Дунё янгиликлари

Дунёдаги энг катта вақф қилинган хурмозор ҳақида эшитганмисиз?

Хурмо етиштириш Саудия Арабистонининг энг муҳим хўжалик тармоқларидан бири ҳисобланади. Динимизда хурмо ҳақида кўплаб маълумотлар ворид бўлган бўлиб, бугунги тиббиёт ва илм-фан ҳам хурмонинг жуда кўплаб фойдалари борлигини аниқлади.

Хурмонинг тарқалиши, айниқса, Рамазон ойида янада авж олади. Унинг турлари кўп. Навларига ва одамларнинг талабига қараб хурмо турли нархларда сотилади. Қуйида дунёдаги энг катта ва энг сифатли хурмо боғи ҳақида сўз юритамиз.

Бу — Саудия Арабистонининг Бурайда шаҳридаги боғ бўлиб, у дунёдаги энг катта майдонни эгаллаган хурмозордир. Бурайда шаҳри – Мамлакат шимолидаги Қосим минтақасининг маъмурий маркази ҳисобланади.  

Боғ ҳақида сўз юритадиган бўлсак, 5466 гектар майдонда 200 минг туп хурмо дарахти мавжуд бўлиб, булардан дунёдаги энг сифатли 45 навдаги хурмо ҳосили олинади. Боғ йилига ўн минглаб тонна ҳосил беради.

Бу хурмозор тадбиркор Солиҳ ибн Абдулазиз Рожиҳийга тегишли бўлиб, у кўплаб вақфларнинг соҳибидир.

Рожиҳий вақфларининг Қишлоқ хўжалик бошқармаси мутасаддилари томонидан қаттиқ меҳнат ва уринишлар эвазига маҳсулотни яхшилашга ва боғни халқаро стандартларга мос равишда ривожлантиришга ҳаракат қилиб келинди.

Боғдан чиқадиган ҳосил Аллоҳ таолонинг йўлида вақф қилиниб, бутун мамлакат ва барча араб давлатлари бўйлаб тарқатилади. Айниқса, Рамазон ойида аҳолининг ифторлик қилиши учун кўплаб тонна хурмолар етказиб берилади.

Ушбу боғ “Дунёдаги энг катта хурмозор” ва “Дунёдаги энг сифатли хурмозор” номинациялари бўйича Гиннеснинг рекордлар китобига кирган.

У бошқа хурмозорлардан экин экиш ва суғоришда янгича техника воситаларидан фойдаланиши, соҳага оид энг сўнгги услубларни қўллаши ҳамда ишга илмий ёндошиши билан ажралиб туради. Мана шулар боғнинг энг гўзал манзаралардан бирига айланишига ва кўплаб халқаро мукофотларни қўлга киритишига сабаб бўлган.

Бу ерда етиштириладиган хурмоларни таҳлил қилиб, ўрганган лабораторияларнинг хулоса беришича, ушбу ҳосилларда саломатликка хавф соладиган моддалар ва кимёвий дори воситаларининг қолдиқлари йўқ бўлиб, улар ейишга яроқли ҳамда соғлик учун жуда фойдалидир. Шунингдек, ҳосилни етиштиришда бутунжаҳон саломатлик меъёрларига ҳам риоя қилинади.  

Боғнинг назорати ва у ерда иш юритиш учун 12 нафардан ортиқ кучли агрономлар жалб этилган. Улар тупроқнинг ҳолати, унумдорлиги, суғориш ишларининг бориши ҳамда пишиб етилган ҳосилнинг сифатини назорат қилиш билан шуғулланадилар.

Ушбу хурмозор 2007 йилда Европа Иттифоқи Органик деҳқончилик бўлими (ECOCERT)нинг “Бутун дунёга хурмо етказиб бериш имкониятига эга боғ” мазмунли гувоҳномаси билан тақдирланган. Шунингдек, Саудия Арабистонидаги Қосим университети ва Подшоҳ Сауд университети томонидан “Боғ маҳсулотларида зарарли кимёвий воситаларнинг қолдиғи йўқ” мазмунли юксак даражадаги гувоҳномалар билан тақдирланган.

Боғдан олинган ҳосилларнинг барчаси мамлакатдаги 90 та хайрия жамиятларига, шунингдек, қўшни араб ва ислом мамлакатларига тарқатилади.

Рожиҳийнинг ушбу боғи хурмо етиштириш соҳасидаги энг етакчи лойиҳалардан, шу билан бирга жаҳондаги энг катта хайрия ишларидан биридир. 

 

Интернет маълумотларидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

Read 3011 times

Янгиликлар

Top