Дунё янгиликлари

Италия Ўзбекистонда туризмни ривожланишига кўмак беради

Мамлакатимизга ташриф буюрган Италия ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазири ўринбосари Манлио ди Стефано Ўзбекистон билан Италия ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари ва истиқболлари ҳақида ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар жамият равнақи учун жуда қулай имкониятдир.

Икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш имкониятлари катта. Мамлакатларимиз иқтисодиёти бир-бирини тўлдиради. Бу турли тармоқларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантиришда муҳим омил бўлади.

Айни пайтда қатор соҳаларда қўшма битимларни амалга ошириш устида ишламоқдамиз. Биз таклиф этаётган лойиҳалар Ўзбекистонда ишлаб чиқариш корхоналарини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, сайёҳлик, маданий ёдгорликларни асраб-авайлаш каби йўналишларни қамраб олади. Биз нафақат металлургия, қишлоқ хўжалиги каби иқтисодиётнинг муҳим тармоқларида, балки айнан туризм соҳасининг турли йўналишларида қўшма дастурларни амалга ошириш орқали юртингизда иқтисодий ўсиш суръатига эришишга ўз ҳиссамизни қўшиш истагидамиз.

Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик даражасида гапирадиган бўлсам, айни пайтда Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларни ривожлантиришга қаратилган янги стратегия устида иш олиб борилаяпти. Шубҳасиз, Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасидаги муҳим давлатлардан. Шу маънода, мамлакатингиз билан барча соҳаларда ўзаро фойдали ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдормиз. Бунда ҳукуматлараро ишчи гуруҳ фаолияти муҳим ўрин тутади.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 2249 times

Янгиликлар

Top