muslimuz

muslimuz

الثلاثاء, 30 كانون2/يناير 2024 00:00

Қизим сенга илиндим

Марҳум отам ўзлари яхши кўрган ҳар бир нарсани менга ҳам бўлиб берардилар. Албатта бу барча оталар қиладиган иш. Лекин менинг отам ҳатто қадаҳдаги ичиб турган сувларидан ҳам менга илинардилар. Ширинлик еб турган бўлсалар, гарчи ширинлик ўта оз бўлса ҳам “Қизим, шуни сен еб қўйгин, мен тўйиб қолдим” деб менга берардилар. Ваҳоланки, ширинликка деярли қўл урилмагани билиниб турарди.

Ўйлайманки, барча оталар ҳам бу нарсага аҳамият беришмайди. Фарзандга эътибор бериш бир кун келиб албатта мевасини беради. Болалар ҳамма нарсани ёдда сақлашади. Мана ёшим 35дан ошган бўлса ҳам, ҳалигача отамнинг ўша одатлари эсимдан чиқмайди. Ўзим ҳам еб турган нарсамни болаларимга отам каби бўлиб беришга ҳаракат қиламан.

Отамнинг бу одатларидан мени жуда қаттиқ яхши кўришларини, доимо эътиборларида эканимни билиб турардим. Шунинг учун бўлса керак, ёшлигимда бегона эркакнинг эътиборига эҳтиёж сезмаганман. Дугоналаримнинг баъзилари бир неча йигитлар билан гаплашадиган, учрашиб юрадиган бўлиб кетишди. Отам сабабли Аллоҳ мени бундай хорликдан сақлади.

Бугун нима яхши иш қилсам ҳам, савобига отамни шерик қилишини Аллоҳдан сўраб дуо қиламан. Садақа қилсам ёки бировга ёрдам бериб дуо оладиган бўлсам, менга қўшиб отамни ҳам дуо қилишларини илтимос қиламан. Ўзимнинг ҳар кунги махфий дуоларимда ҳам отамнинг ҳақларига дуо қилишга алоҳида вақт ажратаман. Хотирамда ҳамон отамнинг менга илинган ширинликлари гавдаланади, “Қизим, мен шуни еёлмадим, сен еб қўйгин” деган меҳр тўла сўзлари эшитилиб тургандек бўлади.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Зиёратчиларга қулай шароит қилиш мақсадида Масжидун Набавийга 25 мингдан ортиқ гилам тўшалди, - дея хабар берди“Сауди Пресс” агентлиги.

“Arabnews” хабарига кўра, гиламлар масжид ичи, ҳовлилар ва томларига ётқизилиб, ҳар куни тозаланади ва тоза ва хушбўй ҳид таратиши учун энг яхши мушклар сепилади.

Мазкур гиламлар чидамлилиги ва қалинлиги билан ажралиб туради. Ҳар бир гиламга электрон чип ўрнатилган бўлиб, унинг жойлашуви, ювиш, тозалаш, ҳушбўйлик сепиш ва кўчириш вақтлари кузатиб борилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Тошкент Ислом институтида “Январь – Араб тили ва балоғат” фанлари ойлиги муносабати билан “Араб тили –  Қуръони карим  тили” шиори остида Араб тили фанидан талабалар ўртасида мусобақа ўтказилди.

Қуръони карим тиловати билан бошланган тадбирни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори Муҳаммадолим домла Муҳаммадсидиқов кириш сўзи билан очиб берди.

Мусобақада ҳар бир курс талабаларидан ташкил топган гуруҳларда 4 тадан иштирокчи қатнашди. Уларнинг чиқишини институтнинг малакали устозларидан иборат ҳакамлар 20 баллик тизимда баҳолаб борди.  

Иштирокчилар мусобақанинг 5 шарти, яъни матн ўқиш, таржима ва таркиб қилиш; Араб тилидаги исмлардан охири тугаган ҳарфга луғат айтиш; қўйилган овозсиз видеони шарҳлаш; ҳикмат айтиш беллашуви ва саҳна кўриниши бўйича ўзаро беллашди.

Якуний натижалар эса қуйидагича бўлди:

1-ўрин: 2 курснинг Мулла Жомий жамоаси;

2-ўрин: 4 курснинг Замахшарий жамоаси;

3-ўрин: 1 курснинг Журжоний жамоаси;

4-ўрин: 3 курснинг Саккокий жамоасига насиб этди.

