muslimuz

muslimuz

الإثنين, 13 أيار 2024 00:00

Жаннат томон элтувчи йўл

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди”.

Илм талаб қилиш – жаннатга элтувчи энг яхши ва энг осон йўл. Толиби илм илм учун сарфлайдиган ҳар қандай ҳаракат уни жаннатга яқинлаштиради ва унга Жаннат йўлини осон қилади. Ҳар бир мусулмон биринчи навбатда шариат илмини ўрганишга бел боғлаши даркор. Зотан бу уни тўғри, соғлом илмга эришиш йўлини очади, тўғри маълумотдан хато маълумотни ажрата билиш имконини беради.

Илм талаб қилиш Аллоҳнинг розилигига элтади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Албатта, фаришталар толиби илмнинг илм талаб қилганидан миннатдор бўлиб, қанотларини унга ёзишади”.

Ушбу ҳадис шариат илми ва уни талаб қилувчиларнинг даражаси нақадар баландлигидан дарак беради, негаки, Аллоҳ таоло ундан рози бўлгандан фаришталарни қанот ёзиб турадиган қилиб қўйди. Фаришталар қанот ёзиб туриши толиби илмга илм йўлини осон қилади, илм эшикларини очади.

Бутун борлиқ толиби илм ҳаққига истиғфор айтади.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Олимнинг ҳаққига осмонлар ва ердаги барча нарса, ҳатто денгиздаги балиқ ҳам истиғфор айтади”.

Шаръий илмнинг ва унинг талабида бўлган толибларнинг қадри шу қадар баланд эканки, еру осмонлардаги барча мавжудотлар унинг ҳаққига истиғфор айтар экан. Бундан баланд даража борми?! Мусулмон учун бундан ортиқ яхшилик борми?!

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг “Метин қоялар” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

الجمعة, 10 أيار 2024 00:00

Ўзингиздан из қолдиринг!

Эзгулик сўқмоқларида ўзингиздан из қолдиринг. Чунки бунинг охиратда ажр-мукофоти бўлади. Аллоҳнинг ҳузурида асло зое бўлмайди. Ахир Аллоҳ таоло бу ҳақда айтган-ку: “Албатта, Биз, Ўзимиз ўликларни тирилтирурмиз ва улар тақдим қилган нарсаларни ва қолдирган асарларни ёзурмиз” (Ёсин сураси, 12-оят).

Сиз соясида сояланаётган дарахтни сиздан олдин кимдир эккан. Сиздан кейингилар сояланиши учун кўчат ўтказишни сиз ҳам ёдингиздан чиқарманг.

Ўзингиздан мутлақо из қолдирмаган ҳолда дунёдан кетманг. Негаки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Қайсики мусулмон экин экса, ундан ейилгани у учун садақа бўлади, ўғирлангани ҳам садақа бўлади, ёввойи ҳайвонлар егани ҳам садақа бўлади, қушлар егани ҳам унга садақа бўлиб ёзилади. Ҳатто кимдир уни шикастлайдиган бўлса ҳам эккан одам учун садақа бўлади”.

Биттагина ўсимликдан минглаб тирик жонзотлар манфаатланишини билар экансиз, энди ўйлаб кўринг, боғбонлар, деҳқонлар ўзлари билмаган ҳолда қанча савобларга эришар экналар!

Ерга ҳамма учун фойдали нарса эккан одамга нақадар яхши!

Фарзандларининг, аҳли-оиласининг қалбига дин муҳаббатини эккан одамга эса ундан ҳам яхши! Ундан бахтли, ундан катта савобли одам йўқ дунёда!

Энди мана шу ерларни сақлаб қолиш учун уни қонлари, терлари билан суғорган, Аллоҳ учун тинимсиз саъй-ҳаракат қилганларни-ку қўяверасиз. Уларни Аллоҳнинг Ўзи муносиб мукофотлайди!

Бировнинг китобига ўзингиздан қўшимча варақ қўшманг, чунки ўрнига-ўрин топилганда сиздан беҳожат бўлишади.

Бугун бир дарахт экинг, эртага соясида ухлайсиз. Зотан инсоннинг қиймати туғилганидан то вафотига қадар ҳаётга қўшган ҳиссасига қараб билинади.

Номини зикр этиш билан қалблар ёришадиган ўликлар қаерда-ю, номини эсга олсанг афти-ангоринг бузиладиган тириклар қаерда?!

