muslim.uz
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларидан лавҳалар: Дўст дўст учун йиғлайди (Аудио)
Итоатли зотлар тавсифи
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
يَخَافُونَ رَبَّهُمْ مِنْ فَوْقِهِمْ وَيَفْعَلُونَ مَا يُؤْمَرُونَ
“Улар (фаришталар) устиларидаги (кузатиб турган) Парвардигорларидан қўрқурлар ва ўзларига буюрилган буйруқларини бажарурлар” (Наҳл, 50).
Бутун олам Аллоҳнинг мулкидир. Ундаги барча мавжудот — наботот, ҳайвонот, жонли ва жонсиз нарса кечаю кундуз У Зотга тасбеҳ айтади. Дарахтнинг битта барги ҳам Аллоҳнинг изнисиз узилиб тушмас. Аллоҳ бу оламни кўзга кўринадиган моддалардан яратганидек, кўз билан кўриб бўлмайдиган руҳ оламини ҳам яратган. Парвардигорнинг биз билган ва билмаган яна қанчадан-қанча махлуқотлари бор. Шулар ичида энг жозибалиси Аллоҳнинг нуроний, итоатли фаришталаридир. У зотлар руҳ оламидан бўлгани учун ҳам биз уларни кўз билан кўролмаймиз.
Аллоҳ таоло илоҳий ҳикмати билан фаришталар оламини бандаларига ғайб қилган. Бизга кифоя миқдордаги маълумотлар Қуръони карим ва суннатда баён қилинган. Уларга имон келтириш Аллоҳга имон келтиришдан сўнгги фарзлардандир. Фаришталарнинг борлигига ишонишнинг ўзи кифоя эмас. Қуръони карим ва ҳадиси шарифда айтилганидек, уларнинг васфлари, хизматлари ва хусусиятларига имон келтириш лозим. Муқаддас манбаларда исмлари Жаброил (алайҳиссалом) каби зикр қилинган фаришталарга ҳам, зикр қилинмаганларига ҳам ишониш лозим.
Қуръони каримда бундай дейилган:
آمَنَ الرَّسُولُ بِمَا أُنْزِلَ إِلَيْهِ مِنْ رَبِّهِ وَالْمُؤْمِنُونَ كُلٌّ آمَنَ بِاللَّهِ وَمَلَائِكَتِهِ وَكُتُبِهِ وَرُسُلِهِ لَا نُفَرِّقُ بَيْنَ أَحَدٍ مِنْ رُسُلِهِ
“Пайғамбар (Муҳаммад) ўзига Парвардигоридан нозил қилинган нарсага (оятларга) имон келтирди ва мўминлар ҳам. (Уларнинг) ҳар бири Аллоҳга, фаришталарига, китобларига ва пайғамбарларига бирортасини ажратмасдан (ҳаммасига) имон келтирди” (Бақара, 285).
Улар қандай ҳам ажойиб махлуқотдирлар! Улар Раббул Оламиннинг буйруғига доим шай бўлиб, У Зотга ҳамду сано, тасбеҳ айтиб турадилар. Инсон нафас олиб чарчамагани каби улар ҳам тоат-ибодат ва тасбеҳ айтиш билан чарчамайдилар. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейилган:
وَلَهُ مَنْ فِي السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَمَنْ عِنْدَهُ لَا يَسْتَكْبِرُونَ عَنْ عِبَادَتِهِ وَلَا يَسْتَحْسِرُونَ * يُسَبِّحُونَ اللَّيْلَ وَالنَّهَارَ لَا يَفْتُرُونَ
“Осмонлар ва Ердаги борлиқ Уникидир. Унинг ҳузуридаги зотлар (фаришталар) Унинг ибодатидан орланмайдилар ва чарчамайдилар ҳам. Улар туну кун сусткашлик қилмасдан (Аллоҳга) тасбеҳ айтадилар” (Анбиё, 19-20).
Фаришталарга инсонлардан фарқли ўлароқ ихтиёр берилмаган, улар доимо Аллоҳ таолога итоатда бўлиб, исён қилмайдилар. Инсонга эса шаҳват ҳам, ақл ҳам берилган. Шу боис, аҳли сунна вал жамоа ақидасига кўра, киши имон келтириб, шаҳватини ақли билан бошқариб, солиҳ амаллар қилса, фаришталардан афзал ҳисобланади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
إِنَّ الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ أُولَئِكَ هُمْ خَيْرُ الْبَرِيَّةِ
“Албатта, имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотлар – айнан ўшалар халойиқнинг энг яхшисидирлар” (Баййина, 7). Зеро, фаришталар ҳам Аллоҳ таолонинг махлуқларидир.
