muslim.uz

muslim.uz

الخميس, 11 كانون2/يناير 2018 00:00

Фарзанднинг ота-она устидаги ҳақлари

Ота-она ризолигини топиш ҳақида сўз борганида, фарзандларнинг мажбурияти, масъулияти ҳақида кўп гапирилади. Бу табиий ҳолат. Бироқ масаланинг биринчи томонида турган ота-оналарнинг улар олдидаги мажбуриятлари ҳақида чуқур ва пухта билиб олинса, бу энг биринчи бажарилиши лозим бўлган вазифа эканини ёдда тутилса, айни муддао бўлади.

Зеро ота-она ўзларининг бу вазифаларини яхши билиб, ўз вақтида бажариб борадиган бўлсалар, умрларининг кўп қисмини аҳамиятсиз нарсаларга эмас, балки дунё-ю охиратларига фойдаси тегадиган хайрли амаллар билан ўтказишга мушарраф бўладилар.  

Ҳар бир ота-она фарзандини яхши тарбия кўришини, одобли-ахлоқли бўлишини ва энг муҳими итоатгўй бўлиб етишишини хоҳлайди. Айрим оилаларда етишган ўғил ёки қиз боланинг хатти-ҳаракатига, муомала-ю муносабатига атрофдагиларнинг ҳаваси келади. Кўнгилни овловчи ширин сўз ёки беминнат чиройли хизмати туфайли нафақат ота-онасининг, балки бошқаларнинг ҳам “отасига балли”, “онасига балли” деган дуои хайрларини олишга муяссар бўладилар. Бундай фарзандларни ҳам оиласи учун ҳам жамият учун энг кўп нафи тегадиган инсон бўлиб етишларига шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Лекин ҳамма оилада ҳам аҳвол бир хил деб бўлмайди. Бола ҳали дунёга келмасдан бошланадиган тарбия жараёнига ҳаммамиз ҳам ўзимизни тайёрмиз деб айта олмаймиз. Баъзи ота-оналаримиз тарбия масаласининг нақадар жиддий ва ўта нозик эканини ўз вақтида тушуниб етмайдилар. Шунинг учун ҳам “тарбияли фарзанд” тушунчаси улар учун фақат орзу-ҳавас, айримлари учун армондан бошқа нарса бўлмай қолади. Чунки тарбия масаласига жиддий эътибор бермаслик ёки бу ишни энг бошидан бошлаб нотўғри олиб борилиши кўзланган натижани бермай қўяди. 

Кишилик жамиятининг асосий аъзолари бўлган ота-она ва фарзандлар ўртасидаги муносабатлар ҳар доим маълум тартиб-қоидалар, нормалар асосида тартибга солиниб келинган. Динимиз ота-она бўлишлик билан фарзанд устидан чексиз ҳақ ва ҳуқуқларга эга бўлиш мумкин деган бир тарафлама хулосага бормасликка чақиради.  Айниқса, уларга нисбатан ҳаддан ортиқ босим ўтказиш, қаттиқ назортга олиш фойда ўрнига зарар бериши аниқ. Ёки ҳадан ортиқ эркалатиб бошига қўндириб олиш, катта бўляпти ақли киради, деб болани ўз ҳолига ташлаб қўйиш ҳам тарбияни олиб борилишида ижобий натижаларни бермайди. Шунинг учун ота-оналар фарзандли бўлишлари билан бирга уларнинг зиммаларига бир қатор жиддий масъулиятлар юкланишини унутмасликлари лозим. Чунки айнан мана шу вазифаларнинг бажарилиши билан “ақлли бола”, “тарбия кўрган бола” тушунчаларини реал ҳаётдаги ижросини таъминлашга секин-секин замин яратиб борилади. 

Ота-оналарнинг фарзандлари устида ҳақлари бўлгани каби фарзандларнинг ҳам уларнинг устидан бир қанча ҳақлари мавжуд. Халқимизда “Қарс икки қўлдан чиқади” деган жуда ҳам чиройли мақол бор. Баъзан давраларда, суҳбатларда фарзандларидан шикоят қилаётган ёки норози бўлиб гапираётган айрим ота-оналарни кўриб қоламиз. Бир қарашда ҳасратларида жон бордек кўринади. Бола бўлганидан кейин ота-онани рози қилиши керак деймиз. Лекин масалага бироз чуқурроқ назар ташлаганимизда биз ўзимиз фарзандларимизни ақли ҳали кирмаган ёшлик чоғидан бошлаб, қўлидан иш келадиган вақтигача қанчалик уларнинг тарбиялари билан ҳақиқий шуғулландик? Тўғри едириш, ичириш, кийинтиришни жуда ҳам зўр бўлмаса-да, бировдан кам қилмаган ҳолда ўрнига қуйгандирмиз. Лекин тарбия дегани фақат едириш-ичириш дегани эмас-ку. Тарбия дегани улар сўраган пайтида аччиқланиб, бақириб жавоб бериш ҳам эмас. 

