muslim.uz

muslim.uz

الخميس, 23 تموز/يوليو 2020 00:00

Фарзандингизга нимани ўргатяпсиз?

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:  “Фарзандларингизга уч ҳислатни ўргатинглар: Набиййингизни яхши кўришни, у зотнинг оиласини яхши кўришни ва Қуръон тиловатини яхши кўришни”, дедилар.   (Имом Табароний ривояти)

Шарх:

Ушбу ҳадисда Пайғамбар алайҳиссаломдан фарзанд тарбиясига оид қисқа  тавсия бор.    Тавсиялар  гарчи қисқа ва лўнда кўринсада,  замирида жудаям катта фойдалар, олам-олам маънолар бор.  Инсон  фарзандининг дунё ва охират саодатига етишлиги учун энг муҳим кўрсатмалар бор.

1-тавсия: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш.  Бу фарзандда Пайғамбар алайҳиссаломнинг хулқлари билан хулқланишни, у зотдаги  раҳм- шафқат, меҳр –муҳаббат, садоқат, вафо, кечиримлилик каби бошқа жудаям кўп ҳислатларни ўзида мужассам қилишга ундайди.

2-тавсия: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оиласини яхши кўриш. Бу эса, фарзандларда матонат, сабр-бардош, шукроналик, ўзаро ҳурмат ва бошқа оилага оид тарбияни шаклланишида кўмак бўлади.

3-тавсия: Қуръон тиловатини яхши кўриш.  Ушбу ҳислат эса фарзанддда жамийки гўзал, мақталган сифатларни жамланишига, Қуръоний ахлоқлар билан безанмоқликка, Қуръон қайтарган барча амаллар ва сифатлардан узоқ бўлишга сабаб бўлади.

 

Хулоса: Ҳар бир ота-она ўз фарзандини гўзал одоб ва ахлоқ соҳиби бўлиб улғайишини чин дилдан истайди ва бу йўлда ҳаракат қилади. Ушбу орзуларни амалга ошириш учун эса Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисларига амал қилиш жуда манфаатли иш ҳисобланади. Зеро, Росулимизнинг ҳар бир сўзлари дунё ва охиратда саодат топишимиз учун дастурул амал бўлади.

 

 

Олмазор туманидаги   “Мевазор” масжиди имом ноиби: 

Ёрбек Исломов

الخميس, 23 تموز/يوليو 2020 00:00

Сабр – юксак фазилат (аудио)

Аброр АЛИМОВ,
Тошкент шаҳар “Ҳувайдо” жоме масжиди имом-хатиби

الخميس, 23 تموز/يوليو 2020 00:00

Қурбонлик ҳақида

“Қурбонлик” луғатда қурбонлик кунлари сўйиладиган  ҳайвондир. Унинг шариатдаги маъноси, махсус ҳайвонни махсус кунларда қурбонлик нийяти  билан сўйишдир. Махсус ҳайвондан мақсад, Қурбонлик қилиш учун сўйиладиган ҳайвон , қора молларда  икки ёш, туяларда беш ёш, қўй ва эчкиларда  бир ёшдан иборат бўлган ҳайвондир. Лекин, олти ойлик қўзи бир ёшлик қўйнинг кўринишидаги гавдаси бўлса, уни қурбонлик қилиш ҳам жоиз бўлаверади.  Мазкурларни урғочисини ҳам қурбонлик қилса бўлади .Туя ва қора молларда етти кишигача шерик бўлиб сўйишлари мумкин. Лекин шерикларнинг ҳаммалари мусулмон ва уларнинг  нийятлари эса фақатгина  қурбонлик сўйиш бўлиши шарт қилинади . Агар  уларнинг бирортаси мусулмон бўлмаса ёки  уларнинг бирларининг  мақсади гўштни  арзонроқ тушишини мақсад қилган бўлса,  барчаларини қурбонлиги жоиз бўлмайди. Бу шериклар сўйилган қурбонлик гўштини  килограммлаб, тенг қилиб тақсимлаб олишларн зарурдир.

