Дунё янгиликлари

Япониялик муслима Англияда исломий билимини бойитмоқда

Японияда кенг тарқалган буддизм ва синотизм динлари ҳақида нима ҳам дейиш мумкин. Бу ерда мусулмонлар жуда ҳам озчиликни ташкил этади. Эндигина исломни қабул қилган Нур Ариса Марям диний таълим олиш учун, айнан Лондонни танлангани ҳам қизиқ.

Демак, бугунги кунда Лондонда бошқа илмлар қатори ислом динини ўрганиш учун ҳам имкониятлар бор. Ислом.уз порталининг ёзишича, Ариса исломни қабул қилмасидан аввал ижтимоий тармоқда фаол эди. Исломни қабул қилганидан сўнг уни кўчада кўрганлар маскарад шаклида кийиниб олган, деб ўйлашди. Унинг ислом динига қизиқиши Токиодаги университетда ўқиб юрганида рўй берди. У ўқиш даврида Малайзия давлатини ўрганди. Ислом динига мувофиқ кийинган ўқитувчилардан бири унда катта қизиқиш уйғотди. Кейинчалик Ариса мусулмон талабалар билан танишди.

– Шу тариқа мен ўзим учун исломни очдим, – дейди Ариса. – Мен ислом динининг ҳайратга тўла ва ажойиб эканини англаб етдим. Нима бўлишидан қатъи назар мўмин-мусулмон киши Аллоҳ розилиги учун яшайди ва унгагина итоатда бўлади. Мен авваллари ўзимни умидсиздек ҳис қилардим. Фақат ўқиш, иш, турмуш ва оила ҳақида ўйлардим. Шу мақсадлардан ўзга орзу-ҳавасим йўқ эди. Баъзан барчасидан ҳафсалам пир бўларди. Энди эса, мен Аллоҳ учун яшайман ва бу дунёни охират учун тайёргарлик, деб биламан. Албатта, қийинчилик ва имтиҳонлар кўп. Лекин мен уларни Аллоҳдан эканини биламан.

Арисанинг исломни қабул килиши онасида бир оз хавотир уйғотди. Бироқ Ариса ислом туфайли ҳаёти гўзаллашганини, кўнгили хотиржам топганини онасига тушунтирди. Онаси эса бу ҳолатни тўғри қабул қилди.

Албатта, Японияда Буюк Британия каби исломий жамоалар фаол эмас, масжидлар ҳам кўп эмас, ҳалол таомлар масаласида ҳам худди шундай. Шунингдек, у Япония борган сари ислом дунёси учун ўз эшикларини кенг очиб бораётганини таъкидлаган.

Бугунги кунда Ариса Лондонда Қуръони карим, ҳадис ва араб тилларини ўрганиб, ўзининг исломий билимларини бойитмоқда. Асосий мақсади динда олима бўлишдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2449 times

Янгиликлар

Top