Дунё янгиликлари

Туркияга дам олгани кетаётган ўзбекистонликлар автобуслардан фойдаланмаслик ҳақида огоҳлантирилди

Сўнгги вақтларда Туркиянинг денгиз соҳилида жойлашган таътил – дам олиш масканларидаги шаҳарларида Истанбул шаҳридан автобус, микроавтобус ва енгил автотранспорт воситалари билан қатнаётган сайёҳлар сони тобора ортиб бормоқда ва туризм мавсуми вақтида ҳайдовчиларнинг тезликни ошириши, кеч вақтларда – кечалари йўлга чиқиши ва ҳайдовчиларнинг автомобиль ҳайдаш вақтида ухлаб қолиши сабаблари билан автоҳалокатлар сони тобора ортиб бормоқда, деб хабар қилмоқда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати.

Туркия Республикаси Статистик қўмитаси чоп этган расмий маълумотларга кўра, 2017 йилда Туркия автомобиль йўлларида 1 202 716 автоҳалокат содир бўлган бўлиб, 300 383 киши жароҳатланган ва 7427 киши қурбон бўлган. 2017 йилда автоҳалокат оқибатида вафот этган кишиларнинг 43,2 фоизи ҳайдовчилар, 34,2 фоизи йўловчилар ва 22,6 фоизи пиёдалардир. Автоҳалокатларнинг 67,4 фоизи кундуз куни, 30 фоизи кечаси ва 2,6 фоизи кун ботганида содир бўлган.

Юқоридагиларни ҳисобга олган ҳолда, шунингдек, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва огоҳлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Туркияга сайёҳ сифатида дам олиш учун йўл олаётган ўзбекистонлик сайёҳларга имкон қадар Тошкент – Анталия – Тошкент, Тошкент – Истанбул – Анталия – Истанбул – Тошкент авиақатновлари билан боришларини, Туркиянинг денгиз соҳилларида жойлашган дам олиш масканларидаги шаҳарларига Истанбул шаҳридан автобус ёки микроавтобуслар билан бориш истаги бор сайёҳларга имкон борича фақат кундузги вақтларда йўлга чиқишларини ва ҳайдовчининг ҳолати ва соғлигига эътибор беришларини (узоқ йўлларда қоида бўйича иккита ҳайдовчи бўлиши керак) тавсия этди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 2427 times

Янгиликлар

Top