muslim.uz

muslim.uz

الجمعة, 15 نيسان/أبريل 2022 00:00

Тарихий учрашувга тайёргарлик қизғин

Аввал хабар берганимиздек, айни дамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Туркий давлатлар диний идоралари раҳбарларининг биринчи йиғилишида иштирок этиш учун Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб турибди.

Дарҳақиқат, бугун бутун инсоният турли муаммоларга дуч келаётган бир пайтда Ислом уламоларининг ҳамжиҳатлиги ва мусулмон умматининг бирлигини таъминлаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу маънода ушбу анжуман мураккаб бир даврда туркий халқларни янада жипслашишга, бирдамликка ундайдиган паллада ўтказилаётгани унинг амалий аҳамиятини янада оширади.

Қайд этиш жоизки, охирги йилларда Туркий давлатлар раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан ўзаро алоқалар мустаҳкамланиб, турли йўналишларда ҳамкорликлар қилинмоқда. Айниқса, мамлакатлар диний идоралари ўртасидаги алоқалар янги босқичга кўтарилаётганини қайд этиш даркор. Хусусан, ўтган давр мобайнида биргаликда ўтказилган йиғинларда қардош халқлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш, мўмин-мусулмонлар иттифоқлигини таъминлаш ва ислом меросини тадқиқ этишда яхши натижаларга эришилди.

Мазкур Туркий давлатлар диний идоралари раҳбарларининг биринчи анжумани ҳам ана шундай самарали ва ўзаро ҳамкорликларни янада мустаҳкамланишига хизмат қилиши кутилмоқда.

Шу йил 15 апрель куни бўлиб ўтадиган “Умумжаҳон пандемияси, иқтисодий инқироз ва рақамли дунёда Туркий-Ислом оламининг эртаси ва бугуни” мавзусидаги анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров, Туркий давлатлар ташкилоти директори Бағдод Амраев, Туркия диёнат ишлари бошқармаси раиси Али Эрбош, Кавказ мусулмонлари идораси раиси Шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода, Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси, бош муфтий Наврўзбай Тағанули, Қирғизистон Дин ишлари бўйича давлат комиссияси раиси Тойганбай Абдикаров, Наҳчивон (Озарбайжон автоном республикаси) диний ташкилотлар билан ишлаш давлат қўмитаси раиси Вугар Бабаевлар ўз маърузалари билан қатнашиши режалаштирилган.

Мазкур йиғилишда кўтарилган муҳим мавзулар ҳақидаги маълумотларни сайт ва ижтимоий тармоқларимиз орқали кузатиб боринг.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Аввал хабар берганимиздек, бугун 14 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Туркий давлатлар диний идоралари раҳбарлари иштирокидаги тарихий йиғилишда иштирок этиш учун Истанбул шаҳрига етиб келдилар.

Муфтий Нуриддин домла ҳазратларини Истанбул халқаро аэропортида Туркия Диёнат ишлари бошқармаси Евросиё мамлакатлари билан ҳамкорлик бўлими бошлиғи Солиҳ Гур ва Ўзбекистоннинг Туркия давлатидаги элчихонаси вакиллари кутиб олдилар.

Айни пайтларда Муфтий ҳазратлари Туркий давлатлар диний идоралари раҳбарлари иштирокидаги биринчи йиғилиш доирасида амалга оширилиши режа қилинган тадбирларга тайёргарлик кўрмоқдалар.

Эслатиб ўтамиз, Туркий давлатлар диний идоралари раҳбарлари иштирокида илк йиғилиш Туркиянинг Истанбул шаҳрида эртага, 15 апрель куни бўлиб ўтади.

Унда Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Венгрия каби давлатлар дин пешволари иштирок этишлари режалаштирилган.

Сафар жараёнларини сайт ва ижтимоий тармоқларимиз орқали кузатиб боринг.

Бугун, 14 апрель куни эрта тонгда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари бошчиликларидаги делегация Туркий давлатлар диний идоралари раҳбарларининг биринчи йиғилишида иштирок этиш учун Туркия давлатига жўнаб кетдилар.

