muslim.uz

muslim.uz

الجمعة, 31 أيار 2019 00:00

Рамазон ойи сабабидан...

Рамазон ойининг фазилатлари бисёр. Шулардан учтасини келтирсак: 

  1. Рамазон ойи хатоларга каффорот бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Беш вақт намоз, бу жумъа кейинги жумъагача, бу Рамазон кейинги Рамазонгача – агар катта гуноҳлардан четда бўлинган бўлса – ўрталаридаги нарса (хато)ларга каффорот бўладилар” дедилар”. Имом Муслим ривояти. 

  1. Рамазон ойи гуноҳларнинг кечирилишига сабабдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон ойининг рўзасини иймон билан, савоб умидида тутса, ўтган гуноҳлари кечирилади” дедилар”. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилишган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазон ойи кирганда, ундан гуноҳлари кечирилмасдан чиққан кишининг бурни ерга ишқалсин” дедилар”. Имом Аҳмад, Термизий, Бухорий, Ибн Ҳиббон ривоят қилишган. 

  1. Рамазон ойи банданинг Жаннатга киришига сабабдир.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Албатта, бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: “Эй Расулуллоҳ, агар фарз намозларни ўқисам, Рамазон (рўзасини) тутсам, ҳалолни ҳалол, ҳаромни ҳаром десам ва буларга ҳеч нарсани зиёда қилмасам, жаннатга кираманми?” деб сўради. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ҳа” дедилар. Имом Муслим ривояти.

Аллоҳ таоло гуноҳларимизни кечирсин ва жаннатига меҳмон қилсин, омин!

 

Интернет маълумотларидан Нозимжон Иминжонов таржимаси

Салмон Авда шундай дейдилар: “(Муҳтожга) очиққўллик, самимий чеҳра, розилик табассуми ва ўзингни яқин олиб садақа берасанми ёки қўлингни унга истар-истамас чўзиб, юз ўгирмоқчидек, нафрат билан, унга худди юқишидан қўрқаётган касалликдек қараб ёки унинг офатидан эҳтиёт бўлгандек садақа берасанми?

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

قَوْلٌ مَّعْرُوفٌ وَمَغْفِرَةٌ خَيْرٌ مِّن صَدَقَةٍ يَتْبَعُهَا أَذًى وَاللّهُ غَنِيٌّ حَلِيمٌ

“Яхши сўз ва кечириш, ортидан озор келадиган садақадан кўра яхшироқдир. Ва Аллоҳ ғаний ва ҳалим зотдир” (Бақара сураси, 263-оят).

Ўзининг ибодатини қилиб, оила аъзоларига ифторлик ва саҳарлик таомлари тайёрлаб бериб, яна бу хизматларини чин юракдан, заррача малолланмасдан қилаётган аёлларимизни Аллоҳ таоло икки дунёда азизу мукаррам қилсин!

*****

Намоз...

Намоз – уяли телефоннинг қувватлагичи (зарядка қилувчи батарея) кабидир. Агар телефонни қувватлаб олмасанг, экрани ўчади, жим бўлади. Агар сен ўзингни ҳар кунлик намоз билан қувватлаб олмасанг, нурни, тил бурролигини, ҳикматни, хотиржамликни йўқотиб, безовталик, қўрқув ва гоҳида аҳмоқликка мубтало бўласан.

Доктор Муҳаммад Ротиб Набулсий ҳафизаҳуллоҳ

*****

Мўмин одам раҳм-шафқат, одоб, тавозеъ ва муҳаббат манбаидир.

Намозхон қўпол бўлмайди.

Намозхон уятсиз бўлмайди.

Бўлиши мумкинмас!

Намозхон ҳаром мол еювчи бўлмайди!

Бўлиши амри маҳол!

Намозхон алдоқчи бўлмайди!

Бўлиши амри маҳол!

Намозхон мутакаббир бўлмайди!

Бўлиши амри маҳол!

Амри маҳол!

