muslim.uz

muslim.uz

الثلاثاء, 28 آذار/مارس 2023 00:00

Қуръон ўқувчилар нималарни ният қилади?

Мўмин-мусулмонлар Қуръони каримни кўпинча фақат савоб умидида ўқиша­ди. Аслида Қуръони карим тиловатининг фойдали жиҳатлари, манфаатли томонлари жуда кўп.

Ҳар ким Қуръони каримни эзгу ният билан ўқиса, улуғ фазилат ва савобларга эришади. Зеро, ҳадиси шарифда: “Амаллар ниятларга кўрадир. Ҳар ким ниятига яраша олади...” дейилган (Имом Бухорий ривояти).
Қуръони карим ҳаётимиз дастури, умримиз мазмуни, охиратимиз учун савоблар манбаидир. Шу нуқтаи назардан Қуръон ўқиш арафасида эзгу ният қилиш жуда фа­зилатлидир. .
Қуръон ўқиш ниятида ушбу тавсияларга эътибор қилинг:
1) Қуръонни илм ва амал ниятида ўқинг;
2) Қуръонни Аллоҳдан ўзингизни, зурриётингизни ва аҳли байтингизни ҳидоят этишини ният қилиб ўқинг;
3) Қуръонни Аллоҳ таолога муножот ниятида ўқинг;
4) Қуръонни зоҳирий ва ботиний касаллик­ларга шифо ниятида ўқинг;
5) Қуръонни Аллоҳ таоло зулматдан нурга чиқаришини ният қилган ҳолда ўқинг;
6) Қуръонни қотган қалбларни юмшатувчи, кўнгилларга ором берувчи, васвасаларга қўрғон бўлувчи илоҳий калом эканини ният қилиб ўқинг;
7) Қуръонни ўзингиз ва оила аъзоларингиздан ҳасадни бартараф этиш, назар-нафасдан паноҳ тилаш мақсадида ўқинг;
8) Қуръонни ғофиллардан эмас, зокирлардан бўлиш ниятида ўқинг;
9) Қуръонни имонда собит, Аллоҳга яқин бўлиш мақсадида ўқинг;
10) Қуръонни Аллоҳнинг амрларига қатъий риоя қилиш ва бу борада ўрнак бўлиш мақсадида ўқинг.

Т. НИЗОМ тайёрлади.

"Ҳидоят" журналидан

الثلاثاء, 28 آذار/مارس 2023 00:00

Рамазон-руҳий покланиш ойи

Наманган вилояти бош имом-хатиби Абдулҳай домла Турсунов

27 март куни Ўзбекистоннинг Куала-Лумпур шаҳридаги элчихонамиз Малайзия Ютара университети билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг иқтисодий, сармоявий, таълим ва туризм салоҳияти бағишланган қўшма тадбир ўтказилди. Унда Малайзия олий таълим вазири Моҳамед Халид Нордин, Ютара университети ректори вазифасини бажарувчи Шаҳими Мохтар, ушбу давлат сиёсий, илмий-академик ва ишбилармон доиралари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Тадбирда Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ишлар, Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари бўйича батафсил ахборот берилди.
Шунингдек, учрашувда Ютара университети ректори вазифасини бажарувчи Шаҳими Мохтар Ўзбекистон Банк-молия академияси (БМА) билан ислом молияси бўйича мутахассисларни тайёрлаш соҳасида ўрнатилган ҳамкорликни олқишлади ва ушбу алоқаларни келажакда янада кенгайтиришга қизиқиш билдирди.
Тадбир давомида Малайзия Ютара университети қошидаги Ислом бизнес мактаби 10 кунлик махсус ислом молияси бўйича ўқув курсларини муваффақиятли тугатган 21 та БМА тингловчиларига тегишли сертификатлар топширилди. Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, жорий йилнинг бошидан жами бўлиб республиканинг 42 та мутахассислари Малайзияда ислом молияси бўйича малакасини оширди.
Малайзия Ютара университетининг Ислом бизнес мактаби 2011 йилда ташкил этилган бўлиб, у дунёда биринчи бўлиб Университетлар қошидаги бизнес мактабларни ривожлантириш халқаро ассосиацияси (Association to Advance Collegiate Schools of Business) томонидан рўйхатга олинган Ислом бизнес мактаби ҳисобланади.
Тадбир якунида жорий йил июнь ойида Малайзия Ютара университети ҳузуридаги Ислом бизнес мактаби делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини амалга ошириш ва республика мутахассислари учун семинар ҳамда тренинглар ўтказиш бўйича келишувларга эришилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