Бу  ҳайвонлар айб ва нуқсонлардан холи бўлишлари ҳам шарт қилинган бўлиб, думбаси, думи , кўзи, қулоғи кабиларнинг  учдан бири ва ундан аксари йўқ бўлмаслиги,  ўта озғин,  қурбонлик қилинадиган жойга юриб бора олмайдиган даражада чўлоқ  бўлмаслиги, ғилай, мажнун, касал,  тишларини аксари синган бўлмаслиги ҳам шарт қилинади.  Агар ҳайвоннинг қулоғида йиртиғи ёки аломат учун тешиги бўлса, учдан бири ва ундан аксарига етмаса,  ушбу ҳайвон қурбонлик учун жоиз бўлади.

От, кийик, товуқ, хўроз каби ҳайвонлар билан қурбонлик қилинмайди.

Махсус кунлардан мақсад, қурбонлик сўйиладиган  вақт бўлиб, унинг бошланиши Қурбон ҳайити намози ўқилгандан кейин бошланиб , охирги вақти эса, Қурбон ҳайитининг учинчи куни қуёш ботишидан сал олдиндир.

Қурбонлик нияти билан сўйишдан мурод эса, ҳар бир қурбонлик қилмоқчи бўлган кишининг мақсади  қурбонлик эканини қалбидан ўтказиб бўлса ҳам нийят қилмоғидир. Агар ҳайвон  сўйишдан мақсад қурбонлик эканлигини нийят қилмаса,  унинг сўйгани оддий гўштдан фарқи бўлмайди. Чунки инсоннинг одатий қилиб юрган ишлари билан унинг ибодатини орасин ният  билан ажратилади.

Муборак Рамазон ойида Фитр садақа бериши лозим бўлган эркак ва аёл кишига  қурбонлик қилиши  вожибдир. Вожиб амалини қилиш лозим ва лобуддир. Уни қилган одам савоб олади. Вожиб амалини қилмаган одам гуноҳкор  бўлиб, иқобга қолади.

Қурбонлик қилиш унга вожиб бўлган киши қурбонлик сўйиш кунларида қурбонлик қилмай вақтни ўтказиб юборса,  ҳайвонни  қийматини садақа қилиб юборади. Қурбонликка қодир  бўлмаса ҳам “Қурбонлик қиламан”, деб нийят қилиб ўзига қурбонликни вожиб қилиб олган киши эса ҳайвонни  сотиб олган бўлса, уни тириклайин садақа қилиб юборади ва агар жонлиқни сотиб олмаган бўлса унга ҳеч нарса лозим  бўлмайди. 

Бир кишининг учта ёки тўртта ўғиллари бўлиб, улар билан биргаликда тижорат қилсалар ва уларни еб-ичиши, турар жойлари бир жойда бўлса, асл мол отаники бўлиб, фарзандлар отага ёрдамчи бўлсалар, бундай ҳолатда отанинг зиммасига қурбонлик вожиб бўлади. Фарзандларга эса, қурбонлик вожиб бўлмайди. Агар фарзандларининг алоҳида моллари бўлиб,  нисоб эгалари бўлсалар, уларнинг зиммасига ҳам қурбонлик қилиш вожиб бўлади. 

Қурбонлик сўйиш учун ҳайвон сотиб олмоқчи бўлган киши, ҳайвонни қийматини тайин қилиб сотиб олмагунича ўша  ҳайвонни  қурбонлик қилиши жоиз эмас. Ҳайвонни сўйиб гўшини тортиб олиб, қанча килограмм гўшт чиқса шуни пулини бериш шарти билан жонлиқ сўйиб қурбонлик қилса унинг қурбонлиги  қурбонлик эмас.

Ҳозирги кунда жуда кўп аёллар тақинчоқ ва ортиқча нарсалари ҳамда ўлик моллари ҳисобланса, нисоб соҳибига айланадилар. Гарчи закот бермасаларда, уларнинг зиммаларига қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Ўлик молларга уламоларимиз уч сидра кийимдан ортиқчасини ҳам ҳисобга олганлар. Ундан ташқари уйда ишлатилмай турадиган идиш-товоқлар, сувенирларнинг  нархи нисоб миқдорига етса, зиммаларига қурбонлик қилиш вожиб бўлади.

Қурбонлик қилгучи қурбонлик гўштини уч қисмга бўлиб, бир қисмини ўзи ейиши, бир қисмини эҳсон қилиб  едириши, бир қисмини сақлаб қўйиши яхшидир . Агар қурбонлик қилувчи оилада кўпчиликни ташкил қилсалар,  қурбонлик гўштини садақа қилмасдан оиласи учун захийра қилишлари дурустдир.

