muslim.uz

muslim.uz

Ҳозирда дунё мамлакатларига хавф солаётган корона вируси тарқалишининг олдини олиш бўйича профилактик ва эҳтиёт чораларини кўриш мақсадида Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳрида шу йилнинг 6-11 апрель кунлари ўтказилиши режалаштирилган 62 халқаро  Қуръони карим мусобақаси мазкур мусобақа ташкилотчиси бўлган Малайзия ислом тараққиёти халқаро муассасаси томонидан шу йилнинг июль ойига қадар кечиктирилгани эълон қилинди. Яқинда мазкур кечиктирилиш вақти бўйича Малайзиянинг хориж давлатларидаги элчихоналари воситасида таклиф қилинган давлатларга расмий маълум қилиниши таъкидланди.

Маълум бўлишича, 61-халқаро Қуръони карим мусобақаси 2019 йилнинг 15-19 апрель кунлари пойтахт Куала-Лумпур шаҳрида ўтказилган эди. Мазкур мусобақа ислом олами миқёсидаги энг қадимги ва нуфузли халқаро Қуръони карим мусобақаларидан саналиб, унда дунёнинг турли давлатларидан келган ўнлаб етук қорилар ва қориялар рақобатлашиб келмоқда.

  

ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими.

 

الإثنين, 16 آذار/مارس 2020 00:00

Қуръонни ёд олган қорилар

 

Сиз расмда кўриб турган ҳолат Марокаш давлатида бўлиб, у ерда Қуръонни ёдлаган қориларни мана шундай икром қилишар экан.

Қуръони Каримни ўқувчилар, ёд олувчилар, таълим берувчилар учун дунё ва охиратда улуғ даражалар бордир.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръон соҳибига, қироат қилиб кўтарилавер. Дунёда қандоқ тартил қилган бўлсанг, худди шундоқ тартил қил. Албатта, сенинг манзилинг охирги қироат қилган оятинг маконидан бўладир, дейилади», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

Бу ҳадиси шарифда васф қилинаётган кўриниш қиёмат куни, жаннатда бўлади. Бу дунёда Қуръон ўқиган одам жаннатга кирган. Энди унга жаннат мартабаларидан ўзига яраша мартаба бериш керак. Ана шунда: «Қуръон соҳибига, қироат қилиб кўтарилавер», дейилади. Яъни, жаннат ишларини юритиб турган фаришталар Қуръон соҳибига жаннат мартабалари зинасини кўрсатиб, қироат қилиб кўтарилавер, Дунёда қандоқ тартил қилган бўлсанг, худди шундоқ тартил қил. Албатта, сенинг манзилинг охирги қироат қилган оятинг маконидан бўладир, дейдилар. Қуръони Каримни тартил қилиш секин, шошилмай дона-дона қилиб қироат қилишдир. Демак, Қуръон соҳиби бу дунёда Қуръони Каримни қандоқ ўқиган бўлса ўшандоқ ўқиб мартаба зинасидан кўтариб бораверади. Агар у Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаган бўлса, мартаба зинасининг энг юқори чўққисига чиқади. Озроқ ўқиган бўлса, мартабаси ҳам озроқ бўлади. Хуллас, унинг манзили зина бўйлаб кўтарилаётиб охирги ўқиган ояти тугаган ерда бўлади. Бу ерда гап ёддан ўқиш ҳақида бормоқда.

Аллоҳ таоло барчамизни Қуръони Каримни ёд олиб, унинг ҳукмларига ихлос билан амал қилиб боришимизни насиб этсин!

 

“Васатия ҳаёт йўли” китоби маълумотлари асосида

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

 

الإثنين, 16 آذار/مارس 2020 00:00

Кўринмас душман: дангасалик тушунчаси

Араб тилидаги كسل сўзи ўзбек тилида “ялқов, дангаса ва ғайратсиз” деган маъноларни англатади.

