muslim.uz
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаклу шамойиллари (Аудио)
Пайғамбар алайҳиссаломга бўлган муҳаббатнинг аломатлари (1-қисм)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тўлалигича итоат этиш; У зот келтирган барча нарсани лозим тутиб, у зот қайтарган ишлардан четланиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат этиш - у зотга бўлган муҳаббатнинг асосидир.
Севикли Расулимиз сoллaллоҳу алайҳи васаллам ва ҳаниф динимизни бор имконият ила муҳофаза қилиш;
Дунёдаги энг катта армонингиз Муҳаммад алайҳиссаломни кўролмай қолганингиз бўлса ва у зот алайҳиссаломни кўришни завқу шавқ ила орзу қилсангиз...
Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан яшаган саҳобалардан ибрат олиш; Уларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатларига ҳавас қилиш...
Қиёмат куни у зот алайҳиссалом ва саҳобалар розияллоҳу анҳум билан жамланишни чин дилдан сўраш; Мусулмон одам Муҳаммад алайҳиссаломнинг улуғликларини ҳис эта олса, қалбидаги муҳаббати зиёда бўлади. Бунинг учун у зотни танишимиз лозим. (У зотни таниш учун нима қилдик?)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кечаю кундуз чиройли саловатларни кўпайтириш ва кўп эслаш қалбдаги муҳаббатимизни зиёда қилади. У зот алайҳиссалом бизга яқин эканларини ҳис этиш. У зот алайҳиссалом бизни яхши кўрганларини ва барча яхшиликларни бизга илинганларини тафаккур қилиш...
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтларини яхши кўришимиз, у зот алайҳиссалом яхши кўрган жойлар, сўзлар, таомлар, либослар ва у зот суйган энг кичик нарсаларга ҳам муҳаббатли бўлишимиз...
Ҳаётимизнинг ҳар бир ҳолатида севикли Расулимизнинг суннатларига эргашиш ва муборак ҳаётларини тадаббур билан чуқур ўрганиш...
Аллоҳ таоло бизларга ота-онамиздан кўра меҳрибонроқ бўлган зот Муҳаммад алайҳиссаломни ҳақиқий яхши кўришимизни насиб этсин! У зот алайҳиссалом марҳамат қилганларидек:
إن المرأ يحشر مع من أحب
“Киши (Қиёмат кунида) ўзи суйгани билан бирга жам қилинади“... Ё Расулаллоҳ! Биз сизни яхши кўрамиз ва саҳобаларингизни яхши кўрамиз!
(давоми бор)
Абул Юср
Бир савол сўрасам: Зиёратгоҳда сўйилган жонлиқнинг гўштини тарқатса бўлади-ми?
— Зиёратгоҳларда жонлиқ сўйса бўлади-ми? Уйдан сўйиб бориб, гўштини пишириб, хомини қўшниларга тарқатса бўлмайди-ми?
— Маълумки, Алллоҳнинг номидан бошқа номга атаб сўйилган жонлиқнинг гўшти ҳаромдир. Зиёратгоҳга бориб, “Фалончи отага”, “Фалон бобога” деб жонлиқ сўйиб, у жойни емакхонага айлантириш ҳолатлари ҳам кўп. Мақбара, зиёратгоҳ жонлиқ сўйиладиган жой эмас. Тўғри, сўйилган жонлиқнинг гўштини садақа қилиб, савобини кимнингдир руҳига бағишлаш шариатда бор. Аммо унинг учун сўйиладиган жонлиқни айнан ўша жойга олиб бориш шарт эмас. Мазкур жонлиқни уйда сўйиб, гўштини бирорта муҳтожга эҳсон қилиб, савобини бағишласа, эҳсон ўз ўрнига тушган бўлади. Шунча узоқ йўлларни босиб, қанча-қанча харажатлар эвазига гуноҳкор бўлмаслик керак.
Қолаверса, биз зиёрат қилаётган улуғларимизнинг барчалари тақвога, холисликка, суннатга эргашишга чақириб, бидъат-хурофотлардан қайтарган зотлар эди. Уларни эҳтиром қилишни даъво қилсагу, қилаётган амалимиз уларнинг даъволарига мутлақо хилоф бўлса...
Шунинг учун, зиёратгоҳга борганда фақат қабр зиёрат қилинади, у ерда жонлиқ сўйилмайди. Валлоҳу аълам!
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ
Торонтода йирик мусулмон кинофестивали ўтказилади
Торонтодаги илк мусулмон халқаро кинофестивали (MIFF ) 30 октябр куни Ontario Place кинотеатрида бўлиб ўтади. islam.ru хабарига кўра, фестивалда илк бор Канада, Покистон, Туркия ва Америкадан турли жанрдаги фильмлар намойиш этилади.
"Бу Торонтонинг биринчи халқаро мусулмон кинофестивали бўлиб, у автомобиль кинотеатри сифатида ҳам ўтмоқда", - дейди фестиваль асосчиларидан бири Хирра Фаруки.
"Дунёмиздаги мавжуд вазиятни ҳисобга олсак, бу йил кўплаб мавжуд кинофестиваллар барбод бўлиши керак эди. Бироқ, бу тадбирни нафақат биз учун, балки ажойиб томошабинларимиз учун ҳам ўтказиш бахтига муяссар бўлганимиз ўз-ўзидан муҳим жиҳат ҳисобланади". Тақдим этилган фильмлар орасида: психологик триллерлар, Канададаги суриялик қочқинлар ҳақидаги ҳужжатли фильм, афғон аёлининг ҳаёти ҳақидаги фильм, Британия империяси томонидан Жанубий Осиёнинг мустамлака қилиниши ҳақидаги фильм бор.
"Танланган фильмларни танлашимиз ҳақиқатдан ҳам истеъдодларнинг мусулмонлар жамоасида қанчалик хилма-хиллигини кўрсатади ва оммавий ахборот воситаларида кўришни истаганимиз олдимизда, ўз жамоаларимиз рўпарасида турибди", - деб ўртоқлашди Хирра Фаруки.
Ўзбекистон мусулмонлари бошқармаси матбуот хизмати
Унутилаётган суннатлар (11-суннат): Азондан кейинги дуо
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким азонни эшитгандан кейин “Аллоҳумма, Робба ҳазиҳид даъватит таммати вас солатил қоимати ати Муҳаммаданил васийлата вал фазийлата вабъасҳу мақомам маҳмудан аллазий ваъадтаҳ” деса, қиёмат куни унга шафоатим ҳалол бўлади», дедилар (Имом Бухорий ривояти).
“Аллоҳим! Эй ушбу етук чақириқниг, ҳозир бўлиб турган намознинг Робби! Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга васийла ва фазилатни ато эт. У зотни Ўзинг ваъда қилган мақоми маҳмудга етказ”.
Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.
Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!
Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад
Даврон НУРМУҲАММАД