muslim.uz

muslim.uz

Афғонистонда тинчлик жараёнига бағишланган Истанбул анжумани бошқа муддатга қолдирилди. Анжуман 24 апрель куни бошланиши белгиланган эди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

«Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли бу ҳақда маълум қилди, – деб хабар бермоқда «Анодолу» ахборот агентлиги. – Туркия дипломатияси раҳбарининг сўзларига кўра, форум муқаддас Рамазон ойи охирида ташкил этилади».

Эслатиб ўтамиз, 24 апрель – 4 май кунлари Истанбулда бўлиши керак бўлган халқаро анжуманга Ўзбекистон ва бошқа қатор давлатлар ҳамда халқаро тузилмалар вакиллари таклиф қилинган эди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Қўлни ювган заҳоти аъзони силашга масҳ дейилади. Ёки аъзоларни ювганидан кейин масҳ қилинадиган ўринларни нам қўл билан силаш масҳ бўлади. “Масҳ” деб луғатда нам қўлни юргизишга айтилади.

Масҳ қилингандан кейин қўлда қоладиган намлик бошқа аъзони масҳ қилишга ярамайди. У хоҳ ювиладиган, хоҳ масҳ қилинадиган аъзо бўлсин. Маҳсига ва ярага масҳ тортиш ҳам худди шу шундай.

Ҳанафий мазҳабида бошнинг тўртдан бирига масҳ тортиш фарз, ҳамма жойига бир марта масҳ тортиш эса суннатдир.

Бошқа мазҳабларда бироз фарқли. Яъни, оятни бошқа тарафдан таъвил қилган Имом Шофиъийга кўра, бошдаги бир ёки уч тола сочга масҳ тортиш ила фарз адо бўлади. Моликийларга кўра эса бошнинг ҳамма жойига масҳ тортиш фарз ҳисобланади. Уларнинг зикр қилишича, “Қўлимни деворга суртдим, дейиш билан деворнинг ҳамма жойи назарда тутилади. Чунки девор жамланган исм, ундан барча жойлари ҳам ўша девордан, деб ҳисобланади.

Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳорат қилиб пешонаси (бошнинг пешона қисми)га масҳ тортди ва салласи ҳамда икки маҳсисига масҳ тортди” (Имом Муслим ривояти). Бу ҳадисдан пешона қисмига масҳ тортишнинг суннат экани таъвил қилинган. Демак, бош бармоқни сочга бир марта ёки уч марта теккизиш билан бош масҳ қилинган, бўлмайди.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ наздида соқолнинг тўртдан бирини хилол қилиш фарз. Тўртдан бири деганда, юздан сўнг бошнинг тук чиққан жойининг тўртдан бир бўлаги тушунилади.

Мазҳабимизда Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳга хилоф равишда соқолнинг учигача сув теккизиш вожиб эмас (унда бўйиндаги ва юздаги тукларни ҳамда киприкчалик соқол бўлса ҳам уни ювиш вожиблиги айтилган. Аксинча бўлса, зоҳири, яъни кўриниб турган қисми ювилади).

Иккала ривоятдан ҳам машҳурроғи Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг ривояти: “Юзни тўсиб турган тукни хилол қилиш фарз”. Қозихоннинг “Шарҳу Жомиъус сағир”ида ҳам шундай дейилган. Бу соқоли тутамланадиган даражада узун бўлган кишиларга тегишлидир. Агар соқоли калта бўлса, унинг тагига сув етказиш вожиб бўлади.

Таҳорат қилиниб, сўнгра тирноқлар олинса, қайта таҳорат қилиш шарт бўлмаганидек, масҳ қилинганидан сўнг соч олинса ҳам уни қайтадан масҳ қилиши шарт эмас.

Соқолни ва панжаларни хилол қилиш, уч бор ювиш ва бошнинг ҳамма жойига бир марта масҳ тортиш ва унинг суви билан икки қулоққа масҳ тортиш, ният ва тартиб Ҳанафий мазҳабида суннатдир (“Шарҳул виқоя”).

