Дунё янгиликлари

Саудия Арабистонининг «Ал-Ямама» журнали саҳифаларида Ўзбекистон ҳақида туркум мақолалар чоп этилди. Бу ҳақда «Дарё»га Ўзбекистон журналистлари уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раиси Муҳаммаджон Обидов маълум қилди.

Аввал хабар берилганидек, шу йилнинг 25 май — 5 июнь кунлари 11 нафар фарғоналик журналист ушбу мамлакатга зиёрат ва ижодий сафар уюштирган ҳамда учрашувлар чоғида мақолаларини саудиялик ҳамкасбларга тақдим қилганди. Уларнинг аксарияти «Ал-Ямама» журналида нашр этилди.

«Ал-Ямама» араб дунёсидаги энг катта тиражда нашр этилиб, энг кўп тарқаладиган журнал. Нашрнинг ҳар бир сони 45 — 50 минг нусхада чоп этилади.

Журналнинг жорий йил 13 июнь кунги сони муқовасида «Ўзбекистон — ипакчилик, кулолчилик ва алломалар юрти» сарлавҳаси ўрин олган бўлиб, у журналнинг бош мавзуси сифатида урғуланган.

Журнал «Фарғона — Марказий Осиё гавҳари» мақоласи билан бошланади. Шунингдек, унда «Бурҳониддин Марғиноний — тириклайин дафн этилган олим», «Марғилон — ипакчилик пойтахти» ва «Риштон — кулолчилик санъати» сарлавҳали мақолалар Ар-Риёддаги Ахборот ва араб-рус тадқиқотлари маркази академик директори, Подшоҳ Сауд университети ассоциат-профессори, ўзбекистонлик Муртазо Сайдумаров таржимасида нашр этилган.

«Ал-Ямама» журнали бош муҳаррири Абдулло Ҳамад ас-Сайхан бундан кейин ҳам нашр Ўзбекистондаги зиёратгоҳлар, буюк алломалар, гўзал саёҳат масканлари ҳақида мақолалар бериб боришга тайёрлигини билдирди.

 

Манба: https://daryo.uz

Read 2614 times

Янгиликлар

Top