Видеолавҳалар

Наманганликлар учун муносиб туҳфа

Кўп асрлик миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, дунё илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг бебаҳо меросини ўрганиш, унинг асосида ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш жамиятда барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлашнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази, Ислом академияси, Мир Араб олий мадрасаси, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари бой илмий-тарихий меросимизни ўрганиш ва тарғиб қилишга хизмат қилмоқда.
Юрт ободлиги, халқнинг юксак маданияти белгиларидан бири илм-маърифат ва ибодат масканларининг ободлигидир. Масжидларнинг кўркамлиги халқнинг маънавияти ва эстетик дидини ҳам кўрсатиб туради. Юртимиздаги масжидларнинг бугунги чиройи замирида жуда катта маънолар бор.
Ана шу чиройга яна бир чирой қўшилди. Наманган шаҳрида “Муҳаммад ал-Амин” жоме масжиди халқимиз хизматига топширилиши ҳақидаги хабар дилларни сурурга тўлдирди.
Бугун – 9 август куни “Муҳаммад ал-Амин” жоме масжидига эрта тонгдан кекса отахонларнинг муборак ташрифлари билан кун бошланди. Чунки, айни Қурбон ҳайити арафасида масжиднинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Маросимда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби А.Турсунов, вилоят ҳокимининг ўринбосари Ж.Алойдинов, вилоят ҳокимлигининг жамоат ва диний ташкилотлари билан алоқалар котибияти мудири М.Убайдуллаев, Наманган шаҳар ҳокими Ш.Абдуразақов, Наманган шаҳар ҳокимининг ўринбосари А.Иминов, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими бошлиғи ўринбосари Р.Эгамбердиев, шаҳар-туманлардан ташриф буюрган кексалар, Наманган шаҳри масжидларининг имом-хатиблари ва маҳалла аҳли иштирок этдилар.
Тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланди. Сўзга чиққанлар бу улуғ неъмат учун Яратганга шукроналар айтиб, муҳтарам Юртбошимизга ўз миннатдорчиликларини билдирлар.
Ушбу янги очилган жомени Аллоҳ таоло маҳалла аҳлига муборак қилсин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакиллиги
Матбуот хизмати

Read 2648 times

Видеолавҳалар

Top