Одоб китобларимиздан шу нарса маълум бўлмоқдаки, фарзанд тарбиясини бошлашдан олдин ота-оналар маълум талабларга аввал ўзлари қатъи амал қилишлари лозим экан. Боладан бир нарсани талаб қилишдан олдин, аввал унга шу нарса берган бўлиши керак. Айрим ота-оналар фарзандлари уларни ойлаб, ҳатто, йиллаб ҳолларидан хабар олмаётганидан, меҳрининг йўқлигидан нолаётганини кўрамиз. Ақли кирмаган, нима деса хўп дейдиган, меҳрга зор бўлган вақтида қанча меҳр берган эди? Агар ҳар биримиз фарзандларимиз олдидаги вазифаларимизга иккинчи ёки учинчи масала сифатида эмас, балки энг биринчи бурчларимиздан деб қарайдиган бўлсак, бундан фақат ва фақат ўзимиз фойда кўрган бўламиз. Айрим оилаларда бола тарбияси умуман кун тартибидан ўрин олмаган, вақти келганда шуғулланиб, қолган пайтларда ўз ҳолига ташлаб қўйилади.  

Гап шундаки, ота фарзанди олдидаги вазифа ва мажбуриятлари ижросига қатъи риоя қилиб, уларни ўз вақтида бажарадиган бўлса, фарзандининг тарбиясини ўз назоратига олиб, уни ўзига итоат этишига катта ёрдам берган бўлади. 

Оиладаги ота-она томонидан илк тарбия ўз вақтида, тўғри берилса, бу албатта, ижобий натижасини беради. Тарбия кўрган бола ҳеч қачон ота-онасига қарши бормайди. Агар акси бўладиган бўлса, ўз фарзандларидан фақат салбий, зарарли муносбаталарни кўрган ота-оналар уларга қарши дуоибад қилишгача ҳам бориб қоладилар. Бир куни Ибни Муборак розияллоҳу анҳунинг олдига бир одам боласидан шикоят қилиб келади. Шунда Ибни Муборак у одамдан: “Сен болангни бирор марта дуоибад қилганмисан?” деб сўрайди. Келган одам: “Ҳа”, деб жавоб бериши билан: “Болангни тарбиясини сен бузган экансан”, – деб танбеҳ беради. 

Имом Ғаззолий ҳазратлари “Иҳёу улумиддин” асарида шу мавзуга оид бир қатор ҳадиси шариф ва ривоятларни нақл қилади.

Бир саҳоба Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай сўради:

 Ё Расулуллоҳ, кимларга яхшилик қилайин? Аллоҳнинг Расули:

 Онангга ва отангга, – дедилар. Саҳоба:

 Онам ва отам йўқ, деб айтди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

 Фарзандларингга яхшилик қилгин. Ота-онанинг фарзандлари устида ҳақлари бўлгани каби, фарзандларнинг ҳам ота-оналари устида ҳақлари бор, – деб буюрдилар.  

Ҳеч ким ташқаридан келиб фарзандалримизни тарбиялаб бермайди, оиламизда таълим-тарбия ишларини тартибга солиб бермайди. Бу ишларни ҳар биримиз, ўзимизнинг ақлу идрокимиз билан бажарамиз. Бу жараён ота-боболаримиздан таълим-тарбия йўли орқали наслдан наслга ўтиб келаётган одоб-ахлоқнинг энг нодир гавҳарлари ҳисобланади. Лекин бугунги тезкор, воқеалар шиддат билан ўзгариб бораётган 21 асрда бу анъаналарни аслидан узоқлаштирмасдан сақлаб қолиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз бўлишлигини ҳар доим ёдда тутишимиз зарур. Бугунги ҳаёт синовлари ўз оиласини муқаддас билган ҳар бир одамдан ҳар қачонгидан ҳам кўра ҳушёрроқ, зийракроқ ва донороқ бўлишни талаб этмоқда. Чунки илм-фан, техниканинг бундай тараққиёти ўз-ўзидан қўлга киритилаётгани йўқ. Ҳар бир эришилган тараққиёт маълум йўқотишлар эвазига қўлга киритилиши илмий исботланган ҳақиқат эканини эсимиздан чиқармаслигимиз шарт. Қолаверса, бугун дунёда кечаётган беқарор сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ҳолатлар ҳар бир миллат учун ўз келажагига бефарқ бўлмасликни қатъи талаб этмоқда. 

