muslim.uz
Қонун устувор, адолат барқарор бўлса, жиноятчиликка ўрин қолмайди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 10 январь куни мамлакатимиз тинчлиги ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги келгуси вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Бугунги глобаллашув даврида янгидан-янги таҳдид ва хавф-хатарлар пайдо бўлмоқда, жиноятларни содир этиш усул ва воситалари, мақсадлари ўзгариб бормоқда. Шуларни ҳисобга олган ҳолда, мамлакатимизда кейинги икки йилда бу масалалар бўйича 100 дан ортиқ ҳужжатлар қабул қилинди.
Хусусан, ички ишлар тузилмалари ислоҳ этилди. “Хавфсиз шаҳар”, “Хавфсиз туризм”, “Хавфсиз хонадон” тизимлари жорий этилди ва 24 соатлик патрул хизмати йўлга қўйилди. Буларнинг самарасида ўтган йили жиноятчиликни 33 фоизга камайтиришга эришилди.
– Кўрилаётган чоралар натижасида фуқароларимизда адолат ва қонун устуворлигига ишонч пайдо бўлмоқда. Лекин хотиржамликка берилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ, ҳали олдимизда қилинадиган ишлар кўп, – деди давлатимиз раҳбари.
Йиғилишда жиноятчиликни жиловлашни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш зарурлиги таъкидланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Шавкат Мирзиёев Самарқандга ташриф буюрди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 11 январь куни Самарқанд вилоятига ташриф буюрди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.
Давлатимиз раҳбари вилоятда қурилаётган уй-жойлар, илмий ва маданий объектлар, иқтисодий лойиҳалар билан танишади. Тушдан кейин Самарқанд шаҳрида фаоллар иштирокида йиғилиш ўтказилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Саҳобалар ҳаёти – Умму Кулсум (розияллоҳу анҳо)
Брунейда Қуръон мусобақаси бошланди
Брунейнинг Дин ишлари бўйича вазирлиги томонидан ҳар йили Қуръони карим мусобақаси ўтказиб келинади.
Сешанба, 8 январь куни бошланган ярим финал босқичи Беракс шаҳридаги Халқаро анжуманлар марказида ўтказилди. Ушбу мусобақада ўсмир ёшдаги йигитлар иштирок этмоқдалар. 25 нафар иштирокчи эрталабдан бошлаб пешинга қадар ўз чиқишларини якунлашди.
Мусобақанинг ярим финалида жами 56 нафар қори иштирок этмоқда. Улардан 26 таси ҳудудий танловларда ғолибликни қўлга киритган қорилар бўлса, қолган 30 нафари ўтган йилги Қуръон мусобақасининг ярим финали ғолибларидир. Мазкур босқичнинг ғолиблари бугун, 10 январь куни маълум бўлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон The New York Times'нинг сайёҳлик рўйхатига киритилди
The New York Times нашри 2019 йилда саёҳат қилиш керак бўлган йўналишлар рўйхатига Ўзбекистонни ҳам қўшди, бунда визасиз режим ва Буюк Ипак йўли бўйлаб чегараларнинг очилгани алоҳида устунлик сифатида қайд этилди. Бу ҳақда Кун.уз интернет нашри хабар берди.
"Қачонлардир Буюк Ипак йўли бўйлаб саёҳат қилишни истаган бўлсангиз, ҳозир бунинг айни вақти. Ушбу тарихий йўлнинг энг диққатга сазовор ҳудудларини ўз ичига олган Ўзбекистонда қатор ислоҳотлар кузатилмоқда", - дейилади манбада.
Шу ўринда расмий валюта айирбошлаш тизимининг такомиллашгани, авиачипталарни банд қилиш ва виза учун онлайн ариза бериш имкониятлари Ўзбекистондаги энг яхши ислоҳотлар сифатида эътироф этилган.
Бундан ташқари, Америка ва 100 дан ортиқ бошқа давлатлар фуқаролари учун 30 кун муддатга амал қилувчи визасиз режим алоҳида қайд қилинган.
"Ўзбекистон ва Қозоғистон сайёҳлар учун ягона виза устида ишламоқда. Минтақавий ва ҳаво ташувлари ҳам яхшиланди. Шу билан бирга, қўшни мамлакатлар билан чегаралар очилди, Марказий Осиё давлатлари пойтахтлари ўртасидаги парвозлар қайта тикланди ҳамда Тошкент ва Нью-Йорк шаҳарлари ўртасидаги рейслар сони оширилди", - деб ёзади The New York Times.
Бундан ташқари, нашрда Тошкентда нисбатан янги Hyatt Regency меҳмонхонаси сафига қатор бошқа халқаро меҳмонхоналар тармоқлари очилиши режалаштирилаётгани, илк тоғ-чанғи курорти ва янги туристик зоналар фаолияти йўлга қўйилиши кутилаётгани қўшимча қилинган.
The New York Times'нинг "2019 йилда саёҳат қилиш учун тавсия этилган йўналишлар рўйхати"дан шунингдек Панама, Тунис, Санта-Барбара (АҚШ), Лас-Вегас (АҚШ), Сальвадор (Бразилия), Нью-Йорк (АҚШ), Доҳа (Қатар), Батуми (Грузия) каби 52 йўналиш ўрин олган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати