Дунё янгиликлари

Британиялик журналист: Регистон Марказий Осиёнинг исломий буюклигини акс эттириб турибди

Британиянинг "Metro" газетаси мухбири Ўзбекистондаги саргузаштлари ҳақида мақола ёзди. У мақоласида тарихсевар саёҳатчилар Ўзбекистонга бориши кераклигини айтган.

Британиянинг "Metro" кунлик газетасида нашр мухбири Ричард Меллорнинг Ўзбекистон бўйлаб саёҳати ҳадиги мақоласи чоп этилди. Мақолада ёзилишича, Ричард Меллор Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларида бўлган. У Тошкентни турли-туман гўзал миллий таомлари ва сайёҳлик масканлари билан ёдда сақлаб қолганини ёзган.

“Масалан, мен минг йиллик Қуръонни кўрдим. Мени ҳайратда қолдирган нарса, йўлдаги машиналар ва метро станцияларида сўнгги поезднинг жўнаш вақтини кўрсатувчи рақамлар", деб ёзади у.

Меллор Буюк Британия фуқаролари учун визасиз режим Ўзбекистонни жозибали сайёҳлик масканига айлантираётганига ишонч билдирган. “Metro” мухбири Самарқанд, Бухоро ва Хивани “бу шаҳарлар – туризм соҳасидаги ғалаба”, деб изоҳлаган.

“Самарқанддаги бош майдон – жилоланиб турган Регистон Марказий Осиёнинг исломий буюклигини акс эттириб турибди”, деб ёзади Ричард Меллор. “Тарихни билишни ва Буюк Ипак йўли маданияти билан танишишни истаган тарихсеварлар Ўзбекистонга бориши керак. Улар дунё харитасида айнан шу нуқтани – Ўзбекистонни танлаши керак”, деб ҳисоблайди муаллиф.

Журналист Бухородаги барча меъморий обидалар, диққатга сазовор жойларнинг бир-бирига яқинлиги каби афзалликларга эътибор қаратган. “Биз ноодатий Боло-Ҳовуз масжидидан қадимда Бухоро амирлари яшаган Арк саройига пиёда бордик”, дея ҳикоя қилади Ричард.

Британиялик журналистнинг Ўзбекистондаги охирги сайёҳлик манзили Хива бўлган. У ерда журналист тарихий жойлар билан бир қаторда, қўғирчоқ устахонасига ҳам борган.
“Агар мен бироз қолсам, эҳтимол усталар менга ўхшаган қўғирчоқни ясашар эди”, деди у ўз таассуротларида.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1865 times

Янгиликлар

Top