Имом Шофеий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Баъзи одамлар вафот этишса-да, яхшиликлари ўлмади! Яна баъзи одамлар борки, худди ўлик каби яшайдилар!”

Агар одамларга фойда берадиган бирор фикрингиз бўлса, уни албатта тақдим этинг ёки маҳоратингиз бўлса ёзма услубдами, шеърий услубдами баён этинг. Эҳтимол китоб ёзиб ўзингиздан из қолдирарсиз! Иқтидорингизни ҳижолатчилик ёки қўрқув сингари айрим омиллар сабаб юзага чиқара олмаётган бўлсангиз, ўз номингизни келажакда ёзилажак тарихдан ўчираётгандек, бу умматни бунёд этиш учун ўз ғишингизни қўйишдан бахиллик қилаётгандек бўласиз. Шундай экан маҳоратингиз бор ишни албатта бажаринг!

 Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг “Метин қоялар” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

 

 Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бугунги кунда одамлар орасида бировларнинг обрўсини ер билан баравар қилишга ундайдиган турли туман ўринсиз, асли йўқ миш-мишлар ҳамма нарсадан ҳам кўпроққа ўхшайди. Кимдан эшитдинг десангиз “одамлар айтишяптию” дейишдан нарига ўтмайди. Фалончидан эшитдим деса ҳам барибир охири йўқ.

Ўртада гап тарқатгувчилар борки, худди фолбинларга гап ташиб келувчи жинлар каби бир нарсанинг сал шарпасини эшитиб қолса бўлди. Қўшиб-чатиб гапни кўпайтираверади. Ҳар эшитган одам ҳам дарҳол ўзича тахминларини ишга солади. “Ҳа, демак, фалончи ундоқ қилган, шунда пистончи ҳам бундоқ қилишга мажбур бўлган. Мен уни биламан. У ўзи шунақа одам” қабилидаги гаплар секин-аста кейинги қулоққа аниқ ҳужжат бўлиб гриппдан ҳам тезроқ шитоблик билан тарқалади. Натижада бир одамнинг обрўсига таъсир қилмай қолмайди. Ўртада уруш-жанжалгача бориши мумкин.

Ҳикоя. Қадим замонда бир чол томорқасини чопаётиб кетмонни бир урган экан, кетмон нимадир бир нарсага тегиб кетгандек бўлибди. Нима экан деб шошилмай ерни ковлаб кўрган экан, оғзи беркитилган хум чиқибди. Хумнинг оғзини очиб қараса, не кўз билан кўрсинки, тўла олтин экан! Қувончини ичига сиғдира олмаган чол бирдан “Хо-хо”лаб бақириб кулиб юборибди. Шунчалик қаттиқ кулибдики, анчагина наридаги кампири ҳам эшитиб ўша ёқдан етиб келибди. Аммо чол кампир келгунча хумни яширишга улгурибди. Кампир келиб:

  ‒ Ҳа, чол! Намунча бақириб куляпсиз? ‒ деб сўрабди.

  ‒ Шу десанг, кетмонни бир урган эдим ернинг тагидан битта қарға чиқиб учиб кетса бўладими?! Шунга ўзимни тўхтата олмай кулиб юбордим, ‒ депти чол.

  Кампир ҳам ичида гап ётмайдиган экан, зудлик билан бориб қўшни хотинни чақирибди:

  ‒ Ҳой қўшни, чолим томорқа чопаётиб кетмонни бир урган экан, ернинг тагидан иккита қарға чиқиб учиб кетибди!

  Ўз навбатида қўшни ҳам нариги қўшнини чақирибди:

  ‒ Ҳой қўшни, фалончининг чоли томорқа чопаётиб кетмонни бир урган экан, ернинг тагидан учта қарға чиқиб учиб кетибди!

  Гап шунчалик тез тарқбдики, охири подшоҳнинг қулоғига етиб боргунча беш юзта қарға бўлибди. Подшоҳ чолни чақиртирибди:

  ‒ Бу ним гап, шунчалик ҳам аҳмоқона гап тарқатасанми!? Дўқ қилибди шоҳ.

  ‒ Олампаноҳ, бир қошиқ қонимдан кечинг, ‒ деб чол бўлган гапни айтиб, подшоҳнинг олдига хумдаги олтинни қўйибиди.

  ‒ Ундай бўлса нега қарға чиқди дединг? ‒ сўрабди подшоҳ.

