Дунё янгиликлари

G20 саммити илк бор Саудия Арабистонида ўтказилади

2020 йилнинг 21-22 ноябрь кунлари Саудия Арабистони пойтахти Риёзда “Катта йигирматалик” саммити бўлиб ўтади.

Саудия Арабистони келгуси йили “Катта йигирматалик” гуруҳи раислигини қабул қилиб олади. Азон интернет нашрининг ёзишича, мазкур мамлакатда саммит ўтказиш ҳақидаги қарор 2017 йилнинг июлида Гамбургда бўлиб ўтган учрашувда қабул қилинган.

“Саудия Арабистони G20 мақсадларига ҳамда халқаро иқтисодий тизимнинг барқарорлиги ва ривожланишига содиқлигини ифода этади”, – дейилади мамлакатнинг расмий ахборот агентлиги тарқатган хабарда.

Саудия Арабистонида ўтказиладиган G20 саммити тадбирларида қирол Салмон ибн Абдулазизнинг шахсан ўзи раислик қилиши кутилмоқда.

Маълумот учун: “Катта йигирматалик” дунёнинг энг илғор иқтисодиётига эга давлатлардан таркиб топган: Австралия, Аргентина, Бразилия, Буюк Британия, Германия, Ҳиндистон, Индонезия, Италия, Канада, Хитой, Мексика, Россия, Саудия Арабистони, АҚШ, Туркия, Франция, Жанубий Корея, ЖАР, Япония ва Европа Иттифоқи.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2326 times

Янгиликлар

Top