muslim.uz
Саудиялик талаба бутун дунё бўйлаб эшитиш қобилияти бузилган инсонлар ҳаётини ўзгартиришга ёрдам беради
Қирол Сауд университети талабаси Ренад Ҳуссайннинг ихтироси сайёрамизда 644 миллион нафар эшитишда нуқсони бўлган одамларга автомобилни бошқаришга ёрдам бериши мумкин, деб хабар беради Emirateswoman сайти.
Қирол Сауд университети (Саудия Арабистони) тиббиёт факультети талабаси Ренад Ҳуссайн кар одамларга автомобилни бошқаришга ёрдам берувчи тизимни ихтиро қилди. Акустик датчиклар транспорт воситаларининг ташқарисидаги товушларни ўзгартиради ва мўлжал олишга имкон берган ҳолда уларни автомобиль ичидаги экранга тасвир ва ранг кўринишида юборади. Ушбу ютуқ учун у 2020 йилда дунёдаги энг яхши аёл ихтирочи сифатида Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти Кубогига сазовор бўлди.
Исламосфера нашрининг маълумотга кўра, Ренад Ҳумсайннинг ютуқлари биринчи марта юқори баҳолангани йўқ. У 2019 йилда Малайзияда ўтказилган халқаро ихтиро ва инновациялар кўргазмасида олтин медални, шунингдек 2020 йилда дунёдаги энг яхши ихтиро учун Корея халқаро Олимпиадасида олтин мукофотни қўлга киритди.
ЖССТ 2050 йилга келиб дунё бўйича 900 миллиондан ортиқ киши эшитиш қобилияти заиф бўлади, деб тахмин қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Даврий нашрларда: Имом Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)
Тўлиқ исми – Нўъмон ибн Собит Куфий. 80-ҳижрий йили Куфа шаҳрида туғилган. Асосан шу шаҳарда яшаб, 150/769 йили70 ёшда Бағдодда вафот этган.
Ёшлигида тижорат билан шуғулланган. Имом Шаъбийнинг тавсияси билан илм ўрганишга киришади. Йиллар ўтиб, Нўъмон етук аллома – Абу Ҳанифа бўлиб етишади. Ўша пайтда Куфа Ислом оламининг илм марказларидан бири бўлиб, масжидлар дарс ҳалқалари билан тўла эди. Кўплаб саҳоба ва тобеинлар у ерда яшардилар.
Шу боис Абу Ҳанифанинг илм талабида бошқа ўлкаларга чиқишига зарурат туғилмади. Чунки Куфа илм билан, олимлар билан тўлибтошганди. Имоми Аъзам раҳимаҳуллоҳ дастлаб калом илми билан шуғулланиб, бидъатчилар ва адашган фирқа вакиллари билан кўп баҳслашади. Кейинроқ бу одат саҳоба ва тобеинларнинг йўли эмаслигини билгач, калом илмини қўйиб, фиқҳ ўрганишга киришади.
Куфа фақиҳи Ҳаммод ибн Абу Сулаймон раҳимаҳуллоҳнинг дарс ҳалқасига қатнаб, асосий илмларни у зотдан ўрганади. Ўша пайтда Абу Ҳанифанинг ёши 22 да эди. У устозидан ўн саккиз йил мобайнида таълим олади. Жидду жаҳди, ҳаракатчанлиги, сабр ва матонати туфайли Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ устозининг хос шогирдига айланди. Устози бирор муҳим иш билан сафарга кетадиган бўлса, дарс ҳалқасига уни бошлиқ қилиб қўярди. Бу эса у зотнинг вафотидан кейин Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг устоз бўлишига ишора эди.
Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ саҳобаларни кўргани билан ҳам бошқа мазҳаббошилардан ажралиб туради. Ҳофиз Заҳабий “Тазкиратул ҳуффоз” асарида Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳуни Куфага келганларида бир неча марта кўрганини зикр қилади. Дарҳақиқат, ўша пайтда саҳобалардан бир нечаси, жумладан, Абдуллоҳ ибн Абу Авфо, Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳум ҳаёт бўлган. Саҳобаларни кўриб, улардан ҳадис ривоят қилиш бахти мазҳаб имомларидан фақатгина Абу Ҳанифага насиб этган.
Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг фиқҳга бўлган иқтидори ва бор аҳамиятини ижтиҳод ҳамда фиқҳни ўргатишга қаратгани ҳанафий мазҳабининг ривожланишига туртки бўлди. Ижтиҳодида ўзининг фиқҳи ва раъйини намоён қиладиган ёрқин йўлни, шогирд-талабаларга эса фиқҳни ўргатиш борасида ажойиб услубни танлади. Натижада кўплаб фақиҳлар етишиб чиқди. Шогирдлари ҳам у зотга истинбот қилиш ва масалаларни ўрганишда шерик бўлишди. Улар устозлари вафотидан кейин ҳам бу ишларни давом эттиришди. Бу эса Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ мазҳабининг ривожланишига катта ёрдам берди.
“Ҳанафий фиқҳи тарихи, манбалари ва истилоҳлари”
китоби асосида тайёрланди.
“Ислом Нури” диний-маърифий газетасининг 2020-йил, 22-сонидан
Фиқҳ фани: Убайдуллоҳ ибн Масъуднинг таржимаи ҳоли (аудио)
Бангладешлик сайёҳларни Фарғона вилояти бўйлаб зиёрат туризмига жалб этиш масаласи кўриб чиқилди
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Бангладешнинг Ўзбекистондаги элчиси Муҳаммад Жаҳонгир Алам билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Вилоят ҳокимлиги маълум қилишича, тадбирда Фарғонадан Бангладешга авиақатновлар йўлга қўйиш, зиёратчи туристларни жалб этиш, тўқимачилик маҳсулотларини биргаликда ишлаб чиқиш масалалари хусусида фикр алмашилди.
Фарғона вилоятининг тўқимачилик соҳасидаги улкан имкониятларини қайд этган Жаҳонгир Алам бундай маҳсулотлар экспорт ҳажми бўйича дунёда етакчи мамлакатлардан бири бўлган Бангладешнинг илғор компаниялари вилоятда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдираётганини таъкидлади.
Ўз навбатида, Фарғона вилояти ҳокими дунё бозорида ўз мустаҳкам ўрнига эга бўлган Бангладеш тўқимачилик компанияларининг ҳудудда амалга оширадиган лойиҳаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканини таъкидлади. Ҳамкорлик кўламидан келиб чиқиб вилоятда Бангладеш компаниялари учун махсус эркин иқтисодий зона ташкил этиш истиқболлари бўйича фикр алмашилди.
Бангладешлик сайёҳларни Фарғона вилояти бўйлаб зиёрат туризмига жалб этиш, “Фарғона-Дакка-Фарғона” авиақатновини йўлга қўйиш, таълим соҳасида мутахассислар алмашинувини ташкил этиш масалалари хусусида ҳам сўз юритилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Таҳорат – инсонни гўзал қилади
Бизда таҳорат деб ўрганиб қолинган маълум ва машҳур амал арабчада «вузуъ» дейилади. «Вузуъ» сўзи луғатда «гўзаллик» ва «ялтираш» маъноларини билдиради. Шариатда эса Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш нияти билан баъзи аъзоларни ювиш «вузуъ» деб айтилади.
Таҳорат энг аввало, Аллоҳ таоло томонидан амр қилинган ибодатдир. У мусулмон инсоннинг гуноҳлари мағфират қилинишига сабаб бўлади. Таҳорат поклик демакдир. У инсонни гўзал қилади. Соғлом бўлишини таъминлайди ва яна бошқа кўплаб фойдалар келтиради.
Аллоҳ таоло мусулмонларни ҳар бир ибодатга таҳоратли ҳолда киришига буюрган. Таҳоратсиз намоз қабул бўлмайди. Бир кунда беш вақт намоз ўқийдиган одам доимо таҳорат билан покланиб юриши керак.
