muslim.uz

muslim.uz

2017 йил 14 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги футбол жамоалари ўртасида “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” муносабати билан ўтказилган футбол турнири ҳам ўз ниҳоясига етди. Финал ўйинида, “Ҳазрати имом” ва “Бухорий авлодлари” жамоалари ўзаро тўп суришади.

Ушбу учрашувга халқаро тоифадаги футбол реферелари ва футбол ихлосмандлари ташриф буюришди. Томошабинларнинг гулдурос қарсаклари остида бошланган финал ўйини, жуда ҳам қизиқарли ва муросасиз кечди. Юртимизда қиш фасли бўлгани сабабли, ҳаво бироз ёмғирли бўлган бўлсада, лекин бу футболчиларнинг ўйинлари ва кайфиятларига асло таъсир кўрсатмади, аксинча, самодан ёғаётган ёмғир томчилари уларга ўзгача куч-қувват ва тетиклик бағишлади. Демак, қуйида финал учрашуви натижалари ва турли номинациялар бўйича ғолибликни қўлга киритган футболчилар билан танишасиз:

1-ўрин "Бухорий авлодлари" жамоаси.

2-ўрин “Ҳазрати Имом” жамоаси.

3-ўрин “Мовароуннаҳр” жамоаси.

Турли номинациялар бўйича тақдирланганлар:

  1. Энг яхши дарвозабон – Сагдиев Аҳмаджон (“Бухорий авлодлари” жамоаси дарвозабони)
  2. Энг яхши ҳимоячи – Аманов Ҳошим (“Бухорий авлодлари” жамоаси ҳимоячиси)
  3. Энг яхши ярим ҳимоячи – Шоймиров Акбар (“Мовароуннаҳр” жамоаси ярим ҳимоячи)
  4. Энг яхши ҳужумчи – Нўъмонов Камолиддин (“Минор” жамоаси ҳужумчиси)
  5. Энг кўп тўпурар – Парпиев Баҳриддин (“Мовароуннаҳр” жамоаси ҳужумчиси)
  6. Энг чиройли голл соҳиби – Тошпўлатов Ҳасан (“Бухорий авлодлари” жамоаси ҳужумчиси)
  7. Янг жонкуяр мухлис – Раҳматов Азамат

Финал ўйини якунида, жорий турнирга мезбонлик қилган Тошкент ислом институти томонидан ғолиб жамоалар ва меҳмонларга фахрий ёрлиқлар, ташаккурномалар ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

ахборот хизмати

الأربعاء, 15 شباط/فبراير 2017 00:00

Ё ҳаёт, ё мамот масаласи

Абдулла Авлоний: “Тарбия бизлар учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидур”, деган эди. Дарҳақиқат, оилада фарзанд туғилиши билан унинг ота-онаси ва яқинлари, аввало, уни тарбия қилиш ҳақида қайғурадилар. Исмни ҳам яхши инсон бўлсин, деган пок ниятлар билан энг чиройлисини танлайдилар. Олам-олам орзулар, чақалоқни ҳеч нарсадан кам қилмай улғайтириш керак деган мақсадлар билан ота-она фарзанди учун яшай бошлайди. Бироқ асосий моҳиятни баъзан унутиб қўяди. Тарбия...

“Гарчи ҳар бир инсон бешикдан то қабргача илм олиш қобилиятига эга бўлса‑да, лекин уни болаликдан тарбиялаш таъсирлироқ ва жуда муҳимдир”, деган экан Фитрат. Ҳар бир ота-она ана шу фикрни ҳамиша ёдда тутмоғи лозимдир. Бинобарин, мурғак болалар онгига атрофдагиларнинг ҳар бир сўзи, қилаётган ишлари сақланиб, келажакда мустақил бўлганида ана шу хотиралари билан иш юритади. Демак, фарзанд тарбияси учун аввало оила аъзоларининг ўзи ҳам бевосита ўрнак бўлиши керак.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар: “Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар”.  Ҳақиқатдан ҳам, фарзандларнинг гўзал одоб билан безанганлиги Яратган наздида муҳим фазилатдир. Ушбу ҳадисни идрок этган ҳолда, ҳар бир ота-ота ўз дилбандининг хулқ-атвори, маънавиятига чуқур эътибор қаратиши, тарбиясини доимо назорат қилиб бориши мақсадга мувофиқдир.

Яна бир муҳим жиҳат – болаларни бекор қолишига йўл қўймаслик керак. Чунки бекорчилик ҳар қандай ёт фикрларга йўл очиб бериши шубҳасиздир. Бу борада ҳадиси шарифлардан бирида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Авлодларингизга сузишни, отишни ва от минишни таълим беринглар”, деганлар. Худди шундай, мазкур ҳадис бугун учун ҳам аҳамиятлидир. Бинобарин, бугунги кунда ҳам соғлиқни сақлаш, хасталикларга чалинмаслик учун бадантарбия қилиш, спорт билан шуғулланиш муҳим ҳисобланади. Шу сабабдан ҳам ёш авлод вакиллари турли спорт тўгараклари, жисмоний машғулотлар ва мусобақаларга жалб этилмоқда. Ҳар томонлама баркамол, етук ёшларимиз жаҳон минбарларида юқори ўринларни эгалламоқдалар. Демак, ёшларни спорт тўгараклари билан банд этиш бир тарафдан унинг вақтини фойдали машғулотларга жалб этади, иккинчидан эса унинг соғлом ва фикри теран бўлиши учун хизмат қилади.

Буюк бобокалонимиз Алишер Навоий эса тарбиянинг самараси ҳақида қимматли мисрасини битган:

Қатрага чун тарбият этди садаф,

Эл бошига чиққунча топди шараф.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти бундай деган: “Одобли, билимдон ва ақлли, меҳнатсевар, имон-эътиқодли фарзанд нафақат ота-онанинг, балки бутун жамиятнинг энг катта бойлигидир”. Чиндан ҳам, бугун фарзандларнинг бахту саодати, ёруғ келажаги учун  юртимизда кўплаб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўғил-қизларнинг баркамол инсон бўлиб вояга етиши, юксак истеъдод соҳиби бўлиши ота-она ҳамда Ватани олдидаги фарзандлик бурчидир.

Минг афсуски, бугунги кунда кўплаб бузғунчиликлар ва разилликларга сабаб бўлаётган кимсалар учраб турибди. Уларнинг асосий эътиборлари ёшлар онгига қаратилгани ачинарлидир. Оилада етарли тарбия ва меҳр олмаган аксарият ёшларнинг бузғунчи оқимларга кириб қолаётгани ҳам айни ҳақиқатдир. Ушбу ҳодисаларни кўриб, билиб турган ҳар бир онгли инсон фарзандларини бу хуружлардан ҳимоя қилиш мақсадида аввало тарбия ишларини олиб бориши, айниқса, болалигиданоқ нима ҳалолу нима ҳаром, Ислом динининг мусаффо эътиқодлари ҳақида тушунчалар бериши замон талабидир. Бинобарин, эртанги куннинг эгалари келажак тараққиётини белгилайди.

Хожа Самандар Термизий айтганидек:

Тарбиядан тупроқ гавҳар бўлади.

Ноф ичра қон мушки асғар бўлади.

Қийматсиз қора бир темирни иксир,

Тарбия айлагач соф зар бўлади!

Дилшод СОЛИҲОВ,

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом

билим юрти 4-курс талабаси

الأربعاء, 15 شباط/فبراير 2017 00:00

Кўк чой ичиш мумкин бўлмаган ҳолатлар

Кўк чой юрак ритмини издан чиқариши мумкин, қон босими паст юрадиган кишиларда эса, уни яна пасайтириб юбориши мумкин.

 Мутахассисларнинг сўзларига қараганда, баъзи кишиларга кўк чой ичиш ярамайди.

Бу хусусан, юрак-қон томир тизимида хасталиги бор кишиларга тааллуқлидир.

Шунингдек, ўниккибармоқли ичагида касаллиги бор кишиларга ҳам кўк чой ичиш мумкин эмас. Бундай ҳолатда  кўк чой ичиш ошқозон ва ичакларга зарар етказади.

 Кўк чой ичишдан қалқонсимон безларида касаллиги бор кишилар ҳам ўзларини тийишлари лозим. Эмизикли оналар кўк чой ичишлари уларнинг тиниқиб ухлашларига зарар қилади.

Кўк чойда мавжуд бўлган кофеин ва теофилин моддалари тахикардия хасталигини келтириб чиқариши мумкин ва асаб тизими фаолиятини издан чиқариши мумкин.

Глаукома ва подагра касалликлари бор кишиларга бу чойни ичиш тавсия этилмайди. 

Чой қанча кўп дам еса, ундаги  пурин кислотаси шунчалик кўпаяди.

Бундан ташқари кўк чойни чекланмаган кўп миқдорда ичиш мумкин эмас. Бу эса, буйракларда тош пайдо бўлиши хавфини туғдиради.

Жалолиддин Нуриддинов тайёрлади

15 февраль 2017 йил

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори 


Ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома, ватандошимиз Абу Исо Термизий (Имом Термизий) ва термизий алломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, муқаддас юртимиз замини азал-азалдан улуғ алломалар, азиз-авлиёлар ватани бўлиб келганини юртдошларимиз ва халқаро жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг Сурхондарё вилоятида Ўзбекистон мусулмонлари идораси муассислигида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Имом Термизий халқаро марказининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланиши эътиборга олинсин:

ислом динининг, Қуръони карим ва ҳадис илмининг асл моҳиятини, ҳадисшунослик мактабининг илмий-маънавий асосларини, Имом Термизий ҳамда термизий алломалар, юртимиздан етишиб чиққан мутафаккир зотлар меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш;

юксак инсоний ғоялар ва муқаддас қадриятларимизни ўзида ифода этган манбаларни тизимли асосда тадқиқ этиш, улардан диний таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида фойдаланиш мақсадида зарур дарсликлар ва ўқув қўлланмалари, оммабоп нашрлар, илмий-амалий тавсиялар тайёрлаш юзасидан доимий иш олиб бориш;

турли мафкуравий хуружлар авж олаётган бугунги кунда аждодларимизнинг маънавий меросини чуқур ўрганиш, улардаги эзгу ғоя ва таълимотларни кенг халқ оммасига етказиш ва шу асосда ёшларда соғлом дунёқарашни кучайтириш, уларни азалий қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш;

Имом Термизий ва термизий алломаларнинг бой меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш мақсадида хорижий илмий марказлар, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, халқаро конференция, симпозиум, кўргазма, илмий маърузалар, семинар-тренинглар, танловлар ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиш;

мамлакатимизда ҳамда хорижий давлатларнинг кутубхоналари ва қўлёзма фондларида сақланаётган термизий алломалар ҳамда буюк мутафаккирларимизнинг қўлёзма ва тошбосма асарлари нусхаларини, улар ҳақидаги китобларни тўплаш ва илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш;

маънавий меросимизни ўрганишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан, илм-фан ютуқларидан кенг фойдаланишга доир тегишли илмий ишланма ва тавсияларни тайёрлаш.

3. Ўзбекистон мусулмонлари идорасига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита билан биргаликда бир ой муддатда Марказнинг тузилмаси ва Низомини тасдиқлаш, унинг белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлаш тавсия этилсин.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, "Давархитектқурилиш" қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда Марказ биноси ва унинг кутубхонасини қуриш, зарур моддий-техник база ва инфратузилмаларни барпо этиш ҳамда ривожлантириш лойиҳаларини тасдиқлаш ва амалга ошириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

4. Марказ фаолиятини молиялаштириш Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Имом Термизий ёдгорлик мажмуаси, ҳомийлик хайриялари ҳамда хорижий мамлакатлар ва халқаро диний-илмий марказларнинг маблағ ва грантлари ҳисобидан амалга оширилиши инобатга олинсин.

5. Маҳаллий ва хорижий юридик ҳамда жисмоний шахсларнинг қурилиш ва ободонлаштириш ишларига йўналтириладиган маблағлари учун Марказнинг ҳисоб рақами очиқ экани қайд этилсин.

Марказни ташкил этиш ва унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга йўналтирилган ҳомийлик хайриялари юридик шахслардан олинадиган фойда солиғидан озод қилинсин.

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.М.Султонов зиммаларига юклансин.


Ўзбекистон Республикаси Президенти                                            Ш.Мирзиёев


Тошкент шаҳри, 2017 йил 14 февраль

الثلاثاء, 14 شباط/فبراير 2017 00:00

Учиб юрувчи таксилар ишга тушди

Бирлашган Араб Амирлиги – ғаройиб кашфиётлар, ажойиб янгиликлар билан дунё аҳлини ҳайратга солишда давом этмоқда. Бугун, Дубай шаҳрида, дунёда биринчи бўлиб, самода учиб юрувчи автомобилнинг тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Самода йўловчи ташишга мўлжалланган, ушбу махсус автомобиллар Дубай автомобил йўллари ва транспорт бошқармаси ва Хитойнинг EHANG компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилди.

Тақдимот тадбирида таъкидланганидек, эндиликда, Дубай аҳолиси ва шаҳар меҳмонлари, нафақат, ерусти такси хизматидан, балки самода учиб юрувчи таксилар хизматидан ҳам фойдаланишлари мумкин.

EHANG184 учувчи автомобиллари автомат режимда ишлайди. У йўловчи ўриндиғининг олд томонида жойлашган сенсорли экран орқали бошқарилади. Харита орқали аниқ манзил кўрсатилгач, мослама йўловчини белгиланган жойга олиб бориб қўяди. Ушбу қурилмалар ерда жойлашган марказий бошқарув пулти орқали доимий назорат қилиб борилади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу ҳаво такси хизмати, жорий йилнинг июль ойидан бошлаб, тўлиқ ишга туширилиши режалаштирилган.

Илҳом МАЪРУПОВ

тайёрлади

Видеолавҳалар

Top