Истилоҳда эса: “Бирор-бир ишда сусткашлик, эринчоқлик ва лапашанглик қилишга айтилади”. (Имом Лайсий)

Дангасалик бу: “Имконият бўла туриб, барча яхши амалларни қилишга киришмаслик ва рағбатсизликдир”. Яна бир қийлда: “Бажариши лозим бўлган ишни тарк қилиш ёки кейинга суриш ва чўзишдир”. (Имом Нававий)

Аммо инсон жисми толиқса, қийналса ёки чарчаса қилиши керак бўлган фарз амаллардан ўзга ишларда бироз бўшашса, бу ҳолатда киши қораланмайди. Чунки Аллоҳ таоло: “Ва инсон заиф яратилгандир”, дейди. Нисо 28-оят. Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта жисмингни сенинг устингда ҳаққи бор”, деганлар.

Шундай экан агар киши нафсига, жисмига ҳаққи бўлган роҳатланишни ўз вақтида бермаса, инсон жисми у қилмоқчи бўлган ишни бажаришда ёрдам беролмай қолади. Шунинг учун киши жисмидан фойдаланар экан ҳаддидан ошиб зиёдалик қилмаслиги, шунинг билан бир қаторда ғайратсизлик ва эътиборсизлик ҳам қилмаслиги лозим бўлади.

 

ТИИ ўқитувчиси, “Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиби Абдураҳманов Яҳё

 

 

الأحد, 15 آذار/مارس 2020 00:00

Тозаликда ибрат бўлайлик

Юртимизда халқ маънавиятини юксалтиришда миллий урф-одатларимиз ва уларнинг замирида мужассам бўлган меҳр-оқибат, турли муаммоларни биргалашиб ҳал қилиш каби ибратли қадриятлар тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Маънавий ҳаётимизнинг узвий қисмига айланган ҳашар истиқлол даврида янгича маъно-мазмунга эга бўлиб, умуммиллий анъанага айланди.

Ҳашар инсонларни бир-бирларига яқинлаштирувчи, бирлаштирувчи, озодалик ва покликни тарғиб қилувчи, миллийлигимиз англаб боришимизга хизмат қилувчи хайрли ишдир.

Аллоҳ таоло инсонни яратиб руҳ билан бирга унга ақлу идрок бериб, ақлли, ҳушёр инсонлар зиммасига табитан тоза ва покиза сақлаш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза этишдек катта масъулиятни юклади. Аллоҳ таоло юклаган ушбу масъулиятни инсон азалдан бажариб келиши, табиатни муҳофаза этиши ислом динининг асосий таълимотларидан бири айланган.

Зеро, ҳашар давомида маҳалла ҳудудлари, гузарлар, кўчалар, муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳ ва қабристонларни тартибга келтириш, ёлғиз қариялар, ногиронлар, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш ёшларда ватанпаварлик ва фидойилик туйғуларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Наврўз умумхалқ байрамини муносиб нишонлашга тайёргарлик кўриш, халқимиз орасида миллий қадриятларимизга хос бўлган ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни янада кучайтириш, маҳалла, гузарлар атрофларини ободонлаштириш мақсадида ўтказилаётган умумхалқ ҳашари юртимизни янада файзли бўлишида ўзига хос вазифани ўтайди.

Ҳадис илми мактабида бугун 14 март куни “Обод юрт” шиори остида умумхалқ ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш хайрия ҳашари ўтказилди. Эрта тонгдан Мактаб ўқув биносининг ўқув аудиториялари, маъмурий хоналар, ошхона, спорт мажмуаси ва Талабалар турар жойида тозалаш ишлари амалга оширилди. Мактаб ҳудудидаги манзарали дарахт ва буталарнининг ости юмшатилиб, кимёвий ўғит солиб чиқилди.

Шунингдек, мазкур умумхалқ ҳашари доирасида туташ бўлган маҳаллага кириш йўлига Мактаб томонидан беғараз шағал ётқазиб берилди ва фойданилмай турган бўш ерни қуриган ҳашаклардан тозаланиб, обод жойга айлантирилди.

 

 

Ж.Акрамов

Ҳадис илми мактаби

Ўқув-услубий бўлим бошлиғи

 

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги

Видеолавҳалар

Top