Дунё янгиликлари

Викинглардан давримизгача; Норвегияда ислом

Майдан июлгача қуёш деярли ботмайдиган, ярим тунда ҳам офтоб чарақлаб турадиган, шимолида эса қиш фаслида кун давомида қуюқ тун ҳукмронлик қиладиган, жанубда кун ёруғлиги атиги бир неча соат бўладиган мамлакатда яшовчи мусулмонлар беш вақт намозини қандай ўқийди? Ўзи ислом дини Норвегияга қай йўсинда кириб келган ва ўрнашиб қолган?

Сайёрамиздаги барча давлатларда бўлгани каби шимолдаги ана шу давлатда ҳам мусулмонлар истиқомат қилади. Ибодатлар, хусусан, беш маҳалги намоз масаласида ушбу ғайриоддий табиат шароитида  яшовчи мусулмонлар ўзларига энг яқин бўлган, кун ва тун ўз вақтида алмашадиган аҳоли пунктига қараб мўлжал олади.

Норвегия статистика қўмитасининг 2008 йилги ҳисоб-китобига кўра, ўша вақтда мамлакатда 84 минг мусулмон бўлган. Уларнинг ҳаммаси Норвегиянинг расмий фуқаролари эди. Қўмита вакили Хельг Брунборгнинг айтишича, мамлакатда аҳолининг қайси динга мансублигини аниқлаш юзасидан расмий статистик маълумотлар йиғилмайди, аммо олимлар ўз ташаббуслари билан мамлакатдаги мусулмон аҳоли сонининг тахминий ҳисобини қилиб кўрган. “Бугунги кунда мусулмонлар мамлакат аҳолисининг 4 фоизини ташкил этади. айрим экспертларнинг фикрича, яқин 20-30 йил ичида мусулмон аҳоли 11 фоизга чиқади. Ҳозирги вақтда Норвегияда ўрта ҳисобда 163 минг муҳожир яшайди. Мусулмонларнинг сони ўсишининг сабабларидан бири – муҳожирлар ва маҳаллий қизлар ўртасидаги никоҳдир. Бундай аёллар ислом динига кириб фарзандларини исломий руҳда тарбиялаб вояга етказмоқда. Норвегияда ҳозир масжидлар унча кўп эмас, борларининг ҳам аксари хусусий хонадонларда жойлашган. Шунга қарамасдан, ислом мамлакатда иккинчи ўриндаги дин мақомига чиқиб олди ва бошқа динларга нисбатан катта тезликда ёйилиб бораётир”, деган эди у.

Ўрни келганда бир қизиқ фактни келтирмасак бўлмайди: Норвегиянинг Тромс шаҳри қутбдаги макон. Шу ерда дунёдаги энг шимолий масжид деб аташ мумкин бўлган ибодатхона бор.

Аслида Норвегияда ислом динини янги дин деб гапириш унчалик тўғри эмас. Негаки, ушбу диннинг мазкур мамлакат ҳудудидаги тарихий илдизлари кўп вақтлар давомида унут бўлиб кетган эди. Норвегларнинг мусулмонлар билан дастлабки алоқалари викинглар даврида бошланган. Ҳижрий 700 ва 837 йилларда викинглар мусулмонлар ерларига бостириб кирган ва ўша вақтларда мусулмонлар қўл остида бўлган  Марокко ва Испаниянинг бир қисмини босиб олган Севилья шаҳрини буткул вайрон қилган. Швед ва норвегларнинг тарихий китобларининг бирида улуғ мусулмон сайёҳи ибн Фадлан Х асрда бир гуруҳ викинглар билан скандинавия ярим оролига боргани ёзилган. Бу хабар унинг мусулмонлардан биринчи бўлиб дунёнинг ана шу чеккасига келганини кўрсатади. Энг қизиғи, XIX аср бошларида Норвегия Қироллиги кутубхонасида жуда кўп миқдорда Ислом динига оид  китоблар борлигини кўрган ва ислом ҳақида ўқиган Норвегия давлат мадҳияси муаллифи ислом динига кирган.

