muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

الخميس, 30 تشرين2/نوفمبر 2023 00:00

Лимон – ҳинд олмаси

Лимонли чой, лимонли пирог, лимонли шарбат... Иштаҳангиз очилгани аниқ. Бироқ лимонли бўёқ ҳақида эшитганмисиз? Ўтган асрда лимон матоларни бўяш учун бўёқ сифатида ишлатилган экан. Бунинг учун лимонни буғлашган ва ундан қора қуюқ суюқлик тайёрланган.

Европага Ҳиндистондан кириб келган бу мева “ҳинд олмалари” деб ҳам аталади. Лимоннинг яна бир қизиқ жиҳати жуда ҳам шўр бўлган суюқ таомга лимон сувидан сиқсангиз, меъёрлашганини сезасиз. 

Куз-қиш учун тайёрланган бодрингли тузламаларимиз каби Ҳиндистонда лимон тузлама сифатида тайёрланиб, истеъмол қилинади. Эфир мойлари ичида лимонники қиммат бўлиб, 3000 дона лимондан 1 кг ишлаб чиқарилар экан.

Лимоннинг бактерияларга қарши курашиш хусусияти бўлгани учун қадим замонлардан одамлар овқатдан заҳарланишни камайтириш мақсадида сувга лимон шарбати солишган. Шунингдек, сув ва лимон аралашмаси танадаги токсинларга қарши самарали воситадир.

Интернет манбалари асосида КАМОЛА тайёрлади

Профессор, шайх Салоҳ Абул Ҳож ҳазратларининг водий бўйлаб қилаётган илмий ташрифлари давом этмоқда.

2023 йил 29 ноябрь санаси, куннинг иккинчи ярмида устоз, доктор Салоҳ Муҳаммад Абул Ҳож ҳазратлари Наманган вилоятидаги «Ҳидоя» ўрта махсус ислом билим юртига ташриф буюрдилар. 

Ташриф давомида шайх Салоҳ Абул Ҳож ҳазратлари мадрасада яратилган замонавий шароитлар билан яқиндан танишиб чиқдилар. 

Сўнгра мадрасада таҳсил олаётган талабалар билан учрашув ташкил этилиб, илмий-маърифий суҳбат бўлиб ўтди. 

Суҳбат давомида талабаларнинг саволларига доктор Салоҳ Абул Ҳож ҳазратлари жавоблар бердила.

 

Аввал хабар қилганимиздек, шайх Салоҳ Абул Ҳож ҳазратларининг юртимиз бўйлаб сафарлари давом этмоқда. 

Бугун, 29 ноябрь куни профессор Салоҳ Абул Ҳож ҳазратлари Андижон вилояти Олтинкўл тумани Жалабек қишлоғида жойлашган «Саййид Муҳйиддин махдум» ўрта махсус ислом билим юртига ташриф буюрдилар. 

Азиз меҳмонни мадраса устозлари кутиб олиб, билим юрти тарихи ва фаолияти билан таништирдилар.

Учрашув давомида доктор Абул Ҳож ҳазратлари мадрасанинг илмий салоҳияти, таълим йўналишлари, талабаларга билим беришда ўзига хос ёндашувлар ҳақида маълумот бердилар. Шунингдек, «Мазҳабни ўрганиш босқичлари» мавзусида суҳбат қилинди.
Суҳбат сўнгида талабаларни қизиқтирган саволларга жавоблар берилди.

 

الأربعاء, 29 تشرين2/نوفمبر 2023 00:00

Маккада биринчи ўзбек ресторани очилди

Саудия Aрабистонида тадбиркорлик билан шуғулланаётган ҳамюртимиз Хайрулло Икромов Макка шаҳрида илк миллий таомларимиз ресторанини очди.
ЎзA хабарига кўра, Ўзбекистоннинг Жидда шаҳридаги Бош консуллигида бўлиб ўтган учрашувда шу ҳақда сўз юритилди.

Шунингдек, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, инвестиция ва туризм соҳаларининг жозибадорлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди.

Х.Икромов мамлакатимизда амалга оширилаётган ўзгаришларни доимий кузатиб боришини, спорт, маданият ва илм-фан соҳаларида эришаётган юксак марраларимиздан фахрланишини таъкидлади.