Амри маҳол!

Минг марта амри маҳол!

Доктор Муҳаммад Ротиб Набулсий

*****

«Ота-онага яхшилик қилиш кабира гуноҳларга каффорот бўлади».

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ

*****

Ўқиш

Ҳаётимдаги бурилиш нуқта - онам телевизорни ўчириб қўйиб, мени ўқишга мажбур қилган кундир.

Бен Карсон, машҳур нейрохирург, сиам эгизакларини бир-биридан муваффақиятли ажратган дунёдаги иккинчи одам.

------------

Биринчиси ким бўлган экан деб ҳайрон бўлаётгандирсиз? Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ бўлганлар. Танаси ёпишган эгизакларнинг бири вафот этганда, буюк имомнинг олдиларига маслаҳат сўраб келишган. Шунда имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ вафот этган тарафини ерга кўмиб, тиригига овқат бериб, қараб туришни маслаҳат берганлар. Уч кун ўтиб, ер эгизакларни бир-биридан ажратган.

*****

 

Нозимжон Иминжонов тўплади

Рамазон ҳайити байрамига ҳам қисқа вақт  қолмоқда. Уни муносиб нишонлаш, Ҳайит байрами аввало масжидлардан бошланади. Ҳайит намозини адо этишга келувчи фуқаролар учун ҳар томонлама қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида масжидларда кенг кўламли тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди.

Тошкент шаҳридаги “Ал Бадр” жоме масжиди имом-хатиби Одилжон Холмуродов ҳамда маҳалла раиси ташаббуслари билан маҳаллдаги саҳоватпеша, ҳомийлар кишилар кўмагида масжид атрофидаги бир ярим минг кв.метр ер майдонига асфальт ётқизилди. Таъкидлаш лозимки, масжид Миробод туманининг Сарикўл маҳалласида жойлашган бўлиб, маҳалла кўчалари чуқурлик кўп, автомобиллар ҳаракатланишига қийинчилик туғдирар эди. Муборак Рамазон баракотидан хайрли ташаббус амалга ошиб, маҳалла ободлиги йўлида муҳим одим бўлди.     

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

 

 

Хатиб Бағдодий айтади: «Мен  Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Таймий ибн Аббосдан кўра қироати гўзал кишини кўрмадим. У  Бағдоддалигида Рамазон кириб қолди. Шунда у одамларга таровеҳ намозини ўқиб берди. Сўнг кечанинг қолган қисмини намоз билан бедор ўтказди. Кейин унинг «Бу ойда мен на кечаси, на кундузи уйқуга ётмадим», деяётганини эшитдим».

Ҳа, бу ойни қадрини билган улуғлар ундан ана шундай даражада фойдаланиб қолишга интилишган.

 

 

Қуръони каримга бўлган улуғ эътимод сабаб рамазон кечаларида масжидлар ана шундай мухлис жамоат билан тўла. Уларни бу манзилларга қалбларидаги иймонлари, Қуръонга бўлган муҳаббатлари бошлаб келмоқда. Қанчалар бахтли кишилар булар. Пойтахтимиз масжидларида бирин-кетин хатми Қуръонлар якунланиб, унинг ниҳояси чинакам иймон, маърифат зиёфатига айланмоқда. Азиз уламоларнинг мавъизалари, гўзал тасбеҳлар, хатми Қуръон дуолари ихлос эгалари қалбларини нурларга тўлдирмоқда. Куни кеча Чилонзор туманида жойлашган “Дўмбиробод” жоме масжидида ҳам Қуръони карим хатмининг якуни бўлди.

Айтиш лозимки, имом-хатиб Муҳаммадназар домла Қаюмов бошчилигида масжид жамоаси Рамазонга, таровеҳ намозларига катта тайёргарлик кўришган. Масжид биноси таъмирланиб, замонавий услубдаги нақшинкор айвон қуриб битказилди. Ҳовли саҳнидаги маҳобатли устунлар Мадинаи мунавварадаги Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидаларини эслатиб юборади.

 

 

Хатми Қуръонни гўзал савт эгаси Алишер қори Нурмуҳаммедов бир ўзи тартил билан 25 кун мобайнида ўтказиб берди.

 

 

Масжид жамоатини хатмона кечаси билан муборакбод этиш учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий ҳазратлари, уламолар устоз имом-хатиблар ташриф буюрдилар. Муфтий ҳазратлари жамоатни улуғ натижа муборак Каломи мажидни ўқиб, эшитиб, хатм қилганликлари билан муборакбод этдилар. Яқиндагина олис сафардан қайтганликлари, масжидларимиздаги жамоат файзу футуҳини соғинганликларини айтиб дилдан суҳбат, ваъзу иршод қилдилар. Қори ўқиган Қуръони карим оятларини тафсир қилдилар. Пайғамбарлар тарихидан гўзал қиссаларни сўзлаб бердилар.

 

 

Хатми Қуръондан сўнг қилинган дуолар ижобат. Шу боис дуолар, муножотлар узоқ давом этди. Қорининг лафзидан гўзал дуолар терилиб келар, кўзларда шашқатор ёшлар истиғфордан тўкилар эди…. Дуоларда барча-барча эсланди. Юртимиздан дин йўлида хизмат қилиб ўтган мўтабар зотлар, дуо қўл очган жамоатдан ўтган марҳумлар ҳақларига савоблар бахшида қилинди. Шунингдек, масжидни аввалда бунёд этишда ҳиссалари қўшилган, ҳозирда хизматда бўлиб турган ва барча дуо талаб кишилар эсланди. Аллоҳ таоло ана шундай обод юртда барчани қайта-қайта Рамазонга, хатми Қуръонларга етказишини сўраб илтижолар қилинди.

 

 

Хатмоналар масжидларимизда давом этади. Дуолар қабул бўлгувчи олтин лаҳзаларга шошилинг!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

 

 

 

Аввал хабар қилинганидек, Туркия Республикасида бошланган VII халқаро Қуръон мусобақаси ҳам ўз якунига етиб ғолиб ва совриндорлар номи маълум бўлгани ҳақида маълумот берган эдик.

Жорий йилнинг 21 май куни Туркиянинг Истанбул шаҳридаги “Лазуни” меҳмонхонасида ўтказилган саралаш баҳсларида мусобақанинг ҳар икки йўналиши бўйича дунёнинг 68 та мамлакатидан келган 128 нафар Аллоҳ каломининг ҳофизлари ва моҳир тиловат соҳиблари қатнашган эди.

Саралашдан муваффақиятли ўтган қорилар 24 май куни Истанбулдаги “Чомлижа” масжидида бўлиб ўтган ҳал қилувчи баҳсларда иштирок этишга муваффақ бўлди. Шуни алоҳида айтиб ўтиш жоизки, саралашдан муваффақиятли ўтганлар орасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган тиловат йўналиши бўйича “Кўкалдош” мадрасаси ўқитувчиси Қулбоев Жасур қори ҳамда ҳифз йўналишида Тошкент ислом институти 4-босқич талабаси Ҳайитбоев Муҳаммадали қори ҳам бор эди.

Ҳакамлар ҳайъатининг қарорига кўра тиловат йўналиши бўйича қуйидагилар ғолиб деб топилди:
1-ўрин. Сиямсури Фирдавс (Индонезия)
2-ўрин. Абдураҳмон Бузан (Туркия)
3-ўрин. Аҳмад Башир Абдуллоҳ (Ливия).

Ҳифз йўналиши бўйича эса
1-ўрин. Туркия
2-ўрин. Кувайт
3-ўрин. Нигериялик қориларга насиб этди.

Мусобақанинг тантанали ёпилишида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон ва Туркия Дин ишлари раиси Али Эрбошлар иштирок этиб, маърузалар қилишди.

 

ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими

Видеолавҳалар

Top