Бошга бир марта масҳ тортиш Имом Шофиъий раҳматуллоҳи алайҳга хилофдир. Чунки шофиъийлар бошга уч марта масҳ тортиш суннат, деб ҳисоблайди.

Бошга олган сув билан қулоққа масҳ ҳам тортиш Имом Шофиъий раҳматуллоҳи алайҳга хилофдир. Яъни, шофиъийларга кўра, икки қулоққа масҳ тортиш учун янги сув олиш суннат бўлади.

Таҳоратда соқолни, бармоқлар орасини хилол қилиш, ҳар бир аъзосини уч мартадан ювиш, бошнинг ҳамма жойига бир марта масҳ тортиш суннатдир. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: “Қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳорат олсалар, кафтларига сув олардилар. Сўнгра қўлларини иякларининг тагига киргизиб, соқолларини хилол қилардилар ва: “Раббим менга шундай қилишни буюрган”, дердилар”  (Имом Абу Довуд ривояти).

Соқолни ўнг қўл билан бўйин тарафдан бошлаб хилол қилинади. Қўл панжаларининг орасини хилол қилиш учун бармоқларни бир-бирининг устидан орасига киргизилади.  Оёқ панжаларини орасини чап қўлнинг кичик бармоғи ила хилол қилинади. Бунда ўнг оёқнинг кичик бармоғидан бошлаб чап оёқда тугатилади (“Умдатур риоя”).

Таҳоратда ювиладиган  ҳар бир аъзони уч мартадан ювиш суннатдир. Аммо уч марта масҳ тортиш талаб этилмайди. Агар шундай қилинса, бидъат бўлади (“Раддул муҳтор”, “Татархония”). 

Изоҳ: Айрим уламолар бошнинг ҳамма жойига масҳ тортиш суннат ёки мустаҳаблиги тўғрисида баҳслашишган.

Бизнинг мазҳабимизда, Шофеъийлардан фарқли ўлароқ, бошга бир марта масҳ тортилади. “Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу таҳорат олди. Шунда аъзоларини уч мартадан ювди. Бошига эса бир марта масҳ тортди. Ва айтдики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таҳоратлари мана шундай эди” (Имом Термизий ривояти).

Бошга олган сув билан дейилганида, бошга масҳ тортиш учун ҳўлланган қўл билан икки қулоққа масҳ тортиш тушунилади. Шофеъийларда эса икки қулоққа масҳ тортиш учун янги сув олиш суннатдир. Олаётган таҳорати билан намоз ўқишни ният қилиш, Қуръонда баён этилган тартиб асосида таҳорат олиш суннатдир. Шофеъийларда эса ният ҳам, тартиб ҳам фарздир.

Бошга масҳ тортиш тартиби бундай: икки қўлни янги сув билан ювиб ташлаб, қўлни бошнинг олд тарафидан бош ва кўрсаткич бармоғидан бошқа панжаларини қўйиб, бўйин тарафга тортилади. Бўйиннинг соч чиққан жойидан қайтариб кафти билан бошнинг икки ён тарафини силаб, пешонанинг соч чиққан жойигача келинади. Сўнг бош ва кўрсаткич бармоқ билан қулоқ орти ва чуқурчаларини масҳ қилинади (“Раддул муҳтор”, “Тобиинул ҳақойиқ”, “Ал-Минҳон”).

 

Убайдуллоҳ ибн Масуъднинг “Шарҳул виқоя” асари асосида

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Абдувоҳид ЎРОЗОВ тайёрлади.

Франциянинг оммабоп «GEO» сайёҳлик нашри «My Tour Live» компанияси билан ҳамкорликда француз саёҳатчилари учун навбатдаги жонли виртуал экскурсияни ташкил этиш учун Самарқанд шаҳрини танлади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Регистон майдонига виртуал ташриф 23 апрель, жума куни соат 20:30 дан 21:30 гача режалаштирилган.

Нашр «Карантин чоралари ва саёҳатларни чеклашни вақтинча унутишни, клавишларни бир неча марта босиш орқали Марказий Осиёдаги мамлакат ва Ипак йўлидаги улуғвор жой – Ўзбекистонга боришни» таклиф қилган.

