Дунё янгиликлари

Саудия Арабистони 8 давлат фуқароларига зиёрат визаларини тақдим этади

Мамлакат Туризм вазирлиги саккизта янги давлатга: Озарбайжон, Aлбания, Ўзбекистон, Жанубий Aфрика, Грузия, Тожикистон, Қирғизистон ва Малдив оролларига “электрон низом” асосида зиёрат визаси бериш бўйича янги қадам ташлади. Мазкур давлат фуқаролари қиролликдаги халқаро портлардан бирига етиб келган вақтда Қиролликка электрон шаклдаги зиёрат визаси учун талабнома билан мурожаат этишлари мумкин бўлади.

Ушбу қадам Қиролликнинг сайёҳлик стратегияси ва туризм секторининг 2030 йилга мўлжалланган мақсадларига мос келади. Бу соҳанинг ялпи ички маҳсулотдаги ҳиссасини 3 фоиздан 10 фоизга ошириш, мамлакат фуқароларини бир миллион қўшимча иш ўринлари билан таъминлаш ва 2030 йилгача 100 миллион сайёҳни жалб қилишни ўз ичига олади.

Ташриф визаси шахсларга Подшоҳликнинг турли ҳудудларига ташриф буюриш ва умра маросимларини бажариш имконини беради.
Саудия Арабистони Туризм вазири Aҳмад бин Aқил ал-Хатиб томонидан чиқарилган низомда сайёҳлар ушбу тартиб ва қоидаларга риоя қилишлари шарт экани, улар Қиролликда бўлганларида, ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни доимо ўзи билан бирга олиб юришлари маълум қилинган.

Вазирлик зиёрат визаси ҳаж зиёратига рухсат бермаслигини, шунингдек, Ҳаж мавсумида Умра зиёратини амалга оширишга имкон бермаслигини таъкидлади. Бу эса Подшоҳликнинг дунё билан халқаро муносабати ва мулоқотини ривожлантириш ҳамда иқтисодиётни такомиллаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар асосий мақсадлар замирида эканига далолат қилади.

Туризм вазирлиги Қиролликда туризм соҳаси инфратузилмасини изчил ривожлантириш ва кенгайтириш билан бир вақтда қўшимча мамлакатлар ва ҳудудларни қамраб олиш учун электрон зиёрат визаси тизимини янада кенгайтириш ниятида эканини маълум қилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими
И.Аҳмедов тайёрлади

Read 935 times

Янгиликлар

Top