Фаришталарнинг барчалари Аллоҳнинг ишончли бандалари, элчилари ва расуллари бўлиб, доимо У Зотнинг ибодати билан машғулдирлар. Улар гуноҳлардан холи, инсонлардаги каби нафс эҳтиёжларидан фориғ, ўзларига белгиланган вазифаларни сўзсиз бажарувчи мавжудотлардир. Бу зотларнинг қанотлари бор, улар учиб юрадилар ва фақат Раббул Оламинга буйсунадилар.
Фаришталар пайғамбарлик ва расуллик мақомида турадилар. Чунки Жаброил (алайҳиссалом) Аллоҳнинг амрини одамларга етказганлар. Фаришталарни сўкиш ёки ҳақорат қилиш мумкин эмас. Ким бирор фариштани сўкса ёки ёмон кўрса, кофир бўлади, худди пайғамбарлар (алайҳимуссалом)ни сўкканидек ёки ҳақорат қилганидек. Ким бирор пайғамбарни ёки фариштани ҳақорат билан тилга олса, кофир саналади. Зеро, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган:
مَنْ كَانَ عَدُوًّا لِلَّهِ وَمَلَائِكَتِهِ وَرُسُلِهِ وَجِبْرِيلَ وَمِيكَالَ فَإِنَّ اللَّهَ عَدُوٌّ لِلْكَافِرِينَ
“Ким Аллоҳга, Унинг фаришталарига, пайғамбарларига, Жаброил ва Микоилга душман бўлса, (билиб қўйсинки) Аллоҳ ҳам (ундай) кофирларга душмандир” (Бақара, 98).
Фаришталар жаннатдан ман қилинмаган. Улар ҳозирда ҳам Аллоҳ таолонинг изни билан жаннатга кириб-чиқиб турадилар. Аммо жаннат ноз-неъматларига боқишдан бошқа роҳатга эришолмайдилар. Зеро, роҳатланиш иштаҳа ва лаззат орқали амалга ошади. Лаззат ва роҳатланиш эса, шаҳватдан юзага келади. Юқорида таъкидлаганимиздек, фаришталар шаҳват ва табиатдан холи қилиб яратилган. Шундай экан, жаннат неъматларидан уларга лаззат ва иштаҳа ҳосил бўлмайди. Шунга кўра, фаришталар тоатлари туфайли савобга эришмайдилар, яъни уларга жаннат ва унинг ноз-неъматларидан роҳатланиш бўлмайди. Лекин улар бугунги кундагидек қиёматда ҳам жаннатга киришдан тўсилмайди. Зеро, фаришталар тоат-ибодатлари ҳақини Аллоҳ таолодан тўлиқ қилиб олганлар. У эса, яратилишларидаги аслий неъматдир. Чунки Аллоҳ таоло уларни муқаддас, маъсум, шаҳватдан холи, дилхушлик, ўйин-кулги қилмайдиган, емайдиган ва никоҳланмайдиган ҳолатда яратган. Фариштада бу нарсаларга на хоҳиш ва на истак бор. Улар бу неъматга шукр қилиб, Аллоҳ таолога доимий ибодат қиладилар.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Жаброил (алайҳиссалом)ни икки марта асл хилқатида жумладан, Исро кечасида олти юз қаноти борлигини кўрганлар. Уларнинг ҳар бири мағрибдан машриққа етарди, дейилади.
Фаришталар нурдан яралган. Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):
خلقت الملائكة من نور، وخلق إبليس من مارج من نار، وخلق آدم مما وصف لكم
“Фаришталар нурдан, жинлар олов тутунидан, Одам эса сизларга васфи қилинган нарсадан яратилгандир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Фаришталар нурдан яралганини ҳозирги замон илми ҳам тасдиқлади. Нур-ёруғлик тезлиги тахминан сонияга 299792458 метр (уч юз минг километр)га тенг. Шунга биноан уламолар фаришталар нурдан яратилгани учун ҳам, уларнинг тезлиги ҳаддан зиёд бўлганидан кўзга кўринмайди, дейишади.