Ҳаяжонли виртуал саёҳатга тажрибали гид ҳамроҳлик қилади. У ушбу манзил сирларини очишдан ташқари, реал вақтда батафсил маълумот бериш билан бирга, барча саволларга жавоб беради. Бу Самарқанд кўчаларида сайр қилиш учун жонли равишда тақдим этилган ҳақиқий экскурсиядир.
«Самарқанддаги Регистон майдони – Марказий Осиёдаги энг гўзал жойлардан биридир. Буюк ипак йўли даврида Регистон дунёдаги энг йирик савдо чорраҳаси бўлган. XV асрдан буён бу ерда учта мадраса, масжид ва саройлар бунёд этилган. Улар сеҳрли мовий ранглар билан қопланган олтин ҳаттотлик гумбазлари билан безатилган», деб хулоса қилади «GEO» .

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Умар ибн Абдулазиз розияллоҳу анҳу илм олиш ёки одамларга илм бериш учун ўзини бағишлаган ҳар бир кишига давлат хазинасидан  доимий тарзда муайян маош бериб борилишига амр қилганлар. Сўнг бу шарафли вазифани барча одамлар хайрия вақфи шаклида яхши адо этиб турганлар. Бугунги кунда ҳам бу масъулият саховатпеша мусулмонларнинг вожиб-вазифаларидир: улар иқтидорли талабаларнинг моддий таъминотини етказиб беришни кафолатга олишлари лозим. Зеро, бу иш Аллоҳ таолони наздида ажри буюк амаллардандир ҳамда мусулмонларнинг келажаги учун – нақадар ажри буюк амал бўлмиш – етимни ўз қарамоғига олишдан ҳам самараси улкандир.

Мусулмонлар учун уламоларни бой бериш офат ва мусибатлар ичида энг каттасидир. Ахир, бу уммат уламолари вафоти туфайли бошига тушаётган мусибатларининг ўрнини қандай қоплайди?! Бу эса албатта, ўз фарзандларидан иқтидорлиларини шаръий илмларни ўрганишга йўналтириш ҳамда уларни илм олишдан чалғитувчи ҳар қандай омиллардан ҳар томонлама – ақлий ва жисмоний – холи этиш билан амалга ошади. Бунинг учун таъминот керак!

Мусулмонларнинг уламоларни бой бериш офатини бартараф этиш ҳақида сўз очмаслиги ва бу борада жиддий фикр юритмаслиги бу офат устига офатдир, дард устига чипқондир! Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъун.

 

"Ҳадис илми мактаби" ўқитувчиси Баҳодир БАҲРОМЖОН ўғли

الجمعة, 23 نيسان/أبريل 2021 00:00

Малайзияда Рамазон бозорлари очилди

Мамлакат пойтахти Куала-Лумпурнинг марказий майдонларидан бирида муҳташам Ҳиндистон масжиди ёнида, Рамазон бозори яна очилди. Унда мусулмонлар деярли ҳамма нарсани сотиб олишлари мумкин, деб хабар бермоқда" Большая Азия ".

"Бу йил Рамазон бозорларимизни қайта очилгани учун ҳукуматдан жуда хурсанд ва миннатдорман!, – дея ўз ҳиссиётларини яширмайди Дўкон эгаси Робия Аҳмад . – Одамлар вазият яхшиланиб бораётганини ҳис қилишмоқда. Гарчи ҳали ҳам ниқоб кийиш ва барча кўрсатмаларга амал қилиш керак бўлса-да".

– Бу йил яна савдога қайтиш имкониятига эга бўлганим биз учун жуда муҳим, – дейди сотувчи аёл Риена Амелия ҳамкасбига қўшилиб. – Акс ҳолда яшашим қийин бўларди. Қўлга киритилган пул оила бюджетини тўғрилашга имкон беради, жуда хурсандман!".

"Ўтган йили ширинликларни фақат онлайн тарзда сотишимиз мумкин эди," – дейди сотувчи Майзатул Ҳасана. - Энди бизда яна даромад манбаи бор, шунинг учун жуда хурсандман!".

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top