“Бугун ХХ асрдаги каби глобал бошқарув тизими мавжуд эмас. Муносабатлар жадвали ноаниқ. Биз на кўп қутбли ва на бир қутбли дунёда яшаяпмиз, бошбошдоқликлар тобора авж олмоқда. Олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган вазият тобора кучлироқ роль ўйнамоқда”, – дейди БМТнинг Қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссари А. Гутерреш вазиятни яққол тасвирлар экан. 

Ташкилотнинг маълум қилишича, айрим давлатлардаги болалар ота-оналар ёки бошқа ёши катта яқин ҳамроҳларсиз хорижга чиқиб кетишмоқда. 2015 йилда 100 минг ёлғиз бола 78 мамлакатдан бошпана сўради. Бу 2014 йилдаги кўрсаткичдан уч баробар кўпдир. Улуғлар ҳимоясидан мосуво бундай болалар одам савдоси билан шуғулланувчи гуруҳларнинг енгил ўлжасига айланиб қолишяпти. 

Ўзбекистондаги маҳалла, оила институтларининг ролини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар замирида одамлар орасидаги меҳр-оқибатни ошириш, оилалар мустаҳкамлигини сақлаш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, оилавий можаролар, келишмовчиликлар, оилалар бузилиши сингари муаммоларни олдини олиш, жамиятда фаровонликни таъминлаш каби эзгу мақсадлар асосий эътиборга олинган. 

Оила бузилдими фарзандлар ҳаёти, уларнинг ҳали ота-она меҳрига тўймаган қалблари биринчи бўлиб шикастланади, ўзи хоҳламай туриб тирик етим деган номни ўзига олишга, шу номни бир умр кўтариб юришга мажбур бўлади. Оила бузилиши билан боғлиқ барча муаммолар, албатта, боланинг тарбиясига, одобига қайсидир маънода таъсирини ўтказмай қўймайди. Агар статистик маълумотларга назар ташланса биздаги аҳволнинг ҳам қувонарли эмаслигини кўриш мумкин. Бу маълумотлар охирги йилларда Ўзбекистонда никоҳлар сони камайиб, ажрашишлар сони кўпайганидан дарак бермоқда. Нега бундай ҳолатлар тез-тез рўй бермоқда, фарзанд олдидаги бурч ва масъулият деган тушунчалар нима сабабдан ўзларини ота-она деб билувчи инсонларда ўз қадрини йўқотиб бормоқда?  

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасининг охирги маълумотларига кўра, 2016 йилнинг январь-июнь (олти ойда) ойларида ФҲДЁ идоралари томонидан 92,4 мингта никоҳ ва 14,8 мингта ажрашиш қайд этилган. Агар ўтган йиллар билан таққосланса, никоҳлар сони бирмунча камайган, ажралишлар эса кўпайган. 2014 йил январь-июнида 107,8 мингта янги оила тузилган, 14,4 мингтаси эса тарқаб кетган.  

2015 йилда ҳаммаси бўлиб 287 мингта никоҳ қайд этилган бўлса,  2014 йилда эса 295,6 мингта янги оила пайдо бўлиб, 28,7 мингтаси тарқаб кетган эди. 2013 йилда 303 мингта янги оила пайдо бўлиб, 24 мингтаси тарқаб кетган. 

Кундалик ҳаётимизда рўй бераётган бу воқеалар ҳар биримизни бефарқ қолдирмаслиги керак. Чунки оила, фарзанд тушунчалари энг олий қадрият бўлган бизнинг диёрларимизда бу борадаги салбий ҳолатларга бефарқ муносбатда бўлишга ҳеч қайси биримизнинг ҳаққимиз йўқ деб ҳисоблаймиз. 

Бугун оила мустаҳкамлиги, фарзанд тарбияси каби муҳим вазифаларга ҳар қачонгидан ҳам жиддий қараб, бу борада давлат миқёсида олиб борилаётган хайрли ишларга яқиндан кўмакдош бўлиб, масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда ҳаракат қилишга тўғри келмоқда.  