Аллоҳ таоло уларни комил итоат қиладиган табиатда яратгани ҳақида бундай хабар беради:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا قُوا أَنْفُسَكُمْ وَأَهْلِيكُمْ نَارًا وَقُودُهَا النَّاسُ وَالْحِجَارَةُ عَلَيْهَا مَلَائِكَةٌ غِلَاظٌ شِدَادٌ لَا يَعْصُونَ اللَّهَ مَا أَمَرَهُمْ وَيَفْعَلُونَ مَا يُؤْمَرُونَ
“Эй имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангизки, унда дағал ва қаттиққўл, Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат буюрилган ишни қиладиган фаришталар (хизмат қилурлар)” (Таҳрим, 6).
Фаришталар адади жуда кўп, уларнинг сонини эса ёлғиз Аллоҳ билади. Манбаларда, Жаброил, Микоил, Исрофил, Азроил (алайҳимуссалом), жаннат ва жаҳаннам посбонлари, жаннат хизматчилари, забония – дўзах аҳлини азобловчи ўн тўққизта фаришта, Аршни кўтариб турувчи саккизта ёки саккиз турли фаришталар, киромун котибин, инсонларни жин, шайтонлар ёмонлигидан қуриқлашга вакил қилинган ёки кеча ва кундузда алмашиб турадиган фаришталар, зикр мажлисларида тўпланадиган фаришталар, дуо фаришталари, тоғлар фариштаси, бандаларнинг руҳларини юқорига олиб чиқувчи фаришталар, Мункар ва Накир, она қорнидаги гўдакнинг ризқи, амали, ажали ва Аллоҳнинг амри билан бахтли ёки бахтсиз бўлишини тақдир китобида ёзишга буюрилган фаришталар ва ҳоказо.
Жаброил, Микоил, Исрофил ва Азроил (алайҳимуссалом) каби фаришталар махлуқларга расул ҳисобланадилар. Зеро, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
اللَّهُ يَصْطَفِي مِنَ الْمَلَائِكَةِ رُسُلًا وَمِنَ النَّاسِ
“Аллоҳ фаришталардан ҳам элчилар танлар, инсонлардан ҳам...” (Ҳаж, 75).
Ёмғирнинг ҳар бир томчисида фаришта бор. Киши уларнинг мавжудлиги, сифатлари ва вазифаларига Қуръон ва суннатда айтилганидек қатъий ишонмагунича имони тўғри бўлмайди. Инсон қилаётган ҳар бир ишини ёзиб борувчи фаришталарга ишонса, доимий равишда кузатувда эканини ҳис этиб, инсонлар кўзидан ғоиб бўлганида ҳам гуноҳ иш қилишдан ҳаё қилади.
Фаришталарнинг борлиги қатъий далиллар билан собит бўлгани учун уларни инкор қилиш куфр ҳисобланади. Қуръони каримда бундай дейилган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا آمِنُوا بِاللَّهِ وَرَسُولِهِ وَالْكِتَابِ الَّذِي نَزَّلَ عَلَى رَسُولِهِ وَالْكِتَابِ الَّذِي أَنْزَلَ مِنْ قَبْلُ وَمَنْ يَكْفُرْ بِاللَّهِ وَمَلَائِكَتِهِ وَكُتُبِهِ وَرُسُلِهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ فَقَدْ ضَلَّ ضَلَالًا بَعِيدًا
“Эй имон келтирганлар! Аллоҳга, Пайғамбарига, (шу) Пайғамбарига нозил қилган Китоб (Қуръон)га ҳамда илгари нозил қилган Китобга имон келтирингиз! Кимки Аллоҳни, фаришталарини, китобларини, пайғамбарларини ва “Охирги кун (қиёмат)”ни инкор этса, демак, у жуда узоқ (қаттиқ) адашибди” (Нисо, 136).
Ҳар куни улардан етмиш минг фаришта “Байтул Маъмур”да намоз ўқийди. У ерда бир марта намоз ўқиб чиққан фаришта, қиёматгача иккинчи марта яна қайтиб келишига навбат етмайди.
Меърож қиссасида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) еттинчи осмонга чиққанларини ҳикоя қилиб бундай дейдилар:
“…менга Байтул Маъмур кўрсатилди, Жаброил (алайҳиссалом)дан у ҳақда сўрадим, у зот бундай деди: “Бу Байтул Маъмурдир, унда ҳар куни етмиш минг фаришта намоз ўқийди, у ердан чиққан фаришта, қиёматгача бошқа қайтиб келмайди” (Муттафақун алайҳ).
