muslim.uz

muslim.uz

الخميس, 28 أيلول/سبتمبر 2017 00:00

АРМОН

Зоҳид уйқудан уйғонганида тонг аллақачон отиб, кун ёйилиб кетганди. Анча вақтгача ўзига келолмай ётди. Ўзига келганида эса...

У ёшлик қилди. Йўқ, ёшлик қилмади, кўнгилнинг беўхшов майлига қурбон бўлди. Санамжонни кўрдию, ишқ дардига мубтало бўлди-қўйди. Қизни кўрмаса туролмайдиган, гўёки ҳаёти тўхтаб қолаётгандек туюлди. Онасига дардини ёрди. Гулрухсор опа қизни суриштириш учун манзилини сўради. Ўғли айтган манзилга бориб маҳалла аҳлидан, қўни-қўшнидан Санам ва унинг оиласини суриштирди. Уларнинг ҳаммалари бир оғиздан қизнинг яхшилигини, аммо онаси ёмон феълли эканлигини айтишди. Айниқса, кекса бир онахон:

  • Қизим, турмуш, оила қуриш – оғир масала. Чуқур ўйлаб, ўрганиш керак, токи тўрт кунда янги оила бузилиб кетмасин. Яна бир гапимни қулоғингга ил, болам. Донишмандлар: “Онаси яхши бўлсаю қизи ёмон бўлса, у қизни ҳеч иккиланмай келин қил. У барибир онасига тортади. Аммо қизи яхши бўлсаю, онаси ёмон бўлса, у қизнинг яхшилигига алданиб қолма”, дейишган. Шунинг учун бу қиз борасида хулоса чиқаришга шошилманглар, – деди.

Гулрухсор опа уйга қайтганида Зоҳиджон уни интиқ бўлиб кутиб турганди. Опа:

  • Ўғлим, маҳалладошлари қизнинг оиласи ҳақида яхши гап айтишмади, нима қиламиз? – сўради.

Зоҳиджон:

  • Санамни яхши қиз дейишибди-ку! Уйлантирсангиз, унга уйланаман, бошқа қиз керак эмас. Мени десангиз, дадамни ҳам кўндирасиз!

Чораси қолмаган онаизор дадаси билан маслаҳатлашиб, тўй қилишга рози бўлишди. Орзу-ҳавасли, карнай-сурнайли, донғи етти маҳаллага етадиган тўй бўлиб ўтди. Салкам бир ойгача Зоҳиджонлар уйидан меҳмонлар қадами узилмади. Иккинчи ой бошланди. Гулсанам опа, турмуш ўртоғи келин олдик, бир боламиз иккита бўлди деб хурсанд. Келинимиз бизга келин эмас, қиз бўлсин деб роса дуо қилишди.

Санам аввалига қайнона-қайнота хизматини елиб-югуриб бажара бошлади. Нима ҳам бўлди-ю, тўсатдан келиннинг авзои бузилиб, эрига хархашасини бошлади:

  • Жон хўжайин, илтимос, ўзимиз алоҳида кўчиб чиқайлик. Мен қачон турмушга чиқсам, алоҳида яшайман, деб орзу қилганман.
  • Э, қизиқмисан, мен битта-ю битта фарзанд бўлсам, қандай қилиб ташлаб кетамиз?
  • Нима қипти, тез-тез келиб турамиз.

Зоҳиджон кўнмади. Санам ялиниб-ёлвориб, ниҳоят, ҳовлини иккига ажратиб олишга эрини кўндирди. Зоҳиджон бу гапни айтишга юзи бўлмаслигини айтганида:

  • Сиз эркаксиз. Оилада ҳукмингиз бўлиши керак. Қандай айтасиз, нима қиласиз – бу сизнинг ишингиз. Айтасиз, тамом-вассалом! – сўзига якун ясади Санам.

Зоҳиджон ўйлай-ўйлай ечим тополмагач, уйга ичиб келди. Шайтон уни ичига кириб олиб, ўзини кўрсата бошлади. Эр шерга айланди. Тавба, кечаги истиҳола, андиша қаерга чекинди, билмайди. У ота-онасига алоҳида яшашмоқчилигини, ҳовлини иккига бўлиб, ўзларига тегишли қисмини ажратиб беришларини сўради.