Қурбонлик қилишдан асосий мақсад Аллоҳ таолога итоат қилишдир. Инсон маълум маблағга эга бўлиб ўша маблағни ҳолис Аллоҳ таолонинг  розилиги учун сафлаши бу, инсоннинг  Аллоҳ таолога бўлган иймони ва муҳаббатининг  аломатидир.

 Ваҳоланки Аллоҳ таоло инсонлар томонидан қилинадиган бирор бир амалга эҳтиёжи йўқ бўлган зотдир. Аслида сўйилган қурбонликдан Аллоҳ таоло эмас балки бандаларнинг ўзларигина  манфаатланадилар. 

 Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам зинҳор етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. ("Ҳаж" сураси, 37-оят).

Дарҳақиқат инсон фақатгина Аллоҳ таолога итоат этиб жонлиқ сўйиб қурбонлик қилади лекин унинг гўштларидан қурбонлик қилгувчининг ўзи, қариндош уруғлари, қўни қўшнилари ҳамда кам таъминланган эҳтиёжманд кишиларнгина фойдаланиб кўнгиллари кўтарилади.

Инсон бу қилган қурбонлиги билан амалда ўзнинг имони ва Аллоҳ таолога бўлган муҳаббати ҳамда тақвосини намоён қилиб, Аллоҳ таолодан ажр ва мукофатларга эга бўлади ва қиёмат кунида дўзах ўтидан омонда бўлади.

Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Кимки қурбонликни дили хурсанд ва савоб умидида қилса, у (қурбонлик) у учун дўзахдан парда бўлади”, дедилар (Табароний ривояти).

Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима розияллоҳу анҳога:

“Қурбонлигингиз олдида туриб, гувоҳ бўлинг. Чунки қурбонлик қонининг биринчи қатраси томчиси билан ўтган гуноҳларингиз мағфират қилинади” дедилар.

Шунда у(Фотима онамиз):

“Эй, Аллоҳнинг Расули бу фақат биз аҳли байт учунми ёки биз ва барча мусулмонлар учунми?” дедилар.

Шунда у зот:

“Биз ва барча мусулмонлар учун” дедилар”.

Имконияти бўла туриб қурбонлик қилмаган киши эса вожиб амалга эътиборсиз ҳисобланиб гуноҳкор бўлади.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадиси шарийфда Пайғамбримиз алайҳиссалом, “Кимки, имкони бўлатуриб қурбонлик қилмаса, бас, бизнинг намозгоҳимизга яқинлашмасин” деганлар . (Имом Аҳмад, Ибн Можа ва Ҳоким ривоятлари ). 

Ушбу ҳадиси шарийфда Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг  қурбонлик қилишга қодир бўлатуриб қурбонлик қилмаган  кишига қанчалик нафратлари маълум бўлади. Ҳатто бундай инсонларга мусулмонларнинг ийдгоҳларига  яқинлашмаслик айтилди. Ҳақиқий Мусулмон ва чин уммат учун  бу гап жуда ҳам оғир ва қаттиқ гап .

Лекин минг афсуслар бўлсинки  имкони бор бўлган баъзи мусулмонлар қурбонлик сўйишга бепарво бўлиб гуноҳкор бўладилар.

Оила ташвиши, бошқа юмушлар билан оввора бўлиб , Зулҳижжа ойи кирганлигидан  хабар топмаган, ҳали қурбонлик сўйишга тараддуд кўрмаган бўлсак , бизларга қурбонлик сўйишга тайёргарлик кўриб жонлиқ сотиб олишга вақтимиз бор.

Аллоҳ таолонинг  барча буйруқларини чин ихлос ва муҳаббат ила адо этган инсон иккала дунёда ҳам камчилик ва йўқчилик кўрмайди.

Шундай экан бу имкониятлардан фойдаланган ҳолда шариатимиз кўрсатмаларига амал қилиб ҳаёт кечирмоғимиз, қурбонлик каби молиявий ибодатларнинг савобларини  ҳам унутмаслигимиз , савобли ишларни ғаниймат билиб, яхшилик қилишда яна ҳам эътиборли бўлишимиз лозим.