Ҳеч бир нарса бу дунёда абадий бўлмаганидек, инсон ҳам бу фоний дунёда абадий қолиб кетмайди. Фақат инсоннинг бу дунёда қолдириб кетадиган фарзандлари унинг наслини давом эттириб боради. Шу билан инсоннинг бир умрлик орзуси мана шу насли орқали ҳақиқатга айланади. Бас шундай экан, келажагимиз давомчиси бўлган фарзандларимизга жиддий эътибор беришимиз, уларнинг олдидаги вазифа ва мажбуриятларимизни тўла адо қилишимиз лозим. Шундагина улар биз ота-оналар олдидаги бурчларини тўла-тўкис бажариб, розиликларимизни олиб, икки дунё саодатига мушарраф бўладилар. 

Аллоҳ таоло Қуръони каримда ота-оналарни фарзандларига нисбатан бир неъмат ва омонат сифатида қараб, муносбатда бўлишга ўргатади.

Аллоҳ таоло айтади:

 “Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг” ( “Таҳрим” сураси, 6-оят) 

Муфассирлар ушбу ояти каримадаги “ўтдан сақланиш”ни тарбия йўли билан амалга оширилишини маълум қилганлар. 

Бошқа ояти карималарда эса аҳли оиласига керакли таълим-тарбияни бермаган оила раҳбарларининг охиратда бахтиқаро бўлиб қолишлари ҳақида огоҳлантириш беради.

Аллоҳ таоло айтади: 

“Бас, сизлар ундан ўзга нимани хоҳласангиз, ўшанга ибодат қилаверинглар”, деб айт. Сен: “Албатта, зиёнкорлар қиёмат куни ўзларига ва аҳлларига зиён қилгувчилардир. Огоҳ бўлингким, ана ўша очиқ-ойдин зиёнкорликдир”, деб айт.” (“Зумар” сураси, 15-оят)

“Улар учун тепаларидан ҳам оловдан “соябонлар” бор, остларидан ҳам оловдан “соябонлар” бор. Бу билан Аллоҳ Ўз бандаларини қўрқитур: “Эй бандаларим, менга тақво қилинглар!” (“Зумар” сураси, 16-оят) 

Ҳадиси шарифларда ҳам айнан шу масала жуда ҳам қатъи огоҳлантириш тарзида баён этилади. 

Ҳадис. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Барчангиз бир поданинг чўпони кабисиз! Чўпон подасига қандай ғамхўрлик қиладиган бўлса, сурувни йиртқичлардан қандай қўриқлайдиган бўлса, сиз ҳам уй халқингизни ва қўлингиз, яъни амрингиз остида бўлганларни жаҳаннам оташидан худди шундай ҳимоя қилишингиз зарур! Уларга мусулмонликни ўргатишингиз керак, ўргатмасангиз жавобгар бўласизлар”. (Бухорий, Муслим)        

Ушбу ояти карималар ва ҳадиси шарифда фарзандлар ота-онага берилган Аллоҳнинг омонати экани қайта-қайта тушунтирилмоқда. Бу омонатни қандай сақлаш ва унга қандай муносбатда бўлиш ҳам ояти карима ва ҳадиси шарифларда чиройли тарзда баён этилган. Энг муҳими бу омонат ота-она зиммасига жуда ҳам катта жавобгарлик ҳиссини ортмоқда. Зеро, хабардан кўриниб турганидек, ота-оналар мана шу омонатга нисбатан қандай муносабатда бўлганликлари билан охират кунида Аллоҳ наздида саволга тортиладилар.          

Динимизда оилага, аҳлу аёл ва фарзандларга бўлган муносабатни энг чиройли тарзда йўлга қўйилишига чақирилади. Оталар учун фарзандларнинг нафақаси ва ейиш-ичишларини таъминлашга қатъи буюрилар экан, бунинг нақадар катта савоб экани ҳадисларда хабар берилади. Жумладан, оталарнинг бозордан ҳар хил ширин мевалардан сотиб олиб, фарзандларига беришлари яхши одатлар эканини эсдан чиқармаслигимиз лозим. Чунки ҳадиси шарифларда оиласи, болалари учун бозорлардан егуликлар сотиб олиб келган оталарнинг гуноҳлари тўкилиши хабар берилади. Худди шунга ўхшаш эрталабдан оиласини ҳалол ризқ билан боқаман деб чиқиб кетган оталар учун катта-катта ажр-савоблар ва ваъдалар турганини ёдимизда тутиб, бу ишларни мамнуният билан бажарсак, албатта, кўзлаган мақсадларимизга эришамиз. Агар акси бўладиган бўлса, биз оталарнинг ишимиз яхши бўлмайди. Зеро тарбия китобларимизда: “Едириб, ичиришга (боқишга) зарурат бўла туриб, шуни зое қилган инсонга бу гуноҳ сифатида етади” деб марҳамат қилинади.   