Бу гапдан ота нима деярини, она нима қиларини билмай талмовсираб қолишди. Айниқса, она ўзини буткул йўқотиб қўйди. У бор бўйи билан ерга гурсиллаб йиқилди. Ота тез ёрдамга қўнғироқ қилди... Ер гўё остин-устун бўлди. Етиб келган тез ёрдамда онани шифохонага олиб кетишди. Саросимада қолган ота ҳам хотини билан бирга кетди. Зоҳиджон бошқа нима бўлганини билмайди...

... Кечаги воқеалар эсига келди-ю, нима қиларини билмай бошини чангаллаб қолди. Ўзининг қандай хатога йўл қўйганини англади. Англади-ю... бир хотиннинг макри минг туяга юк бўлиб қолмай, қалбни, хонадонни вайрона қилишга ҳам қодирлигини тушуниб етганида кечириб, тузатиб бўлмайдиган хатога йўл қўйганини тушунди.

                                                                                  Зебо ОМОНОВА

الخميس, 28 أيلول/سبتمبر 2017 00:00

Тарихий нутқ ва ҳаётий ташаббуслар

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида сўзлаган нутқи бўйича жорий йилнинг 21 сентябрь куни “Ўзбекистон овози” газетасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимовнинг мақоласи эълон қилинди.
Шу муносабат билан Тошкент ислом институти асосий биноси ҳамда “Таҳфизул-Қуръон” кафедрасида 26 сентябрь куни профессор-ўқитувчи ва барча курс талабалари иштирокида “Тарихий нутқ ва ҳаётий ташаббуслар” номли мазкур мақоланинг муҳокамасига бағишланган давра суҳбатлари бўлиб ўтди.

Ўзбекистон раҳбари жаҳон жамоатчилигини “ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини” етказишга чақирди ва юқори минбардан туриб мусулмон оламини тўлқинлантирган қуйидаги сўзларни айтдилар: “Биз бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз. Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз”.

Муфтий У.Алимов ўз мақоласида мазкур чақириқ юзасидан қуйидаги фикрларни билдириб ўтдилар “Бу сўзлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбаридан туриб, дадил ва қатъий айтилгани ҳали кўп бор эътироф этилади ва ўз самарасини беради, деб ўйлайман. Нутқдаги яна бир фикрга эътибор қаратайлик: «Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади». Бу сўзлар ушбу ояти каримага жуда мос келади: «Эй имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз...» (Бақара сураси, 208-оят). Ҳадиси қудсийда эса: «Эй бандаларим! Мен асло зулм қилувчи эмасман, сизларнинг зулм қилишингизни ҳаром қилдим, бир-бирларингизга асло зулм қилманглар», дейилади, дедилар.

Умуман олганда, БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида қатнашган давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг нутқи чуқур маъно-мазмуни, амалий руҳи, янги фикр ва ғоялар, халқаро ташаббусларга бойлиги билан Тошкент ислом институти жамоаси томонидан катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кутиб олинди.

Ш.Чўлпонов,

ТИИ Маънавият, маърифат ва иқтидорли

талабалар билан ишлаш бўлими услубчиси

Москва ва Бутун Рус Патриархи Кирилл бошчилигидаги Рус православ черковининг Москва Патриархати делегацияси мамлакатимизга ташриф буюради. 

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита маълум қилди.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ҳамда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун мамлакатимизда диний бағрикенглик, толерантлик, тинчлик ва ҳамжиҳатликни таъминлашга хизмат қилмоқда. Юртимизда ўн олти диний конфессия вакиллари аҳил-иноқ яшаб, жамият ҳаётининг барча жабҳаларини равнақ топтиришда самарали меҳнат қилаётир. Улар ўз диний байрамлари ва эътиқод амалларини эмин-эркин адо этмоқда.

Хусусан, христиан динига мансуб фуқароларимиз учун ҳам барча шароит яратилган. Мамлакатимизда 157 та христиан ташкилоти мавжуд. Бу йўналишда кадрлар тайёрлаш мақсадида пойтахтимизда Православ ва Протестант семинариялари фаолият кўрсатмоқда.

