Дунё янгиликлари

Дубайда дунёдаги илк сузувчи масжид қурилади

Дубайнинг Ислом ва хайрия ишлари департаменти 75 нафаргача намозхонни сиғдира оладиган сув ости масжиди қуришни режалаштираётганини маълум қилди.
“IQNA” сайтининг “Gulf Times” нашрига таяниб хабар беришича, Дубай расмийлари сув остида сузувчи масжид қуриш режасини эълон қилишди, бунинг учун 55 миллион дирҳам сарф этилиши кутилмоқда.

Эълон қилинган тасвирларга кўра, масжид иншоотининг ярми сув устидаги турар-жой ва кафени ўз ичига олади, қолган ярми, жумладан, намозхона ҳам сув остида бўлади.

Дунёда ўзига хос архитектурага эга бўлган биринчи бундай иншоот уч қаватли бўлиб, намоз ўқиладиган жой сифатида сув ости намозхонасидан фойдаланилади.

Ушбу масжид 50 дан 75 гача намозхонларни сиғдиради, улар сув остида намоз ўқишнинг ноёб тажрибасига эга бўлади. Сув ости иншоотида таҳоратхона ҳам бўлади.

Мазкур масжид қурилиши режаси Дубайнинг Исломий ва хайрия фаолияти бошқармаси диний туризм лойиҳаси бўйича йиғилиш ўтказганида эълон қилинди. Бу ташкилот аъзоси Aҳмад ал-Мансурий БAAда ушбу масжид қурилиши яқин вақт ичида бошланишини айтди. Масжиднинг аниқ жойлашиш ўрни ҳали аниқланмаган.

Ал-Мансурий: “Бу масжид қирғоққа жуда яқин бўлади. Мўминлар бу масжидга ерга уланган кўприк орқали киришлари мумкин”, – деди.
Унинг сўзларига кўра, масжид барча дин вакиллари учун очиқ бўлади, бироқ cузиб юрувчи масжидга ташриф буюрувчилар оддий кийим кийишлари, исломий анъана ва урф-одатларга риоя қилишлари керак.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 878 times

Янгиликлар

Top