Яқинда археологлар Норвегия жанубида бир неча кашфиётлар қилдилар. Маълум бўлишича, викинглар аббосийлар даврида Бағдодга савдо ишлари билан борган ва уйларига халифаликнинг шаҳодат калимаси ёзилган тангаларини олиб қайтган. Энг ажабланарлиси, Норвегларнинг XVII юзйилликда яшаб ижод қилган машҳур публицист ва шоири Генрих Вергеланднинг яширин равишда Исломни қабул қилиб исломий ҳаёт кечиргани кашф бўлиб қолди. Вергеланднинг онасига ёзган мактуби ҳам топилди. ўша хатда у “туркларнинг динига” (У Усмонли империяси дини деганда Ислом динини назарда тутган эди) эътиқод қилаётганини ёзган эди.

Ўтган асрнинг 60-йилларигача Норвегия иқлими нобоплиги ва иқтисоди ночорлиги боис мусулмонларнинг эътиборини тортмаган. Аммо нефть топилганидан сўнг ишчи кучига талаб ортди ва Норвегия ҳукумати туркларга ва покистонликларга эшигини ланг очиб қўйди. Бироқ норвег жамияти муҳожирларни унчалик хушламади:  мамлакат амалда этник ва диний жиҳатдан бир хилликни сақлаб қолди. Мусулмон муҳожирлар бу жамиятда ниҳоятда катта фарқ қиладиган урф-одатлар ва одамларнинг одатлари билан тўқнаш келди. 1970 йилларгача Норвегиядаги мусулмонлар жамоаси унчалик кўп эмас эди. Вақт ўтиши билан муҳожирлар сони ортди, энг қайноқ нуқталардан, шунингдек, Африка ва шимолдан мусулмонлар кела бошлади. 1985 йилга келиб мусулмонларнинг сони муҳожирлар ва талаблар ҳисобига сезиларли даражада ортди, Айни вақтда норвегларнинг ўзлари ҳам Ислом динига кира бошлади.

Ҳозирги вақтда Ислом иккинчи ўринда турибди ва бағоят жадаллик билан илгарилаб боряпти. Мусулмонларнинг сонини аниқ айтиш қийин-у, аммо улар 300 000 дан ошиб кетгани аниқ. Бу – давлат аҳолисининг 7 фоизи демакдир. 

Оммавий ахборот воситаларида ва бошқа тадбирларда муттасил равишда исломни танқид қилиш аҳолининг айнан шу динга бўлган қизиқишини кучайтириб юборди. Олдиндан мусулмон бўлган кишилар эса ўзлари эътиқод қилган диннинг аҳкомларига янада масъулият билан амал қила бошлади. Тенг ҳуқуқлилик масаласи, айниқса, мусулмонларнинг иккинчи авлоди кун тартибидан асосий ўрин эгаллади. Динга мансублик қайси миллатга мансубликдан кўра каттароқ аҳамият касб эта бошлади. Норвегиядаги мусулмон жамияти турли миллатлардан ташкил топган. Энг катта жамоа покситонликлар, уларнинг ортидагилар турклар ва араблардир.

Шуни эътиборга олиш керакки, норвегиялик мусулмонлар жамиятга Европанинг бошқа давлатларидаги диндошларига нисбатан яхши сингишган (интеграциялашган). Бунинг замирида норвег ҳукуматининг жамиятда қийинчиликка дуч келган кишиларни қўллаб-қувватлашидек катта хизмати ётади. Ҳукумат ҳақида сўз очилгандан кейин бир фактни айтиб ўтмаса бўлмайди, Ашаддий ўнгчилардан ташқари барча сиёсий партияларнинг фаол мусулмон аъзолари бор.  Шунингдек, мамлакат парламенти ва ҳокимият органларида ҳам мусулмонларни учратиш мумкин. 

Русчадан Дамин ЖУМАҚУЛ таржима қилди.

 

Read 4122 times

Янгиликлар

Top