Бироқ уни ҳам кўрмасди. Қўлини кўкка қўтариб, “Роббим, менга сени ҳис этишимни насиб эт”, деди. Баҳор келиб, ҳаёт янгидан бошланганди. Бироқ буни ҳам сезмасди. Охири чорасизликдан кўз ёш тўкиб, “Ё Робб, менга Ўзингни борлигингни билдир”, деди. Шунда бир капалак келиб елкасига қўнди.  Бироқ уни қўли билан туртиб ҳайдаб юборди.

«Сиздан (эй, Муҳаммад!) бандаларим Менинг ҳақимда сўрасалар, (айтинг) Мен уларга яқинман....» (Бақара, 186).

Аллоҳнинг яратиб қўйган махлуқотларидан иборат олиш, улар тўғрисида тафаккур қилиш учун инсон қалб кўзи очиқ бўлиши лозим. «Ушбу мисолларни Биз одамлар (ибрат олишлари) учун айтурмиз. (Лекин) уларни фақат олимларгина англагайлар» (Анкабут, 43).

Аллоҳ таолонинг ўз бандаларига қилган насиҳатларини ва ўзининг қудрати ва ҳикмати беқиёс экани тўғрисидаги ақлий далилларни фақат тафаккур этувчи олимларгина тўғри ва яхши англайдилар.

 

Маҳзун бўлманг

Аллоҳ таолонинг раҳмати кенг, Унинг мағфират эшиклари биз учун ҳамиша очиқ. Мўмин-мусулмонлар беш маҳал намознинг ҳар бир ракъатида “Фотиҳа” сурасининг: «(У) Mеҳрибон, Раҳмли» оятини тиловат қилганда, бир кунда 64 маротаба Аллоҳнинг Меҳрибон ва Раҳмли эканлигини зикр қиладилар.

Қуръони каримда “раҳмат” ва унга боғлиқ бўлган 315 дан ортиқ сўзлар учрайди. Ростгўйлик – 145 марта, сабр – 90 марта, афв – 43 марта, саҳийлик – 42 марта, тўғрилик – 40 марта, содиқлик – 29 марта, одиллик – 24 марта, беозорлик – 15 марта зикр этилган.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Аллоҳнинг юзта раҳмати бордир. Улардан биттасини жин, инс, ҳайвонот ва ҳашаротлар орасига нозил қилгандир. Бас, ўша ила улар бир-бирларига меҳр ва раҳм кўрсатадилар. Ўша ила ваҳший ҳайвон ўз боласига меҳр кўрсатади. Аллоҳ тўқсон тўққизта раҳматини кейинга қўйган. Улар ила қиёмат куни бандаларига раҳмат кўрсатади, дедилар (Муслим ривояти).

Бошқа бир ҳадисда Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам): Аллоҳ халойиқни халқ қилганда Ўз Китобига «Албатта раҳматим азобимдан ғолиб келадир», деб ёзиб қўйди, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Шундай экан, агар дуоингиз қабул бўлмаса маҳзун бўлманг. Абу Саъийд Худрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Бир мусулмон гуноҳ қилмай, силаи раҳмни узмай туриб дуо қилса, албатта, унга уч нарсадан бирини беради. Ё сўраган нарсасини тезда беради. Ёки унинг мукофотини охиратга олиб қўяди. Ёхуд унга тенг ёмонликни ундан даф қилади, дедилар. Ундоқ бўлса, кўпайтирилар экан-да?, дейишди. Аллоҳ кўпайтирувчироқ! дедилар.