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фарзанднинг отаси устидаги ҳақи учта эканини марҳамат қилганлар:

  1. Фарзанд дунёга келганида унга чиройли исм қўймоқ.
  2. Қуръонни ўргатмоқ.
  3. Уйланиш вақти етганда уйлантирмоқ. (Дайламий, Исфаҳоний) 

Ислом дини уламолари ояти карима ва ҳадиси шарифлардан келиб чиқиб, фарзандларнинг ота-оналари устидан бир қанча шаръий ҳақлари мавжудлигини маълум қилганлар. Ушбу ҳақлар шулардан иборат:

Улуғбек Султоновнинг 
"Ота-онага хизмат қилиш 
одоблари" китобидан олинди

ЎМИ Матбуот хизмати

Устоз Салоҳиддин Абдуғаффор ўғли Тошкент шаҳар Учтепа тумани Ҳазрати Али жоме масжиди имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

الخميس, 11 كانون2/يناير 2018 00:00

Фарзандларимизга эътибор берайлик

Фарзанд – Аллоҳ таоло бизга берган улуғ неъматларидан бири, ҳаётимиз маъноси, қалбимиз қувончи. Вазифамиз уларни яхши тарбиялаш, ёмонликлардан асрашдир. Уларнинг саодати биз бу вазифани қандай адо этишимизга боғлиқ. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй мўминлар, сизлар ўзларингизни ва аҳли-оилаларингизни ўтини одамлар ва тошлар бўлган дўзахдан сақлангиз. У (дўзах) устида қаттиқдил ва қаттиққўл, Аллоҳ ўзларига буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат ўзларига буюрилган нарсани қиладиган фаришталар турар” (Таҳрим, 6).

Ушбу оят тушганида ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Ё Расулуллоҳ, ўзимизни дўзахдан сақлаймиз, бу тушунарли. Аммо аҳли оила ва фарзандларимизни қандай сақлай оламиз?” деб сўради. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ сизни қайтарган нарсалардан уларни ҳам қайтарасиз ва Аллоҳ сизга буюрган ишларга уларни ҳам ундайсиз. Шу йўл билан уларни дўзахдан сақлаган бўласиз”, деб жавоб берганлар (Қуртубий тафсиридан).

Бола тарбияни дастлаб оилада олади. Катталарнинг бутун хатти-ҳаракатларини худди суратга олгандек онгига жойлаб, улғайгач, уларни ҳаётига татбиқ этади. Ахлоқи ёмон болалар асосан муҳити соғлом бўлмаган оиладан чиқиши маълум. “Бугунги ўғри, фирибгар ва хулқи ёмон кимсалар кеча тарбиясига эътибор берилмаган болалардир!” деган эди Абдулла Авлоний.

Оиладаги тарбиядан ташқари, болаларимизнинг кўча-кўйда юриш-туришларига ва кимлар билан алоқа қилаётганига ҳам алоҳида аҳамият беришимиз керак. Ёшларнинг ичкиликбозлик, гиёҳванд моддалар истеъмол қилиш ва ахлоқсиз, кўнгилочар масканларда тентираб юришлари каби миллий ва диний қадриятларимизга мутлақо зид, зарарли иллатларга чалинишлари бизнинг бепарволигимиздан бошланишини унутмайлик.

Менимча, фақат ота-онасини йўқотган эмас, балки қаровсиз қолган, тарбиясига биров аҳамият бермаган бола ҳам етим ҳисобланади. Келажагимиз бўлган болаларимиз тарбиясига катта аҳамият беришимиз, уларнинг юксак ахлоқий қадриятлар, миллий ва диний анъаналаримизга содиқ бўлишларига ғайрат қилишимиз лозим. Пайғамбаримизнинг “Ота ўз фарзандига чиройли тарбиядан яхшироқ мерос қолдиролмайди(Термизий ривояти), деган ҳадиси шарифини ёдимиздан чиқармайлик.

 

“Ҳидоят” журналидан

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Илм талаб қилиш ҳар бир муслим учун фарздир», деганлар.

Боиси иймон келтириш учун ҳам илм керак. Мусулмон бўлиш учун ҳам илм керак. Ният қилиш учун ҳам илм керак. Ихлос қилиш учун ҳам илм керак. Ибодат қилиш учун ҳам илм керак. Аллоҳнинг розилигини топиш учун ҳам албатта, илм керак. Дўзахдан қутулиб, жаннатга кириш учун ҳам илм керак. Худди оила қуриш учун ҳам илм керак бўлгани каби бу дунё саодатини топиш учун ҳам илм керак, охират саодатини топиш учун ҳам илм керак.