 

Зиёуддин МИРСОДИҚОВ,
Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги
“Бўта бува” жоме масжиди имом хатиби

الخميس, 23 تموز/يوليو 2020 00:00

ТАЪЗИЯ БИЛДИРАМИЗ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Тошкент вилояти вакиллиги Тошкент вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Миродил домла Миржалиловнинг волидаи муҳтарамасининг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.

Аллоҳ таоло марҳум онахонни Ўз мағфиратига олсин! Ғариқи раҳмат, шоистаи жаннат, охиратларини обод қилсин! Барча яқинларига сабру жамил ато айлаб, ажру мукофотларини кўпайтириб берсин!

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъун!


 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси "Хадичаи Кубро" аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси жамоаси узоқ йиллар муассасада хизмат қилган фахрий ходима Хадича опа Қосимованинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.

Ҳақ таоло марҳуманинг фарзандларига ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Юксак тараққий этган ахборот технологиялари асрида яшаяпмиз. Тонгда уйғонишимиз билан “ақлли” телефонни қўлига олиб, ижтимоий тармоқларга кирамиз. Бу – дунёдаги аксарият одамнинг одати. Шу тариқа ҳар ким истаса-истамаса, ўзини ахборот майдони ичра кўради. Кимлардир бу майдонда – тарқатувчи, кимлардир – оддий иштирокчи, кимлардир – ўша ахборотларнинг қурбони, кимлардир эса – шунчаки кузатувчи...

Афсуски, ахборот тарқатиш борасидаги мутлақ эркинлик баъзида тарбиясизликка сабаб бўлиб қолмоқда. Хусусан, сўнгги пайтларда тарқатилаётган лавҳалар орасида ҳақоратли сўзлар, туҳматли иборалар, муайян шахсларни обрўсизлантириш қасд қилинган тасвирлар кўпайиб бормоқда. Энг ёмони – уларнинг аксарияти бир гуруҳ троллар ёки “фейк”, яъни сохта аккаунтлар томонидан уюштирилмоқда. Бу қилмишлар ортида қандай ғаразлар ётгани жумбоқ...

Айниқса, бундай номақбул хатти-ҳаракатлар исломий қадриятлар борасида ҳам учраётгани кишини янада кўпроқ ташвишга солмоқда. Қурбон ҳайити арафасида ижтимоий тармоқларда қурбонликка ҳозирланган жонлиқларни турли хил либосда, мусиқа садоси остида тасвирланган ёки шунга ўхшаш видеотасвирлар тарқатилди. Уни ҳамма кўрди. Аммо... “интернет усталари”дан нечовларининг хаёлига қурбонлик ҳам ислом шиорларидан бири экани келди? Илло, айрим интернет фойдаланувчилари қурбонлик ҳам – ислом шиори эканини билганларида эди, балки бундай қилмаган бўлардилар.

Аллоҳ таоло ислом шиорларини қадрлашга тарғиб қилган ва уларни топташ, масхара қилишдан қаттиқ қайтарган. Жумладан, Ҳақ таоло Қуръони каримда бундай дейди: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳнинг (ҳажга доир) шиорларини, “Ҳаром ой” (ҳаж ойлари)ни ҳалол деб ҳисобламангиз... !” (Моида сураси 2 оят). Яна бир ояти каримада: “(Гап) шудир. Яна кимки Аллоҳнинг шиорлари (қурбонликлар)ни улуғ деб билса, бас, албатта, (бу) дилларнинг тақвосидандир” (Ҳаж сураси 32 оят), – деб хитоб қилган.

Бу ҳақда кейинги вақтларда олиму зиёлиларимиз турли сабаблар билан кўп ва хўб ёзишга, Аллоҳ таолонинг ушбу амрини бот-бот бизларга эслатиб туришга мажбур бўляптилар.

Ислом таълимотига кўра “шиор” сўзи “нишон”, “белги”, “аломат” маъноларини билдиради. Яратган Парвардигоримиз Аллоҳ таолонинг динининг кўзга кўринган ва шон-шавкатининг аломати бўлган нарсалар шиор ҳисобланади.

