Дунё янгиликлари

“Егандек бўлдим”. Гўзал ибрат асосига қурилган масжид!

Туркиянинг Истанбул шаҳрида ”Sanki Yedim Camii”номли масжид бор. Бу туркчадан таржима қилинганда "Егандек бўлдим масжиди" маъносини англатади. Бир кишининг ибратомус ихлоси ва чексиз қаноати эвазига қурилган бу масжид тарихида авлодлар учун гўзал ибрат бор. 

Йигирма йил давомида йиғилган пуллар               

ХVII асрда Усмонлилар даврида Истанбулнинг Фотиҳ минтақасида Хайриддин афанди номли бир киши истиқомат қилар еди. Ўша даврда фақат султон ёки йирик амалдорлар томонидан қурдириладиган масжидларни кўриб ҳавас қилар, қани энди у ҳам ўз ҳисобидан масжид қуришдек улкан савобли ишни қилишга имкон бўлса, деб, орзу қилар еди.

Масжид қуриш фикри хаёлига келганидан сўнг, бу унинг ҳаётидаги энг катта мақсад ва иштиёққа айланди. Aммо бунинг учун на давлати, на бир молиявий аҳволи тўғри келар эди.

 Aтрофидаги одамлар бу орзусидан воз кечишини айтишса-да, у фикридан қайтмасди. Шунда у ўзининг ҳар қандай истак-хоҳишларини чеклаб, пулларини тежаш йўлини топади.

Қаҳрамонимиз қачон бозорнинг олдидан ўтса ва нафси бирор меваними, гўштними, ҳалвони хоҳлаб қолса "егандек бўлдим" деб шунга етадиган пулни бир сандиққа ташлаб қўяверар экан.

 Ойлар, йиллар ўтсада, у ўзини лаззатли таомлардан маҳрум қилиб бораверибди. Суягини тик тутиб турадиган овқатгагина қаноат қилиб бораверибди. Сандиқ эса секин-аста пулга тўлиб бораверибди.

Шу тарзда у 20 йил давомида йиғган пуллари билан кичик масжид қуриш учун маблағ жамлайди ва Зейрек туманида унга кўрсатилган жойда орзусидаги кичик масжидни барпо этади. Маҳалла аҳли бу кишининг қиссасидан хабардор бўлгач масжидни "Егандек бўлдим" деб номлашибди.

Биринчи жаҳон урушини кўрган масжид

Масжид Биринчи жаҳон уруши пайтида, Ункапани минтақасидаги кучли ёнғин пайтида катта зарар кўрган. 1959 йилга қадар қаровсиз қолган бино, маҳалла аҳли йиғган пуллар евазига капитал таъмирдан чиқарилди. Масжид бугунги кундга қадар фаолият юритмоқда.

 

 

Ҳозирда масжиднинг ички майдони 100 квадрат метр бўлиб, бир вақтнинг ўзида 200 га яқин киши ибодат қилиши мумкин. Битта оқ рангга бўялган минораси бор.

Масжид тарихини ёзиб қолдирган тарихчилар айтадиларки, агар Истамбулга йўлингиз тушса ва Фотиҳ минтақасига борсангиз эски уйлар орасида кичкина масжидни кўрасиз. Бу масжид Хайриддин афандининг ихлосига, зуҳдига далолат қилади. У киши фақирлигига қарамасдан абадий ҳаёти учун доимий ажр бориб турадиган гўзал садақайи жория қолдирди.

 Унга дунё лаззатлари "мени енг" деб нидо қилганида уларга қараб "егандек бўлдим" деб жавоб қилди ва бу қаноати эвазига иншааллоҳ ўзига жаннатдан бир қаср тайёрлаб кетди!

 

 

Зоиржон Содиқов тайёрлади

Read 2456 times

Янгиликлар

Top