– Кўп йиллардан буён хорижда ресторан бизнеси билан шуғулланаман, – дейди Х.Икромов. – Макка шаҳридаги миллий таомларимизга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, марказий қисмида “Ўзбекистон” ресторанини очмоқдамиз.

Улар янги ташкил этилган мажмуага Ўзбекистондан бош ошпаз, новвой ва бошқа ходимларни жалб қилишга қарор қилишди.

Ресторан шу йилнинг 28 ноябридан иш бошлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

الأربعاء, 29 تشرين2/نوفمبر 2023 00:00

Селфининг таъсири жуда ёмон

Сўнгги пайтларда дунёда селфи эпидемияси кенг тарқалиб, бу машғулот шу даражага етдики, селфи олишни ўргатадиган махсус сайтлар пайдо бўлди.

Инсонлар яқин-яқингача шахсий ҳаётини ўзгалар назаридан яширар, бу борада жуда эҳтиёткор бўларди. Афсуски, бугунги кунда бу манзара ўзгарди. Технологиялар ривожи инсониятнинг асрлар оша яшаб келган қадрияту маданиятларига таъсирини ўтказди. Эндиликда одамлар нафақат ўз-ўзини ҳурмат қилишни, ҳатто шахсий ҳаётнинг қадр-қимматини ҳам унутмоқда. Манманлик, худбинлик авж олиб, ҳамма ўзи ҳақида бутун дунёга жар солишга тайёр. Нима қилса ҳам, тезроқ машҳур бўлиш, ҳамма у ҳақда гапиришини истайди.

Мутахассисларнинг фикрича, кўплаб ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва селфи ихлосмандлари руҳий касалликлардан азият чекаётирлар. Селфига берилиш хулқ-атворга салбий таъсир этади.

Хўш, динимизда селфига муносабат қандай? Умра ва ҳаж зиёратига борганларнинг аксарияти хотира учун Каъба фонида ўзларини суратга олади. Бунда, бир қараганда, ҳеч қандай иллат йўқдек. Аммо...

Маккада Каъба атрофида одамлар тавоф қилаётганларида селфи олиш издиҳом ҳосил бўлишига олиб келади ва кўплаб муаммоларни туғдиради. Масжидул Ҳаром ходими бундай дейди: “Кейинги йилларда зиёратчилар орасида селфига тушиш одат тусига кириб бормоқда. Зиёратчилар кишиларга озор бермаган ҳолда суратга олса, зарари йўқ. Бироқ бугун айрим инсонлар жума намози пайтида имомни тинглаш ўрнига ибодат қилувчиларни суратга олишни ёки селфи қилишни афзал кўради. Улар бу ҳаракати билан ўзгаларнинг ғашига тегаётганини ёки озор бераётганини

тушунмайдилар”.

Ибн Лубайд розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлардаги энг хавфсирайдиган нарсам махфий ширкдир», дедилар. Шунда саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули, махфий ширк нима?» деб сўрашди. У зот бундай дедилар: «Бу риёдир. Қиёмат куни одамлар ўз амаллари билан келишганида Аллоҳ таоло: “Дунёда риё қилганларингизнинг олдига боринглар. Назар солинглар-чи,

уларнинг олдида мукофот бормикин?” дейди» (Имом Аҳмад ривояти).

Селфи кишига қувонч улаша олмайди, у фақат ҳиссиётни акс эттириши мумкин, холос. Муқаддас жойларда бебаҳо онларни беҳуда ишлар билан ўтказиш зарардан бошқа нарса эмас. Бу ҳаракатларимиз билан ибодатларимиз риёга айланиб қолади.

Қисқаси, ҳар бир инсонда тан олиниш ва қадрланиш истаги бор. Аммо бунга фотосуратлар ёки селфи орқали эришилмайди. Чин мўмин Яратгувчининг розилигига эришишга интилиши керак, ўзгаларнинг лайкларига эмас!

 

Абдуллоҳ МУСЛИМОВ

 "Мўминалар", 3-сон, 2023

Видеолавҳалар

Top