Дунё янгиликлари

Малайзияда ўтказилган халқаро Қуръон мусобақаси ғолиблари аниқланди

63-Малайзия Халқаро Қуръон мусобақасида эркак ва аёл-қизлар иштирокида икки тоифадаги энг яхши ғолибларни тақдим этиш билан якунланди.
Куала-Лумпурдаги Жаҳон савдо марказида (WТCКЛ) Малайзияда 63-халқаро Қуръон ўқиш ва ёдлаш мусобақаси бўлиб ўтди, деб ёзади IQNA сайти “BERNAMA” матбуот хизматига таяниб.

Ушбу танлов 19 август куни Жаҳон савдо марказида бошланди ва 24 август куни энг яхши ғолибларни тақдим этиш билан поёнига етди.

Эркаклар ўртасида мужаввидлик йўналишида малайзиялик қори Муҳаммад Қайюм Низар Сарими биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўрин эронлик Aли Ризо Бижанийга, учинчи ўрин эса брунейлик Муҳаммад Зул Ҳафиз Aванг Тангага насиб этди.

Марокашлик қори Сара Балмамун аёллар ўртасида мужаввид (чиройли ўқиш) йўналишида биринчи ўринни эгаллади, кейинги ўринларни индонезиялик Роса Суфян Нур ва филиппинлик Сабаҳ Бату Салек эгаллади.

Эркаклар ўртасида Қуръони каримни ёддан ўқиб бериш йўналишида гвинеялик Умар Туре биринчи, кейинги ўринларни яманлик Маъмун Aҳмад ва чадлик Aли Aтийе эгаллади.

Жазоирлик Тибани Шима Aнфал аёллар ўртасида Қуръони каримни ёддан ўқиб бериш йўналишида биринчи ўринни эгаллаган бўлса, ундан кейинги ўринларни сенегаллик Нади Синабо Нажум ва мавританиялик Сейеди Aл-Мухтор Хадижито эгаллади.

Биринчи ўринни қўлга киритган малайзиялик кўзи ожиз қори Муҳаммад Қайюм бундай деди: “Aллоҳга шукр, Қуръони каримни брайл алифбосида ўқиш маҳоратини ўзлаштиришдаги 16 йиллик меҳнатим ниҳоят ушбу танловда ўз самарасини берди”.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 705 times

Янгиликлар

Top