Тошкент Ислом институти

Матбуот хизмати

الثلاثاء, 30 كانون2/يناير 2024 00:00

Брайл алифбосидаги Қуръон тақдим этилди

 

24 январда бошланган Қоҳирадаги 55-халқаро китоб кўргазмасида Қуръони карим ва брайл алифбосида ёзилган кўплаб диний китоблар намойиш этилди.

Кўргазмада Қуръон нусхалари ва брайл алифбосида ёзилган кўплаб диний китоблар намойиш этилди, дея хабар беради “IQNA” сайти “Youm7” нашрига таяниб. Ушбу асарларнинг аксариятини кўзи ожизлар учун махсус ёрдам уюшмаси тақдим этган.

Кўзи ожизлар стендида кўргазмага қўйилган китоблар орасида Қуръони карим ва унинг турли тафсирлари, замонавий мисрлик Қуръон мутафаккирларининг атеистлар билан мунозаралари ва аёллар ҳуқуқларига оид ёзувлари ўрин олган.

Қуръони каримни кўзи ожизларга ўргатиш Мисрда анъанага айланган ва мисрликларнинг энг машҳур қори ва ҳофизлари кўзи ожиз бўлган. Бироқ илгари бу тадқиқотлар фақат анъанавий ва эшитиш усулида олиб борилган. Сўнгги йилларда янги технологиялардан, айниқса, Брайл алифбоси ва Қуръон алифбосидаги ўқув китобларидан фойдаланишга ҳам катта эътибор қаратилмоқда.

Миср пойтахти Қоҳирада бўлиб ўтаётган кўргазмада 70 дан ортиқ давлатдан 1 200 та нашриёт иштирок этмоқда.

Бу йилги Қоҳира кўргазмасининг Олий қўмитаси Мисрнинг ўзига хослигини мустаҳкамлашдаги муҳим роли туфайли таниқли тарихчи олим Салим Ҳасанни 55-Қоҳира кўргазмасининг асосий қаҳрамони сифатида танлади.

Кўргазма 6 февралгача давом этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Шу йил 25 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, Тошкент Ислом институти ректори Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов, Дин ишлари бўйича қўмита бошқарма бошлиғи Муҳиддин Ҳакимов ва Диний идора бўлим мудири Музаффар Камолов ва институтнинг Модуль таълим тизими талабалари билан очиқ мулоқот ўтказилди.

Тадбирни ректор Муҳаммадолим домла кириш сўзи билан очиб, Модуль таълим тизими фаолияти, ўқув дастурлари, ўтилаётган фанлар ва ташкилий масалалар юзасидан маълумот берди.

Соҳа масъуллари ҳозирда институтда таълим олаётган 360 дан зиёд масжид ходими бўлган талабалар билан мулоқотда уларнинг ўқиши, дарсларда қатнашиши, уларга яратилган шароитлар, шартнома тўловлари, дарслар билан узвий давом этаётган имомлик фаолиятлари борасида ўзаро фикр алмашилди.

Маълумот ўрнида Тошкент ислом институтида 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб ўрта махсус маълумотга эга имом-хатиб ва имом ноибларни олий маълумотли кадрлар қилиб тайёрлаш мақсадида Модуль таълим тизими жорий қилинган.

Модуль таълим тизимига абитуриентларни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қорақалпоғистон Республикаси қозиёти ва вилоятлар вакиллари тавсия этади. Улар масжиддаги иш фаолиятидан ажралмаган ҳолда 3 йил мобайнида тўлов-шартнома асосида таҳсил олади.

Бу тизимга Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаларини тамомлаган, 4 йил ва ундан ортиқ муддат давомида Диний идора тизимидаги масжидларда фаолият олиб бораётган имом-хатиб ва имом ноиблари имтиҳон асосида ўқишга қабул қилинади.

Модуль таълими учун олий маълумотли диний кадрларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб вилоятлар кесимида квоталар ажратилган.
Вилоятларга ажратилган квотага кўра энг юқори балл тўплаган 60 нафар имом-хатиб ва 60 нафар ноиб имом жами 120 нафар абитуриент Олий Маъҳад талабаси бўлади.

Тошкент Ислом институти
Матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top