  ‒ Агар бир хум олтин чиқди десам, гап Сизга етиб келгунча беш юз хум олтин бўлиб келса, мендан қолган тўрт юз тўқсон тўққизта хумни сўраб қолишингиздан қўрқиб шундай қилдим, ‒ деган экан чол.

  Чолнинг заковатига қойил қолган шоҳ хумдаги олтинларнинг ҳаммасини чолнинг ўзига қайтариб берган экан.

 

Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ,

Асака туманидаги “Муҳаммадсолиҳ ҳожи” жоме масжиди ходими.

Меҳмонхоналарда:

Мадина шаҳрига борганда меҳмонхоналардаги хоналар тақсимотида тартибли бўлиш талаб этилади.

Меҳмонхонада оз вақт бўлишни, ҳажга нима мақсадда боришни доим ёдда сақлаган ҳолда гуруҳ раҳбарининг кўрсатмаларига қатъий амал қилиши керак.

Меҳмонхоналардаги хоналар озодалигига эътибор бериш, сувни исроф қилмаслик, хоналарда таомланмаслик талаб этилади.

Хонадошлар билан жанжалашмаслик, бошқаларнинг ҳақига ҳиёнат қилмаслик керак.

Меҳмонхоналарда, Мино, Арофат ва Муздалифада сатри аврат қоидаларига амал қилиш лозим.

 

Ошхонада:

Ошхонадаги тартиб-интизомга қатъий риоя қилиш керак.

Меҳмонхоналардаги ошхоналарда, Мино, Муздалифа, Арофатда зиёратчиларга бериладиган маҳсулотларни фақат ўзига кераклигини олиши, меъёрдан ошиқ олмаслик, берилаётган маҳсулотлар бошқа зиёратчиларнинг ҳаққи бўлиши мумкинлигини унутмаслик лозим.

 

Масжидга ёки бошқа жойларга кетиладиган бўлса:

Ҳар намозга чиққанда калитни топшириш шарт эмас. Бутунлай чиқиб  кетаётганда калитни топшириш керак.

Шахсини тасдиқловчи бейжик ва меҳмонхона ташриф қоғози (визитка)си доим ёнида олиб юриш керак.

Ибодатлар учун масжидда қолинадиган бўлса ёки бошқа ишлар юзасидан гуруҳ раҳбарини огоҳлантириб қўйиш лозим.

  

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво маркази ва Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлими

 

Саудия Aрабистони Ички ишлар вазирлиги Ҳаж тартиб-қоидаларини бузганлар қаттиқ жазоланишини маълум қилди.

Белгиланган муддатда Маккада, “Масжид ал-Ҳаром” атрофи, зиёратгоҳлар, Русайфа шаҳридаги Ҳарамайн бекати, хавфсизликни назорат қилиш марказлари, саралаш марказлари ва вақтинчалик хавфсизлик назорати марказларида Ҳаж тартиб-қоидаларини бузган қироллик фуқаролари, аҳолиси ва меҳмонлари 10 000 Саудия рияли ёки 2 666 AҚШ доллари миқдоридаги жаримага тортилади..

Қоидабузарлар ўз ватанларига депортация қилинади ва Қиролликка қайта киришлари тақиқланади. Бу ҳақда “Saudy press” агентлигига таяниб “Arabnews” хабар бермоқда.

Ички ишлар вазирлиги қоидабузарлар ҳар бир қоидабузарлик учун яна 10 минг СР миқдорида жаримага тортилишини айтиб, зиёратчилар ўз маросимларини хавфсиз ва қулай тарзда бажаришлари учун Ҳаж тартиб-қоидаларига риоя қилиши муҳимлигини таъкидлади.

Ҳаж ва Умра вазирлиги зарур рухсатномаларсиз ҳаж қилиш ноқонуний эканлигини ва 50 минг Саудия риёли миқдорида жаримага олиб келишини таъкидлади. Бундан ташқари, тегишли рухсатномасиз зиёратчиларни олиб кетаётганда ушланганлар ҳам 50 000 СAР (13. 330 АҚШ доллари) гача жаримага тортилади.

“Ислом пойтахти” интернет ресурсига кўра, фойдаланилган транспорт воситасини мусодара қилиш тўғрисида буйруқ чиқарилади ва жиноятчи муҳожир бўлса, қамоқ жазосини ўтаб бўлгач, депортация қилинади. Ноқонуний ташилган одамлар сонига қараб жарима миқдори ортиб боради.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top