Дунё янгиликлари

Шайх Равиль Гайнутдин:  Бухоро ва Самарқанд Ислом илмлари ўчоғи бўлган

Мўмин-мусулмонларнинг жуда кўп қисми, шу жумладан, россиялик мусулмонлар учун Бухоро ва Самарқанд шаҳарлари асрлар давомида ислом илмларининг ўчоғи бўлиб келган. Бу ҳақда Россия мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий Шайх Равил Гайнутдин жаноблари Париж шаҳрида бошланган “Ислом ва глобаллашув муаммолари” мавзусидаги XIV халқаро мусулмон форумида алоҳида таъкидлади.
Шайх Равил Гайнутдиннинг сўзларига кўра, 2018 йилги ушбу анжуман доирасида мусулмон тамаддунининг бир неча буюк мутафаккирлари номлари улуғланади. Шайх мана шундай мўътабар зотлар қаторида таваллудининг 700 йиллиги нишонланаётган Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари ва таваллудининг 400 йиллиги нишонлаётган Бобурийлар сулоласининг вакили Султон Муҳаммад Аврангзеб Баҳодирни алоҳида қайд этиб ўтди.
Шунингдек, у қуйидаги сўзларни баён этди:
– Ушбу юбилей саналарига ҳамоҳанг равишда мазкур анжуман иштирокчиларининг жўғрофий уйғунлашувида ҳам жуда катта рамзий маъно-мазмун бор. Бугун “Чишти” жамғармаси раиси Саид Салмон Чишти ушбу йиғинда иштирок этмоқда. Мазкур тариқат асосчиси – Шайх Муйниддин Чишти ҳазратлари билимларининг кўп қисмини Бухоро, ҳозирги Ўзбекистон заминида олган. Ўзбекистон муфтийси Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳам бугун бизнинг орамизда файз бағишлаб ўтирибдилар. Ўзбекистон мусулмонлари идораси бугунги кунда кўп асрлар давомида Ўзбекистон заминида тўпланган улкан диний меросни қайта тиклаш йўлида жуда катта ишларни амалга оширмоқда. Мусулмон жамоаларнинг жуда катта қисми, шу жумладан россиялик мусулмонлар учун ҳам Бухоро, Самарқанд ва бошқа шаҳарлар асрлар давомида ислом билимларининг ўчоғи бўлганини эътироф этамиз”, дея ўз сўзларини якунлади Россия мусулмонлари раҳбари Шайх Равил Гайнутдин жаноблари.
Халқаро анжуман ишини сайтимизда ёритишда давом этамиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 2837 times

Янгиликлар

Top