Аллоҳ таоло Моида сурасида марҳамат қилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ إِذَا قُمْتُمْ إِلَى الصَّلاةِ فاغْسِلُواْ وُجُوهَكُمْ وَأَيْدِيَكُمْ إِلَى الْمَرَافِقِ وَامْسَحُواْ بِرُؤُوسِكُمْ وَأَرْجُلَكُمْ إِلَى الْكَعْبَينِ
«Эй иймон келтирганлар! Намозга турсангиз, юзларингизни ва қўлларингизни чиғаноқлари ила, бошларингизга масҳ тортиб, оёқларингизни тўпиқлари ила ювинглар» (6-оят).
Ушбу ояти каримадан ҳанафий мазҳаби уламолари таҳоратда тўртта фарз борлигини олишган. Булар қуйидагилардан иборат:
- Юзни ювиш.
- Қўлларни чиғаноқлари билан қўшиб ювиш.
- Бошга масҳ тортиш.
- Оёқларни тўпиқлари билан қўшиб ювиш.
Уламоларимиз таҳорат борасида келган ҳамма ҳадис ва манбаларни ўрганган ҳолда ишлаб чиққан таҳорат одобларига, бу борадаги қоидаларга назар соладиган бўлсак, бу ҳақиқатни яна ҳам тўлароқ тушуниб етамиз.
Таҳорат одоблари қуйидагилар:
- Қиблага қараб ўтириб таҳорат қилиш зарур. Таҳорат ибодат бўлгани учун уни қиблага қараб қилиш керак бўлади.
- Баланд жойда ўтириб таҳорат қилиш лозим. Ишлатилган сувлар бадан ёки кийимларга сачрамаслиги учун шундай ва бундан бошқа қулайликларга эга бўлиш талаб этилади. Мисол учун, совуқ ўлкаларда офтобда таҳорат қилиш қулай бўлса, ўта иссиқ ўлкаларда офтобда таҳорат қилиш кўп ноқулайлик ва қийинчиликлар туғдиради. Шунинг учун таҳорат қиладиган жой ва шароитлар қулай қилиб олинса, яхши бўлади.
- Таҳорат қилишда узри бўлмаса, бировнинг ёрдамидан фойдаланмаслик керак. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аксар ҳолларда шундай қилганлар. Ибодатда мутавозелик, ҳамма нарсани ўзи бажариши афзал саналади.
- Таҳорат пайтида гапирмаслик даркор. Балки Аллоҳнинг зикри ва дуо билан машғул бўлиш мақбулдир.
- Узуги бор одамлар уни бир қимирлатиб остига сув етказиши лозим.
- Оғзига ва бурнига ўнг қўл билан сув олиб, бурунни эса чап қўл билан тозалаб қоқиш керак.
- Шошилиб қолмаслик учун намоз вақти кирмасидан таҳорат қилишни бошлаш керак.
- Сувни исроф қилмаслик талаб этилади.
- Ишлатиш осон бўлиши учун таҳорат суви солинган идишни ўнг томонига қўйиб олса қулай бўлади.
- Қалбдаги ният билан тилдаги гапни бирлаштириш.
- Ҳар бир аъзони ювганда «Бисмиллаҳ»ни айтиб, дуо ўқиш.
- Таҳорат қилиб бўлгандан кейин «калимаи шаҳодат»ни ва ривоятда келган дуони ўқиш.
- Таҳорат қилиб бўлгач, икки ракат намоз ўқиш.
Мусулмон инсон кундалик ҳаётида доимо баданининг маълум қисмлари пок ҳолда юриши учун таҳорат етарлидир. Исломда таҳоратнинг ўзи билан кифояланиб қолинмайди. Балки мусулмон инсонга бутун баданини пок тутиш учун Аллоҳ таоло ғуслни ҳам фарз қилган.
«Олам ва одам, дин ва илм» китоби асосида тайёрланди