Тошкент Православ семинариясида нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари талабалари ҳам таҳсил олмоқда. Юртимиз христианлари Россия, Исроил, Греция каби мамлакатлардаги муқаддас қадамжоларига зиёратга бориб келмоқда.

Тошкент епархияси бу йил ўзининг 145 йиллигини нишонлайди. Шу муносабат билан пойтахтимиздаги “Туркистон” саройида тантанали тадбир ўтказилиши режалаштирилган. Рус православ черковининг Москва Патриархати делегацияси мазкур байрам тадбирида иштирок этади.

Москва ва Бутун Рус Патриархи Кирилл Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарлари билан учрашув ўтказади. Ўрта Осиё митрополит округи, пойтахтимиздаги монастир ва черковларга ташриф буюради. Дин вакиллари билан учрашади.

Делегация аъзолари Самарқандга ташрифи чоғида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қабрига гул қўяди. Хўжа Дониёр мақбараси, Алексеевский собори ва бошқа диққатга сазовор жойларни зиёрат қилади. Меҳмонлар Бухорода ҳам бўлиб, тарихий обидаларни томоша қилади.

 ЎзА

Ўтган ҳафта “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртида кузги ва қишги мавсумга тайёргарлик кўриш ҳамда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш масаласига бағишланган тадбир ўтказилди.

Тадбирни билим юрти мудири А.Бобомирзаев очиб, бугунги тадбирдан мақсад 2017-18 ўқув йили куз қиш мавсумига тайёргарлик ишларини ташкил этиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 майдаги “Ички ишлар органлари ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини бажариш юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 сентябрдаги “Ёнғинлар профилактикаси кунларини ўтказиш ва ёнғин хавфсизлиги чораларини кучайтириш тўғрисида”ги қарорини ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш эканини таъкидлаб, бу ҳақда батафсил маълумот бериш учун Наманган шаҳар ЁХБ бошлиғи ўринбосари Қ. Сатторов ва ЭХЁХҚ шахсий таркиби ва соҳа мутахассислари таклиф этилганини таъкидлади.

Кейин мутахассислар сўз олиб, Вазирлар Маҳкамасининг “Ёнғинлар профилактикаси кунларини ўтказиш ва ёнғин хавфсизлиги чораларини кучайтириш тўғрисида”ги қарори мазмунини ўқиб эшиттириб, аҳоли ўртасида бугунги кунда энг муҳим масалалардан бири ёнғин хавфсизлиги масаласи эканига алоҳида тўхталиб, турли хил ясама печлар ва электр жиҳозларидан фойдаланмасликни тушунтирди ҳамда ёнғин хавфсизлигига имкон қадар амал қилиб иш кўриш лозимлигини таъкидлади.

Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоблар олдилар.

Муҳаммадали КАТТАБОЕВ,

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти АРМ мудири

 

الأربعاء, 27 أيلول/سبتمبر 2017 00:00

Европаликлар қалбини забт этган мусулмонлар

Ғарблик социологлар Европа ҳудудига қочоқ сифатида келиб, ҳозирда шу ерда истиқомат қилувчи мусулмонлар ўртасида суриштирув олиб боришди. Суриштирув асосан мусулмон бўлмаган аҳоли билан улар ўртасидаги ўзаро дўстона муносабатлар мавзусида бўлиб ўтди.

Натижа шуни кўрсатдики, сўровномада қатнашган 90 фоиз мусулмонлар бошқа дин вакиллари билан дўстлик ришталарини боғлашган экан. Шунингдек, турли дин вакилларидан иборат дўстлар ўзаро турли тадбир ва байрамларда иштирок этишлари, биргаликда спорт мусобақаларида қатнашишлари, бир сўз билан айтганда, яқин дўстлар ўртасида мавжуд бўлган барча дўстона муносабатлар уларнинг ҳаёти мисолида ҳам ўз ифодасини топгани маълум бўлди.

Халқаро алоқалар бўлими

Видеолавҳалар

Top