Аввал хабар берганимиздек, Россия мусулмонлари жамияти таклифига биноан юртимиз қорилари Чувашия Республикаси, Омск вилояти, Сибир ва Москва шаҳарларида таровиҳ намози ва хатми Қуръонларда иштирок этишмоқда. Шуни мамнуният билан айтиш мумкинки, қориларимиз, у ерда вақтинча яшаб, меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган фуқароларимиз, маҳаллий мусулмонлар ва диний идоралар раҳбарлари эътиборига тушиб, уларнинг эътирофига сазовор бўлмоқдалар.
Маҳаллий мусулмонларнинг эътироф этишича, ўзбек қориларининг ўзига хос Қуръон тиловати, хуш овозлиги ва ҳифзининг мустаҳкамлиги бу йилги Рамазон ойини янада кўтаринки руҳда ўтишини таъминламоқда. Мусулмонларнинг таровиҳ намозларига зўр иштиёқ билан қатнашиши эса қориларимизга янада ғайрат бағишламоқда.
Россия мусулмонлари жамияти томонидан, жойларда таровиҳ намозларини ўқиб бериш учун айнан ўзбекистонлик қориларнинг таклиф этилгани тўғри танлов бўлгани яна бир бор эътироф этилмоқда.
Шунингдек, Украина мусулмонлари идораси таклифига кўра, Киев шаҳрининг марказий масжидида таровиҳ намозларини Наманган шаҳар бош имом-хатиби Мусахон қори Аббосиддинов адо этиб бермоқда. Юқоридаги қориларимиз каби Мусахон қори ҳам Киев мусулмонларига таровиҳ намозларида хатми Қуръон қилиб, уларнинг эътирофига сазовор бўлмоқда.
Эслатиб ўтамиз, қориларимизнинг сафарлари жорий Рамазон ойи сўнгига қадар давом этиши режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Халқаро алоқалар бўлими