Дунё янгиликлари

Каъба ёпинчиғи кўргазмаси

 

Макка шаҳрида Муқаддас Каъбанинг ёпинчиғи – Кисванинг кўргазмаси очилди, дея ҳабар бермоқда www.marwa.ru сайти. Кўргазмага ташриф буюрувчилар Каъба ёпинчиғи узоқ асрлар давомида қандай бўлгани ва ҳозирги кунга келиб қай ҳолатдалигини кўришлари мумкин. Шунингдек кўргазмада Кисвани тайёрлашда ишлатиладиган ускуналар, мато ва ипак маҳсулотлари ҳам намойиш этилмоқда.

Кисвани тайёрлаш хийла машаққатли иш бўлиб, бундай шарафли иш устида 240 та ҳунарманд ва техник мутахассислар уч ой меҳнат қиладилар. Кисвага ҳажга алоқадор оятлар ёзилади. Каъба ёпинчиғини тайёрлаш учун Саудия Арабистони ҳукумати 1927 йилда алоҳида устахона ташкил қилган ва ҳозирги кунга келиб кисва тайёрлашга 17 миллион саудия рияли (4,5 миллион доллар) сарфланади.

Кисванинг олтин иплар билан нақшлар солиб тикиладиган матосининг ўзига 450 кг ипак сарфланади. Ҳар йили иккита кисва тайёрланади. Бири Каъбанинг устига ёпилса, иккинчиси, ҳар эҳтимолга қарши сақлаб қўйилади.

Каъбага янги ёпинчиқ ёпиш пайтида ҳожилар Арафот тоғида ҳаж амалларини бажараётган бўладилар. Бу ишни бир қанча маҳаллий ходимлар махсус кўтарма ускуналар ёрдамида амалга оширадилар.

Халқаро алоқалар бўлими

Read 6145 times

Янгиликлар

Top