الثلاثاء, 28 آذار/مارس 2023 00:00

Ислом оламининг йирик илмий муассасаси

БОҚИЙ МEРОС

Дунё ҳамжамияти мамлакатимизда буюк муҳаддис Имом Бухорий ва бошқа мутафаккир алломалар қолдирган бой маънавий хазинани асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга тўла-тўкис етказиш борасида амалга оширилаётган ишларга юксак баҳо бераётгани бежиз эмас.

Зеро, хайрли ҳаракат – буюк аждодларимизнинг номларини янада улуғлаш, беқиёс маънавият хазиналаридан баҳраманд бўлиш ва номларини абадийлаштириш борасидаги савобли ишлар замирида ёш авлодни ўз Ватанига фидойи инсонлар қилиб тарбиялаш, аждодларидан фахрланиш ҳиссини кучайтиришдек олий мақсадлар мужассам.

2017-йил 27-март куни Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланган эди.

Марказ муқаддас ислом дини ривожига беқиёс ҳисса қўшган, ҳадис илми султони, буюк ватандошимиз Имом Бухорийнинг улкан меросини илмий асосда ўрганиш, халқимиз ва жаҳон жамоатчилигига тарғиб этиш, азалий миллий қадриятларимизни сақлаш ва улуғлаш асосида ёш авлоднинг руҳий ва маънавий оламини бойитиш, иймон-эътиқодини мустаҳкамлаш, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини янада кучайтириш мақсадида ташкил этилган.

– Марказ томонидан буюк алломаларимиз меросини ўрганиш, кенг тарғиб этиш, нуфузли халқаро марказлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди марказ директори Шовосил Зиёдов. – Биргина 2022-йил мобайнида Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия танловининг хорижий тадқиқотчилардан иборат 6 нафар ғолиби марказда илмий стажировка ўтади. Шунингдек, марказ Малайзия ислом илмий университети ва Туркиянинг Памуккале университети билан англашув меморандумлари имзолади. Булар қаторига хориждаги ҳамкорларимиз билан ташкил этилган турли мавзулардаги 8 та халқаро илмий-амалий анжуманни ҳам қўшиш мумкин.

Бундан ташқари, марказ ташаббуси билан Швейцария, Туркия, Италия ва Бирлашган Араб Амирликларида “Имом Бухорий асарлари мисолида ислом санъати кўргазмаси”, “Ислом хаттотлиги”, “Қуръони каримнинг Ўзбекистон фондларида сақланаётган қадимий нусхалари” каби мавзуларда халқаро кўргазмалар ҳамда “Мовароуннаҳрда китобат маданияти” мавзусида ислом амалий санъати турлари бўйича фестивал ва савдо ярмаркаси ташкил этилди.

– Юртимиз китоб фондларида сақланаётган ислом таълимоти, тарихи ва маданиятига оид қўлёзма асарларни долзарблиги бўйича таснифлаш ва ўрганиш, Марказий Осиёдан етишиб чиққан мутафаккир ва алломаларнинг мамлакатимиз ва хорижий давлатларда сақланаётган асарларини жамлаш ва тадқиқ этиш йўналишида аҳолидан 2 та қўлёзма ва 7 та тошбосма асар ҳадя сифатида қабул қилиб олинди, – дейди тарих фанлари доктори, профессор Бахтиёр Тўраев. – Марказда жисмоний ва юридик шахсларда сақланаётган ислом динига оид қадимий, ноёб қўлёзма асарларни харид қилиш бўйича ишлар йўлга қўйилган бўлиб, сўнгги пайтларда шу асосда ислом динига оид 44 та қўлёзма китоб жамланди.