Агар касал бўлсангиз ёки бирор кўнгилсизликка дучор бўлсангиз, бу Аллоҳ сизга ғазаб қилгани ёки жазолаганини билдирмайди. Бу ҳам Раҳмат. Зеро, мусибат орқали Аллоҳ ўз бандаларини синаб, Ўзига яқин қилади ва гуноҳларни мағфират этади. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Мусулмонга қай бир мусибат: чарчашми, беморликми, ташвишми, хафачиликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки тикан киришми етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини каффорат қилур”, дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Агар бошингизга бирор мусибат тушса, бу Аллоҳнинг сизга ёмонликни исташи эмас. Бу ҳам Раҳмат. Бу билан Аллоҳ сизга ўзининг яхши кўрган бандаларидан бири бўлиш имконини берган бўлади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу ҳақда бундай деганлар: Яхшиликлар катта синовлар билан келади. Қачонки Аллоҳ бир бандасини яхши кўрса, Аллоҳ ўша бандага бир синовни юборади. Агар банда синовга сабр қилса, Аллоҳнинг раҳматига эришади, аммо сабрсизлик қилса Унинг ғазабига дучор бўлади.

Агар бирор савобли амал қилсангиз ҳам буни Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ила адо этганингизни унутманг. Лекин гуноҳ иш содир этсангиз дарҳол тавба қилиб, Аллоҳга истиғфор айтинг. Зеро, «Албатта, Аллоҳ одамларга нисбатан меҳрибон ва раҳмлидир» (Бақара,143.)

 

 Даврон НУРМУҲАММАД

 

الجمعة, 01 تموز/يوليو 2016 00:00

Зиёратчиларимиз миннатдор

   “Умра – 2016” Рамазон мавсуми ўтган йиллардаги мавсумлар каби Юртбошимиз Фармонларига мувофиқ тузилган “Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Жамоатчилик кенгаши”нинг қарорлари ва тавсиялари асосида ташкил этилмоқда.

Зиёратчиларга қулайлик яратиш мақсадида ҳар бир зиёратчига ТИУга қарашли “Зиё”студияси билан ҳамкорликда умра амаллари ҳақида тўлиқ маълумот берувчи Умра қўлланмаси китобчаси ва видеодиски тайёрланди.  Шунингдек, уларга Ўзбекистон рамзи туширилган нимча ва сумка тарқатилди. Булардан ташқари, ҳар бир ҳаж ва умра сафарига борувчиларни тиббий томонлама қўллаб-қувватлаш борасида ҳукуматимиз томонидан эътибор кучайтирилди. Жумладан, улар грипп ва менингококкнинг олдини олиш учун тиббий кўрикдан ўтказилиб, эмланди.

Шу йилнинг 25, 27 ва 28 июнь кунлари  “Умра – 2016” Рамазон мавсумининг ишчи гуруҳи аъзолари, ошпазлар, шифокорлар, гуруҳ раҳбарлари ва зиёратчилардан иборат 672 нафари умра арконларини бажариш мақсадида Саудия Арабистонига жўнатилди. Жидда шаҳри аэропортида уларни кутиб олишда ишчи гуруҳи аъзолари ва “Ал-Ҳидоя” ҳамкор ширкат вакиллари хизматда камарбаста бўлди. Ҳамкоримиз “Ал-Ҳидоя” ширкати томонидан Маккаи мукаррамада “Масжид ал-Ҳаром” дан 600 м. узоқликда жойлашган 4 юлдузли “Аброж ал-Кисва” ва Мадинаи мунавварада Ҳарами набавийдан 150 метр узоқликда жойлашган “Сафва Мавадда” меҳмонхоналарида зиёратчиларимизга юқори савияда хизмат кўрсатилмоқда. Шунингдек, уларни Жидда аэропортидан Мадина шаҳрига олиб бориш, Мадина шаҳридаги қадамжоларига олиб чиқиш, ундан Макка шаҳрига ташиш ва у ердаги зиёратгоҳларга олиб чиқишда замонавий шинам автобусларда хизмат кўрсатилмоқда.

Меҳмонхоналарга жойлашгач, юртдошларимизга моҳир ошпазларимиз томонидан тайёрланган ифторлик ва саҳарлик таомлари тақдим этилмоқда. Шунингдек, ҳар бир зиёратчига адашиб қолмаслиги учун меҳмонхона маълумотлари акс этган билак тасмаси ва меҳмонхона карталари тарқатилди.

