Дунё янгиликлари

Украиналик муслималар энди паспорт учун рўмолда суратга тушишлари мумкин

Жорий йилнинг 17 июль куни Украина Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатларни расмийлаширишнинг эскирган қоидаларини ўзгартиришга қарор қилди. Бу ҳақда Украина Мусулмонлари диний бошқармаси хабар (https://azon.uz/content/views/ukrainalik-muslimalar-endi-pasp55) тарқатди.

Хусусан, фотосуратга тушаётган одамнинг енгил фонда ва бош кийимсиз бўлиши талаблари энди мажбурий эмас. Бундан мақсад Украина қонунчилигини халқаро стандартларга мослаштириш экани таъкидланди.

Ҳужжат учун суратга тушишнинг бошқа қоидалари ўзгаришсиз қолади. Жумладан, юз фотосуратнинг 70-80 фоизини эгаллаши, елкалар кўриниб туриши, юз ифодаси нейтрал ва кўзлар очиқ бўлиши керак.

«Украина мусулмонлари аёлларнинг паспорт учун рўмолда суратга тушишига қўйилган тақиқ олиб ташланишига эришди, илтимосимиз кўриб чиқилганидан ва ижобий ҳал қилинганидан мамнунмиз. Биз учун ўз юртимизда камситилган деб ҳис қилинмаслик ва Раббимизнинг буйруқларига амал қилиш жуда муҳимдир. Аёлнинг бошидаги рўмол ҳаёт учун тўсиқ ёки таҳдид эмас, балки унинг камтарлиги ва юксак маданиятининг кўрсаткичидир», – дейди Бутунукраина муслималар уюшмаси президенти Екатерина Юрченко.

Паспорт учун бош кийимда суратга тушиш 2019 йилнинг октябр ойидан бошланади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2304 times

Янгиликлар

Top