Масалан, Қуръони карим, унинг тиловати, азон;

Аллоҳ таоло фарз қилган намоз, рўза, закот, ҳаж каби динимиз устуни бўлган ибодатлар;

шариатимизда улуғланган зотлар – пайғамбарлар, саҳобалар, тобеинлар, авлиёлар, уламолар, илм аҳллари;

Каъбатуллоҳ, Маккаи мукаррама, Мадинаи мунаввара, Мино, Арафот, Қуддуси шариф каби жойлар, масжидлар;

Муҳим саналар – жума куни, Рамазон ойи, муқаддас ойлар;

қолаверса, ибодат буюмлари бўлмиш тасбеҳ, салла, жойнамоз ва ҳоказо.

Аллоҳ таоло Ўзининг каломи мажиди (Ҳаж сураси 36 ояти)да бундай марҳамат қилади: “(Қурбон қилинадиган) туя ва сигирларни Биз сизлар учун Аллоҳнинг шиорларидан қилдик. Сизлар учун уларда яхшилик бордир. Бас, уларга (сўйиш учун) саф тортган ҳолларида Аллоҳ номини зикр қилингиз!”.

Ушбу ояти каримада қурбонликка сўйиладиган ҳайвонлар ҳам Аллоҳнинг шиорларидан (!) экани таъкидланмоқда. Ҳамда буларда бизлар учун яхшилик борлиги эслатилмоқда. Оятнинг мазмунидан қурбонликка аталган жониворларни ҳурматлаш, авайлаш ва эъзозлаш – Худодан қўрқишлик аломатларидан экани аён бўлади.

Аввалроқ айтганимиздек, сўнгги пайтларда баъзи инсонларнинг ҳайит арафасида ижтимоий тармоқлар орқали қурбонлик қилинадиган ҳайвонларни расмларига ишлов бериб, турли масхараомуз муносабатда бўлиб, бу ишининг оқибатини билмасдан гуноҳ орттириб олаётгани эса ачинарли ҳолат, билимсизлик, авомлик, борингки, жоҳиллик деса ҳам бўлаверади.

Аллоҳ таолонинг шиорларини оёқости қилиш, улардан бирортасини масхара қилиш, камситиш, беҳурмат қилиш, хўрлаш, менсимаслик, хор қилиш мўмин кишининг кофир бўлишига сабаб бўлади.

Савбон  разияллоҳу  анҳудан  ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шариатнинг шиорини паст санаганларни қаттиқ қоралаб бундай деганлар: Аниқ биламанки, умматим ичидаги баъзи кимсалар Қиёмат кунида  Тиҳома  тоғи каби улкан ҳасанотлар билан оппоқ бўлиб келишади, лекин Аллоҳ таоло уларнинг амалларини тўзиган чанг каби қилиб қўяди.

Шунда  Cавбон  разияллоҳу  анҳу: “Ё Раcулаллоҳ, бизга уларни cифатлаб, очиқ баён қилиб берсангиз, билмасдан ўшалардан бўлиб қолмайлик!” – деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: Уларcизларнинг биродарларингиз, cизларга  ўхшаган одамлардир. Улар ҳам  cиз  каби тунлари ибодат қилади. Лекин улар шундай одамларки, ёлғиз қолган вақтларида шариатнинг шиорларини топтайдилар, – дедилар (Имом Ибн Можа ривоятлари).

Динимиз уламолари ўзларининг фатволарида бундай дейишган: “Ким азонни масхара қилса ёки Қуръони каримни енгил санаб оёқ ости қилса, ёки шаръий илмларни ёхуд уламоларни масхара қилса, ибодатларни енгил санаб бажармаса, ёки масжидни масхара қилса, кофир бўлади” (“Ғамзу уюнил басоир шарҳ ашбоҳ ван-назоир”).

Ота-боболаримиз Ислом одобига жиддий эътибор берганидан хабаримиз бор ва уларнинг одоб-ахлоқи билан баъзи-баъзида мақтаниб ҳам қўямиз.

Ота-оналаримиз шариатимиздаги  мустаҳаб ва одоб амалларига ҳам қаттиқ эътиборли бўлганлар. Улар одоблари гўзаллигидан тасбеҳлари кўксиларидан пастга тушмаган. Жойнамозларини ҳам эҳтиёткорона, оёқ остида қолдирмасдан, меҳр билан алоҳида баланд жойларга қўйганлар. Масжид атрофидан меҳр билан оҳисталик билан ўтганлар. Азон айтилаётганда меҳр билан беҳуда сўз айтмаганлар. Араб ёзувидаги матнлар битилган ашёларни меҳр билан эҳтиётлаб сақлаганлар. Нима сабабдан? Чунки улар динга алоқаси бор ҳар бир нарсага АЛОҲИДА ОДОБ  билан муомала қилганлар! Чунки улар динга алоқаси бор ҳар бир нарсага ЎЗГАЧА МЕҲР  билан муносабат қилганлар! У одоб – БЕТАКРОР ОДОБ!!! У меҳр – БЕҚИЁС МЕҲР!!!