Зиёратчиларимиз Мадинага келганларининг эртасидан ҳамда Маккага келганининг иккинчи кунидан бошлаб “Қубо” ва “Қиблатайн” масжидлари, Уҳуд тоғи, “Нур” тоғи, “Мино”, “Муздалифа” ва “Арофот” водийсига зиёратга олиб чиқилмоқда ва улар мазкур муқаддас қадамжолар тарихи билан таништирилмоқда. Зиёратчилар ўз ибодатларини эмин-эркин, кўтаринки руҳда адо этмоқдалар. Улар умра ибодатини бажариш давомида 3 кун Мадинада ва 7 кун Макка шаҳрида бўлишади.

     Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунаввара шаҳарларидаги меҳмонхоналарда эркаклар ва аёллар учун алоҳида тиббиёт марказлари ташкил этилган бўлиб, мурожаат этишни истаган умрачиларимизга тиббий ёрдам шу ернинг ўзида кўрсатилиши имконияти тўла таъминлаб берилди. 

“Умра – 2016” мавсумининг рамазон мавсуми зиёратчиларини кутиб олиш ишлари шу йилнинг 5 июлидан 9 июлига қадар ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Зиёрат чоғида юртдошларимиз муқаддас Макка ва Мадина шаҳарларида бўлиб, умра ибодатини адо этишлари давомида кўзда ёш билан яратиб берилган имконият ва шароитлардан мамнун ҳолда Юртбошимиз, ҳукумат раҳбарлари ҳамда ишчи гуруҳи аъзолари ҳақига хайрли дуолар қилмоқда.

25 йиллик тарихга эга истиқлолимиз шарофати билан Умра амалларини адо этиш йўлида мол-дунё сарфлаб, довонлар ошиб, муқаддас диёр – Маккаи мукаррамада Каъбаи муаззамани тавоф қилиш бахтига муваффақ бўлган азиз юртдошларимизни жонажон Ватанига, ота-она, фарзандлари бағрига соғ-саломат қайтишларини Аллоҳ таолодан сўраб, Яратган парвардигор зиёратингизни қабул этиб, гуноҳларингизни мағфират айласин, деб қолгаймиз.

   

                                                                     ЎМИ ходими И. Аҳмедов тайёрлади.

 

 

الجمعة, 01 تموز/يوليو 2016 00:00

3,5 соатгина соим

Сўнгги йилларда муборак Рамазон ойи ёз мавсумига тўғри келгани боис, дунё бўйлаб мусулмонлар ўртача 15 соат соим бўлишди. Бироқ Уммон Султонлигининг тоғли ҳудудида жойлашган Вакан қишлоғи аҳолиси бор-йўғи 3,5 соат рўза тутишади, холос. Ҳамма гап шундаки, ушбу қишлоқда қуёш соат 11:00 да чиқиб 14:30 да ботар экан. Уммон пойтахтидан 150 километр узоқликдаги мазкур қишлоқ ҳозирда кўпчилик сайёҳларни ўзига жалб қилмоқда. Бутун дунё сайёҳлари мазкур ўлкага айнан тонг отиши ва ботишини томоша қилиш учун ташриф буюришмоқда. Энди, Чили ёки Австралия мусулмонларининг оғизлари 9 соатгина ёпиқ  бўлади, деган маълумотимиз ҳолва бўлиб қолди.

 

Азизхон ҲАКИМОВ

тайёрлади.

الجمعة, 01 تموز/يوليو 2016 00:00

Масжидлар таъмирланади

Макка амири Қирол Холид Фейсал мамлакатнинг турли қисмларида, хусусан, Жидда шаҳрида жойлашган 8 та қадимий масжидларни қайта таъмирланишини маълум қилди.

Масжидларни қайта таъмирлаш лойиҳаси мамлакатнинг “Миллий мерос ва туризм” комиссияси ҳамда Ислом ишлари вазирлиги билан ҳамкорликда олиб борилади. Ҳозирда Қиролликда фаолият олиб бораётган 800дан ортиқ масжид қайта кўриб чиқилмоқда, улардан Ар-Риёд, Асир, Мадина ва Жиддадаги 21та қадимий масжидлар қайта таъмирланди.     

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади.

Видеолавҳалар

Top