muslim.uz

muslim.uz

الأربعاء, 28 شباط/فبراير 2018 00:00

Китоб – ҳаётни ўргатувчи мураббийдир

Бир дўстки, ҳеч кимга бермаган азоб,

Узоқ синаб кўрдим, билсанг, у китоб!

Сирни яширмайди ўқувчисидан,

Хабар берар сенга ёзувчисидан.

Хилватда сен билан бўлиб у улфат,

Жимгина қуради ёқимли суҳбат.

Ҳеч кимдан қолишмас билимли аҳбоб,

Ундан сўрамасанг, бермайди жавоб.

                         Муҳаммад Жабалрудий 

 

Кимки китобга кўп боқса, китоб унинг зеҳнини очади, завқини оширади, сўзга чечан қилади. Китоб ёлғизликдаги энг мунис ҳамдамдир. Китоб инсондан ҳеч нарса тиламайди, аммо уни камолга етказади. Китоб одоб-ахлоқнинг кони, билимнинг эса булоғидир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойишларига биноан 2018 йил 27 февраль куни устоз ва талабаларни дунёқараши кенг, маънавий ва бадиий ҳамда сиёсий илм савияларини янада юксалтириш ҳамда юртимизда чоп этилаётган янги адабиётлар билан таништириб бориш мақсадида Ахборот-ресурс маркази ташаббуси билан “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи ҳамкорлигида китоб кўргазма савдоси ташкил этилди.

Ташкил этилган мазкур кўргазмада институт жамоаси иштирок этиб, уларга “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи ходимлари 210 номда 605 дона Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” деб номланган китоблари, мумтоз адабиёт намоёндалари, бадиий тўқималарга бой асарлар, саломатлик, табобат рукнларидаги адабиётлар, сиёсий, бадиий, диний-маърифий, илмий-адабий, ҳажвий, жаҳон ва болалар адабиёти дурдоналари, рус тилидаги оила психологияси, тарих, юридик китоблар, шерий тўплам китоблар, оила ва болалар энциклопедиялари, “Ўзбекистон жаннатмакон юрт” номли альбомлар ҳамда ибратли ҳикматлар тўпламларини тақдим қилдилар.  

Институтда бу каби китоб кўргазмаларини ўтказиш йўлга қўйилгани устоз ва талабаларнинг вақти ҳамда нақдини тежаётгани ва албатта талабалар дуёнқараши ривожланишида катта омил экани эътироф этилмоқда. Шунингдек, китоб кўргазмалари юртимиздаги нашриётлар фаолияти ва уларда чоп этилаётган янги китоблар билан яқиндан танишишда муҳим аҳамият касб этмоқда.  

 

Ахборот-ресурс маркази мудири

Камолиддин Маҳкамов

ЎМИ Матбуот хизмати

Бугун, 28 февраль куни Сурхондарё вилоятида Ўзбекистон Қуръон мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтмоқда. Унда 21 нафар қори ва қориялар икки йўналишда ўзаро куч синашмоқдалар. 

Мусобақанинг шукуҳи қўшни афғонистонликларга ҳам етиб боргани учун, мусобақаларнинг боришини кузатиш мақсадида ушбу мамлакатдан юқори мартабали меҳмонлар ташриф буюрдилар. 

Афғонистон Ислом Республикаси Дин уламолари кенгаши муовини – Балх вилоятининг дин уламолари раиси, Мозори Шариф шаҳридаги “Ассадия” Олий мадрасаси раиси Забиҳуллоҳ Хақжў ҳам Термиздаги мусобақани ҳайратлар ичида кузатди. Унинг юқори даражада ташкиллаштирилганига, хусусан Президент Шавкат Миризиёевнинг ушбу тарихий ташаббусига юқори баҳо берди. 