Имом Абу Довуд Абу Умома разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу  алайҳи  васаллам айтдилар: “Ўзи ҳақ бўлcа ҳам талашиб-тортишмаган киши учун – жаннат чеккароғидан уй берилишига, ҳазиллашиб бўлса-да ёлғон гапирмаган киши учун – жаннатнинг ўртасидан уй берилишига, хулқини гўзал қилган киши учун эса – жаннатнинг энг юқори қисмидан уй берилишига мен кафилман” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Минг афсуски, ҳозирги кунда баъзилар шундай чиройли ишларга, жаҳон мамлакатлари ва ўзга диёрлар ичинда “ўзбек халқининг ноёб ва гўзал одоблари” деб тан олинган одобларига беписанд бўлиб, “ҳеч нарса қилмайди” қабилидаги гапларни айтиб, ота-оналаримиз бетакрор ва беқиёс меҳр билан бажариб келган бетакрор ва беқиёс динимизнинг бетакрор ва беқиёс одобларини йўққа чиқаришга уринмоқдалар. Ваҳоланки, шайтон мусулмон кишининг биринчи бўлиб имонига ҳужум қилмайди, балки биринчи бўлиб мусулмон кишини мустаҳаб ва одоб бўлган амалларга беэътибор қилишга уринади. Агар ғолиб чиқса, дастлаб суннатга, кейин вожибга, сўнг фарз амалларга бепарво қарашга уринади. Агар мусулмон кимсани фарз амалга ҳам эътиборсиз қилишга эришса, алалоқибат, Аллоҳ сақласин, имонига ҳам ҳужум қилиб, натижада имондан ажратади!!!

Шундай экан, ҳар биримиз ота-боболаримизнинг йўналишларини маҳкам ушлаб, барча мустаҳаб ва одоб амалларга тўла амал қилиш ҳамда динимиз шиорларига одоб ва ахлоқ билан муомала қилишимиз – бетакрор динимиз талабидир!!!

Демак, юқоридаги ҳукмлар жонлиқлар билан боғлиқ ғалати ҳолатларни тарқатаётган кишиларга сабоқ бўлиши керак. Улар ҳам исломий қадриятларга путур етказиш эвазига кўнгилхушлик ила омманинг эътиборини жалб қилиш оғир гуноҳ эканини англаб етсинлар.

Яна бир жиҳат, сўз эркинлиги дегани – исталган нарсани ҳеч қандай масъулиятни ҳис қилмасдан айтиш, ёзиш, тарқатиш дегани эмас. Балки ҳар бир сўз учун жавоб бера олиш масъулиятидир.

Оғзига келганни демоқ – нодоннинг иши,

Олдига келганни емоқ – хайвоннинг иши,

деб бежиз Алишер Навоий бобомиз ёзмаган.

Ҳар бир интернет фойдаланувчиси айтаётган гапи, тарқатаётган ахбороти учун Аллоҳ таоло олдида ҳам, мўмин-мусулмонлар олдида ҳам, жамият аъзолари ва давлат қонунлари олдида ҳам жавобгардир! Бу меъёр дунёвий қонун-қоидаларда ҳам, диний таълимотимизда ҳам қатъий белгилаб қўйилган!

Бир сўз билан айтганда, “фейк” аккаунтлар ёки троллар юритувчилари муборак динимиз шаънига доғ солувчи лавҳалар, бузғунчи шарҳлар, ҳақоратли сўзлар, таҳқирлашлари учун икки дунёда ҳам жавоб берадилар.

Илоҳо ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам меҳрибон Парвардигоримиз буюрган, жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам тавсия этган, ўтмишда ўтганларимизни руҳлари шод бўладиган, халқимиз хурсанд бўладиган, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!

 

Иброҳимжон ИНОМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

 

Видеолавҳалар

Top