Марказ мутахассислари саъй-ҳаракати билан Имом Бухорийнинг “Ал-жоме' ас-саҳиҳ” асарининг хорижий давлатлар фондларида сақланаётган 220 та қўлёзма нусхаси рўйхати шакллантирилди. Имом Бухорийнинг маҳаллий ва хорижий қўлёзма фондларида сақланаётган 2 минг 838 та асари реэстри тузилди.

Марказнинг қўлёзмалар фондида сақланаётган 69 та китобнинг электрон нусхаси тайёрланди. “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” туркумидаги 35 жилддан иборат китоб-албом олиб келинди. Манбалар хазинасида сақланаётган 600 та қўлёзма ва 750 та тошбосма китоб муҳрланди ва инвентар китобларга киритилди.

– Марказнинг жорий йилда ҳам истиқболли режа ва йирик лойиҳалари салмоқли, – дейди муассаса ахборот хизмати раҳбари Шерзод Маматов. – Хорижий мамлакатларнинг архив ва кутубхона фондларида сақланаётган аждодларимиз қаламига мансуб қўлёзма асарларнинг электрон нусхаларини олиш учун Ташқи ишлар вазирлиги, дипломатик ваколатхоналар орқали фондлар билан алоқа йўлга қўйилиб, ўзбекистонлик мутахассисларнинг ушбу муассасаларга илмий сафарлари ташкил этилади. Марказ ҳузуридаги музей янги экспонатлар билан бойитилади.

Шунингдек, маънавий-маърифий тарғибот йўналишида “Имом Бухорий авлодлари” номли мақолалар танлови ўтказилади. Қозоғистон, Туркия, Ўмон, Жазоир каби давлатлардаги янги илмий-тадқиқот марказлари билан турли йўналишларда ҳамкорлик кучайтирилади.

Марказ илмий ходимлари Оксфорд ислом тадқиқотлари марказида малака оширишга йўналтирилади, шу билан бирга, Туркиядаги Истанбул Сабаҳитдин Заим университети ва Исломни англаш институти, Россия Федерациясидаги Булғор ислом академияси билан ходимлар алмашинуви йўлга қўйилади.

Нодир МАҲМУДОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири

Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2023-йил 28-март, 59-сон

الثلاثاء, 28 آذار/مارس 2023 00:00

Ғамхўрлик, меҳр-мурувват ва саховат ойи

Муқаддас динимиз кишиларни бир-бирига яхшилик қилишга, меҳр-мурувват ва саховат кўрсатишга чақиради. Айниқса, Рамазон ойи кириб келиши билан бу каби инсоний қадриятлар янада кенг қулоқ ёзиб, кўнгилларга сурур ва шукуҳ олиб киради.

Ушбу муборак ойда мўмин киши рўза тутиш билан бирга кўпроқ тоат-ибодат, тиловат, зикрлар қилади. Яқинлари ҳамда дўсту ёрларини зиёрат қилиб, уларга энг эзгу тилакларини билдиради. Энг муҳими, эҳтиёжманд ва кам таъминланганларга хайр-эҳсон улашиб, уларнинг кўнглини кўтаришга ҳаракат қиладилар. Зотан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам саховатлари Рамазон ойида аввалгидан-да зиёдалашар эди.

‏Ибн Аббосдан ривоят қилинади. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барча инсонлар ичида энг саховатлиси эдилар. Рамазонда Ҳазрат Жаброил алайҳиссалом билан учрашганларида саховатлари янада ортар эди. Ҳазрат Жаброил алайҳиссалом жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ҳар кеча учрашиб, Қуръонни музокара қилар эдилар. Ҳазрат Расулуллоҳ хайрли ишда кучли шамолдан ҳам тез эдилар”.

Демак, сахийлик, қўли очиқлик ҳамда етим-есир, камбағалларга кўмак бериш каби фазилатлар бизга Пайғамбар алайҳиссаломдан мерос. Бу эзгу анъаналар бугунги кунда давом эттирилмоқда. 2023 йил — мамлакатимизда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”, деб эълон қилингани ҳам юртимизда инсон қадри нақадар улуғ эканидан далолат беради. Қолаверса, мамлакатимизда жисмоний имконияти чекланган фуқароларимизни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар ҳам таҳсинга лойиқ.