Ислом диничалик илмни улуғлаган дин, тузум ёки фалсафа йўқ. Ҳар бир шахсга илм талаб этишни фарз қилиш фақат Исломда бор, холос. Қуръони каримда илм ва уламолар энг олий мақомга қўйилган. Ҳадиси шарифда ҳам илм, уни талаб қилиш, уламолар ҳақида кўплаб маълумотлар келган. Буларнинг ҳаммасини жамлаб, Исломнинг илмга бўлган муносабати ҳақида тасаввур ва шунга яраша аҳкомлар чиқарилган. Мусулмонлар ўз ҳаётларида Қуръон ва суннат таълимотларига амал қилиб яшаган пайтларида илм нурини бутун оламга тарқатганлар. Ёшу қари, эркагу аёл бешикдан то қабргача илм талаб қилиш ўзи учун фарз эканини тўла ҳис қилган ҳолда умр бўйи ўзини толиби илм ҳисоблаб яшаган.

Айрим дин душманлари аййуҳаннос солганидек, Ислом ҳеч қачон илмга қарши бўлмаган, балки жаҳолатга қарши бўлган. Агар баъзи бир кавний ва табиий илм уламолари тазйиққа учраган, азобланган ва ўлдирилган бўлса, бошқа дин вакиллари томонидан қилинган. Исломнинг бунга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Ҳозирги Испания, Португалия ва уларга қўшни давлатларнинг баъзи ҳудудларида саккиз юз йилга яқин давр мабойнида Андалусия номли Ислом давлати ҳукм сурган. Бу давлатда илм-фан, маданият гуллаб-яшнаган. Мусулмонларнинг турли илмий ўқув юртларида бошқа динларга мансуб кишилар ҳам бемалол таълим олган, илмий тажрибаларда иштирок этган. Аслида ҳозирги илмий тараққиётнинг ҳар бир соҳаси аввалида мусулмон олимлари турган. Бу ҳалигача одамлардан яшириб келинади. Ислом – илм дини эканини фақат жоҳиллар инкор қилиши мумкин. Шундай экан, илмга рағбатсизлик, ундан юз ўгиришнинг оқибати ҳам ёмон бўлади.

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда одамлар билан ўтирган эдилар. Бирдан уч киши кириб келди. Улардан иккитаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томон юрди. Биттаси қайтди. Ҳалиги икковлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тепаларига келиб тўхтадилар. Улардан бири ҳалқадан бўш жой топиб, ўша ерга ўтирди. Иккинчиси орқага ўтирди. Учинчиси эса, ортга бурилиб чиқиб кетди. Ҳалиги икковлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тепаларига келиб тўхтадилар. Улардан бири ҳалқадан бўш жой топиб, ўша ерга ўтирди. Иккинчиси орқага ўтирди. Учинчиси эса, ортга бурилиб чиқиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фориғ бўлганларидан кейин Сизларга ҳалиги уч нафарнинг хабарини берайми? Улардан бири Аллоҳдан бошпана сўради. Аллоҳ унга бошпана берди. Бошқаси эса ҳаё қилди. Бас, Аллоҳ ҳам ундан ҳаё қилди. Яна бошқа бири юз ўгирди. Аллоҳ ҳам ундан юз ўгирди”.

Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар билан илмий суҳбат қуриб ўлтирган масжидга уч киши кириб келди.

«Улардан иккитаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томон юрди. Биттаси қайтди». Ўша уч кишидан иккитасининг илмга рағбати бор экан, илмий суҳбатдан фойдаланмоқчи бўлиб, илм манбаси бўлмиш зот Расули акром соллаллоҳу алайҳи васаллам томон юрди. Учинчи кишининг илмга рағбати йўқ экан, илмий суҳбат бўлаётганини кўриб, ортга қайтди.

«Ҳалиги икковлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тепаларига келиб тўхтадилар. Улардан бири ҳалқадан бўш жой топиб, ўша ерга ўтирди. Иккинчиси орқага ўтирди. Учинчиси эса, ортга бурилиб чиқиб кетди».