Фаришталар Одам (алайҳиссалом)дан олдин яратилган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
وَإِذْ قَالَ رَبُّكَ لِلْمَلَائِكَةِ إِنِّي جَاعِلٌ فِي الْأَرْضِ خَلِيفَةً قَالُوا أَتَجْعَلُ فِيهَا مَنْ يُفْسِدُ فِيهَا وَيَسْفِكُ الدِّمَاءَ وَنَحْنُ نُسَبِّحُ بِحَمْدِكَ وَنُقَدِّسُ لَكَ قَالَ إِنِّي أَعْلَمُ مَا لَا تَعْلَمُونَ
“Эсланг, (эй Муҳаммад!) Раббингиз фаришталарга: “Мен Ерда халифа (Одам) яратмоқчиман”, – деганида, (улар) айтдилар: “Унда (Ерда) бузғунчилик қиладиган, (ноҳақ равишда) қонлар тўкадиган кимсани яратмоқчимисан? Ҳолбуки, биз Сенга ҳамдинг билан тасбеҳлар айтамиз ва Сени муқаддас деб биламиз. (Аллоҳ) айтди: “Албатта, Мен сизлар билмаган нарсаларни билурман” (Бақара, 30).
Фаришталар Аллоҳнинг Ердаги халифаси инсонларга ёрдамчидирлар. Аллоҳ таоло инсон онаси қорнидалигидаёқ унга бир фариштани бириктириб, ажали, бахтли ёки бахтсизлиги ва умрини тақдирда ёзиб қўйишга вакил қилган. Шундан бошлаб инсон вафот этгунча улар унга ҳамроҳ. Улар унинг ҳар бир сўзи, қилаётган барча амалини ёзиб борадилар. Қуръони каримда бундай дейилган:
مَا يَلْفِظُ مِنْ قَوْلٍ إِلَّا لَدَيْهِ رَقِيبٌ عَتِيدٌ
“У бирор сўзни талаффуз қилса, албатта, унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (сўзни ёзиб олувчи фаришта) бордир” (Қоф, 18).
Фаришталар доимо инсон ҳаётини муҳофаза этиб, ўлим соати келгач, жонини оладилар, қабрда азоб ёки роҳат берадилар. Бу гўзал фаришталар мўминларнинг дўстларидир. Улар бизларга манфаатли нарсаларни ўргатиб, яхшилик ва эзгуликка шижоатлантириб, ёмонлик ва гуноҳлардан қайтариб, огоҳлантириб борадилар. Улар модомики, Раббимизга тоат-ибодатда эканмиз, ҳақимизга истиғфор айтадилар. Бошқаларга яхшиликни насиҳат қилаётган чоғларимизда эса салавот ва салом айтадилар.
Бу ажойиб мавжудотлар туш, ўлим соатларимизда, қайта тирилиш дамларимизда ёнимизда, хотиржамлик ва тинчликни башорат қилиб, биз билан бирга бўладилар. Зеро, Қуръони каримда бундай дейилади:
إِنَّ الَّذِينَ قَالُوا رَبُّنَا اللَّهُ ثُمَّ اسْتَقَامُوا تَتَنَزَّلُ عَلَيْهِمُ الْمَلَائِكَةُ أَلَّا تَخَافُوا وَلَا تَحْزَنُوا وَأَبْشِرُوا بِالْجَنَّةِ الَّتِي كُنْتُمْ تُوعَدُونَ * نَحْنُ أَوْلِيَاؤُكُمْ فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَفِي الْآخِرَةِ وَلَكُمْ فِيهَا مَا تَشْتَهِي أَنْفُسُكُمْ وَلَكُمْ فِيهَا مَا تَدَّعُونَ
“Албатта: «Раббимиз – Аллоҳ», – деб сўнгра тўғри бўлган зотлар ҳузурига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб (дерлар): «Қўрқмангиз ва ғамгин ҳам бўлмангиз! Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланингиз! Дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам биз сизларнинг дўстларингиздирмиз” (Фуссилат, 30-31).
Уларда заррача риё, ҳасад, адоват, исён, куфр, нифоқ йўқ. Қани энди ўтаётган ҳар бир соатимиз шу фаришталарга ўхшаб Улуғ, Меҳрибон Холиққа бўйсунишда ўтса.
Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар: “Еттинчи осмонда яратилгандан бери саждада турган фаришталар бор. Қиёмат куни бошларини саждадан кўтариб айтишадики: “Эй Раббимиз, Сен барча айбу нуқсондан пок Зотсан. Биз сенга ҳақиқий ибодат қила олмадик. Сенга ҳақиқий қулчилик ҳақини ўтай олмадик”.
Жаннатда жаннат аҳлига бу нуроний мавжудотлар: “(Аллоҳ йўлида турли машаққатларга) сабр қилиб ўтганларингиз сабабли (энди бу ерда) сизларга тинчлик бўлгай. Дунё оқибати (жаннат) нақадар яхши!” (Раъд, 24), дея нидо қилишади. Аллоҳ таоло барчамизни ана шундай саодатли бандалари қаторида қилсин. Омин!
Толибжон ҚОДИРОВ
Кунига қанча сув ичасиз?
Шифокорларнинг айтишича, Қонимизнинг 83 фоизи, суягимизнинг 22 фоизи, мускулларимизнинг 76 фоизи, миямизнинг 85 фоизи сувдан иборат экан. Танамизда содир бўлаётган ҳар қандай ҳолат, деярли сув билан боғлиқ. Масалан, биз нафас олиш ва чиқариш эвазига кун давомида ярим литр, бир суткада эса 1,5 литгача сув йўқотамиз. Сув организмдаги ёғ, крахмал ва бошқа минералларни эритади ҳамда қон тўқималаридаги ҳужайраларни ва организмдаги токсинларни тозалайди.
Турли хилдаги газли ичимликлар, шарбатлар, чой ва кофе инсон организми учун керакли миқдордаги сувга бўлган эҳтиёжни қондиролмайди. Қиёслаш учун, Сиз кийимларингизни ювиш учун сувдан фойдаланасизми ёки чойдан? Албатта, сувдан! Шундай экан, инсон танаси ҳам табиий сувга ҳар доим эҳтиёж сезади.
Агар сизнинг танангиз керакли миқдордаги сув билан тўйинмаса, унда турли муаммолар келиб чиқа бошлайди. Бу дастлаб буйрагингиз, сўнгра жигарингизга салбий таъсир кўрсатади. Ҳамда организмдаги ёғларнинг парчаланиш жараёни секинлашади ва инсон ортиқча вазн йиға бошлайди.
Инсон мисининг 85 фоизи сувдан ташкил топгани учун, кун давомида етарли миқдорда сув ичилмаса, бу бош оғриғига ҳам сабаб бўлар экан. Олимларнинг таъкидлашича, инсон организмидаги токсинлар инсон териси орқали чиқиб кетади. Шунинг учун кўпроқ суюқлик ичиш керак экан. Ўртача 65 кило вазнли инсон эрталабдан кечгача 2 литр сув ичса мақсадга мувофиқ бўларкан. Бу инсон организми учун керак бўлган, кун давомида бўлиб-бўлиб ичиладиган энг кам сув миқдоридир.
Эслатиб ўтамиз, шифокорлар жуда совуқ, муз солинган сувни ичишни тавсия қилишмайди. Тадқиқотларда аниқланишича, муз солинган сув инсон организми учун жуда зарарли бўлиб, моддалар алмашинувини секинлаштириб, кишининг ортиқча вазн йиғишига сабаб бўлади.
ЎМИ матбуот хизмати
Яхшилик қилсанг, яхшилик кўрасан
Муқаддас динимиз – ғоят гўзал, барча замон ва маконларга мос ва хос. Исломнинг гўзаллиги шундаки, мусулмон киши ўзига раво кўрган нарсасини дўстига, биродарига илинмагунича ҳақиқий мўмин бўла олмайди. Шу боис динимизда инсонлар фақат яхшилик қилишга даъват этилади. Қилинган яхшилик туфайли кўнгиллар равшан тортади, ўзгача руҳий тетиклик туюлади, ҳузур-ҳаловат, хотиржамлик барқарор бўлади.
Аллоҳ таоло Ар-Раҳмон сурасининг 60-оятида: «Эҳсон (эзгулик)нинг мукофоти фақат эҳсон (эзгулик)дир», деб марҳамат қилади. Муқаддас динимизнинг эзгулик, хайру саховат, меҳр-оқибат, мурувват каби олижаноб ғоялари жамиятда ижтимоий адолатнинг қарор топишига хизмат қилмоқда.