Қадрли меҳмон жумладан қуйидаги фикрларни билдириб ўтди: “Бу Аллоҳнинг назари тушган юрт. Агар билсангиз бутун дунёда ислом оламида етишиб чиққан барча олимлар Имом Бухорий ва Имом Термизийларнинг шогирдларидирлар. Биз ҳам сизлар билан фахрланамиз. Дунёдаги барча миллатлар араб, турк, инглиз ҳаммаси бу олимлар билан фахрланади. Имом Бухорийнинг китоблари миллилардлаб нусхада чоп этилмоқда. Ҳурматли биродарлар, биз шунингдек Ўзбекистоннинг раҳбари Шавкат Мирзиёев билан ҳам фахрланамиз. Бу инсон жамиятни ўзгартирди, инсонларни уйғотди. Албатта, ўзбек халқи биринчи бўлиб шу инсонни ҳаққига дуои хайрлар қиладилар. Биз ҳам Аллоҳдан бу зотнинг узоқ умр кўришларини, ҳимоясида сақлашини сўраб қоламиз.” 

Шундай илиқ фикрлар билдирилганч, афғонистонлик зийнат қори Абдулжаббор қори тиловат қилди. 

ЎМИ Матбуот хизмати

الأربعاء, 28 شباط/فبراير 2018 00:00

Таҳажжуд намози фазилатидан бир шингил

Ҳадиси шарифлардан бирида: “Тунги намозда бардавом бўлинг. Чунки у сизлардан олдинги мўътабар зотларнинг одати эди. Тунги сажда инсонни Аллоҳга яқинлаштириб, йўл қўйган гуноҳларидан фориғ қилади, кўплаб касалликлардан қутқаради ва гуноҳу маъсият ишлардан қайтаради” (Термизий ривояти), дейилган.  Аллоҳ таоло Расулига хитобан: “Тунда (ярим кечада) уйғониб ўзингиз учун таҳажжудни (нафл намозини) ўқинг! Шоядки, Раббингиз Сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (шафоат қиладиган) мақомда тирилтирса” (Исро, 79), деб марҳамат қилган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳажжуд намозини ҳеч қачон канда қилмаганлар. Ҳатто, оғир беморлик вақтларида ҳам таҳажжудни ўтирган ҳолларида ўқиганлар (Абу Довуд).

Тунги намоз ўқиладиган уйда нур пайдо бўлади. Уни осмон аҳли кўради. Биз тунда осмонга қараганимизда, юлдузлар ёруғлигини кўрганимиздек, осмон аҳли ердаги нурнинг намоз ўқувчининг уйидан таралаётганини кўради. Ундан ҳам ажабланарлиси шуки, ҳар куни уйингдаги нурни кўришга одатланган фаришталар тунги намоз ўқимаган кунинг сени сўраб-суриштирадилар, чунки улар уйингда зулматни кўрадилар. Уларга сенинг беморлигинг ёки ғамга ботиб қолганинг айтилади. Фаришталар сенга шифо ва ғамдан халос бўлишингни сўрайдилар ёки эҳтиёжингга қараб дуо қиладилар. Чунки улар сенинг намозинг сабабли нур таралаётган уйингни кўришни истайдилар.

Ҳурматли мўмин биродар. Агар уйингиз нурли, ўзингиз файзли бўлиб доимо фаришталар эътиборида бўлишни истасангиз, бугундан бошлаб тунги намозни бошланг, агар ўқиб юрган бўлсангиз давомий бўлишида Аллоҳ сизга ёрдамчи бўлсин!

ЎМИ Матбуот хизмати

Мамлакатимизда ўтказилаётган Қуръон мусобақасини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида турли оммавий ахборот воситалари томонидан ёритилмоқда. Мусобақанинг Сурхондарё вилояти босқичида нафақат маҳаллий ахборот воситалари, балки хорижий телеканал ходимлари томонидан ҳам ёритиб борилмоқда. Мусобақани ёритиш учун Афғонистон Ислом Республикасининг "Само" телеканалининг тасвирга олиш гуруҳи ҳам ташриф буюргани ушбу мусобақага қизиқишнинг юқори эканини кўрсатмоқда. 

ЎМИ Матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top