Яъни, ҳалиги уч кишидан илмга қизиққан иккитаси бориб, Расулуллоҳнинг тепаларига тўхтади. Илмий суҳбатга қулоқ осишга жой ахтарди. Улардан бири илмий суҳбат учун ҳалқа қуриб ўтирган саҳобалар орасидан бўш жойни топиб ўтирди. Иккинчиси ҳаёли одам экан, ҳалқадагиларнинг орқасига келиб жойлашди. Учинчи илмга умуман қизиқмайдиган одам эса, бурилиб масжиддан чиқиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса илмий суҳбатни давом эттиравердилар.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фориғ бўлганларидан кейин»,

Яъни, илмий суҳбатни тугатганларидан сўнг: «Сизларга ҳалиги уч нафарнинг хабарини берайми?» дедилар. Ва улар ҳақида хабар беришни бошладилар. «Улардан бири Аллоҳдан бошпана сўради. Аллоҳ унга бошпана берди». Бу ҳалқадан бўш жой топиб ўтирган одам. Одатда зулмга, тазйиққа учраган, хавф-хатарда қолган одам бошпана сўрайди. Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг илм ҳалқасига келиб ўтирган одамни Аллоҳдан бошпана сўради, деб айтишлари улкан маъно касб этмоқда. Илмга ошно одам жаҳолат, онгсизлик зулмидан, тазйиқидан ва улардан келадиган хавф-хатардан Аллоҳнинг паноҳига қочганини англатмоқда. Бундай бало-офатдан қутулиб қолишнинг бирдан-бир йўли илм йўли экани, илм орқалигина Аллоҳ таолонинг бошпанасига сазовор бўлиш мумкинлиги маълум бўлмоқда. Илм талаб қилишга бунчалик тарғиб ҳеч қаерда йўқ.

«Бошқаси эса ҳаё қилди. Бас, Аллоҳ ҳам ундан ҳаё қилди». Бу ҳалқанинг орқасига бориб ўтирган одам. У ўзини одамлар орасига уришдан ҳаё қилди. Шунинг учун Аллоҳ таоло ҳам уни савобсиз қолдиришдан ҳаё қилди. Унга ўзига яраша муомала қилди.

 «Яна бошқа бири юз ўгирди. Аллоҳ ҳам ундан юз ўгирди». Бу илмий мажлисдан юз ўгириб чиқиб кетган одам. Ҳадисда унинг илмдан юз ўгириши Аллоҳдан юз ўгиришга тенглаштирилмоқда. Шунинг учун ҳам ундан Аллоҳ юз ўгиргани баён қилинмоқда.

Ушбу ҳадиси шарифда илмий мажлисда ихлос билан иштирок этган одам Аллоҳ таолонинг бошпанасига сазовор бўлиши, илмдан қочишдан ҳаё қилган одамни иқоб қилишга Аллоҳ таолонинг ҳам ҳаё қилиши, илмдан юз ўгирган одамдан Аллоҳ ҳам юз ўгириши;

Энди ҳадиси шариф ҳикматидан ҳаётимизда қанчалик фойда олаётганимизни ўйлайлик. Бугун илму маърифат қадрлими, молу дунё, мансаб ва шунга ўхшаш ўткинчи нарсаларми?

Ҳозирги ҳаётимизда илм ҳалқасига ўзини урган қадрлими ёки сўму долларлар «ҳалқа»сига ўзини урган қадрлими? Илмдан юз ўгирган одамни Аллоҳдан юз ўгирган одамдек қоралай оламизми? Бу ва бунга ўхшаш саволларга ушбу ҳадиси шариф руҳида ижобий жавоб беришимиз жуда мушкул. Чунки ҳаётда не-не толиби илмлар Аллоҳ уларни ўз марҳамати ила йўллаб қўйган илм даргоҳларидан, илм масканларидан юз ўгириб кетадилар. Дунёнинг арзимас матоси, ўткинчи ташвишлари ила ўқишни ташламоқчи бўладилар.

Бир ўқувчим ўқишни ташламоқчи эканини, оиласи ночор қолиб, ўзи рўзғор тебратмоқчи эканини айтиб қолди. Узоқ ўйладим. Бу йигит илмга ўзини урса, оиласи оч қолса... Йўқ! Илм ўрганиб инсон оч қолмайди, балки Аллоҳ раҳмати ила ризқи ҳам ўйламаган тарафдан келаверади. Унга Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг шогирдлари Абу Юсуф илм ҳалқасини оиласи дея тарк этмоқчи бўлгани, аммо устози бунга қаршилик қилганини айтиб, яна дарсга қайтишини қаттиқ тайинладим. Минг шукр, у бироз қийналса-да илм олди, олим бўлди, ҳаёти гўзал бўлди.

