Дунё янгиликлари

Тожикистонда ўрта асрларга оид расадхона топилди

Археологлар Тожикистоннинг Дарваз туманида жойлашган Карон шаҳарчасидан расадхона топишди.

Унинг ичида топилган буюмлар ушбу топилмани расадхона эканини тасдиқлайди.

Топилма хусусида Тожикистон Фанлар Академияси академиги Юсуфшо Ёқубов бундай дейди: “Расадхонанинг вайроналари ичида турли геометрик шаклга эга бўлган тош буюмлар топилди”.

Карон шаҳарчаси 2012 йилда Юсуфшо Ёқубов томонидан топилган эди. У денгиз сатҳидан 2000 м. баландликда жойлашган бўлиб, 100 га. майдонга эга. Археологлар бу шаҳар ёшини 4000 йилдан ортиқ деб ҳисобламоқда.

Етти йилдирки олиб борилаётган қазишмалар натижасида олимлар бу ердан жуда кўп археологик ёдгорликларни топишди. Беш гумбазли ибодатхона қолдиқлари, сув ибодатхонаси ва иккита шамол ибодатхоналари шулар жумласидандир. Бу топилмалар шаҳар аҳолисини 10 асрга қадар зардуштийлик динида бўлган, деган хулоса чиқаришга имкон беради.

 

 

Юсуфшо Ёқубов бундай деди: “Карон – шоҳлар шаҳри бўлган. Бу ерда қирол, вазирлар ва подшо хизматкорлари яшаган. Оддий халқ эса, унинг атрофида, яқин қишлоқларда турмуш кечирган. Милоднинг 10 асригача бу ердагилар зардуштийлик динида бўлган. Бу ерда сўзимизни тасдиқлайдиган оташкада (олов уйи)дан ташқари дунёдаги энг қадимги муқаддас “Авесто” китоби қўйиладиган тошдан ишланган лавҳлар ҳам бор”.

Шунингдек, шаҳарчадан шамол тегирмоннинг қолдиқлари, маъмурий ва турар-жой бинолари ҳамда поло ўйини майдони ҳам топилган.

Шаҳар ва унда топилган обсерватория тарихига оид батафсил маълумотларни шаҳар ҳақида атрофлича ўрганишлардан кейингина бериш мумкин. Ушбу изланишларга тахминан 20 йилга яқин муддат талаб этилади. Шу нарса маълумки, аҳоли 15 аср бошларида ичимлик манбалари етишмовчилиги сабабли шаҳарни тарк этишган. 

 

Интернет маълумотлари асосида Халқаро алоқалар бўлими ходими

Масайитов САЙИДЖАМОЛ

тайёрлади.

Read 2126 times

Янгиликлар

Top