Динимиз буюрган хайрли амалларга узукка қўйилган кўздек ярашиб тушган саховат тадбирлари бугунги карантин даврида ҳар қачонгидан ҳам кенг қулоч ёяётганининг боиси шундаки, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир» (Бақара сураси, 261-оят), деб марҳамат қилган.
Аллоҳ таоло бу мисол билан битта хайрли иш учун битта эмас, то 700 ва ундан ортиқ савоб ато этиши мумкинлигини билдирмоқда.
Ҳақиқатан, инсоннинг икки дунё саодатига эришиши эзгу амаллар устига бино қилинган. Қадимдан бир майизни қирқ бўлишиб ейишга одатланган халқмиз. Қўшнимиз оч экан, ўзимиз тўқ ҳолда ухлай олмаймиз. Бунга бизнинг диний, маърифий маданиятимиз асло йўл қўймайди. Бугунги синовли кунларда халқимиз муҳтожларга ўзининг нонини бермоқда, кийимини улашмоқда.
Хабарингиз бор, коронавирус инфекцияси туфайли бу йилги муборак ҳаж амалини бажариш чекланди. Бундай фурсатни ғанимат билган саховатпеша юртдошларимиз Исломнинг бешинчи арконини адо этиш учун йиғган маблағларини эҳтиёжманд, кам таъминланган оилаларга ҳадя қилмоқда. Бу эзгу анъаналаримизни, урф-одатларимизни бутун дунёга ибрат қилиб кўрсатиш мумкин.
Атрофимизда умри давомида яхши ниятлар билан тўплаган маблағларини кўмакка муҳтожлар оилаларга тарқатаётган, уларга уй-жой қуриб бераётган, энг муҳими, ҳаётий эҳтиёжларини қондираётган ватандошларимиз кўплаб топилади. Уларни ҳақли равишда ЗАМОНАМИЗ ҚАҲРАМОНЛАРИ дейиш мумкин. Зеро, мутафаккир бобомиз Алишер Навоий ҳазратлари:
Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким Каъба вайрон бўлса, обод айлагай, дея илтифот қилади.
Ўз вақтида қилинган эҳсоннинг савоби улуғ бўлади. Ўзи муҳтож бўла туриб, ўзгаларга эзгулик улашган, уларнинг кўнглини кўтарган кишининг икки дунёси обод бўлиши тажрибада кўп кузатилган. Муҳтарам Президентимиз айнан шу масалага алоҳида эътибор қаратаётганлари бошига кулфат тушган кишиларнинг кўнглини кўтармоқда.
Юртбошимизнинг Ўзбекистон халқига йўллаган Қурбон ҳайти табригида бугунги мураккаб пандемия даврида ўзаро тотувлик, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳити тобора юксалиб боришининг алоҳида жиҳатларини баён қилдилар. Бу – барчамиз учун ибрат, қилинажак эзгу ишларимизнинг асосий режаси бўлиши шарт.
Давлатимиз раҳбарининг “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қуввалашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ўз вақтида қабул қилинган тарихий ҳужжат бўлди. Фармонга биноан, 2020 йил 1 сентябрдан пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори ойига 262 минг 470 сўм, ёшга доир энг кам пенсиялар ҳамда ногиронлик нафақалари ойига 513 минг 350 сўм этиб белгиланди.
Дунёда иқтисодий инқироз кечаёитган бир пайтда халқимизга бу қадар ҳиммат кўрсатилиши, ўйлайманки, ҳеч биримизни бефарқ қолдирмайди. Бу неъматларга шукр қилиб, ушбу синовли кунларда осойишталикни сақлаган ҳолда, балоларга сабрли бўлиб, дуою фотиҳалар қилишимиз айни муддаодир.
Хулоса сифатида ушбу ҳадисни келтирмоқчиман: “Саховат – бир дарахт. Унинг илдизлари жаннатда, шохлари дунёга тушиб туради. Кимки унинг шохидан ушласа, илдизлари (жаннат) сари тортади. Бахиллик ҳам бир дарахт., унинг илдизлари дўзахда, шохлари ер юзига бўлади. Унинг шохидан ушлаганларни ўз домига тортади”.
Ҳа, азизлар, хулоса ўзингиздан.
Абдуқаҳҳор ЮНУСОВ,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари