www.muslimuz

www.muslimuz

Шу йил 22 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари сафарлари давомида Бухоро шаҳридаги “Дилкушо” масжидига ҳуфтон намозига ташриф буюриб, жамоат намозидан олдин жомега йиғилган мўмин-мусулмонларга маърифий суҳбат қилиб бердилар.

Мазмунли суҳбат давомида Муфтий ҳазратлари намозхонларга Бухорои шариф буюк уламоларни етиштиргани, айни кунларда ҳам ушбу анъана давом этаётгани, яъни ушбу юртда 500 йиллик тарихга эга Мир Араб олий ва ўрта махсус мадрасалари фаолият юритаётгани, бу ердан алломалар етишиб чиққани, ўзлари ҳам шу ерда таълим олишга мушарраф бўлганлари, айни пайтда юртимизда фаолият юритаётган қарийб 220 нафар бош имом-хатиб мазкур даргоҳда билим-малакаларини ошираётганини таъкидладилар.

Шунингдек, Шайх ҳазратлари илмнинг аҳамияти, олимнинг мақоми, силаи раҳм, етим ва бева-бечораларга яхшилик қилиш ва ўзаро биродар бўлиб яшаш ҳақида ояти карималар, ҳадиси шарифлар ва улуғлар ибратлари асосида тушунтириб бердилар.

Шайх ҳазратлари “Дилкушо” масжидининг янги биносини кўздан кечириш асносида бу ердаги замонавий кутубхона фаолияти билан танишиб, бениҳоя хурсанд бўлдилар ва ҳар бир масжид ана шундай маърифат масканига айланиши лозимлиги, бу намозхонларнинг саводхонлигини оширишда жуда муҳим эканини алоҳида қайд этдилар. Шунингдек, мустабид даврида Бухорода 4-5 та бўлган масжидлар бугунги кунда 107 тага етгани, уларда мўмин-мусулмонларга барча шароитлар яратилаётгани қайд этилди.

Маълумот ўрнида "Дилкушо" масжиди янги биносида бошқа масжидларда учрамайдиган икки хусусият – масжид гумбазининг ўзига хос, ноанъанавий услубда барпо этилгани ҳамда жоме деворларида ноёб қурилиш ашёлари билан битилгани, нодир настаълиқ хатидаги гўзал ҳуснихат намуналари борлиги билан аҳамиятлидир.

Масжид хонақоҳи ва айвонига 1500 нафар номозхонни ўз бағрига олади. Айни пайтда жомеда намозхонлар ибодатларини бекаму кўст адо этишлари учун барча қулайлик ва шароитлар ҳозирланган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож вакиллари, жумладан, имконияти чекланган шахсларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш "Вақф" фондининг асосий вазифаларидан ҳисобланади. Мазкур йўналишда Фонд томонидан давомли хайрия ишлари амалга оширилмоқда.

Бугун, 21 август куни, Мустақиллик байрами арафасида Фонд томонидан ана шундай хайрия тадбирларининг навбатдагиси ташкил этилди. Пойтахтимиздаги "Оқшом" тўйхонасида Тошкент шаҳрида яшовчи кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ва ногиронлиги бор оилаларнинг 23 нафар фарзанди учун суннат тўйи ташкил этилди.

Ҳомийлар билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Уйғун домла Ғофуров, Вақф фонди раҳбари Зиёвуддин домла Мирсодиқов, Тошкент шаҳар бош имоми ўринбосари Абдуллоҳ домла Йўлдошев, фонд ходимлари ва болажонларнинг оила аъзолари, жами 200 нафар киши иштирок этди.

Тадбир давомида тўй болаларга велосипед, турли ўйинчоқ ва пул маблағлари ҳадя қилинди.

"Вақф" фонди
Матбуот хизмати

Бугун, 16 август чоршанба куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари юртимизнинг турли ҳудудларидан келган фуқароларни қабул қилиб, уларнинг мурожаатларини ижобий ҳал этиш чора-тадбирларини кўрдилар.

Қабул жараёнида Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Самарқанд, Тошкент, Фарғона, Жиззах, Қашқадарё, вилоятлари ва Тошкент шаҳридан келган фуқароларнинг масжидлар ҳолати, имом-хатиб ва отинойилар фаолияти, оилавий масалалар, диний таълим ҳамда моддий ёрдам олиш юзасидан мурожаатлари кўриб чиқилди.

Оилавий муносабатларда келганларга муаммолар ечими бўйича маслаҳатлар, шаръий масалалар ечими юзасидан тавсиялар ва моддий ёрдам сўраганларга белгиланган тартибда кўмак берилди. Жумладан, бир фуқаронинг бемор фарзандининг муолажаси ва дори-дармони учун моддий ёрдам берилди. Шунингдек, Қорқалпоғистон давлат университетида таҳсил олувчи кам таъминланган талабанинг шартнома пулининг бир қисми тўлаб берилди. Яна бир ёлғиз онага кундалик эҳтиёжлари учун моддий кўмак кўрсатилди. Қайд этиш керакки, моддий ёрдамлар тегишли ҳужжатлар асосида ўрнатилган тартиб-қоида асосида тақдим этилди.

Қувонарлиси, Муфтий ҳазратлари бошчиликларидаги имом-хатиблар қабулидан мамнун эканларини ҳам изҳор этиб, ўз миннатдорликларини билдирдилар. Хусусан, олдин қабулга келган бир фуқаро мурожаатига биноан уйи таъмирланиб, қиш ва ёз ойларида истиқомат қилиш учун барча шароитлар ҳозирланганини айтиб, ўз миннатдорлигини изҳор этди.

Дарҳақиқат, бировнинг дардини енгиллатиш, унинг ташвишлари осонгина бартараф этилишига ҳисса қўшиш – савоби улуғ амал. Чунончи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "... Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишни аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади", деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Ана шу набавий таълимотга асосан бугун Шайх ҳазратлари мутасаддилар билан бирга турли масалалар билан мурожаат қилган кишиларнинг ташвишлари аришига кўмаклашдилар. Илиқ кутиб олинган фуқаролар мутасаддилардан мамнун бўлиб, мурожаатлари ижобий ечим топганидан мамнун ҳолда қайтдилар.

Мазкур қабул жараёнлари Муфтий ҳазратларининг ташаббуслари билан мамлакатимиздаги барча жоме масжидларда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

الإثنين, 14 آب/أغسطس 2023 00:00

ХАМДАРДЛИК БИЛДИРАМИЗ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Наманган вилояти, Поп тумани "Мулла Ўктам" жоме масжиди имом-хатиби Мўминжон домла Ваҳобовнинг падари бузрукворлари Ҳамиджон ҳожи отанинг вафотлари муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.

Аллоҳ таоло марҳумни Ўз мағфиратига олсин, имонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!

Ҳақ таоло марҳумнинг аҳли оила, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Уйғун домла Ғафуровнинг “Ўзбекистонда ислом таълими тизими: шонли тарих, истибдод зулмидан омон қолиш ва нурли истиқбол” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Ушбу маросим Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 80 йиллигига бағишланган тадбирларнинг дебочаси сифатида ўтказилди.

Аввал “Кўкалдош” мадрасаси талабалари томонидан ўқилган 10 та хатми Қуръон якуни ўқилиб, идора тизимида меҳнат қилган муфтийлар, уламолар ва имом-домлалар ҳаққига дуолар қилинди.

Шундан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари мамлакатимиз диний таълим тизими ўзининг кўп йиллик анъаналарига эга экани, сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари билан диний таълим сифатини янада ошириш, хорижнинг илғор тажрибаларини тизимга кенг жорий этиш, шунингдек, кадрлар илмий салоҳиятини юксалтириш борасида юксак натижаларга эришилаётганини мамнуният билан эътироф этдилар.

Шунингдек, шайх ҳазратлари Уйғун домла Ғафуров томонидан нашр этилган ушбу монография долзарб мавзуга бағишлангани, юртимизда ислом таълими шаклланиш ва ривожланиш босқичлари атрофлича баён қилингани билан аҳамиятли эканини қайд этдилар.

Сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан юртимизда диний таълим тизимини такомиллаштириш борасида ижобий ишлар амалга оширилаётгани, биргина Тошкент ислом институти нуфузи ва илмий салоҳияти йилдан йилга ошиб бораётганини айтиб ўтди.

Дин ишлар бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоевнинг китоб муаллифи ҳамда тақдимот иштирокчиларига йўллаган табрик сўзини раиснинг биринчи ўринбосари, тарих фанлари доктори, профессор Давронбек Махсудов ўқиб эшиттирди. Унда Уйғун домла Ғафуровнинг фазилатли хислатлари, жумладан, кўзга кўринган олимлиги, ватанпарварлиги ҳамда шогирдларига меҳрибон ва жонкуяр устоз, жамоатчилик ишларида фидоийлиги алоҳида қайд этилган.

Дарҳақиқат, олим мамлакатимиз диний-маърифий жабҳасида ҳаётга татбиқ этилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг фаол тарғиботчиси сифатида ёш авлодни она-Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларимизга ҳурмат, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик ғояларига содиқлик руҳида тарбиялаш, уларни турли ёт ғоя ва қарашлардан ҳимоя қилиш борасида жонбозлик кўрсатиб келаётгани табрикда ёдга олинган.

Маросимда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фахрийлар кенгаши раиси Шайх Абдулазиз Мансур, Ўзбекистон халқаро ислом академияси проректори, профессор Зоҳиджон Исломов, “Муфтий Бобохоновлар” жамғармаси директори, иқтисод фанлари номзоди Жамолиддин Бобохонов ҳамда бир қатор олимлар, уламолар ва кенг жамоатчилик иштирок этди.

Тадбир доирасида Уйғун домла Ғафуровнинг 50 ёшга тўлиши муносабати билан дил сўзлари битилган “Ислом ва маърифатга бахшида ярим аср” номли рисола ҳам тақдим этилди.

Уйғун домла Ғафуровнинг мазкур китоби юртимиз диний-илмий соҳасидаги муҳим изланишлардан биридир. Монография ёш кадрлар ҳамда соҳага қизиқувчилар учун муҳим қўлланма вазифасини ўтайди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

الصفحة 8 من 645

Видеолавҳалар

Top