Айниқса, шу йилнинг 17 февраль куни давлатимиз раҳбарининг Бухоро вилоятига ташрифи асносида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаровнинг кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд оилалар ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларни умра зиёратига жўнатиш тўғрисидаги илтимосига розилик берганлари ҳам халқимиз томонидан катта хурсандчилик ва қувонч билан кутиб олинди.

Орадан қисқа фурсат ўтиб, Президентимизнинг алоҳида ғамхўрлиги ва яқиндан қўллаб-қувватлаши билан 1400 нафар эҳтиёжманд фуқароларимиз муқаддас умра сафарига йўл олишди. Таъкидлаш жоизки, ушбу муборак сафар учун харажатлар давлатимиз томонидан қоплаб берилмоқда.

Таъкидлаш керакки, юртдошларимиз Жидда халқаро аэропортида ишчи гуруҳи ҳамда ҳамкор ташкилотлар билан ҳамкорликда қизғин кутиб олиниб, меҳмонхоналарга жойлаштирилмоқда.

Зиёратчилар Мадина ва Макка шаҳарларида барча зарур қулайликларга эга, шинам меҳмонхоналарида истиқомат қилишяпти. Ушбу тураргоҳларда умра ибодат тадбирлари ташкил этиляпти.

Умра зиёратчиларига кенг қулайлик яратиш мақсадида ишчи гуруҳи, гуруҳ раҳбарлари, тиббиёт ходимлари юқори даражада узлуксиз хизмат кўрсатмоқдалар. Мадина ва Макка шаҳридаги меҳмонхоналарда тиббий хизмат хонаси ҳам фаолият юритмоқда.

Умра ибодатини адо этаётган эҳтиёжманд фуқароларимиз кўп йиллик орзулари ушалганидан хушнуд бўлишиб, шундай саодатли кунларга етказгани учун Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар айтишмоқда. Бу хайрли ишларнинг бошида турган давлатимиз раҳбарини дуолар қилишмоқда. Шу кезларда уларнинг қалби шукроналик ҳиссига тўлиб, ҳаётдан мамнун ва масрур эканликларини намоён этишяпти.

Президентимизнинг топшириқларига биноан, ушбу муқаддас ойда умра зиёратига кетган кам таъминланган юртдошларимизнинг оиласидан хабар олиниб, уларга Рамазон хайр-эҳсонлари улашилмоқда. Яшаш шароитларини яхшилаш, янада моддий ва маънавий томондан қўллаб-қувватлаш ишларига катта эътибор қаратиляпти. Зотан, мусулмон киши муҳтожларга кўмак кўрсатиши, уларнинг оғирини енгил қилиши улуғ фазилат ҳисобланади.

Бундан ташқари, имом домлалар маҳалла масъуллари ва маҳаллий ҳокимият органлари вакиллари билан ҳамкорликда аҳолининг кам таъминланган қатламига ифторликка сарфланадиган маблағлар ва озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатишмоқда. Уларнинг уйларида ифторлик дастурхони ёзиб, кўнгилларини кўтаришга ҳаракат қилиняпти.

Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким рўзадор кишига ифторлик қилиб берса, у кишига ҳам рўза тутганнинг ажридек савоб берилади. Бу билан рўзадорнинг ажридан ҳеч бир нарса кам бўлмас”, дедилар (Имом Термизий ривояти). Ушбу ҳадисда ифторлик қилиб беришнинг нақалар улуғ эканлиги англашилади.

Қуръони каримнинг “Бақара” сураси, 271-оятида эса шундай дейилади: “Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Бордию, камбағалларга пинҳона берсангиз — ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир”.

Рамазон ойида қилинган садақа энг яхши садақадир. Шунинг учун ҳам кам таъминланган оилаларга Рамазон қувончи ва сурурини олиб кириш ҳар биримиз учун ҳам қарз ва ҳам фарздир.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков

Видеолавҳалар

Top