Дунё янгиликлари

Мисрнинг “Ал-Аҳрам” газетасида Ўзбекистон элчиси билан суҳбат чоп этилди

Мисрда чоп этиладиган йирик матбаа нашрлардан бири - “Ал-Аҳрам” газетаси саҳифасида “Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчиси: Президент Шавкат Мирзиёев янги муддатга сайланганидан кейин Миср билан ўзаро манфаатли алоқаларда улкан ривожланиш кутилмоқда” сарлавҳаси остидаги интервью босилиб чиқди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мамлакатимизнинг Қоҳирадаги дипломатия ваколатхонаси раҳбари Мансурбек Қиличев билан бўлган ушбу суҳбатда Ўзбекистон ва унинг халқи араб мамлакатлари, хусусан, Миср халқи билан кўплаб тарихий, маданий ва диний ришталар орқали боғлангани қайд этилган.

Унда Ўзбекистоннинг мисрликларга қадим замонлардан бери Мовароуннаҳр – “дарё ортидаги мамлакат” сифатида танилгани ва Қоҳирада икки давлат ўртасидаги тарихий муносабатларнинг тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалишини тасдиқлайдиган кўплаб далиллар ва ёдгорликлар сақланиб қолгани таъкидланган.

«Масалан, Қоҳирадаги “Нилометр”. “У Аҳмад Ал-Фарғоний” томонидан кашф этилган, шунингдек, ҳудуди бўйича Мисрдаги энг йирик масжидлардан бири бўлган “Ибн Тулун” масжиди асли Ўзбекистоннинг Бухоро шаҳридан бўлган Аҳмад ибн Тулун томонидан барпо этилган. Қоҳира марказидаги боғи билан машҳур бўлган “Ал-Ўзбекия” маҳалласининг номи эса Султон Қайтбой ўз қўшини қўмондони Сайфуддин Ўзбекка 60 гектар ерни совға қилишидан сўнгги даврига тўғри келади. Бу ерда Сайфуддин Ўзбек ободончилик қилган, кўплаб иншоотлар, жумладан, мазкур боғни барпо этган», деб ёзади нашр.

Ушбу интервьюда Ўзбекистоннинг замонавий даврдаги муносабатлари тарихий муносабатларидан кам эмаслиги, Миср 1993 йили, собиқ советлар иттифоқи парчалангач, яьни Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг Тошкентда элчихонасини очган биринчи давлатлардан бири бўлгани ҳам қайд этилган.

Суҳбатда Миср араб давлатлари орасидан биринчи бўлиб, 1991 йил 26 декабрда Ўзбекистон мустақиллигини тан олгани ва  1992 йилда имзоланган Қўшма баёнот асосида икки давлат ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилгани ўқувчиларнинг эътиборига ҳавола қилинган.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Миср етакчилари мунтазам учрашаётгани,  Президент Абдулфаттоҳ ас-Сисий 2018 йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистонга ташриф буюргани, жорий йилнинг феврал ойида эса Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Мисрга буюрган ташрифи доирасида эришилган келишувларни амалга ошириш барча соҳаларда ҳамкорлик асосларини кенгайтириш учун мустаҳкам замин яратгани алоҳида таъкидланган.

Юқоридагилар билан бирга, Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчиси Мансурбек Қиличев жорий йил 9 июль куни бўлиб ўтган сайловларда Президент Мирзиёев янги президентлик муддатига сайланганидан кейинги даврда ҳам Миср билан алоқалар ҳам муҳим ўрин тутишини қайд этгани ва бунинг сабаблари атрофлича қаламга олинган.

«Ўзбекистон элчиси Миср ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар  ўзаро ишончга асосланган дўстликка асосланишини тасдиқлар экан, икки мамлакат халқлари ўртасидаги тарихий ва маданий муштараклик ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш учун мустаҳкам асос эканлиги, Миср Ўзбекистон учун истиқболли ҳамкор ва ўз мамлакати экспортининг Африка бозорларига кириш эшиги эканини таъкидлади», деб ёзади газета.

Маълумот тариқасида қайд этиш жоизки, “Ал-Аҳрам” газетаси 1875 йил 5 августда Мисрнинг расмий газетаси сифатида ташкил этилган. У Миср ва араб дунёсидаги энг йирик нашр бўлиб, кунлик адади 1 миллионга яқин нусхани  ташкил этади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Read 729 times

Янгиликлар

Top