Дунё янгиликлари

Олма-ота шаҳридаги халқаро конференцияда идора вакиллари ҳам фаол иштирок этди

Бугун Қозоғистон Республикасининг Олма-ота шаҳрида АҚШ, Австралия, Австрия, Россия, Покистон, Озарбайжон, Қирғизистон, Тожикистон каби қатор хорижий давлатларнинг диншунос олимлари ва амалиётчи мутахассислари иштирокида “Янги Марказий Осиё учун истиқболлар: барқарор ва демократик жамиятни шакллантиришда диннинг роли” халқаро конференцияси ўз ишини бошлади.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Шавкат Ҳамдамов ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий ходимлари ҳам ўзининг долзарб мавзудаги маърузалари билан иштирок этди.
Конференцияда “Зўравон экстремизм муаммолари” “Миллий хавфсизлик ва диний эркинлик” “Дин ва фуқаролик жамияти” “Барқарор ва демократик Марказий Осиё учун сиёсий ёндашувлар” мавзуларда чиқишлар қилинди. Шунингдек, кўп миллатли жамиятда конфессиялараро мулоқотни ривожлантириш соҳасида тажриба алмашиш, диний эркинлик масаласида қонун устуворлигини таъминлаш, турли дин вакиллари ўртасида ўзаро ишонч ва ҳурматни мустаҳкамлаш бўйича илғор амалиёт билан танишиш юзасидан баҳс-мунозаралар ўтказилди.
Конференция 8 сентябрь куни ҳам давом этиб, тадбирда илмий-амалий маърузалар сарҳисоб қилинади, эътиқод эркинлиги ва динлараро мулоқотни таъминлаш масаласи бўйича фикр алмашилади, келгуси ҳамкорлик истиқболлари белгиланади.
Мазкур халқаро конференция жаҳон ҳамжамиятида эътиқод эркинлигини таъминлаш, динлараро мулоқотни мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг яққол далили бўлиб, иштирокчи давлатларнинг инсон ҳуқуқ ва эркинлиги бўйича халқаро мажбуриятларга қатъий содиқлиги, Марказий Осиё минтақасининг айни йўналишда эътироф этилган умумий стандартларни халқаро миқёсда фаол тарғиб этишга тайёрлигининг ифодасидир.


 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1196 times

Янгиликлар

Top