Ташриф доирасида Муфтий ҳазратлари Туркий давлатлар диний идоралари раҳбарларининг биринчи йиғилишида иштирок этиб, нутқ қиладилар ва бир қатор мўмин-мусулмонлар учун муҳим бўлган масалаларни муҳокама қилиш режалаштирилган.

Шунингдек, Туркия диёнат ишлари бошқармаси раиси Али Эрбош жаноблари билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича музокаралар олиб бориш ҳам кўзда тутилган.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар Кенгашига 2019 йилнинг сентябрь ойида аъзо бўлган. Айни пайтда Туркий тилли давлатлар ташкилоти таркибига Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия киради. Венгрия ва Туркманистон унинг фаолияти кузатувчиси сифатида иштирок этмоқда.

Туркий давлатлар диний идоралари раҳбарлари иштирокида илк тарихий йиғилиш Туркиянинг Истанбул шаҳрида шу йилнинг 15 апрель куни бўлиб ўтади.

Сафар жараёнлари, йиғилишда кўтарилган мавзулар ва табаррук осори-атиқалар ҳақидаги нодир маълумотларни сайт ва ижтимоий тармоқларимиз орқали ёритиб борилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

الأربعاء, 13 نيسان/أبريل 2022 00:00

Кўчат экиш – эзгу анъана

Муқаддас динимизда экин экишлик улуғ ва савобли амаллардан хисобланиб, ерни обод қилиш масаласига алохида эътибор берилган. Экилган кўчат ва дарахтлар хамда ўсимликлар дойимо Аллох Таолога тасбих айтиб туради. Инсон ернинг гўзаллигини нафақат асраб авайлаши, балки унинг янада гуллаб яшнаши учун ўз хиссасини қўшмоғи лозим.  Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, келажак авлодга табиий бойликларини бус-бутун етказиш, экологик муаммоларни бартараф этишга ҳисса қўшиш олдимизда турган муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.Кўчат экиш, деҳқончилик қилиш фазилати ва аҳамияти нечоғли улуғдир, муборак китоблар кўчат экувчиларнинг Аллоҳ даргоҳида эришадиган ажр-савобларидан хабар беради. Ушбу амал инсонга нафақат тириклигида, балки вафотидан сўнг ҳам манфаат етказиб туради, яъни қиёмат кунигача садақаи жорий сифатида банда фойдасига хизмат қилади.

Мўмин яхши ният билан кўчат экса улуғ ажр-савобга эга бўлади. Жобир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қайси мусулмон экин экса, ундан ейилса унга садақа бўлади. Ўғирлангани ҳам унинг учун садақадир. Йиртқичлар егани ҳам унинг учун садақадир. Қушлар егани ҳам унинг учун садақадир. Ўша экиндан бирортаси манфаат олса унинг учун садақа бўлади”, дедилар” (Имом Муслим ривояти). Ҳадисдан кўчат экиш, деҳқончилик қилиш нечоғлик улуғ ва фазилатлик касб экани маълум бўлади. Кўчат экмоқчи бўлган киши нафақат ўзини, балки, ён атрофдагилар, келажак авлодларни ҳам манфаатини ўйлаши керак. Бу амалнинг деҳқонга нафақат тириклигида, балки, вафотидан сўнг ҳам манфаати етиб туради.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматларини кўчат ўтказиш ва экин экишга тарғиб қилганлар. Анас ибн Молик (розияллоҳи анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлида хурмо дарахти бўлса, уни экиб қўйсин”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Атроф мухитни мухофаза қилиш, табиатни, экин ва дарахтларни асраб авайлаш олдимизда турган мухим вазифалардан бири хисобланади.

 

Янгийўл туман “Имом Султон”

жоме масжиди имом хатиби Нарзуллаев Одилжон.

الأربعاء, 13 نيسان/أبريل 2022 00:00

Амаллар ниятга боғлиқдир (Видеоролик)

"Хувайдо" жоме масжиди имом-хатиби

Aброр домла Aлимов

Видеолавҳалар

Top