Яна бир ўқувчим институтни ташламоқчилигини, динга кераксиз инсон бўлиб ўқишни тамомлаш нияти йўқлигини, барибир эплаб кетолмаслигини айтиб ҳасрат қилиб қолди. Узоқ ўйладим, мулоҳаза қилдим. Ҳақиқатда илмни хоҳламаганга бериш – уни зое қилиш, дейилган. Чала мулла дин бузар деган гап ҳам бор... Яхшилаб суриштирсам, ўша йигитни ўзи ёқтирган қизи бўлиб, қиз тараф йигитнинг совчиларига рад жавоби беришибти. Хуллас, йигит қиз тарафни кўндира олмабди. Шуни аламида ўқишни ташлаб кетмоқчи бўлибди. Қаттиқ аччиқландим. Уни хонамга чақириб роса уришдим, насиҳат қилдим. Агар илмдан воз кечиб кетса нима топиб, нималар йўқотишини тушунтирдим. Бундан ташқари бир қиз учун икки олам саодати, жаннат калити бўлмиш илмни ташлаш улкан гуноҳлигини уқтирдим. Талабам ўзига келди шекилли, юзида пушаймонлик белгилари сезилди, кўзи ёшланди. Қилган ишига тавба қилиб, яна дарсларга қайтди.

Яхшилаб мулоҳаза қилсак илмдан юз ўгириш жами яхшиликдан юз ўгириш демакдир. Илмни баъзи сабабларга кўра ташлаб кетмоқчи  бўлганларнинг аксарияти мажбурликдан, оила боқолмаслиги, хотираси сустлиги эмас, қалбларидаги дунёга бўлган махфий шаҳватдандир. Негаки, илм олиш, уни ўрганиш, ўрганганларини такрорлаш, ёдда сақлаш, унга амал қилиш жуда ҳам мушкул иш бўлганидан, кўп толиби илмлар оила қуриб ёхуд ўзини савдо-сотиққа уриб, илм машаққатига тоқат қиломайдилар. Осон йўлларни танлаб кетадилар.

Агар эътибор берилса, талаба илм даргоҳида юрганида фариштасифат, беозор, одоб ахлоқли, жидду жаҳд соҳиби бўлиб юради. Аммо илмдан узоқлашгани сари, оила ташвишларига кўмилиб боргани сари, илмга қизиқмайдиган, ваъз-насиҳат кор қилмайдиган, ҳалол-ҳаромга эътиборсиз бўлиб қолади. Бора-бора намозни ҳам тарк қилади. Тўғри ҳамма ҳам шундай эмас, лекин шу каби инсонлар орамизда борлиги айни ҳақиқат. Бунинг асосий сабаби иснонни илмдан узоқ бўлиши, илм мажлисларига қатнашмаслиги, насиҳат, маърузаларга қулоқ осмаслигидир. Ҳадиси шарифда инсон ё илм берувчи ёки илм ўрганувчи ёхуд уларга муҳаббатли бўлиши зикр қилинган. Бундан бошқа тоифа бўлишдан қайтарилган.

Хулоса қилиш мумкинки, инсон қай маконда, қай манзилда, қай соҳада бўлмасин, илм ўрганиши, китоб мутолаа қилиши, агар вақти етмаса аҳли илмларга аралашиб юриши, ваъз- насиҳатларга амал қилиб бориши керак.

Фахриддин Муҳаммад Носир

Тошкент ислом институти тиллар кафедраси мудири

ЎМИ Матбуот хизмати

“Мусобақада қатнашувчиларни рўйхатга олиш жараёни давом этмоқда. Иштирок этиш истагида бўлганлар 15 январга қадар рўйхатдан ўтишлари мумкин”, деб хабар беради Қуръон мусобақасини ўтказиш бўйича Ташкилий қўмита. 

Мусобақада иштирок этиш учун жорий йилнинг 8 январь ҳолатига кўра, Республика бўйича 733 нафар юртдошларимиз ҳужжат топширишган. 9 январь ҳолатига кўра 1101 тани ташкил этган эди. 

Ташкилий қўмитанинг Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизматига маълум қилишича, бугун, 10 январъ ҳолатига кўра, 2079 кишини ташкил этди (1118 нафар эркаклар, 861 нафар аёллар). Бу халқимизнинг Аллоҳнинг каломига бўлган чексиз муҳаббатидан далолат, десак муболаға бўлмайди. 

Рақамлардан кўриниб турибдики, бир кунда иштирок этиш хоҳишини билдирганлардан қарийб 1000 нафари рўйхатдан ўтган. 

Эслатиб ўтамиз, Қуръон мусобақасида 18 ёшдан 40 ёшгача бўлган барча фуқароларимиз ҳифз ва тиловат йўналишлари бўйича қатнашишлари мумкин. 

Фуқаролардан келиб тушаётган кўплаб талаб-истакларни инобатга олган ҳолда иштирокчиларни рўйхатга олиш муддати 13 январдан 15 январгача узайтирилгани маълум қилинди. 

ЎМИ Матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top